Қидирув:

ПОРА БИЛАН ИШ БИТИРМОҚЧИ БЎЛГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Ички назоратчи лавозимида ишлаб келган эркак суд курсисида, уни бу манзилга келиб қолишига нима сабаб бўлди?

 

Гап шундаки, судланувчи эркак қимматли қоғозлар билан белгиланган тартибда брокерлик фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан бериладиган аттестатни олиши керак эди. Бироқ у бунинг учун тегишли тартибда суҳбатдан ва тест синовларидан ўтмай туриб, аттестатни қўлга киритишни мақсад қилади. Ниятига эришиш учун эса агентликнинг бош мутахассиси билан келишиб, ундан ўзи учун белгиланган тартибда аттестация синовларига киритмасдан 1-даражали аттестат берилишини, ҳамда у билан бирга ишлаб келаётган ва брокерлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳамкасблари уч нафарига
2-даражали аттестатни расмийлаштириб беришини сўрайди. Бунинг эвазига 50 АҚШ долларини комиссия аъзоларига пора тариқасида беришини келишган.

 

Бош мутахассиснинг Тошкент шаҳар ИИББга пора таклиф қилган шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан берган аризасига асосан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Натижада таклиф эгаси пора берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

 

АТТЕСТАЦИЯГА ҚАТНАШИШГА ВАҚТИМ ЙЎҚ ЭДИ

Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди…

– Ички назорат бўлимида ички назоратчи лавозимида ишлаб келаман. Ўзбекистон Республикаси Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш агентлигида ишловчи бош мутахассис билан танишиб қолдим. Агентликдан 1-тоифали ва 2-тоифали аттестациядан ўтказишиб рухсатномаларни олиш учун унга 50 АҚШ доллари таклиф қилдим. Ўзимга 1-даражали сертификатни олишда ва 2-тоифали сертификатни олишда синов муддатида ишловчи уч нафар ходимнинг ҳужжатларини тақдим қилдим. Ўзимни аттестацияга қатнашишга вақтим йўқлигини айтдим. Шу боис 50 АҚШ доллари беришимни айтганман. Агентлик биносининг орқа томонида бош мутахассисга келишилган пулни бердим. Шу вақт ёнимизга бир нечта шахслар келиб, ўзларини Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари деб таништиришди. Сўнг 50 АҚШ доллари далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатдан мен билан ишловчи уч нафар ходимнинг умуман хабарлари бўлмаган. Қилган ишимдан пушаймонман.

 

Судланувчи қарамоғида вояга етмаган фарзандлари ва кекса ота-онаси борлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 575 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Агар жарима жазосини белгиланган муддатларда тўламаган тақдирда, ушбу жазо бошқа жазо турига алмаштирилиши тушунтирилди.

Мухаммад КАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

М.Улуғбек туман суди судьяси

УЙНИ ИЖАРАГА БЕРИШДА ҚЎШНИЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ ШАРТМИ?

— Кўп қаватли уйларда 2 хонали квартирам бор. Бўш тургани учун ижарага бермоқчи эдим. Лекин юқори ва пастки қаватдаги қўшнилар қарши бўлишяпти. «Ҳар хил одам келиб, кетади. Ижарачи қўйсангиз, устингиздан арз қиламиз», дейишди. Бу масалани қандай ҳал қилишим мумкин? Ўз уйимни ижарага беришда қўшниларнинг розилигини олишим шартми?

Исми сир тутилди

Дилфуза ДАДАДЖАНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Хусусий мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар улардан ўзлари ва оила аъзолари яшаши учун фойдаланадилар. Улар уйига, квартирасига бошқа фуқароларни кўчириб киритишга, шунингдек турар жойларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага бериш шартномаси асосида бошқа фуқароларга яшаш учун беришга ҳақлидирлар. Мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар улардан бошқа фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаган ҳолда бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақлидирлар. Мулкдор ўзининг уй-жойи кўринишини ўзгартиришга, қайта қуришга ёки бузишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсатномаси бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Сиз мулкдор сифатида ўз уйингизни ижарага асосан фойдаланувчиларга топшириш ҳуқуқига эгасиз. Мулкида уйи, квартираси бўлган юридик шахслар уларни ижарага, арендага беришга ҳамда улардан уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақлидирлар.

