МЕРОСДА ФАРЗАНДЛАРИМНИ ҲАМ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?

— Қайним қайнонамни номида бўлган уйни ўз номига расмийлаштирмоқчи. Нотариус «акангизни фарзандларини ҳам розилиги керак» деган эмиш. Турмуш ўртоғим вафот этган. Қизларим турмушга чиққан. Ўғлим билан алоҳида уй солганмиз. Шунда ҳам фарзандларимни розилиги керак бўладими?

Исми сир тутилди.

Эльвира ХАМРАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раис ўринбосари:


— Фуқаролик кодексининг 1118-моддасига биноан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.


Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига биноан, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.


Фуқаролик кодексининг 1140-1-моддага кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

 

Агарда, қайниз қайнонангизнинг ўлимидан сўнг, қайнонангизнинг номида бўлган уйни ўз номига расмийлаштирмоқчи бўлса, турмуш ўртоғингиз онаси вафотидан кейин вафот этган бўлса, турмуш ўртоғингиз мерос трансмиссияси бўйича меросхўр ҳисобланади. Агар турмуш ўртоғингиз онасининг вафотидан олдин вафот этган бўлса, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр деб ҳисобланади. Шу сабабли, сизнинг қайнонангиз васиятнома қолдирмаган бўлса, унинг вафотидан сўнг, унинг мол-мулкига Сизнинг турмуш ўртоғингизнинг меросхўрлари сифатида фарзандларингиз ҳисобланади, шу сабабли, меросхўрлар сифатида сиздан ва болаларингиздан розилик олиниши даркор.