ЎГАЙ ЎҒЛИМ ЎЗ УЙИМГА КИРИТМАЯПТИ: УЙ ЭГАСИ СИФАТИДА УНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРИШИМ МУМКИНМИ?
— Хўжайиним вафот этгач, унинг номида бўлган уй менга ҳадя қилингани учун қонунан уйнинг эгаси бўлдим. Энди билсам, уйда ўгай ўғлим ҳам “прописка”да тураркан. “Паспортний стол”да исми чиқмади. Ўгай ўғлим менга ҳадя қилинган уйда яшамайди. Лекин уй қулфини ўзгартириб, мени киритмаяпти. Уй эгаси сифатида уни қандай қилиб “прописка”дан чиқаришим ва уйда яшашим мумкин?
Исми сир тутилди
Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.
Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганда турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.
Демак, саволда кўрсатилган шахс низоли хонадонда доимий рўйхатда туриб бугунги кунгача истиқомат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, қонунда белгиланган муддатда, яъни олти ойдан зиёд узрсиз сабабларга кўра яшамаган бўлса, суд фуқаро фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиши мумкин.
Ҳозирги кунда ўгай ўғлингиз низоли хонадонда истиқомат қилиб келаётганлигини инобатга олиб, уни суд томонидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиб бўлмайди.
Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 166-моддасига асосан, мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади. Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Юқоридаги қонун талабларига кўра, ўз мулкингиздан эркин фойдаланган ҳолда, низоли хонадонга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.