РАСМАН АЖРАШГАНДА, АЁЛ КЎЧИНИ ОЛИБ КЕТМАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

— Собиқ хотиним билан тўрт йил олдин расман ажрашганман. «Прописка»дан чиққан бўлса-да, ҳалигача кўчини олиб кетмади. «Суд қарори бўлса олиб кетаман, бўлмаса йўқ», деяпти. Суд бундай ишларни ҳал қилмаскан. Маҳалладагилар ҳам «Биз аралаша олмаймиз», дейишди. Бу масаланинг қонуний ечими борми?

Исми сир тутилди

Аббос САЙДАХМЕДОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Никоҳ эр ва хотиннинг ихтиёрий иттифоқи бўлиб, ФХДЁ бўлими органларига қайд этилгандан сўнг уларнинг ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради.


Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Ушбу Кодекснинг 25-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Эр-хотин ўртасида умумий мулкни тақсимлаш уларнинг келишуви асосида, келишувга эришилмаган тақдирда, суд тартибида ҳал этилади.


Кўп ҳолатда эр ва хотиннинг умумий мулкини ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хохиши билан улурнинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисидаги келишуви нотариал тасдиқланиши мумкин.


Ҳуқуқий жиҳатдан эр-хотиннинг мулкини судгача бўлган тартибда ҳал этиш институти назарда тутилмаган, бироқ бундай масалалар профессионал медиаторлар иштирокида медиатив келишув орқали ҳал қилиниши мумкин.
Турмуш ўртоғингизга тегишли мулк сизга тегишли турар жойда сақланаётганлигидан норози бўлсангиз тегишли тартибда расмийлаштирилган даъво қўзғатиш (мисол учун, мол-мулкни олиб кетиш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво) мумкин.

ЧЕТ ЭЛГА ОЛИБ КЕТИШНИ ВАЪДА ҚИЛИБ, ОЛГАН ПУЛЛАРИНИ ҚАЙТАРМАГАНЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ЧОРА БОРМИ?

— Бундан 2 йил аввал қўшнимиз эримни чет элга ишлашга олиб кетишини айтиб, 3 минг доллар олганди. 2 йилдан буён пулимизни ҳам қайтармади, алдаб юрибди. Қаерга мурожаат қилишимиз керак?

Исми сир тутилди

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Агар имкони бўлса, пул олган шахсдан тилхат ёзиб беришини талаб қилиш лозим. Зеро, ушбу ҳолатда тилхат иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ёзма далил ҳисобланади. Акс ҳолда, жавобгар пул олганлигини тан олмаса, даъвогар буни исботлай олмаслиги мумкин.

 

Қонунга асосан судда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт (ФПКнинг 72-моддаси).

Амалдаги қонунчиликка асосан (ФПК 87-моддаси), қоида тариқасида, ёзма далилларнинг асли тақдим этилади. Ҳужжатнинг кўчирма нусхаси (масалан, ксеронусхаси, фотонусхаси) суд томонидан инобатга олинмаслиги мумкин.

 

Бундан ташқари, видео ёки аудио ёзув ҳам далил сифатида баҳоланиши мумкин бўлиб, бунда ушбу далиллар арз этилган талабларнинг асоси сифатида бошқа далиллар йиғиндиси билан бирга баҳоланади.

 

Пулни қайтариш (ундириш) масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш лозим. Агар, шахс пулни қайтариш мақсадини кўзламасдан олган бўлса, унинг хатти-ҳаркатларида фирибгарлик аломатлари мавжуд бўлишини инобатга олиб, бу борада туман (шаҳар) ички ишлар бўлинмаларига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТОВЛАМАЧИЛИК

Халқимиз «кўр кўрни қоронғуда топади» дея бежизга айтмаган. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда кўнглида ғаразли мақсадни тўккан кимсалар одатда, тез тил топиб кетишади.

 

Масалан, косонлик Садриддин Панжиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йилнинг баҳор ойларида Чилонзор туманининг «Қа­тортол» даҳасида Ирода исмли қиз билан танишиб қолади. Шундан сўнг уларнинг муносабатлари «қуюқ­­­лашиб» кетади, гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора учрашиб юришади.

Ўтган йил июль ойида улар олдиндан ўзаро тил бириктириб, товламачиликка қўл уришди. Гап шундаки, аввалига улар ижтимоий тармоқда «Ирода» номи билан шахсий профиль очишади. Сўнгра ана шу профиль орқа­ли фуқаро Ўктам Сатторов билан танишиб, мулоқотга киришади.

