ОТАСИ НОГИРОНЛАР АЛИМЕНТ КАМ ТЎЛАЙДИМИ?
— Уч фарзандим билан турмушимдан ажрашдим. Уларга алимент олиш учун қаерга мурожаат қилай? Болаларимнинг отаси расман ҳеч жойда ишламайди, лекин тадбиркор, яхши пул топади. Алимент кам тўлаши учун ҳамма мол-мулкини бошқаларнинг номига расмийлаштириб қўйибди. Қайнотам биринчи гуруҳ ногирони. Бу ҳам алимент кам тўлашига сабаб бўлоладими? Фарзандларим кичиклиги учун ҳеч жойда ишлай олмаяпман. Она таъминоти ҳам ундироламанми?
Исми сир тутилди
Мутахассис: Фарҳод ШАРИПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг судьяси.
ҚАЕРГА МУРОЖААТ ЭТИШИ КЕРАК?
— Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Демак, сиз ҳам вояга етмаган болаларингиз учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақлисиз. Аризангиз буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб, уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
КАМАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА ДАЪВО ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ
— Оила кодексининг 115-моддасига кўра, бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир неча ҳал қилув қарорларига асосан, бир ота ёки онадан ундирилаётган алиментнинг умумий миқдори ушбу Кодекснинг 99-моддасида назарда тутилган миқдордан ошиб кетса, алимент тўловчи ота (она) алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи кимнинг фойдасига чиққан бўлса, ўша шахсларнинг ҳар бирига нисбатан алиментнинг миқдорини тегишинча камайтириш тўғрисида даъво тақдим этиши мумкин.
Бундан ташқари, тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.
Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра, алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди, деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.
ҚАТЪИЙ СУММАДА БЕЛГИЛАНАДИ, БИРОҚ…
— Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Мазкур кодекснинг 119-моддасига асосан, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини инобатга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.