РАСМАН ИШДАН БЎШАТИЛМАГАНДА ХОДИМНИ ИШГА ҚЎЙМАСЛИК ТЎҒРИМИ?

— Фарзандим бир ёш бўлди. «Декрет»да бўлганимда ишхонам ёпилганди. Яқинда очилганини эшитиб, иш сўраб борсам, раҳбаримиз «сизга иш бермайман, ходимларни қайта кўриб чиқяпмиз», деди. Лекин расман ишдан бўшатилмаганман. Раҳбарнинг шундай қилиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Фахриддин Бахронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган экан, демак ходим ҳисобланасиз ва корхона ёпилмаган, балки вақтинча фаолиятини тўхтатган бўлган.


Амалдаги Меҳнат кодекси 234-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.


Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.


Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари (ушбу модданинг биринчи қисми) сақланиб қолади.


Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.


Яъни, меҳнат шартномаси қонунда белгиланган тартибда бекор қилинмаган ва боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун берилган таътилдан кейин ишламоқчи бўлган ходимни иш берувчи меҳнат шартномасида ва қонунчиликда белгиланган қулай меҳнат шароитларини яратган ҳолда иш билан таъминлаши шарт.


Бу ўринда иш берувчи раҳбарининг ”Сизга иш бермаймиз, ходимларни қайта кўриб чиқяпмиз” деган асос билан Сизга иш бермаслиги ва меҳнат шартномасини бекор қилиши ғайриқонуний ҳисобланади.


Чунки, Меҳнат кодексининг 237-моддасида ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно эканлиги қайд қилитнган.


Сизга белгиланган вақтда ишга бориб ўз ишингизни бажаришингиз ва барча эътирозларни раҳбарга ёзма равишда тақдим этишингиз тавсия қилинади.