ОТАНИНГ ИШТИРОКИСИЗ ҲАМ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ МУМКИНМИ?

— Қизимнинг турмуши бўлмади. 3,5 ёшли неварам бор. Туғилганидан бери бизникида яшайди. Унга алимент ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилгандим, рад этишди. Сабаби қизим куёвим билан расман «ЗАГС»дан ўтмаганди. «Куёвингизни олиб келинг. Оталикни белгилаймиз», дейишди. Куёвим эса турли баҳоналар билан келмаяпти. Унинг иштирокисиз оталикни белгилаб, алимент ундирсак бўладими? Ўзи оталикни белгилаш тартиби қандай амалга оширилади?

Исми сир тутилди

Рустам ТАНГАБАЕВ, Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси:


— Оталикни белгилаш агар ота ва она ўртасида оталик юзасидан низо бўлмаса, ФІДЁ бўлимлари орқали амалга оширилади. Агар низо мавжуд бўлса, оталик суд тартибида белгиланади.

 

Оила кодексининг 61-моддасига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.


Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг, ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек, бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.


Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари, ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.


Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.


Агар она фарзандига ўзининг отасининг фамилиясини берса, унда оталик белгиланган ҳисобланади ва туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида ота графасида ёзилган шахс ота сифатида қабул қилинади. Бундай ҳолда биологик отага нисбатан оталикни белгилаш мумкин бўлмайди.

 

Ота деб белгиланган шахс суд тартибида оталикка эътироз билдириб, далолатнома ёзувидаги оталик графаси бекор қилгандан сўнг биологик отага нисбатан оталик белгиланиши мумкин бўлади.


Суд тақдим этилган далиллар мажмуи жавобгарнинг оталигини белгилаш учун етарли эмас, деган хулосага келса, ҳақиқатни аниқлаш ва хатоликка йўл қўймаслик мақсадида ўз ташаббуси билан ёхуд томонларнинг талаби асосида тегишли суд-тиббиёт одам ДНКси бўйича суд-биологик эспертизалари ўтказиши мумкин. Шу билан бирга, тарафларнинг бир жойда истиқомат қилиши ва биргаликда хўжалик юритиши, ўзаро ғамхўрлик қилиши ва биргаликда яшаш учун мол-мулклар харид қилганлик ҳолатларини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд бўлса-да, боланинг отаси, айнан шу жавобгар эканлиги тўла ва сўзсиз тасдиқланганлиги ҳақида янглиш ва барвақт хулосага келишнинг олдини олиш борасида тайинланиши мумкин.


Тарафларга экспертиза ўтказиш билан боғлиқ бўлган суд харажатлари даъво қаноатлантирилганда жавобгардан, рад этилганда эса даъвогарнинг ҳисобидан ундирилиши лозимлигини тушунтиради.


Амалиётда одам ДНК экспертизаси қўп ҳолларда жавобгар тараф даъвони (оталигини) тан олмаганда суд томонидан тайинланади.
Оталик белгиланмаган тақдирда, агар ота-она қонуний ниқоҳдан ўтмаган бўлсалар, боланинг фойдасига унинг вояга етгунига қадар алимент ундирилмайди.


Фақатгина агар қонуний никоҳ мавжуд бўлса-ю, оталик белгиланмаган бўлса, она ўзининг таъминоти учун фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар қатъий суммада алимент олиш ҳуқуқига эга.
Оталик белгиланмаган бўлса, (потенциал) отадан алимент ундириш қонунда белгиланмаган.


Қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаш қонунда тақиқланмаган. Лекин шаърий никоҳ асосида яшаган эр ёки хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид низо юзага келганда муаммо туғилади. Мисол учун, асосан, турмуш даврида олинган мулкни бўлишда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин ёрдам беришга қодир бўлган эр ёки хотиндан суд тартибида таъминот (алимент) олишда. Бундай ҳолларда суд тартибида ушбу ҳуқуқларни тиклаш имкони бўлмайди.