НИКОҲДАН АЖРАТИШДА БЕРИЛАДИГАН МУДДАТНИ ҚИСҚАРТИРСА БЎЛАДИМИ?
— Жиянимнинг тўйи бўлиши керак эди. Куёв билан ФҲДЁда никоҳдан ўтиб, гувоҳнома ҳам олиб бўлишганди. Аммо куёвнинг соғлигида муаммоси борлиги маълум бўлгач, тўй тўхтатилди. ФҲДЁда ажрашиш учун 3 ой муҳлат берилган. Жиянимни бошқасига узатмоқчимиз, шу муддатни қисқартирса бўладими? Ахир бир кун ҳам яшамаган?..
Исми сир тутилди.
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Дилшод Хасанов жавоб берди:
— Оила кодекси талабларига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли Қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларининг 107 ва 110-бандларига мувофиқ, ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Никоҳдан ажратишни қайд этиш эр-хотиннинг ёки улардан бирининг иштирокида никоҳдан ажратиш ҳақида ФҲДЁ органига ариза берган кундан кейин уч ой ўтгач амалга оширилади ва собиқ эр-хотинларнинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.
Мазкур муддатни қисқартириш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.