ТОШКЕНТДА МУҚАДДАМ СУДЛАНГАНЛАРДАН ИБОРАТ ЖИНОИЙ ГУРУҲ ЯНА БИР ҚАБИҲ ИШГА ҚЎЛ УРДИ
Орамизда шундай инсонлар борки, билиб-билмай қилган хатосини вақтида англаб кейинги босадиган қадамини етти ўлчаб бир кесади. Бироқ яна шундай тоифа одамлар борки, уларга қараб туриб, “Букрини гўр тузатади”, деган мақол беихтиёр ёдга тушади…
Бугун суднинг қора курсисида ўтирган тўрт нафар судланувчилар орасида муқаддам бир эмас, балки бир неча маротаба судланганлари ҳам бор. Аниқроғи, 26 ёшли судланувчи муқаддам талончилик, безорилик, фирибгарлик, 27 ёшли судланувчи муқаддам безорилик, фирибгарлик, қасддан баданга оғир ва енгил шикаст етказиш, 41 ёшли судланувчи муқаддам фирибгарлик, 44 ёшли судланувчи эса муқаддам безорилик жиноятини содир қилган.
44 ёшли судланувчи жиноий шериклари 26, 27 ва 41 ёшли судланувчилар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб олишади. Дорихона растаси эшигини бузган ҳолда ушбу жойга ғайриқонуний равишда кириб, мазкур дорихонада сотувчи бўлиб ишловчи эркакка ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитишади. Унинг нархи 2 000 000 сўмлик телефон аппарати ва дорихона кассасидан 1 000 000 сўм пулларни очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинишган.
Судда сўроқ қилинган судланувчилар эълон килинган айбга қисман иқрорлик билдиришди. 44 ёшли судланувчининг судда берган кўрсатмасига кўра, у дорихонадан олдиндан “Зардекс”, “Регапен” дориларини олиб келган. “Ўша куни уч нафар танишларим билан дорихонага кирдик. 27 ёшли танишимчига дори олиб бермоқчи бўлдим. Бироқ сотувчи “олдинги қарзингизни беринг”, дегани учун у билан тортишиб қолдик.
Шу пайт 27 ёшли танишимнинг жаҳли чиқиб, растадан ичкарига кирди. Сотувчини бир шапалоқ урди, у биздан қўрқиб орқа эшикдан қочиб кетди. Сотувчининг телефони ва кассада турган 900 000 сўмга яқин пулларни олдик. Пулларни бир маромда теккислаб бериш учун 26 ёшли танишимга бердим. Сўнг видеокузатув камераларини узиб ташладим.
Камерани узишга чиқаётган вақтимда мен билан кирган 27 ва 41 ёшли танишларим дорихонадан чиқиб кетди. У ердан чиқиб, 41 ёшли танишимнинг автомашинасида 27 ёшли танишим билан бирга Янгиобод бозорига бордик. Бозорда телефон аппаратини нотаниш шахсга 800 000 сўмга сотиб юбордик. Ушбу телефон аппарати сотувчиники эканидан бошқа шерикларимнинг хабари бўлмаган. Сотувчини ўлдириш ёки унга зўрлик ишлатиш билан қўрқитмадик”, дея қилмишидан пушаймонлигини билдирди.
“ҚОЧИБ ЧИҚИБ КЕТДИМ…”
Суд мажлисида жабрланувчи қуйидагиларни баён қилди…
— Судланувчиларни илгари танимаганман. Дорихонага сотувчи бўлиб ишга кирганимга эндигина икки кун бўлганди. Соат тахминан 15:30 да дорихонага нотаниш бўлган беш нафар шахс кириб келди. Улардан бири, менга кейинчалик маълум бўлган 27 ёшли судланувчи раста эшигини куч билан тортиб очиб, ичкарига кириб мени бир тарсаки уриб, дўқ-пўпса қилиб стулга ўтказиб қўйди. Сўнг иккинчи шериги – 44 ёшли судланувчи ҳам раста ичкарисига кириб келди. 27 ёшли судланувчи қўлимдан телефон аппаратимни олиб қўйди. Қўрқиб кетганимдан орқа эшикдан кўчага қочиб чиқиб кетдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, дорихонага қайтиб келган вақтимда, ушбу шахслар тахминан 1 миллион сўм савдо пулларини олиб чиқиб кетишганини билдим. Кейин ҳолат юзасидан дорихона хўжайини ва 102 рақамига қўнғироқ қилдим. Воқеа пайти қўрққаним сабабли судланувчиларнинг яна икки нафари нима ҳаракат қилганига эътибор бермадим. Ҳеч кимга пардани ёпишни айтмадим. Судланувчилар мендан кучли таъсир қилувчи дори сўрашди, раста ичига киришгач, пул ёки бошқа нарса талаб қилишмади. Фақатгина ўтиришимни айтиб, дўқ-пўписа қилишди. 27 ёшли судланувчи қўлини орқасига қилганида бирор буюм билан уриб қолмасин деб қўрқиб, қочиб чиқиб кетдим.
Жабрланувчи судда етказилган зарар тўлиқ қоплангани ва судланувчиларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб кўрсатма берди.
СУД ҲУКМ ҚИЛДИ…
27, 41 ва 44 ёшли судланувчилар Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва уларга 5 йил, 26 ёшли судланувчига эса 2019 йилдаги ҳукмга кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аброр САИДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод туман суди раиси