


НИКОҲ ШАРТНОМАСИ
Никоҳ шартномаси – томонлар эр ва хотиннинг мол-мулки ҳуқуқий тартибини белгилайдиган шартларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-бобида эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби белгиланган.
Ҳар қандай никоҳ олди келишувини яратишнинг асосий қисмларидан бири – тўлиқ ва холис ошкор этиш жараёнидир. Бу ерда жуфтликлар – қарзлари, активлари, мерослари ёки бошқа молиявий ресурслари ҳақида очиқ маълумот беришлари керак.
Агар молиявий маълумотлар тўлиқ ошкор қилинмаса, суд келишувни ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Шу сабабли, бу жараённи тўғри ташкил этиш тарафларнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Никоҳ олди келишувининг асосий қисми – қандай активлар умумий мулк деб ҳисобланиши, қайсилари эса шахсий мулк бўлиб қолиши ва ажрашиш ҳолатида мол-мулк қандай тақсимланиши ҳақидаги келишувдир. Агар келишув бир томон манфаатларини ҳаддан ташқари кўпроқ ҳимоя қилса, суд уни бекор қилиши мумкин. Шунингдек, мол-мулкни тақсимлаш адолатли бўлган тақдирда ҳам, музокара жараёни сезиларли даражада турли қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 354-моддаси бешинчи қисмига кўра, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Мазкур қоидадан келиб чиқиб, шарҳланаётган моддада шартноманинг предмети ва субъектлари доираси асосида аниқлаштирилади. Масалан, никоҳ шартномаси ёрдамида эр-хотиннинг қонунда белгиланган биргаликдаги умумий мулки режимини ўзларининг хоҳишларидан келиб чиқиб ўзгартириш ҳуқуқларини амалга оширишга имкон беради.
Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулкининг қонунда белгиланган тартибини ўзгартириш, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш, эр ва хотин мол-мулкининг айрим турларига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш, эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш тушунилади.
Умумий асосларга кўра эр ва хотиннинг мол-мулклари қуйидагича асосларга кўра турларга ажратилади:
-эр ва хотиннинг биргаликдаги эгалиги;
-эр ва хотиннинг улушли эгалиги;
-эр ва хотиндан ҳар бирининг алоҳида эгалиги.
Биргаликдаги эгалик деганда, никоҳ шартномаси орқали эр ва хотин умумий мулкининг қонуний тартибини ўзгартиришсиз қолиши англашилади. Улушли эгалик эр ва хотиннинг умумий биргаликдаги мулкига нисбатан уларнинг ҳуқуқлари муайян фоизлар кўринишида улушларга ажратилишини кўрсатиш мумкин. Никоҳ шартномаси бекор қилинган тақдирда улар ушбу шартнома шартларида кўрсатилган нисбатда ўз улушларини олишлари мумкин.
Алоҳида эгалик, биргаликда эгалик ва улушли эгаликдан фарқли равишда эр ва хотин умумий мол-мулкининг уларнинг ҳар бири учун алоҳида қисмларга ажратилишини англатади.
Никоҳ шартномасида эр ва хотин умумий мулкининг қайси қисми эрга ва қайси қисми хотинга тегишли бўлиши назарда тутилиши мумкин ва айнан шу усулда ҳуқуқларни тақсимлаш алоҳида эгаликни англатади. Масалан, эр ва хотиннинг кўчмас мол-мулкига эгалик эр томонидан, кўчар мол-мулкка нисбатан эгалик хотин томонидан амалга оширилиши тартиби улар томонидан танланади.
Дилноза Абдуқодирова,
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

Муносабат
Жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.
Хусусан, унда Давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарарлигини таъкидлаб, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, куни кеча Олий суд раиси Б.Исламов республиканинг барча судлари судьялари ва суд аппарати ходимларига мурожаатнома йўллаб, суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, шунингдек, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилиб келинаётганлиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ишлари такомиллаштирилганлигини таъкидлади.
