ТАБИИЙ РЕСУРСЛАР ЭГАСИЗ ЭМАС

Ҳозиржавоблик билан бетгачопарлик ўртасида катта фарқ бўлгани каби ўзбошимчалик ҳам инсоннинг журъатли эканини билдирмайди. Чунки, бундай ҳаракат ўзганинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши олиб келади. Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш хусусида ҳам гап шу. Шу боис ҳам бундай хатти-ҳаракат учун Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексида (60-модда,Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш) маъмурий жавобгарлик белгиланган
Пойтахт ҳудудларида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқаролар билан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилиши билан бир қаторда бу каби ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди томонидан МЖТК нинг 60 -моддаси талабларини бузган бир неча фуқаролар иши судда кўриб чиқилиб, қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарималар солинди. Масалан, фуқаро Н. Н. (аёл) уч фарзанднинг онаси. У 2023 йилда 309 кв.м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлиги учун маъмурий жаримага тортилганди.
2025 йилда яна шу ҳолат такрорланди: мутасади идоралар томонидан ўтказилган текширувда 309.0 кв.м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, 50 кв.м қурилма қургани аниқланди. Натижада у МЖтКнинг юқорида қайд этилган моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 82.400.000 сўм жарима жазоси солинди.
Бундан ташқари кадастр агентлиги ходимлари томонидан 1977 йилда туғилган фуқаро Д.А. ўзбошимчалик билан 300.0 кв метр ер майдони эгаллаб олиб, 30 кв.метр майдонига бостирма (соябон) қурганлиги аниқланган. Иш ҳолатидан келиб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, яъни 4.120.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Оғир ёки енгилми, қатъий назар, жазонинг ҳар қандай тури ёқимсиз экани тушунарли. Ўз ўрнида тушуниш керакки, оқибат – шахснинг нотўғри ташлаган қадамининг аччиқ ҳосиласи ҳисобланади. Шаҳар бедарвоза бўлмаганидек, табиий ресурслар ҳам беэга эмас.
Фахриёр Пўлатов,
жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани
суди тергов судьяси






