СУДЛАР ФАОЛИЯТИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ: НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ
Конституция нормаларини суд амалиётида тўғридан-тўғри қўллаш институти демократик давлатлар ҳуқуқий тизимининг марказий тамойилларидан бири ҳисобланади.
Мазкур институт қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари, жумладан, суд ҳокимиятининг ҳам Конституцияга мос фаолият юритишини кафолатлайди.
Ўзбекистонда ҳам судлар томонидан Конституция нормаларини бевосита қўллаш масаласи сўнгги йилларда долзарб бўлиб, қонунчилик ва амалиётда изчил ривожланиб бормоқда.
Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш институти судларга Конституциянинг нормаларини суд жараёнида бевосита қўллаш имконини беради. Бу институтнинг мазмуни конституцион нормаларнинг супрематияси (устунлиги) тамойилида ифодаланади.
Бу институт икки асосий вазифани, яъни Конституциянинг олий юридик кучини таъминлайди ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилади.
Шу боис мазкур институт “конституциявий адолат” тизимини таъминлашнинг асосий элементи сифатида қаралади.
Ушбу институтнинг мазмун ва моҳиятига тўхталадиган бўлсак, у қуйидаги асосий элементлардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин:
Конституциянинг олий юридик кучини таъминлайди ва судлар томонидан Конституция ҳуқуқ тизимининг энг юқори даражасида турган нормалар тўплами сифатида қабул қилинади;
Мазкур институт Конституцияни фақат декларатив ёки сиёсий ҳужжат эмас, балки бевосита ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган амалий норма сифатида кўради;
тўғридан-тўғри қўллаш институти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини реал ҳимоя қилишга хизмат қилади;
мазкур институт судни Конституциянинг муҳофазачиси – “қонунийликни таъминлашда конституциявий назоратни амалга оширувчи субъект”га айлантиради;
қонунчиликни талқин қилиш, Конституция билан солиштириш ҳамда зиддият мавжуд бўлса, Конституцияни устувор норма сифатида қўллаш жараёни судни давлат ҳокимияти тармоқларининг алоҳида, мустақил ва стратегик аҳамиятга эга субъектга айлантиради.
Бир сўз билан айтганда, мазкур институт Конституциянинг олий юридик кучини реал амалга оширувчи, суд ҳокимиятига конституциявий назорат элементларини берувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ
ва эркинликларини кафолатлайдиган ҳамда сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан муҳим институтдир.
Ушбу институтнинг тарихи АҚШ Конституциясининг 3-моддасига асосланган ҳолда суд ҳокимиятининг конституциявий назорат ваколатини ўрнатган 1803 йилдаги Marbury v. Madison иши билан боғлиқ.
1801 йилда АҚШ президенти Жон Адамс ваколати тугаётганда бир қатор судьяларни тайинлаган. Ушбу тайинловлар тўғрисидаги мандатларнинг айримлари, янги давлат котиби Жеймс Мэдисон уларни топширишдан бош тортганлиги сабабли, етказилмаган.
Вильям Марбери эса мандатни олиш учун судга мурожаат қилган.
Олий суд раиси Жон Маршалл Конгресс томонидан қабул қилинган Қонун (Judiciary Act of 1789) Конституцияга зидлиги, Конституция – олий ҳуқуқий кучга эга асосий ҳужжат эканлиги ва судлар Конституцияга зид қонунни қўлламасликка ва бевосита Конституция нормасига таянишга мажбурлиги тўғрисида хулоса қилган.
Шундан бошлаб, Жон Маршаллнинг машҳур ибораси – “It is emphatically the province and duty of the judicial department to say what the law is” (қонун нима эканини айтиш суд ҳокимиятининг ваколати ва бурчидир) тарихга кирган.
Бу қарор билан биринчи марта федерал қонун конституцияга зид деб топилиб, бекор қилинди. Иш сиёсий инқирознинг олдини олиш учун моҳирона ҳал қилинган: суд ўзининг ваколатини кенгайтирмаган, лекин конституциявий назоратни ўрнатган.
Ушбу иш натижасида “суд назорати” институти пайдо бўлиб, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ҳуқуқ назариясига кирди ҳамда дунё бўйлаб конституциявий юрисдикция тизимининг ривожланишига асос бўлди.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, мазкур институтнинг қонуний мустаҳкамланиши турлича.
Масалан, АҚШ Конституциясининг VI моддаси (“Supremacy Clause”) судлар Конституцияга зид қонунни қўллай олмаслигини белгилайди.
