«ОТАСИ РОССИЯДА БЎЛСА, ҚАНДАЙ РОЗИЛИК ОЛАМАН?»
— Собиқ турмуш ўртоғим Россияга ишлагани кетган. Аниқ манзилини билмайман. Ўғлимни даволатиш учун хорижга олиб кетмоқчиман. Аммо отасини розилиги кераклиги учун бўлмаяпти. Отасининг қаердалиги номаълум бўлса, болага қандай розилик олиш мумкин?
Исми сир тутилди.
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Жалолиддин АББАСОВ жавоб берди:
— Оила кодексининг 71-моддасига асосан ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
Оила кодексининг 76-моддасига асосан боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Алоҳида яшаб келаётган ота-онанинг бири билан яшаб келаётган уларнинг умумий вояга етмаган фарзандларининг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш тартиби белгиланган, яъни четга чиқишни расмийлаштириш вақтида боланинг ота-онасининг бири билан четга чиқишига иккинчи ота-онанинг нотариал тасдиқланган розилиги керак.
Ҳозирги кунда афсуски ота-онаси алоҳида яшаб келаётган вояга етмаган болалар жуда кўп. Кўп ҳолатларда оталар оиласини ташлаб, четга пул ишлаб келиш мақсадида кетади ва аксарият ҳолатларда ўша ерда бошқа оила қуриб, қайтмайди. Вояга етмаган болани четга онаси билан чиқишига отанинг розилиги бўлмаганлиги сабабли, она судга оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилади, чунки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган отанинг розилиги керак эмас.
Шу боис сизга, мазкур ҳолатда фарзандингиз саломатлиги мувҳимлигини эътиборга олган ҳолда, Оила Кодекси 79-моддасининг иккинчи қисмига асосан, собиқ турмуш ўртоғингизни доимий яшаб келган жойда жойлашган фуқаролик судига уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилиш тавсия этилади.