СУДЬЯЛАР БЎЛАЖАК ҲАМКАСБЛАРИ БИЛАН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг олти нафар судьяси ва  Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси иқтисодий ҳуқуқ кафедраси тингловчилари иштирокида ўтган давра суҳбати режадаги тадбирнинг ижросидай кўриниши мумкин.

Аслида ҳам шундай, бироқ бундай тадбирлар ҳисоботга безак бўлиши учунгина ташкил этилмайди. Ҳаммаси ҳисоб-китоблики, буни давра суҳбати учун танланган контентдан илғаш ҳам қийин эмас. Бир тарафда нисбатан ёш судьялар, иккинчи томонда шундай рутбага тобора яқин келаётган тингловчилар. Яъниким, дунёқараш яқин, ният-у истаклар муштарак, демакки,  тадбир расмиятчиликдан йироқ, қизғин, шу билан бирга самимий кечиши  аниқ.

Натижа ҳам шунга монанд бўлади, насиб

Давра суҳбатида  асосий эътибор  давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига, хусусан,  комплаенс ва коррупцияга қарши муросасизлик, ички назорат масалаларига қаратилди.

Айтилдики, суд тизими бундай иллатлардан холи бўлиши керак. Чунки, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончи замирида давлатга нисбатан ҳам ишончи ётади. Судьяларнинг мамлакат номидан қарор чиқаришининг ўзи ушбу лавозим масъулиятини англаш учун етарли, аслида. Бунинг учун тизимнинг ҳар бир вакили, аввало, ўзига нисбатан адолатли бўлиши лозим. Одамнинг ўзига нисбатан адолатли бўлиши, биринчи навбатда, ўз камчиликларини билиши ва тан олишида кўринади, уларни бартараф этишни малол олмайди. Ўзига нисбатан адолатли бўлганлар эса ўзгаларга нисбатан адолатсизлик қилмайди. Ҳар бир судьянинг коррупцияга қарши  муросасизлиги, аввало, ўзини ислоҳ қилишидан бошланади.

Давра суҳбатида, таклиф ва истаклардан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва  бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги қарори, унинг қабул қилинишига сабаб бўлган эҳтиёжлар, шу турдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг амаётга татбиқ этиш тартиби ва механизмлари юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

 Якунда назария ва амалиёт ўртасидаги уйғунлик аҳамиятидан келиб чиқиб, тингловчиларга очиқ суд процессларида яна-да фаол иштирок этиш орқали   касбий кўникмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилиб,  судьялар бу борада лозим кўмакка тайёр экани алоҳида қайд этилди.