УСТОЗЛАР ЮКСАК ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОРДА
Ҳар қандай шахснинг камол топиши учун устозларнинг ўрни беқиёсдир. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турувчи йўлчи юлдуз кабидир. Улар туфайли шогирдлар ҳамиша муваффақиятга эришадилар.
Юртимизда кенг нишонланадиган “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” арафасида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси Шуҳрат Бакаев ва туман суди судьялари Баҳром Бердиев, Муҳаммад Қаюмов Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясига ташриф буюришди. Мақсад, Ассоциация раиси Убайдулла Мингбоевни байрам билан табриклаш, фахрли устозлари билан суд тизимининг тарихи, бугуни ва келажаги, соҳанинг дарғалари тўғрисида ҳамсуҳбат бўлиш.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев наинки суд тизимида, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътиборга эга. Меҳнат фаолиятини терговчиликдан бошлаган Убайдулла Мингбоев Сурхондарё вилоят суди судьяси, раис ўринбосари, Бухоро вилоят суди раиси, Тошкент шаҳар суди раиси, Мустақил Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи раиси сифатида самарали меҳнати билан эътибор қозонган.
Ассоциация раиси судья шогирдларига хотира ва қадрлаш куни хусусида тўхталиб, “ҳозиргидек доруломон кунларда яшашимиз учун жасорат кўрсатиб, ҳаётини қурбон қилган аждодларимизнинг ёди ҳеч қачон унутилмайди”, деди. Суҳбат асносида “сизлар ҳам суд соҳасига янгидан кириб келаётган ёшларнинг устозларга муносиб издош бўлиб, орттирган тажрибаларингизни ўргатинг”, дея ўгит ва маслаҳатлар берди.
Устоз ва шогирдларнинг байрамона кайфиятда ўтган суҳбатидан устоз эъзоз ва эҳтиромга муносиб шарафли зот эканлиги намоён бўлди. Зеро, немис ёзувчиси ва мутафаккир Иоганн Гёте таъкидлаганидек, “Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради”.