ФАРЗАНДИМ 18 ЁШГА ТЎЛМАГУНИЧА УЙИМНИ СОТОЛМАЙМАНМИ?

— Фарзандларим бор. Эрим ҳаётлигида кредитга уй олиб, тўлов қилгандик, лекин қолганини тўлашга қийналяпман. Номимда икки хонали уйим бор. Шу уйни сотиб, кредит тўловини тўлайман десам, ҳокимиятдагилар кичик фарзандим 18 ёшга тўлмагунича сотишга ҳуқуқим йўқлигини айтишди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Баҳодир Саидмуратов жавоб берди:

 

— Ҳурматли фуқаро, саволга аниқ жавоб бериш учун сиз сотмоқчи бўлаётган уйнинг ҳуқуқий мақомига, қандай асосда қўлга киритилганлигига аниқлик киритиш лозим бўлади.

 

Агарда ушбу уй марҳум эрингиз билан биргаликдаги қонуний никоҳда бўлган даврда сотиб олинган бўлса, уйга эгалик ҳуқуқи сизнинг номингизга расмийлаштирилганлигидан қатъий эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Ушбу ҳолатда эрингизнинг ҳам қайд этилган хонадондан умумий мулк ҳуқуқи бўлганлиги учун вояга етмаган болаларингиз ушбу унга тегишли улушга нисбатан меросхўр ҳисобланади.

 

Зеро, Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Агарда, хонадон эрингиз билан биргаликдаги никоҳ давридан аввал олинган ёки никоҳ даврида бепул битимлар (мерос, ҳадя каби) оқибатида қўлга киритилган бўлса, бундай ҳолатда эрингизнинг ушбу хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқи мавжуд бўлмайди ва ушбу хонадон унинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди ҳамда хонадонни сотишда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб қилинмайди.

 

Дейлик, ушбу хонадонда эрингизнинг улуши мавжуд бўлса, бундай ҳолатда вояга етмаган болаларнинг улуши бўлганлиги туфайли, уни сотишга фақат улуш қийматига тенг бўлган миқдорда пул маблағларини банк депозит ҳисоб рақамига қўйган ҳолда рухсат берилиши мумкин.

 

Бу ҳолат қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган бўлса-да, Оила кодекси 75-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.