ПОЙТАХТ СУДЬЯЛАРИ ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК СОҲАСИДА ЮЗАГА КЕЛАЁТГАН ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан шаҳар ва туман ҳокимликликлари ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлари, шунингдек, кадастр ва қурилиш бўлимлари вакиллари билан ҳамкорликда айни кунда долзарб бўлган меҳнат муносабатлари, ўзбошимча қурилмалар ҳамда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир масалалар бўйича семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур семинар машғулотида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Исраилова ва Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламов ўзларининг кириш сўзлари орқали бугунги тадбирнинг нақадар муҳим эканлигини, низоларнинг судларда тўғри ва ўз вақтида кўрилиши фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишига олиб келишини инобатга олиб, ҳар бир судья фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимояланганлигига эътибор қаратишди.
Иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.
Иш берувчи ходимнинг иш ҳақига оид талабларини муддати чекланмаган ҳолда бутун давр учун қаноатлантиришга ҳақли.

Ходимнинг иш ҳақига оид талаблари якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи меҳнат низолари бўйича комиссия ёки суд томонидан асосли деб топилган тақдирда тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади.
Меҳнат низолари бўйича сўзга чиққан маърузачилар айнан меҳнат низолари соҳасида судларга мурожаат этиш муддатлари, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий усуллари ва бошқа масалаларга батафсил тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, давра суҳбатида кун тартибидаги кейинги масала ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш мавзусига эътибор қаратилди.
Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида кўчмас мулкни эркин тасарруф этишига монелик қиладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, ҳуқуқ эгасининг муносиб ҳаёт кечириши учун монелик қиладиган шарт-шароитларни яратишга йўл қўйилмайди.
Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини келишув имзоланганидан кейин бошқа шахсга ўтказишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлигининг ёзма розилиги мавжуд бўлганда ёхуд келишув (келишувда белгиланган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган тақдирда йўл қўйилади.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Келгусида бундай турдаги семинар ўқув машғулотларини мунтазам ўтказиб бориш, юзага келаётган муаммолар бўйича амалдаги қонунчиликка таклифлар киритиш борасида келишиб олинди.
Омон Сатторов,
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси