СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ КЎРИШДА ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ

Тошкент шаҳар судида Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судлар томонидан солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига доир семинар бўлиб ўтди.

Олий суд раиси ўринбосари Ш. Полвонов бошчилигида ўтказилган семинар-машғулотида Олий суд судьялари, Солиқ қўмитаси вакиллари, Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича судьялари, шунингдек солиқ органлари ходимлари иштирок этди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 2020 йилда амалга киритилганидан сўнг солиққа оид низоларни кўришда судлар томонидан қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида солиққа оид низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида Пленум қарорини қабул қилиш зарурати туғилди.

Семинар Олий суд Пленуми қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судлар томонидан солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ташкил этилиб, унда солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, солиқ ҳисоблаш, молиявий жарима ва имтиёзларни қўллаш ҳамда солиқ органларининг қарорлари асосида солиқларни ундиришдаги хатоликларга оид масалалар муқокама қилинди.