«ТУРМУШ ЎРТОҒИМНИ КЎРСАТИБ, НИКОҲ ЎҚИГАНЛИКДА АЙБЛАДИ…»
— 35 йиллик қўшнимни турмуши бузилган қизи бор эди. У оилали эркакка турмушга чиқибди. Эркакнинг қонуний хотини эса мулк бўлишиш мақсадида судга берибди. Судда қўшнимнинг қизидан у эркакка ким бўлиши сўралибди. Никоҳ ўқитишганини маълум қилган. Қўшнимнинг қизи никоҳ ўқиган одам жавобгарликка тортилиши ҳақида билгач, ёлғон ишлатган. Яъни, менинг турмуш ўртоғимнинг исм-фамилиясини кўрсатиб никоҳ ўқитган. Камига у одам вафот этганлиги ҳақида қоғозларни судга тақдим қилибди. Нега тирик эримни ўлдига чиқаришади? Уларни судга беришга маблағимиз йўқ. На қўшним ва на маҳалладагилар узр сўрамади. Ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ. Бўлган ишларга изоҳ беришолмаяпти. Менга нима маслаҳат берасиз?
Х. Р., Тошкент вилояти
Мутахассис: Жасурбек МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.
ЖАРИМА СОЛИШГА САБАБ БЎЛАДИ
— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шу нуқтаи назардан ҳар бир шахс ўзига нисбатан туҳмат қилинаётганлиги ёки туҳмат орқали унинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етаётганлиги ҳолати аниқланадиган бўлса, туҳмат қилаётган фуқарога нисбатан чора кўриш масаласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, яъни ички ишлар ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.
Маъмурий жавобгарликка тортиш масаласидаги мурожаатлар бўйича ариза беришда давлат божи тўланиши қонунда назарда тутилмаган.
Фуқаролик кодексининг 100-моддаси биринчи қисмига кўра, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, ушбу модданинг саккизинчи қисмига кўра, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Фуқаролик қонунчилигига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим бўлади.
Конституцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
ТУҲМАТ ҚИЛИНГАНЛИГИ ЎЗ ТАСДИҒИНИ ТОПАДИГАН БЎЛСА
— Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланади.
Судга мурожаат қилиш фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида амалга оширилиши белгиланган.
Судда ишлар ёзма шаклда, шу жумладан почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ариза бериш йўли билан қўзғатилади.
Агарда шахсга нисбатан туҳмат қилинганлиги ҳолати суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан ўз тасдиғини топадиган бўлса, ўзига нисбатан туҳмат қилинган шахс туҳмат қилган шахснинг яшаш жойи бўйича тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш масаласида даъво аризаси билан мурождаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Судга даъво аризаси бериш тартиби фуқаролик процессцал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.
Даъво ишни юритишга доир ишлар Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бўйича бош консультанти