Қидирув:

ЭНДИЛИКДА 5 ЙИЛ МЕҲНАТ СТАЖИГА ЭГА ХОТИН-ҚИЗЛАР АЛОҲИДА КВОТА ОРҚАЛИ ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ МУМКИН

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш долзарблиги ошаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда ўзгартиришлар бўлаётганлиги суд ишларида ҳам ўз аҳамиятини кўрсатаяпти.

 

Судларда алимент тўламаслик билан боғлиқ ҳуқуқий низолар кўпаяётганлигининг олдини олишнинг ечими сифатида янги нормалар белгиланди. Эндиликда, агар шахсга суд томонидан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган бўлса ва ундан ушбу маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаса қуйидаги янги тартиб қўлланилади:

 

  • алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорлик бир йўла “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари томонидан тўланади;
  •  
  • кейинчалик мазкур тўлаб берилган алимент маблағи алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади (Ўзб. Рес. Президентининг ПФ–87-сонли Фармони).
  •  

“Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилиши ва Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

 

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш учун 2022 йил 1 июнь санасигача тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишига оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам жуда аҳамиятлидир (Ўзб. Рес. Президентининг ПФ-87-сонли Фармони). Бу билан суд орқали тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг манфаатлари янада кўпроқ ҳимоя қилинади.

 

Бугунги кунда давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ масалаларда хотин-қизларнинг салмоқли ўрни бор. Аммо жуда кўплаб тажрибали ва унумдор иш меҳнати салоҳиятига эга хотин-қизлар олий маълумотга эга эмас. Давлат ташкилотларида бир неча йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келишларига қарамасдан олий маълумот дипломи йўқлиги сабабли кўпгина хотин-қизлар суд тизимида юқори поғоналарга кўтарила олишмаяпти. Кадрлар билан боғлиқ мазкур масала 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз ечими топиши кутиляпти.

 

Хусусан, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафардан иборат хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин (Ўзб. Рес. Президентининг ПФ-87-сонли Фармони).

 

Мазкур квоталарнинг ажратилиши давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ ҳолатга ижобий таъсир кўрсатади.

Хотин-қизларни ўқитиш масаласи фақат шу билан чекланиб қолмаган. Президентнинг юқоридаги Фармони асосида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари ажратилади. Бу ҳолат яқин келажакда суд тизими фаолиятига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

 

Хотин-қизларнинг минимал истеъмол харажатларининг қопланиши уларни жамиятдаги мавқеи ошишига олиб келади. 2022 йил 1 сентябрь санасидан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланаяпти. Бу ҳолат нафақат бюджет ташкилотларида балки бюджетдан ташқари ташкилотларда ҳам аёлларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, бюджетдан маблағ олмайдиган ташкилотлар учун ўзларининг аёл ишчилари учун қўллаб-қувватлаш вазифасига айланади.

 

Булардан ташқари, ҳозирда судларда ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ низолар кўплиги билан ажралиб туради. Бунда низоларнинг бир қисми ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар жой билан таъминлашда содир бўларди. Чунки берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлганда фуқаро мазкур қиймат ўртасидаги фарқни уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан беш йил ичида компенсация қилиши лозим эди. Эндиликда ушбу бозор қийматидан ортиқ бўлган фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмаслиги бўйича қоида Уй-жой кодекси 27-модданинг биринчи қисмига киритилди. Шу орқали мулкдорлар ва давлат ўртасидаги ортиқча ҳуқуқий низоларга барҳам берилиши кутиляпти.

 

Яқин йилларгача фуқаролик процессида суд томонидан кўриб чиқиладиган, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларда шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги фактини аниқлашда замонавий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар факт сифатида киритилмас эди. 2022 йилнинг 14 март санасидан бошлаб Фуқаролик процессуал кодексининг суд томонидан кўриб чиқиладиган, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларда шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар сифатида идентификацияловчи ID-карталар ҳам киритилди.

Идентификацияловчи ID-карталар 2021 йилнинг ўрталаридан бошлаб амалга киритилганлиги қарамасдан кўпгина процессуал ҳужжатларда ҳали ҳам ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат сифатида киритилмаётган эди. Идентификацияловчи ID-карталар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 мартдаги ЎРҚ-759-сонли Қонуни билан Фуқаролик процессуал кодексига шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжат сифатида киритилди ва замонавийликни қамраб олди.

 

Бундан ташқари, фуқаролик судларига фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда аризага илова қилиниши керак бўлган ҳужжатлар қаторига никоҳда турмаган шахс томонидан фарзандликка олинганда — фарзандликка олувчи паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг кўчирма нусхаси киритилди (Ўзб. Рес.нинг ЎРҚ-759-сонли Қонуни).

 

Жасур Сирожев,
фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

ДАЪВО АРИЗАСИ СУДЬЯ ТОМОНИДАН ҚАЙТАРИЛСА, БУНИНГ ҚАНДАЙ САБАБЛАРИ БОРЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Сўнгги пайтларда тадбиркорлардан иқтисодий судларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини судларга тақдим этилган даъво аризаларининг қайтарилаётганлиги билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этмоқда.

