УЧТА БОЛАГА ҚАНЧА МИҚДОРДА АЛИМЕНТ ТЎЛАНАДИ?
— Cуд учта болага ¼ миқдорда алимент белгилаган. Ҳозирда ойига кам алимент оляпман. Лекин бу пул ҳеч нимага етмаяпти. Учта болага оз миқдорда алимент тўланиши тўғрими?
Исми сир тутилди
Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур Кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Шу Кодекснинг 99-моддаси талабига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув фақат юқори турувчи суд инстанцияси томонидан амалга оширилади.
Хусусан, ФПКнинг 383-моддасига асосан тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин. Бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно. Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.
Суд қароридан норози бўлган тақдирингизда ФПКнинг 385-387-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эгасиз. Юқори инстанция суди суд ҳужжатига нисбатан келтирилган апелляция шикоятига асосангина ўз ваколатлари доирасида унинг қай даражада қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириб чиқади.