ТОШКЕНТДА ФУҚАРО ШИШАДОШИНИ КАЛТАКЛАБ, ПУЛЛАРИНИ ОЛИБ ҚЎЙДИ
Нодир (исм-шарифлар ўзгартирилган) судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Ўша куни маст ҳолатда бўлгани, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Регистон” тўйхонаси яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконда Ш. Тўхтасинов билан танишганлигини айтди. Нодир спиртли ичимликлар дўконида танишган янги шишадоши билан гаплашиб қолишганини, ичкиликнинг пулини тўлаётган Шокирнинг пули кўплигини кўриб қолганини, пулни қўлга киритиш мақсадида автобус бекатининг орқа томонига ўтиб, пайт пойлаганини тан олди.
Воқеа тезда содир бўлди. Нодир пулни қўлга киритишни ўйлаб, боягина ўзига шишадошлик қилган Шокирнинг юзига, қорин қисмига бир неча маротаба мушти билан уриб, унга енгил даражадаги тан жароҳати етказди. Мушт зарбидан ҳали ўзига келмаган Шокирнинг чўнтагига қўл солиб, 1 миллион 500 минг сўм пулни, бир дона 500 минг сўмлик “Samsung dous” русумли телефон аппаратини ва банк пластик картасини эгаллаб, воқеа жойидан яширинди… Судланувчи қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришини сўради. Суд мажлисида жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди.
Жабрланувчи Шокир спиртли ичимликнинг пулини тўлаш учун дўкон сотувчисига пул берганини, пулни тўлаб, дўкондан чиққанида бўлган воқеани эсга олди. Нодир ҳеч бир сабабсиз унга бир неча маротаба мушт туширгач, йиқилганлигини, маст ҳолатдаги Нодир эса унинг қорин қисмига тепганлигини, чўнтагига қўл солиб, пулини, қўл телефонини, пластик картасини олиб, қочиб кетганлигини айтди.
Шундан кейин у ИИБ ходимларига ариза билан мурожаат қилганлиги, дастлабки терговда телефон аппарати билан пластик картаси қайтарилганлиги, лекин пулини қайтариб ололмаганлигини айтиб, кўрсатма берди. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Шокир енгил даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланди. Суд судланувчининг жиноий ҳаракатларига баҳо бериб дастлабки тергов органи томонидан унинг талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш, соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб содир этилишида ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 166-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига кўра, Н. Азизовга узил-кесил 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бир неча маротаба судланиб ҳам, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган Нодир энди жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди судьяси