ХОРИЖДАГИ ЭР-ХОТИНЛАР ВАКОЛАТ ОРҚАЛИ ТОШКЕНТДА АЖРАШИШИ МУМКИНМИ?

— Поччам Россияда, опам Туркияда. 3 йилдан буён бирга яшашмади. Иккови ҳам яқинларига ваколат бериб, Тошкентда расман ажрашишлари мумкинми?

Исми сир тутилди

Мутахассис: Зулфия Нуралиева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

 

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ФҲДЁ ЁКИ СУД ТАРТИБИДА
АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

— Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин.

 

Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда  никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъий назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан:

 

бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

 

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

 

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.

Қайд этилган асослардан бирортаси мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни рад этишга ҳақли эмас. Эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Оила rодексининг 42-моддаси 2-қисми ва 43-моддаси 2-қисмида назарда тутилган барча ҳолларда никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Никоҳдан ажратиш масаласи ФҲДЁ органлари ваколатига тааллуқли бўлган айрим ҳолларда ҳам у суд тартибида амалга оширилиши мумкин, агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса.

 

Никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратиш тартиби спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳолларига тадбиқ этилмайди. Бундай шахсларга нисбатан берилган, шунингдек бундай шахслар томонидан берилган даъволар бўйича никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. 

               

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА ИШ ҚЎЗҒАТИЛМАЙДИ, ҚАЧОНКИ…

— Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам,  ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам тадбиқ этилади. 

 

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд иш юритишни тугатади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш хотиннинг розилиги билан қўзғатилган бўлиб, ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга қарши эътироз билдирган, шунингдек хотиннинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки назорат инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлган барча ҳолларда ҳам иш юритиш тугатилиши лозим.

 

Шуни назарда тутиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзгатилишига тўсқинлик қилмайди.

 

Даъво аризаси қонун талабига жавоб бериши керак:

 

Унда жумладан,  никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида уларни  таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар бор-йўқлиги кўрсатилади.

 

СУД ИШНИ ИККАЛА ТАРАФ ИШТИРОКИДА КЎРИШИ ЛОЗИМ

— Никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим.

 

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, келмаслик сабаблари узрли ёки узрсизлигидан қатъий назар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

 

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, башарти даъвогар бунга қарши эътироз билдирмаса, иш унинг иштирокисиз кўрилиши мумкин. Бундай ҳолда, фақат суд жавобгарни сўроқ қилмасдан туриб ҳам ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама ва тўлиқ текширилганлиги ҳақида хулосага келган тақдирдагина никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилиши мумкин.

 

Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.

 

Суд хокимияти чиқарган хужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва фуқаролар учун мажбурийдир.