ПОЙТАХТ СУДИДА “ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ” 

Тошкент шаҳар судида Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет ва Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик йўлга  қўйилиб, ҳар икки олий ўқув юрти билан меморандум имзолангани хабари берилганди.

Бугун ҳамкорликнинг илк нишонаси сифатида мазкур олий ўқув юртларнинг  психология ва халқаро оммавий ҳуқуқ йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Пойтахт судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бўлиб ўтган  тадбир давра суҳбати билан бошланди. Унда оммавий-ҳуқуқий низо турлари, судамалиёти  ҳақида атрофлича маълумот берилди. Суд процессида психолог талаб этиладиган ишлар тоифаси, бундай ишларнинг судда кўриб чиқилишининг хос хусусиятларига  алоҳида эътибор қаратилди.

Жонли мулоқотда кейинги йилларда фуқаролик ҳуқуқига доир қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, жорий этилаётган янги тартиблар ва уларнинг ҳуқуқий асослари, суд процессида масофадан иштирок этиш имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Яратилган имкониятлар билан жойида таништирилди.

Якунда бундай амалий учрашувлар талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва касбий йўналишни аниқ белгилашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этиб ўтилди.