ТЎЙДАН ОЛДИН ОЛИНГАН МУЛККА КЕЛИН ДАЪВОГАРЛИК ҚИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— Ўғлимга уйланишидан олдин отаси машина олиб берган. Тўйдан кейин хотини билан кўп яшамади. Келиним ўғлини олиб, уйига кетиб қолганича ажрашишга ариза берди. Яқинда уй-жой ва машинадан улуш сўраётганини билиб қолдим. Уй эримни номида, машина ўғлимга расмийлаштирилган бўлса-да, тўйдан олдин олинган. Шунда ҳам хотини улуш талаб қилиши мумкинми? Ўзи бу вазиятда келиним нималарга ҳақли?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Ушбу Кодекснинг 25-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, ўғлингиз никоҳга киргунига қадар унинг номига олинган автомашина унинг шахсий мулки ҳисобланади, ушбу автомашинада келинингизнинг улуши мавжуд эмас.


Шунингдек, уй-жой эрингизнинг номида бўлса, ушбу уй-жойда ҳам келинингиз улуши мавжуд эмас бўлиб, келинингиз ушбу мол-мулклардан улуш талаб қилиш ҳуқуқи эга эмас.


Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Агар келинингиз турмуш ўртоғингизни номидаги уй-жойга келин бўлиб тушган бўлса ва ушбу уйда доимий рўйхатда турса, келин бўлиб тушган вақтида турмуш ўртоғингиз ва келинингиз ўртасида ушбу уй-жойда муайян вақтгача яшаш тўғрисида келишув тузилмаган бўлса, келинингизда ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлади.


Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.


Ушбу Кодекснинг 54-моддасига кўра, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.


Бироқ, келинингизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, уйда яшамаётган бўлса, олти ой давомида сақланиб туради. Олти ойлик муддат ўтгач, турмуш ўртоғинигиз ёки уйда яшовчи бошқа доимий фойдаланувчилар, жумладан сизнинг ҳам даъво аризангизга кўра, келинингизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суднинг ҳал қилув қарорига асосан йўқотган деб топилиши мумкин.