ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИНГ ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раис Ғайрат Эргашев, судья Зиёда Солиева Сирғали туманидаги 300-мактабда бўлишди. Таълим масканида ўқитувчи иштирокида “Янги Конституция – бу менинг Конституциям!” мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. 

 

Суд раиси Ғайрат Эргашев ва судья Зиёда Солиева Янги Контитуциясига киритилаётган ўзгартиришлар бўйича маъруза қилишди.

 

— Педагоглар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар маъмурий қамоққа олиниши мумкин. Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан 2023 йил 27 март куни Президент имзолаган қонунга асосан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодкексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди, – деди суд раиси.

Мазкур нормалар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилишини қўшимча қилди.

 

— Бугун амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланаяпти. Хусусан, Янги конституцияда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш, бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилаётганлиги ва бу борада таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилаяпти, – деди ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлаётганлиги хусусида тўхталиб ўтган туман суди судьяси Зиёда Солиева.

Шунингдек фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раис Ғайрат Эргашевнинг таъкидлашича, янгиланаётган Конституцияда таълим олиш ҳуқуқларга оид 9 та энг муҳим янгиликлар белгиланяпти, улар:


1. Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.

2. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

3. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.

4. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди.

5. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир.

6. Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.

7. Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли.

8. Олий таълим ташкилотлари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

9. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Очиқ мулоқот давомида педагог ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар ҳам олишди.