 

Буни қарангки, бу мулоқотлар асносида Ирода макру ҳийла билан Ўктамжоннинг ўзи ва онаси Гулшод Бойназарованинг суратларини қўл­га киритади. Яъни, маккор аёлнинг ши­рин сўзларига алданган йигит онаси ва ўзининг суратларини унга юборади.

 

Шундан сўнг Садриддин жиловни ўз қўлига олади. Аниқроғи, у Ироданинг номидан Ў. Сатторов билан мулоқотга киришиб, товламачиликни бошлайди. Аввалига компьютердаги «фотошоп» дас­тури орқали она-боланинг суратларига беҳаё тус бериб, уларни Ў. Сатторовга юборади. Буни кў­риб, бояқиш йигит саросимага тушиб қо­лади. С. Панжиев Ў. Сатторов бу беҳаё суратларни кўргач, қандай аҳволга тушишини яхши тасаввур қи­ларди. Шунинг учун у Ў. Сатторовни фотомонтаж қилинган суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш орқали қўр­қитиб, пул талаб қилади.

 

Элу юрт, қўни-қўшни, қа­риндош-уруғ ва ошна-оғайниларининг олдида шарманда бўлишини ўй­лаб, чорасиз қолган Ў. Сатторов товламачининг талабини бажариб, плас­тик карта рақамига пул ўтказиб беради. Бу товламачиликнинг бошланиши эди. Шундан сўнг икки ҳамтовоқ қайта-қайта пул талаб қилаверади ва натижада 2021 йилнинг ноябрь ойи­га қадар Ў. Сатторовнинг жами 3 700 АҚШ долларини қўлга киритишади.

 

Аммо бу нопок луқма билан товламачиларнинг нафси қонмайди.

 

Аксинча, улар яна кўп­роқ пул талаб қи­лишга тушишади. Бу гал С. Панжиев йўл-транспорт ҳодисаси содир бўл­гани, автомашинасини таъмирлашга пул зарур эканини айтиб, 2 000 АҚШ доллари беришни сўрайди. Бироқ Ў. Сатторов бу талабга кўнмайди. Шун­да товламачи нотаниш аёлнинг беҳаё сурати устига Гулшод Бойназарованинг уяли телефон рақамини қайд этиб, унга жўнатади. Ам­мо товламачи ғаразли мақсадига етолмайди. Шунинг учун у алам устида она-боланинг ишлов берилган суратларини телеграмм ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юборади. Бу қилмиши билан товламачи Ў. Сатторов ва Г. Бойназарованинг шаъни ва қадр-қимматини қасд­дан таҳқирлаб, уларни ҳақо­рат қилади.

 

Шундан сўнг Гулшод Бойназарова ўғлидан пул талаб қилаётган «Ирода»га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳу­қуқни муҳофаза қи­лувчи идорага мурожаат қил­ди. Эътиборлиси шундаки, Г. Бойназарова ИИБ тезкор ходимининг хонасида ўтирган вақтида яна яширин рақамдан қўнғироқ бўлади. У гўшакни кўтарганда нариги томондан аёл кишининг овози келади. Қўнғироқ қилувчи ўзи­ни «Иро­да» деб таништириб, Г. Бойназарова билан учрашиб, гаплашиб олмоқчи эканини айтади.

 

— Мен билан учрашмоқчи бўлсангиз, Сергелидаги деҳ­қон бозорининг ёнига келинг, — дейди Г. Бойназарова.

 

Бироқ «Ирода» Сергели ту­­манига бормаслигини, агар яна пул ташлаб бермаса, ўғли иккаласининг суратларини ижтимоий тармоқда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, гў­шакни қўяди. Шундан сўнг қонун ҳимоячилари уяли ало­қа компаниялари орқали яширин рақамнинг С. Панжиевга тегишли эканини аниқлашади. Оқибатда С. Панжиев қўлга олинади. Сўнг­ра унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бў­йича Сергели тумани суди Садриддин Панжиевни Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «в» банди, 130-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми “а”, “б” банд­­лари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қис­ми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

 

Албатта, суд жараёнларида С. Панжиевнинг қариндошлари томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар қоп­лаб берилди.

 

Аммо Г. Бойназарова суддаги кўр­сат­масида судланувчидан 200 миллион сўм миқдорда маънавий зарар ундириб беришни сўради.

