ОГОҲ БЎЛИНГ! ТОШКЕНТДА БОЛА ЕТАКЛАГАН ФИРИБГАР АЁЛ…

Дунёда онадек меҳрибон, куюнчак ва жонкуяр зот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам оналар шаънига ҳар қанча мақтов, ҳар қанча таъриф-тавсифлар айтсак, камлик қилиши табиий. Халқимиз аёлни келажак яратувчиларининг тарбиячиси, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдоши ва жамиятда ўз мавқеига эга фаол инсон сифатида ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Лекин баъзи аёлларнинг ўз шаънига номуносиб тарзда жиноятга қўл ураётганлиги ачинарли бўлса ҳам, аччиқ ҳақиқатдир…

 

Пул топишнинг энг осон йўли…

Тенгқурлари билим олиш билан овора бўлган бир пайтда эрта турмушга чиққан Зилола (исм ўзгартирилган) ёши йигирма тўртга тўлганда икки боланинг онасига айланган, камига турмушидан ажрашган эди. У шундай жиноятга қўл урдики, “Моддий етишмовчилик туфайли шу йўлга киришга мажбур бўлдим”, деб ўзини оқлади. Ҳаёт паст-баландликлардан иборат, тўқчилик-йўқчилик ҳамманинг бошидан ўтиши мумкин. У бошқа аёллар каби сабр қилишни, ҳалол меҳнат қилиб, пул топишни истамади. Бел оғритмай пул топишнинг энг қулай йўли, деб фирибгарликни касб қилди.

 

Бечора аёл қиёфасига киради

Зилола ўғли Сарварни етаклаганча кўчага чиқади. У олдига келиб тўхтаган машина эгаси Камолдан “Самарқанд дарвоза” маҳалласига олиб боришни сўрайди. Йўл кира нархини келишиб, йўловчи сифатида машинага ўтиради. Машина манзил томон йўл олади. Чилонзор туманидаги дорихоналардан бири олдида ҳайдовчидан машинани тўхтатишни илтимос қилади. Боласининг мазаси бўлмаётгани учун дори олмоқчилигини айтади. Кейин ҳамёнини кавлаган одам бўлиб, “Пулим уйда қолиб кетибди”, деб бечора, чорасиз аёл қиёфасига киради. Камолнинг унга раҳми келади, манзилга етганда қайтариш шарти билан Зилолага 170 000 сўм пул беради. Зилола гўёки дори олган киши бўлиб, дорихонага кириб чиқади. Ҳайдовчи уни кутиб туради. Зилола унга боласини энагага ташлаши лозимлигини айтади ва айтилган манзилга етганда Камолнинг 10 000 000 сўмлик “iPhone XS MAX” русумли уяли алоқа воситасини қўнғироқ қилиш учун олиб, фарзандини энагасининг хонадонига ташлаб чиқиш баҳонасида автомашинадан тушади. Кейин эса кўп қаватли уйлар орасига кириб, кўздан ғойиб бўлади. Алданган ҳайдовчи эса бармоғини тишлаб қолаверади. Зилола ўзининг бу қилмиши билан Камолга жами 10 170 000 сўмлик зарар етказади.

 

Яна “ов”га чиқди

Иши хамирдан қил суғургандек осон битиб, мўмайгина пул топганидан илҳомланган Зилола эртаси куни ўғлини етаклаганча, яна “ов”га чиқади. Унинг бу сафарги ўлжаси “MATIZ” русумли автомобиль эгаси Зафар бўлади. У Зафарни ҳам аввалги “схема” бўйича алдайди. Фақат ҳайдовчи бу сафар унга дори олиш учун 200 000 сўм беради. Яна бир кун олдинги ҳолат такрорланади. Энагага қўнғироқ қилиш учун ҳайдовчининг 100 АҚШ долларлик “RedMi 5” уяли алоқа воситасини олиб, кўп қаватли уйлар орасига кириб, воқеа жойидан яширинади. У ўзининг бу ҳаракати билан Зафарга жами 1 226 287 сўмлик моддий зарар етказади. Мазкур ҳолат кейинги кун ҳам такрорланади. Зилола “Нексия-3” ҳайдовчиси Комилнинг 50 000 сўм пулини ва 2 500 000 сўмлик “RedMi Note 8 PRO” уяли алоқа воситасини қўлга киритиб, воқеа жойидан қочиб кетади ва Комилга 2 650 000 сўмлик моддий зарар етказади.

 

Жазо шартлига алмаштирилди

Суд Зилолага жазо тайинлашда унинг аёллигини, оилавий ва мулкий аҳволини, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини ҳисобга олиб, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Зилолага нисбатан  ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартлига алмаштирилди ва 1 йил синов муддати белгиланди.

 

Дилшод КАМИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича
Учтепа туман суди раиси,

 

Лола Шоимова, журналист