Германия Асосий Қонуни (Grundgesetz), 1, 20, 93-моддалари Олий Конституциявий суд Конституцияни тўғридан-тўғри қўллашнинг асосий органи эканлиги эътироф этилади ва ҳар бир судья Конституцияга зид қонунчилик нормасини қўлламаслиги шартлигини мустаҳкамлайди.
Франциянинг 1958 йил Конституциясининг 61-1 моддаси (Question Prioritaire de Constitutionnalité) қонун ҳужжатларининг конституцияга мувофиқлигини суд тартибида текшириш механизмларини назарда тутади.
Италия Конституциясининг 134-моддаси судлар Конституция ва бошқа қонун ҳужжатлари ўртасида зиддиятни аниқласа, Конституциявий судга “инцидент назорат” тартибида мурожаат қилиши лозимлиги кўрсатилган.
Испания қироллиги Конституцияси 53-моддасида судлар фундаментал ҳуқуқлар бўйича тўғридан-тўғри Конституцияга таяниши кўрсатилган.
Туркия Конституцияси 11 ва 148-моддаларига асосан судлар Конституцияни бевосита қўллашга мажбурдирлар.
Корея Республикаси Конституциясининг 107, 111-моддаларига кўра Судлар Конституцияни тўғридан-тўғри қўллайди, ҳуқуқ нормалари ўзаро зид бўлса масала Конституциявий судга чиқарилади.
Ўзбекистонда ушбу институтнинг илк ҳуқуқий асослари 1992 йилдаги Конституциясида ўз аксини топиб, мазкур Конституциянинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган.
2023 йилги янги таҳрирдаги Конституцияда эса конституциявий нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланиши борасидаги ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.
Хусусан, Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди.
Шу билан бирга, суд жараёнларида Конституция нормаларини тўғри қўллаш бўйича ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумнинг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур Пленум қарорида зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.
2024 йилдаги суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 242 (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 083 (2023 йилга нисбатан
5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 301 (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 8 837 (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.
Судлар томонидан кўпроқ Конституциянинг 26, 27, 28, 29, 31 (жиноят ишлари бўйича судлар), 15, 20, 26, 29, 31, 33, 41, 42, 46, 47, 55, 60, 62 – 68, 76 – 78, 80 (фуқаролик ишлари судлар), 15, 16, 55, 65 – 68, 99, 134, 138 (иқтисодий ишлар бўйича судлар) ҳамда 15, 20, 21, 29, 30, 40, 41, 46, 54, 55, 65 – 67, 138-моддаларига (маъмурий ишлар бўйича судлар) мурожаат этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ–67-сон Фармонига мувофиқ Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлаш учун масъул этиб белгиланди ва унинг зиммасига давлат органлари, айниқса, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланиши ҳолатини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилди.
Мазкур мониторинг натижалари очиқ манбаларда эълон қилиниши судьялар бу борадаги билимлари ва малакасини оширишга катта хизмат қилган бўлар эди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини давом эттириш ҳамда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги таклифлар илгари сурилади:
“Судлар тўғрисида”ги қонунга судлар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш;
Одил судлов академиясида хорижий прецедентлар (Marbury v. Madison, Lüth) ва конституциявий талқин усулларини ўргатишга қаратилган судьяликка номзодлар ва судьялар учун махсус модуллар (масалан, “Constitutional reasoning” фани) жорий этиш ва бу жараёнга хорижий экспертларни кенг жалб қилиш;
судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали Конституция нормаларига зид бўлган қонунчилик ҳужжатларини аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш;
судьяларнинг мустақиллик кафолатларини кучайтиришга
оид ислоҳотларни давом эттириш, шу жумладан, судьяларни тайинлаш
ва лавозимидан озод этишда Судьялар кенгашининг ролини ошириш (Венеция комиссияси тавсияларига мувофиқ);
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожланган давлатлар судьялари ҳамжамиятлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишга қаратилган стажировкаларни ташкил этиш.
ҳар йили суд амалиётида Конституция қўлланиши бўйича миллий ҳисобот тақдим этиш.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Конституция нормаларини судлар фаолиятида тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқий давлатнинг фундаментал мезонидир.
Дунё амалиёти, айниқса “Marbury v. Madison” ишидан бошланган суд назорати анъанаси, бу институтнинг ҳуқуқий тизим барқарорлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда ҳам мазкур механизмни институционал ва қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, уни амалий ҳаётга тўла сингдириш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналиши сифатида долзарб бўлиб қолмоқда.
Василахон АБДУСАТТАРОВА,
Одил судлов академияси тингловчиси






