ШАХСИЙ ҲАЁТ, ОИЛАВИЙ СИРЛАРНИ ТАРҚАТГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ЖАЗО БОР?
Инсоннинг озодлиги, шаъни-ю қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Шунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади. Афсуски, ҳозирги кунда фуқаролар томонидан ушбу тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик натижасида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар, хабарлар тарқатиш каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Бундай ишга қўл урган одам қонун олдида жавоб берадими? Унга қандай жазо қўлланади?
Шахсга доир маълумотлар нима?
«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади. Масалан, жисмоний шахснинг:
исми, фамилияси, отасининг исми;
туғилган вақти, туғилган жойи;
вақтинча ёки доимий яшаш жойи;
оиласи, ижтимоий ҳолати;
маълумоти, касби, лавозими, иш жойи;
даромадлари ва мулкий ҳолати;
телефон рақами;
шахсий сурати (фото ва ҳк.);
биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар.
Шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши
Агар шу шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинса, сақланса ва тарқатилса, бу маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Масалан, сиз бир уйланган эркак танишингизнинг бошқа бир аёл билан ишқий муносабатларидан хабардор бўлиб қолдингиз (унинг телефонидаги маълумотлар орқали ёки ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлдингиз). Ушбу маълумотларни танишингизнинг хотинига ёки яқин қариндошларига (ёки интернетда бутун жамиятга) етказмоқчи бўлсангиз, бу қилмишингиз юқорида келтирилган ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Жиноий жазо ҳам қўлланадими?
Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, бу энди жиноят ҳисобланади.
Жиноят кодексининг 141(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Лекин қуйидаги ҳолатларда шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинганда, сақланганда, тарқатилганида тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (маъмурий жавобгарлик қўлланмасдан).
Ушбу ҳаракатлар:
а) оғир оқибатларга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса);
б) ғаразли ниятларда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишда моддий наф кўришни қасд қилса, товламачилик аломатлари бўлмаса);
в) хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса.
3 маълумот:
Шахсга доир маълумотлар шахснинг ўз шахсий ҳаётида ўз хоҳиши билан сақланиши, тарқатилиши мумкин.
Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда давлат органи томонидан ҳам ушбу маълумотлар талаб қилиб олиниши, сақланиши, уларга ишлов берилиши, тарқатилиши мумкин. Масалан, айрим давлат органлари (Ички ишлар вазирлиги, миграция ва фуқаролик хизматлари, Давлат чегара хизмати) сизнинг шахсингизга оид маълумотларни тегишли тартибда олади ва сақлайди (масалан, паспорт олишингизда ушбу маълумотлар олинади).
Ёки ишга киришда сиз ўз хоҳишингиз билан мазкур шахсга доир маълумотларни иш берувчига тақдим этасиз (анкета, паспорт, диплом нусхалари ва ҳоказо).
Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсга доир маълумотлар қонунда белгиланган тартибда олиниши, ишлов берилиши ва сақланиши шарт.
Шербек ИНОМЖОНОВ,
Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси
Лола ШОИМОВА, журналист