 

Ушбу мурожаатларда судлар даъво аризаларини арзимас сабабларга кўра қайтараётгани, жумладан, ариза нусхаларини ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилмагани, суд харажатлари белгиланган миқдорда эмаслиги, айрим тоифадаги ишларда талабнома тартибига риоя қилинмагани ва ҳоказолар кўрсатилади.

 

Аслида ҳам шундайми? Келинг, қуйида бу борада процессуал қонунчиликда белгиланган асосларни кўриб чиқамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 
18-боби «Даъво тақдим этиш» деб номланиб, унда «Даъво аризасини ва аризани иш юритишга қабул қилиш», «Иш қўзғатиш тартиби», «Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш», «Даъво аризасини қайтариш асослари», «Даъво аризаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва қарши даъвони тақдим этиш» билан боғлиқ қоидалар жамланган.

 

Ҳар қандай манфаатдор шахс судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли. Демак, сиз ўз ҳуқуқ ва манфаатларингиз поймол бўлди, деб ҳисобласангиз, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бироқ, тақдим этган даъво аризангизда фақатгина низоли ҳолатнинг ўзи баён этилгани етарли эмас. Сиз бир нечта процессуал тартиблар кетма-кетлигига риоя қилишингиз лозим. Корхона, ташкилотингизда ишлайдиган ҳуқуқшуносга ёки иқтисодий йўналишда тажрибага эга адвокатга мурожаат қилишингиз мумкин. 

 

Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. Агар сиз раҳбар бўлсангиз, ўзингиз ёки вакилингиз томонидан имзоланади. Унда ариза бериладиган суднинг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси, даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар, даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши лозим. 

 

Шунингдек, ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби, даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати илова қилиниши керак.

 

Даъво аризасида даъвогарнинг ёки вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар ҳам кўрсатилади.

 

Бу даъво аризасининг шакли ва мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади.

 

Шунингдек, даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатларга ҳам алоҳида талаблар мавжуд. Улар белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини, даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини, жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни, даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини, шу билар бирга даъво аризаси вакил томонидан имзоланган бўлса, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлардир.

 

Барча талабларга жавоб берадиган даъво аризасини тайёрлаб олган бўлсангиз, энди сиз унинг кўчирма нусхасини барча иловалари билан бирга жавобгарга ва учинчи шахсларга юборишингиз шарт. Бунда сиз ушбу ҳужжатларни электрон тарзда ҳам юборишингиз мумкин.

 

Судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани даъво аризаси судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, якка тартибда ҳал қилади.

 

ДАЪВО АРИЗАСИНИ РАД ЭТИШ ВА ҚАЙТАРИШ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

 

Шу ўринда даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш ва уни қайтариш ўртасида фарқни ажратиб кетамиз. Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш деганда, даъво аризаси иш юритишга умуман қабул қилинмаслиги, уни қайтариш деганда эса биз юқорида санаб ўтган тартибларнинг қайсигадир риоя қилинмаганлиги тушунилиши лозим. Демак, даъво аризангиз қайтарилган бўлса, судья шу мазмунда чиқарилган ажримда кўрсатган камчиликларни бартараф этиб, такроран мурожаат қилиш имкониятингиз сақланиб қолган бўлади.

 

Алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунчиликда судгача низони ҳал этиш мақсадида жавобгарга талабнома юбориш тартиби мавжуд. Бу тартиб агарда сиз ушбу ҳолатни шартномада махсус назарда тутган бўлсангиз ҳамда қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда шарт ҳисобланади. 

 

Масалан, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш билан боғлиқ низоларда сиз судга даъво тақдим этишдан олдин албатта жавобгарга шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш мазмунида таклиф йўллашингиз лозим. Агар жавобгар, яъни сизнинг ҳамкорингиз ушбу таклифга жавоб бермаса, 30 кунлик муддат ўтгандан сўнггина судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Юқорида келтирилган тартиблар судга мурожаат қилишни фақат қийинлаштиради, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Мазкур қоидаларга риоя этилмаса, даъво аризаси судловига тегишли бўлмаган судга тақдим этилишига, суд харажатлари белгиланган миқдорда бўлмаслигига, агарда даъво аризангиз иш юритишга қабул қилинган тақдирда ҳам суд мажлиси давомида етарли бўлмаган ишга оид далилларнинг тўпланиши учун суд муҳокамаларининг кейинга қолдирилишига ёки даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилишига олиб келиши мумкин. 

 

Даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган баъзи ҳоллардан ташқари аксарият ҳолларда давлат божи қайтариб берилмайди.

 

Демак, судга мурожаат қилиш учун мутахассис ёрдамида барча талабларга жавоб берадиган даъво аризаси тайёрлашга ҳаракат қилиниши лозим. Шунда сизнинг даъво аризангиз қайтарилмайди ва у мазмунан кўриб чиқилади.

 

П.ЗАКИРОВА,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Skip to content