МОДДИЙ ЗАРАР ҚОПЛАНСА ҲАМ ЖАЗО ТЎЛИҚ ЎТАЛИШИ КЕРАКМИ?

— Ўғлим майда безорилик содир этганлиги учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Суддан сўнг жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бердик. Шундай ҳолатда ҳам ўғлим мазкур жазони тўлиқ ўтайдими?

Исми сир тутилди

Хусан Парпиев, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Аввало майда безорилик қонунчилигимиздаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан тартибга солинишини эслатиб ўтишимиз жоиз. Мазкур модданинг санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.


Суд томонидан қарор чиқарилгандан сўнг тарафлардан 20 сутка ичида апелляция тартибида юқори инстанция судига шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлади. Бу албатта ўғлингиз, унинг ҳимоячиси ёки жабрланувчи, унинг ҳимоячиси томонидан берилиши мумкун.


Албатта жабрланувчининг даъвоси бор ёки йўқлиги жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо тайинлаш амалиётида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Жиноят кодексининг 55-56 моддаларида судланувчининг ҳаракатларини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи холатлари аниқ келтирилган.


Юқорида кўрсатилган шахслар томонидан апелляция шикояти ва унга жабрланувчига етказилган заррарни қопланганлигини ҳамда жабрланувчининг даъвоси йўқлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топширилса, қуйи суд томонидан 1 сутка ичида расмийлаштирилиб, юқори судга юборилади ва қайта кўриб чиқилади.


Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юқори суд томонидан ўрганилиб, маъмурий қамоқ жазоси ўзгартирилиши мумкун.