Олий суд раисининг мазкур мурожаатномаси видеоконференцалоқа режими орқали бутун суд тизимида фаолият юритиб келаётган судьялар ва суд аппарати ходимлари қатори Тошкент шаҳар суди, хусусан, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг барча судьялари ва суд ходимлари томонидан диққат билан тингланди.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, бизлар, энг аввало, ҳурматли Президентимизнинг маърузалари, қолаверса, Олий суд раисининг мурожаатномасига “лаббай” деб жавоб берган ҳолда “Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори” ғояси асосида бирлашиб, келгусидаги фаолиятимизда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва буларга муросасиз муносабатда бўлиш, суд тизимида ҳалоллик ва покликни таъминлаш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши ҳамда фуқароларни ортиқча овора қилмасдан, сансалорликка йўл қўймасдан судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашга эришишда, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилган ҳолда суд тизими обрўсини янада оширишда, халқчил ва адолатли суд тизимини яратишда бор куч-ғайратимиз билан меҳнат қиламиз деб ишонтирамиз.
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг
ўринбосари – иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъати раиси.

Суд фахрийси Галина Синягина ушбу баҳорда табаррук 75 ёшини қарши олди
Г.Синягина Тошкент шаҳрининг бир неча туманларида судья, суд раиси вазифаларида ишлади. Хусусан, ўз даврида Учтепа тумани судининг судьяси, Чилонзор ва Сергели туманларида суд раиси,ундан сўнг жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси лавозимларида меҳнат қилди. Қарийиб 30 йиллик судьялик стажига эга бахтли судья аёллардан биридир.
Айни пайтда ҳам Г.Синягина бардам, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида чарчамай ишлаб келмоқда.
Суд фахрийсига Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси У.Мингбоев табриги ва эсдалик совғалари топширилар экан, энг эзгу тилаклар билдирилди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАИСИНИНГ СУДЬЯЛАР ВА СУД ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТИ
Ҳурматли судьялар ва суд аппарати ходимлари!
Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёдаги долзарб муаммолардан бўлган коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига, мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.
Хусусан, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.
Бундан олти ой аввал, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам ҳурматли Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратиб, улардан бири сифатида коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш масаласини давлат сиёсати даражасида мустаҳкамлаб қўйгандилар.
Шу ўринда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд ҳокимияти тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Судларни кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйишда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида Олий суд ва қуйи судларда кадрлар захирасини шакллантириш, номзодларни очиқ танлаш ҳамда лавозимларга тайинлаш механизмлари такомиллаштирилиб, ҳар бир номзодни комплекс ўрганиш тартиб-таомили йўлга қўйилди.
Суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш ҳамда судларда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш мақсадида республиканинг юридик кадрларни тайёрловчи 13 та йирик олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Судья ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириш ва уларнинг иш юкламасини нормаллаштириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилмоқда.
Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур тартибга риоя қилган судья ва суд аппарати ходимлари муносиб рағбатлантирилмоқда.
Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилди.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари такомиллаштирилди.
Хусусан, судларда ишларни рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, ижро варақаларини электрон юбориш, судларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва бошқа функцияларни назарда тутувчи қатор ахборот тизимлари ишга туширилди.
Бундан ташқари, Олий суднинг расмий веб-сайтида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган алоқа каналлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.
Коррупцияга қарши ички назорат гуруҳига онлайн хабар юбориш учун махсус платформа ишга туширилди. Судья ва суд аппарати ходимлари мазкур ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича ўқитилди.
Азиз ҳамкасблар!
Бугун, давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга “халқчил ва адолатли суд тизимини яратиш” масаласини қатъий қўймоқдалар.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Шу боис, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, тегишли хулосалар қилишимиз зарур.
Судья аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
Судьяларнинг дахлсизлиги, мустақиллиги Конституция ва қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, улар фақат Конституция ҳамда қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши, одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўймаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини билишлари, бу каби салбий ҳолатларга тоқатсиз бўлишлари талаб этилади.
Судья дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки ўзининг жамият олдидаги улкан масъулияти деб тушуниши керак.
Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этиш судья одоб-ахлоқининг ажралмас қисмидир.
Афсуски, орамизда нафсини жиловлолмай коррупцияга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда.
