УЙ-ЖОЙДАГИ УЛУШИМНИ ҚАЙТАРИБ ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?

— Уй-жойдаги ўз улушимни опамга нотариал ҳужжатлаштириб бергандим. Бироқ фикрим ўзгариб қолди, энди ўз улушимни қайтариб олсам бўладими? Агар мумкин бўлса, қанча муддат ичида расмийлаштириш керак?

Исми сир тутилди

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Аввало, саволга аниқлик киритиш керак. Агарда гап ўзига тегиши лозим бўлган мерос улушидан опаси ёки синглисига воз кечилганлиги ҳақида кетаётган бўлса ҳамда ушбу меросдан воз кечишни қайтариб олиш ҳақида бўлса, жавоби қуйидагича:


Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига кўра, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.


Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.


Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.


Яъни, юқоридаги қонун талабларига кўра, меросхўр ўз улушидан бошқа шахс (саволда бўлгани каби опаси ёки синглисига воз кечган бўлса), бундай воз кечиш қайтариб олиниши мумкин эмас.


Фақат меросдан воз кечиш ҳақидаги аризанинг ҳақиқий эмаслиги умумий тартибда судда битимларнинг ҳақиқий эмаслиги асослари билан низолашилиши мумкин. Мазкур ҳолатда меросдан воз кечиш ҳақидаги аризани ҳақиқий эмас деб топиш асосини исботлаш мажбурияти бундай шахс (даъвогар) зиммасига юклатилади.
Агарда савол ўзига тегишли бўлган уй-жойдаги улушни опаси ёки синглисига ҳадя қилганлиги ёки сотганлиги ҳолати юзасидан бўлса қуйидагича жавоб бериш мумкин.


Мол-мулкни, хусусан, ушбу мулкдаги улушни тасарруф қилиш битимлар тузиш йўли билан, бундай мулклар кўчмас мулк бўлса, бундай битимларни нотариал тасдиқлаш орқали амалга оширилади.


Нотариал тузилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин фақат суд томонидан асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бунинг учун шахс судга қандай асосга кўра бундай битимни ҳақиқий эмас деб ҳисоблашини маълум қилиши, ўз важларини ишончли далиллар билан исботлаши лозим.


Битим тузганидан кейин унинг иштирокчисининг фикри ўзгарганлиги, ўз ҳаракатидан афсусдалиги ёки битим иштирокчиси бўлган тарафлар (опа-сингиллар)нинг ўзаро муносабати ёмонлашганлиги битимни ҳақиқий эмас деб топиш учу асос ҳисобланмайди.


Амалдаги фуқаролик қонунчилигига кўра, фақат Фуқаролик кодекси 113-126-моддаларига кўрсатилган асослар билан битимларни ҳақиқий эмас деб топишга йўл қўйилади. Бундай асослар жумласига хусусан, муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битим тузилиши, ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан битим тузилиши, янглишиш таъсирида битим тузиш, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида битим тузиш, қалбаки ва кўзбўямачилик учун битим тузиш каби ҳолатлар киради.


Фуқаролик кодексининг 153-моддасига кўра, меросдан воз кечиш ҳақидаги аризани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабларга нисбатан ҳам, улушни тасарруф этиш юзасидан тузилган тузилган битимларга нисбатан ҳам уч йиллик даъво муддати қўлланилади, яъни, шахс уч йил муддат мобайнида ушбу битимларнинг ҳақиқий эмаслигини низолашишга ҳақли.