ТОШКЕНТДА ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИНИ МОДДИЙ ТАЪМИНЛАМАГАН ОТА ҚАМАЛДИ

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Бироқ мазкур мажбурият эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари дарз кетиши ва оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилиши натижасида аро йўлда қолмоқда. Икки томон ўз ҳақиқатини ҳимоя қилиб, ўз “мен”ини устун қўйиши оқибатидан келиб чиқадиган жабрни эса муҳаббат мевалари – фарзандлар тотмоқда… 

 

Ўз фарзандлари таъминотидан воз кечадиган оталар афсуски етарлича топилади. 45 ёшни қоралаган “қаҳрамони”миз ҳам 2 фарзанднинг отаси. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2018 йилдаги суд буйруғига кўра, ундан даъвогар фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандининг таъминоти учун то улар вояга етгунга қадар қарздорнинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

 

Қарздор ота суд буйруғига биноан моддий ёрдамга муҳтож бўлган фарзандларини моддий таъминлаб туриши учун собиқ рафиқаси фойдасига алимент пул маблағларини тўлаб бориш унинг мажбурияти эканини билса-да, бироқ у 2018 йилнинг июлидан 2021 йилнинг августига қадар жами 35 733 293 сўмни тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2021 йилдаги қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.  

 

Бироқ, қарздор отага маъмурий жазо қўлланилганидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Даъвогар фойдасига вояга етмаган фарзандларини моддий таъминоти учун суд буйруғига асосан ундирилиши лозим бўлган алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келгани учун ушбу даврда икки ойдан ортиқ 3 947 201 сўм, жами эса 39 680 494 сўм алимент қарздорлиги вужудга келган.

 

Судланувчи ота суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди: — собиқ рафиқам билан қонуний никоҳдан ўтганмиз, икки нафар фарзандимиз бор. Оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашганмиз. Моддий шароитим яхши бўлмагани сабабли икки ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент пулини тўламаганим учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2021 йилдаги қарорига асосан айбдор деб топилдим ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Маъмурий жазони ўтаб чиқдим. Ишим юришмагани сабабли алимент пулларини тўлай олмадим. Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан огоҳлантирилганман. Жами ундирилиши лозим бўлган 39 680 494 сўм алимент пулини тўламаганман, – дея унга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

 

Жабрланувчининг суд мажлисида берган кўрсатмасига кўра, ўтган давр учун ундирилиши лозим бўлган 39 680 494 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб, собиқ рафиқасини алиментдан воз кечишини айтиб қўрқитиб келган. — Йиллар давомида умуман алимент тўламагани сабабли етказилган моддий зарарни ундириб беришни, қонунда белгиланган қатъий чора кўрилишни сўрайман, – деб кўрсатма берди.

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчи ЖКнинг 122-моддасининг (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 1 йил  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Манфаатдор тарафларга келгусида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

 Акмал МИРЗАХАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раиси ўринбосари