Коррупциявий жиноятлар учун айбдор шахсларга ҳукм чиқарадиган судьянинг ўзи шундай жиноятларга қўл уруши барчамизни чуқур хавотирга солиши керак.
Биз бундай ҳолатларни мутлақо қабул қилмаймиз ва қоралаймиз. Аксинча, бир жамоа бўлиб, ушбу иллатга қарши аёвсиз курашиб, биргаликда олдимизга қўйилган вазифаларни ҳалоллик билан амалга оширишга қодирмиз деб, ҳисоблайман. Зеро, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир.
Таъкидлаш жоизки, коррупция иллати нафақат давлатларни жар ёқасига олиб келади, балки жамият тараққиётининг асосига зарба бериб, унга қўл урган инсон тақдирини пароканда қилади.
Коррупцияга йўл қўйган ҳар бир шахс онгли равишда ўз Ватани, оиласи, яқинлари, қолаверса, фуқаролик ва инсоний бурчига хиёнат қилади.
Бинобарин, ҳар биримиз тақдиримизни қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш билан боғлар эканмиз, ўзимизнинг фидойи меҳнатимиз билан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги сари сидқидилдан хизмат қилишимиз лозим.
Коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қатъиятлик билан жазо муқаррарлигини таъминлашимиз;
судларда кўриладиган коррупциявий жиноятлар, давлат харидлари, ер муносабатлари ва бошқа ишлар бўйича чиқариладиган хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, бу тоифадаги ишларни чуқур таҳлил қилиб, ҳудудий кенгашларга мунтазам равишда ахборот киритиб боришимиз;
судларни рақамлаштиришни жадаллаштириб, соҳага сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш, ишларни юритишнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиб, инсон омилини кескин камайтириш орқали коррупциявий хавф-хатарларни олдини олишимиз;
коррупциянинг илдизи бўлмиш – ортиқча ҳашамат ва дабдабага барҳам бериш, ҳалоллик билан рўзғор тебратиш ҳамда суд ҳокимияти вакили сифатида ўзимизнинг камтарона турмуш тарзимиз билан барчага намуна бўлишимиз шарт ва зарур.
Қадрли ҳамкасблар!
2025 йилга мўлжалланган давлат дастурида судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда ушбу ҳамжамиятнинг иштирок этиш кафолатларини алоҳида қонун даражасида мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар белгиланди.
Бу, ўз навбатида, зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклаши ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар кун тартибини янги мазмун билан бойитиши ҳеч кимга сир эмас.
Касбимиз улкан ақл-идрок ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, холислик ва беғаразликни, интизом ва ҳалолликни тақозо қиладиган ўта масъулиятли, мураккаб, шу билан бирга, шарафли касб эканлигини зинҳор унутмаслигимиз керак. Ваҳоланки, ҳар бир қароримиз инсон тақдири, керак бўлса, унинг ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.
Бу борада, давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”, деган гаплари барчамиз учун ҳаётий дастуруламал бўлмоғи лозим.
Шу боис, барчангизни судьялик қасамёди ва касбий одоб-ахлоққа содиқ бўлган ҳолда жамиятимизда адолатни қарор топтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фаол бўлиб, “Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори” деган ғоя асосида бирлашишга чақираман.
Бахтиёр Исломов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий судининг раиси.


ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ
Тергов судьяси…
Содда қилиб айтганда, унинг вазифаси ишни судга қадар юритиш устидан суд назоратини амалга оширади.
Хўш, тергов судьяси қандай ишларни амалга оширади, деган савол туғилади. Унинг асосий ваколатларига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш каби вазифалар киради.
Бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари тергов судьяси томонидан алоҳида хонада чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур Фармондан келиб чиққан холда, 2025 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.
Янги қонунга мувофиқ, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида, тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслари рўйхатига янги субъект – тергов судьяси ва унинг ваколатлари киритилди. Тергов судьяси якка тартибда иш юритиши, қонунда белгиланган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириши белгиланди.
Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Ушбу кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу кунгача кўриб келинаётган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади.
Жаҳонгир Саидов,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси
