РАҲБАРНИНГ ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАМАСЛИГИ ТЎҒРИМИ?
— 2022 йил оилавий шароитим оғирлиги сабабли ўз ҳисобимдан таътил олиб, хорижга ишлагани кетгандим. Яқинда қайтиб келиб, иш жойимга борсам, раҳбарим ишга тикламаслигини айтди. Ваҳоланки ишдан бўшамаганман. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди.
Жамшид Шаропов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Амалдаги Мехнат кодексига кўра, барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.
Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:
• 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
• ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
• икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар;
• меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Жамоа шартномасида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда (шу жумладан унинг муддати тугаши муносабати билан ҳам) ходимнинг хоҳишига кўра, йиллик асосий ва қўшимча таътилларни бериб, ундан кейин меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳоллари назарда тутилиши мумкин. Бу ҳолда таътил тугаган кун меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган таътил даврида ходим меҳнат шартномасини унинг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги аризасини, башарти меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг қонун ёки тарафларнинг келишуви билан белгиланган муддати тугаган бўлса, қайтариб олишга ҳақли эмас.
Меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилинганда кейинчалик меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш шарти билан, гарчи ҳақиқатда ишланган вақт ҳамда таътил вақтининг умумий йиғиндиси меҳнат шартномаси муддати чегарасидан чиқиб кетса ҳам, таътил берилиши мумкин. Бу ҳолда меҳнат шартномасининг амал қилиши таътил тугагунга қадар узайтирилади.
Меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари туфайли бекор қилинганда йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътилидан асли ҳолида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Аризангизга кўра, сизга иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътилнинг давомийлиги иш берувчи билан ўртангиздаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак. Мазкур ҳолатда ўз ҳисобингиздан олган таътилингиз уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга берилган бўлса ҳамда иш берувчи билан ўртангизда тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ҳолда иш берувчининг сизни ишлашингизга тўсқинлик қилиши ноқонуний ҳисобланади.
Бу ҳолатда, сиз ўзингизни бузилган ҳуқуқларингизни тиклаш масаласида тегишли тартибда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқиқига эга эканлигингиз маълум қилинади.