 

Суд ўз ҳукмида етказилган маънавий зиённи ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ҳу­қу­қини унга тушунтириб ўтди.

 

Кези келганда шуни таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнги пайт­ларда ижтимоий тармоқлар орқали товламачилик, фирибгарлик, ҳақо­рат ва туҳмат қилиш сингари жиноятлар жуда кўп юз бермоқда. Тўғри, бунга жабр­ланув­чи­лар­нинг соддадиллиги, танимаган-билмаган инсони билан мулоқотга киришиши, айниқса, унга ишониб, ҳийла-найрангларига лаққа тушиши ҳам сабаб бўлаётир. Лекин ҳар бир кимса жиноий қилмиши беиз кетмаслиги, жавобсиз қолмаслигини те­ран англаши шарт. Юқорида баён этилган воқеа тафсилоти ҳам шу мақсадга хизмат қилади, деган умиддамиз.

 

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди судьяси

СИНГЛИСИНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ УЧУН ҚОТИЛ ЁЛЛАГАН АЁЛГА НИСБАТАН ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Дунёда бир-бирига опа-сингилдек яқин зот бўлмаса керак. Чунки бирга ўтириб қолганда гаплашиб гапи тугамайдиган, бошқаларга айтолмайдиган сир-асрорларини бир-бири билан бўлишадиган опа-сингиллар эмасми, ахир? Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳамма туғишганлар ҳам биз ўйлаганчалик меҳр-оқибатли эмас экан…

 

Келишмовчиликлар юзага келади

Ҳалима (исмлар ўзгартирилган) ўзининг туғишган синглиси Гулсара билан биргаликда, умумий хўжалик асосида яшаб келишган. Кейинги вақтларда уларнинг ўртасида шахсий ҳаётга тааллуқли низолар ва ўзаро келишмовчиликлар юзага келади. Синглисининг ғиди-бидиси жонига теккан Ҳалима муаммонинг ечимини синглисини қасддан ўлдириш, деб ҳисоблайди. У жиноий мақсадини амалга ошириш учун режа тузиб, қотилликни 5 000 АҚШ доллари эвазига, муқаддам қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан таниши Холида орқали амалга оширмоқчи бўлади.

 

“Синглимдан қутулиш йўлларини қидирдим…”

Судланувчи Ҳалима суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:

– Синглим билан 2019 йилга қадар иноқ яшадик, топганимиз ўртада, сеники-меники, деган гап йўқ эди. 2010 йилда синглим Намангандан менинг олдимга, Тошкентга келди. У билан биргаликда ишлаб, жамғарган пулимизга уй сотиб олдик. Шу ерда мен, қизим ва Гулсара бирга яшай бошладик. Биз бозорда совун ва хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланардик. Ёз ойларида Зоир исмли шахс билан танишиб қолдим. Зоир ўзининг автомашинасида менга ва синглимга тегишли юкларни айтилган жойдан олиб келар ва бозорга етказиб берар, шу орқали тирикчилик қиларди. Бора-бора Зоир билан ўртамиздаги муносабатлар чуқурлашиб, яқин инсонларга айландик. Менинг бу ишим Гулсарага ёқмади. У мендан ҳам, Зоирдан ҳам учрашмасликни талаб қилиб, жанжал кўтарди. Мен унинг гапларига эътибор бермай, ўз билганимдан қолмадим. Бу Гулсаранинг баттар жаҳлини чиқарди. У шахсий ҳаётимга аралашиб, мени камситадиган, шахсиятимга тегадиган ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлайдиган бўлди. Шу орада бачадонимда пайдо бўлган миомани олдириб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Шифохонадан чиққанимдан кейин ҳам Гулсара билан орамизда каттагина жанжал бўлиб ўтди. Шундан кейин ундан қутулиш чораларини излай бошладим. Холида Сафаровадан 5 000 АҚШ доллари эвазига синглимни ўлдириб, жасадини йўқотиб беришни илтимос қилдим…

 

Режа амалга ошмади

Ҳалима Холида билан учрашиб, унга 5 000 АҚШ доллари эвазига синглиси Гулсарани қасддан ўлдириш ва унинг жасадини йўқотиб бериш таклифини беради. Холида содир этиш учун таклиф этилаётган бу жиноятнинг оқибати жуда оғир ва мушкул эканлигини айтганида, Ҳалима ундан ушбу қотилликни амалга оширишда бошқа шахсни топиб беришни илтимос қилади. Холида билдирилган таклифни ўйлаб, натижасини  эртага айтишини маълум қилади. Сўнг бу ҳақда таниши Вазирага айтади. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, Гулсаранинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, Ҳалима томонидан режалаштирилаётган жиноий ҳаракат ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, Юнусобод туман ИИО ФМБ раҳбарияти номига ариза билан мурожаат қилишади.

