СИНГЛИМНИНГ НОМИДАН КРЕДИТ ОЛГАН ОДАМНИ ҚАНДАЙ ТОПСАК БЎЛАДИ?

— Яқинда суддан синглимни номига кредит қарздорлиги бўйича чақирув қоғози келди. Синглим хорижда, номига кредит олмаган. Айтилган манзил бўйича суриштирсак, ҳақиқатан ҳам паспорти чиқиб келди. Синглимнинг номидан кредит олган одамни қандай топсак бўлади? Қарздорликни тўхтатиш учун судга шикоят киритсак бўладими?

Исми сир тутилди

Дилшод Хасанов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Амалдаги Фуқаролик кодексининг талабларига кўра, кредит шартномаси икки томонлама битим ҳисобланиб, унга кўра бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.


Фуқаролик кодексининг 107-моддаси 1-қисмига асосан, ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.


Агарда кредит шартномаси қарз олувчи томонидан имзоланмаган, аксинча қарз олувчи номидан бундай ваколатга эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, шартноманинг тарафи ҳисобланган қарз олувчи ушбу шартномани суд орқали низолашиш ҳуқуқига эга.


Шунингдек, кредит шартномаси сохта маълумотлар асосида тузилган деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлса, манфаатдор шахс ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли.