ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШДА ХОЛИСЛИКНИНГ ЎРНИ

Судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, шу билан бирга унинг холислиги одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишининг омилларидир, чунки суд ҳимоясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил, судьялар эса дахлсиз ва эркин бўлиши лозим.

Маълумки, инсон ҳуқуқлари бўйича аксарият халқаро ҳужжатлар ишнинг мустақил, дахлсиз ва холис судлар томонидан адолатли кўриб чиқилиши ҳуқуқини кўзда тутади.

Ушбу принцип суд тизимининг қайси бўғинида, қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, барча судьяларга тааллуқли ҳисобланади. Судьялар дахлсизлигининг кафолати одил судловни қайси турдаги ишни кўришидан қатъи назар, суд фаолиятининг бутун доирасига тегишлидир.

Шу билан бирга судьянинг холислиги ва беғаразлиги судлар фаолиятида, шунингдек давлат ва жамият фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутади.

Холислик ва беғаразлик тушунчалари аввало суднинг жамиятда юқори мавқега эга эканлиги, одил судлов фақатгина суд томонидан амалга оширилиши билан узвий боғлиқ.

Суднинг беғаразлиги даражасини инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатланганлиги, ҳуқуқий демократик давлатнинг ривожланганлиги даражасига ҳам қиёслаш мумкин.

“Темур тузуклари”да давлат ишларини бошқариш билан бир қаторда миллий қадриятларга оид таълимотлар: меҳр-мурувват, инсоф, ростлик, мардлик, беғаразлик, собитқадамлик каби ахлоқий фазилатлар ҳам ўз ифодасини топган.

Амир Темур ўз таълимотида беғаразлик, яъни ҳаммага бир хил жиддий ва одилона қараб, ҳеч кимни бир-биридан фарқ қилмасдан иш юритишини баён этади.

Соҳибқироннинг фикрича, қаерда ғаразгўйлик бўлса, ўша жойда адолат қарор топмайди, қонуннинг устунлиги таъминланмайди. Бинобарин, беғаразлик – қонун устунлигини таъминловчи юксак ахлоқий сифат ҳисобланиб, адолатли жамият қуришнинг маънавий таянчларидан биридир. Шунинг учун ҳам “ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар икки шам билан бутун умр бўйи йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шу адолат қоидаларига амал қилдим” дейди Амир Темур.

Судья ҳар қандай вазиятда шахсий обрў-эътиборини сақлаши кераклиги, суд ҳокимиятининг нуфузини пасайишига, судьянинг обрўсига зарар етказувчи, унинг одил судловни амалга оширишидаги холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятдан қочиши кераклигини унутмаслиги лозим.

Судда ишларни адолатли кўриб чиқилиши судьялардан холисликни талаб этади. Бу шуни кўзда тутадики, судьялар муайян ишда шахсий манфаатга ёки ғараз ниятга ҳамда иштирок этувчи томонлар ҳақида олдиндан шаклланган фикрга эга бўлмайдилар. Судьялар муайян иш бўйича шахсий манфаатга ёки ғараз ниятга ҳамда судлов иши юритуви тарафлари ҳақида олдиндан шаклланган фикрга эга бўлмасдан, иш бўйича қарорларни мавжуд далиллар асосида қабул қилишлари лозим.

Шу билан бир қаторда судья профессионал вазифасини амалга оширишда бирон-бир афзаллик, нохолислик ёки олдиндан пайдо бўлган нотўғри фикрларга таянмаслиги, холислик, мустақиллик ва беғаразликни намоён этиши, суд процесси иштирокчиларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, қарашлари, шахсий ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, уларнинг барчасига бир хил муносабатда бўлган ҳолда амалга ошириши шарт.

Суднинг холислиги яна шуни назарда тутадики, судьялар кўриб чиқилаётган масалалар бўйича томонлардан бирининг манфаати йўлида ҳаракат қилмасликлари керак.

Судья қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзини ўзи рад этишга мажбур. Суднинг холислигини ишда иштирок этуви ҳар қандай шахсга нисбатан ғаразли қараши, душманлиги ёки мойиллиги йўқлиги сифатида белгилаш мумкин.

“Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари”нинг

2.5-принципи судьялар ўзини ўзи рад этиши лозим бўлган масалаларни белгилаб беради. Унга кўра:

судьяда томонлардан бирига нисбатан нохолис муносабат ёки ғаразли ёндашув юзага келганда ёки судьяда ўз шахсий манбааларидан кўриб чиқилаётган ишга тегишли бўлган бирон-бир далилий фактлар маълум бўлган ҳолларда;

аввал мунозаранинг ўша предметини кўриб чиқишда судья адвокат сифатида иштирок этганда ёки гувоҳ сифатида жалб этилганда;

судья ва унинг оила-аъзолари кўриб чиқилаётган ишнинг натижасидан моддий манфаатдор бўлган ҳолларда судьялар ўзини ўзи рад этишлари лозим.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш, ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, судья ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиб, пировардида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди, шундай экан судьядан чуқур ҳуқуқий билимга эга бўлиш билан бир қаторда ишларни кўриб чиқишда мавжуд билим ҳамда амалий кўникмаларини беғараз, холисона ва тўғри қўллай олиш ҳам талаб этилади.