 

“У бегонага айланди…”

Судда жабрланувчи сифатида сўралган Гулсара қуйидагиларни билдирди:

–  Судланувчи Ҳалима туғишган опам бўлади. Шу пайтгача иккаламиз бир уйда аҳил ва иноқ яшаб келаётгандик. Опам Зоир билан танишиб, учрашишни бошлаганидан кейин батамом ўзгарди. У бизга бегона одамга айланди. Оилали эркак билан учрашиб юриши, уйга келмай қолиши менга ёқмади. Унга бўй етган қизи борлигини, бу иши нотўғрилигини тушунтирмоқчи бўлдим. Зоирга ҳам бу ҳақда гапирдим. Аммо улар ўз билганларидан қолишмади. Менинг бор айбим шу… Айни кунда опамни кечирдим, унга нисбатан даъвом йўқ. Жазо тайинлашда опамга енгиллик беришларингизни сўрайман.

 

Жазо тайинланди

Ҳалима ЖКнинг 25,97-моддасининг 1-қисми билан жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан ЖКнинг 25,97-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Фотима ИСМАИЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Юнусобод туман суди раис ўринбосари,

 

Лола Шоимова, журналист

ЙЎЛОВЧИ ТАЛАШИШНИНГ ОҚИБАТИ ЖИНОЯТ БИЛАН ЯКУНЛАНДИ

Пойтахтдан вилоятга йўловчи сифатида отлансангиз, автобекатда қатор турган такси ҳайдовчилари худди ўлжасига ташланган бўри каби сизни ўз машинаси томон судрайди. Бу ҳамма учун жуда таниш ҳолат. Улар йўловчига эгалик қилиш учун ҳеч нимадан тап тортишмайди, ҳатто ёқа бўғишишдан ҳам… Қуйидаги жиноятнинг содир бўлишига ҳам айнан шу ҳолат сабабчи бўлди… 

 

Йўловчи талашишди

Судланувчи Иброҳим (исмлар ўзгартирилган) Тошкент-Андижон йўналишида норасмий равишда “Нексия-3” русумли автомашинада йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келган. Бектемир туманининг Тошкент ҳалқа айланма йўли кўчасида жойлашган Андижон вилоятига қатновчи автотураргоҳида, Тошкент-Андижон йўналишида норасмий равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Толибжон билан ораларида одамларни йўловчи сифатида олиш замирида келишмовчилик юзага келади. Оқибатда…

 

Қўлига пичоқ олди

Толибжон уни ўзаро гаплашиб олиш учун автотураргоҳ ичкари қисмидаги одамлардан ҳоли жойга олиб чиқиб, қўли билан юзига урганлиги сабабли Иброҳим мувозанатини йўқотиб, ерга йиқилган вақтида, воқеа жойига етиб келган фуқаролар уларни ажратиб қўйишади. Шундан сўнг, Иброҳимнинг бўлиб ўтган воқеадан жаҳли чиқиб, Толибжонни қасддан ўлдириш мақсадида, автотураргоҳда турган, бошқарувида бўлган автомашинаси ҳайдовчи ўриндиғи тагида сақлаб келган ошхона пичоғини олади.  Пичоқни шимининг бел қисмига қистирган ҳолда беркитиб, автотураргоҳ кириш дарвозаси олдида турган Толибжоннинг орқасидан етиб бориб, ошхона пичоғи билан унинг юзига, бошига бир неча маротаба уриб, тан жароҳатлари етказади. Толибжон ундан қочиб, автотураргоҳ ичкари қисмига югуриб кетади.

