«ЭРИМНИНГ УЙИГА КИРИБ ЯШАШИМ МУМКИНМИ?»
— Уйга киритиб қўйишлари учун судга ариза берсам, қанча давлат божи тўлайман? Қарор чиққач, ҳимоя ордери олсам ҳам бўладими? Ўтган сафар ижрочилар уйга киритиб қўйишганда, қайнопам калтаклаган. Яна шундай бўлишини хоҳламайман.
Исми сир тутилди
Фахриддин БАХРОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Агар давлат ижрочилари эрингизнинг уйига киритиб қўйган бўлса, демак бунинг учун суднинг қарори асос бўлган.
Суднинг қарори билан cиз турмуш ўртоғингизга тегишли уйга киритилган экансиз, шу уйда яшашга ҳаққингиз бор.
Агар уйга киритиш тўғрисида суднинг қарори бўлса cиз судга эмас, балки давлат ижрочисига ариза билан мурожаат қилиб, қайтадан киритиб қўйишни сўрашингиз мумкин. Бунинг учун ҳар сафар янгидан судга мурожаат қилиш шарт эмас. Агар давлат ижрочиси cизни иккинчи марта киритиб қўйишни рад этса, унинг ҳаракатсизлиги юзасидан маъмурий судга шикоят қилишингиз мумкин. Давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилинганда давлат божи тўланмайди.
Сиз фуқаролик судига уйга киритиш ёки фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилмоқчи бўлсангиз базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида, яъни 540 000 сўм давлат божи, 18 900 сўм почта харажатлари тўлайсиз.
Сизга нисбатан турмуш ўртоғингиз ёки унинг бошқа оила аъзолари томонидан зўравонлик қилинса ёки тазйиқ ўтказилса, ҳимоя ордерини олишингиз, ички ишлар идораларига зўравонлик қилган шахсга нисбатан чора кўриш тўғрисида ариза беришингиз мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 206-1-моддасига кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.