«НОГИРОНЛИГИ БОРЛАРГА ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШДА ИМТИЁЗ БОРМИ?»

— I гуруҳ ногирониман. Соғлигим туфайли ишлай олмайман. Ажрашишга ариза бермоқчиман. Давлат божини тўлашда менга имтиёз борми?

Исми сир тутилди

Саида АБДУРАХМАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси:

 

— Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда тўғридан-тўғри ногиронлиги бўлган шахслар судга никоҳдан ажратиш масаласида мурожаат қилганда давлат божидан озод қилиниши белгиланмаган.

 

Бироқ, Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасида суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш назарда тутилган. Мазкур қонун нормасига асосан сиз никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилишда, мулкий аҳволингизни тасдиқловчи ҳужжатни илова қилган ҳолда давлат божини кечиктириш ҳақидаги аризани тақдим қилишингиз, суд эса ўз навбатида асослар мавжуд бўлганда давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

 

Шу ўринда, фуқаролик процессуал қонучилигида қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган даъвогарларга судга мурожаат қилишда имтиёзлар берилган. Унга кўра, агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкинлиги маълум қилинади.