 

Назоратчилар ушлаб қолишди

Иброҳим унинг ортидан қувлайди. Толибжон қочиш жараёнида “Қўлидан пичоғини олинглар”, деб бақиради. Лекин важоҳат билан югуриб келаётган Иброҳимнинг қўлидан пичоғини олишга ҳеч ким журъат қилолмайди. Толибжон дарвоза олдида турган назоратчига уни Иброҳим пичоқлаганлигини айтганча, яна иккинчи дарвозадан ичкарига қараб, югуриб кетаётганида, ўша ердаги назоратчилар уни ушлаб қолишади. Воқеа жойида бўлган фуқароларнинг аралашуви билан Иброҳим жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолга кўра охирига етказа олмайди. Шундан кейин Толибжон бошидаги шапкани лабига босиб, ерга ўтириб қолади.  Ўша ердаги танишларидан бири уни автомашинасида шифохонага олиб боради, шифокорлар унга тиббий ёрдам кўрсатишади. Суд тиббиёт экспертизаси Толибжоннинг танасида “чап кўз орбитаси медиал деворининг ёпиқ синиши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг кўз оқсил қаватига қон қуйилиши, ўнг кўз пастки қовоғи соҳаси қон талаши, чап ўз орбитаси соҳаси, ўнг қулоқ олди бурун ўнг томони юқори лаб соҳалари кесилган тан жароҳатлари мавжудлиги, ушбу жароҳатлар етказилган вақтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ўртача оғир тан жароҳатлари туркумига кириши тўғрисидаги хулоса берди.

 

Жазо тайинланди

Иброҳим Жиноят кодексининг  25,97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу моддага Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди. Манфаатдор томонларга ушбу жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

 

Акмал МИРЗАХОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Чилонзор туман суди раис ўринбосари,

 

Лола ШОИМОВА, журналист

“АЛИМЕНТ ТЎЛАСАМ ҲАМ, ҚАРЗИМ КАМАЙМАЯПТИ”

— 2021 йил алимент ундируви бўйича суд қарори чиққан. Бу йили МИБ дан икки марта «SMS» келди. Собиқ хотинимнинг пластик картасига пул ташлаб турганман. Болаларнинг дори-дармонига ҳам алоҳида пул берганман. Кийим-кечаклар олиб берганман. Ҳаммасини чеки бор. Умумий қарздорлигимдан қилинган харажатлар «минус» қилиниши учун қаерга мурожаат қилишим керак? Алиментдан ташқари кўрсатилган ёрдам ҳам қўшиладими?

Исми сир тутилди

Дилшод Хасанов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 98-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.

 

Агарда сиз билан турмуш ўртоғингиз ўртасида қонунда белгиланган тартибда келишув бўлиб, ушбу келишувга асосан пул маблағларини турмуш ўртоғингизнинг банк пластик картасига ўтказган бўлсангиз, у ҳолда алимент мажбуриятлари бажарилган деб ҳисобланиши мумкин.

 

Мазкур ҳолатда 2021 йилда чиқарилган суд қарори нима сабабдан 2022 йилда ижрога топширилганлигига аниқлик киритиш лозим.

 

Болаларнинг дори-дармонлари учун берилган пуллар Оила кодексининг 103-моддаси талабларига асосан болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар ҳисобланади. Болаларга олиб берилган кийим-кечаклар қиймати тўланаётган алимент миқдоридан чегирилиши масаласида суд қарорини ижро этаётган Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиниши мумкин.

«ТУРМУШ ЎРТОҒИМНИ КЎРСАТИБ, НИКОҲ ЎҚИГАНЛИКДА АЙБЛАДИ…»

35 йиллик қўшнимни турмуши бузилган қизи бор эди. У оилали эркакка турмушга чиқибди. Эркакнинг қонуний хотини эса мулк бўлишиш мақсадида судга берибди. Судда қўшнимнинг қизидан у эркакка ким бўлиши сўралибди. Никоҳ ўқитишганини маълум қилган. Қўшнимнинг қизи никоҳ ўқиган одам жавобгарликка тортилиши ҳақида билгач, ёлғон ишлатган. Яъни, менинг турмуш ўртоғимнинг исм-фамилиясини кўрсатиб никоҳ ўқитган. Камига у одам вафот этганлиги ҳақида қоғозларни судга тақдим қилибди. Нега тирик эримни ўлдига чиқаришади? Уларни судга беришга маблағимиз йўқ. На қўшним ва на маҳалладагилар узр сўрамади. Ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ. Бўлган ишларга изоҳ беришолмаяпти. Менга нима маслаҳат берасиз?

 

Х. Р., Тошкент вилояти

Мутахассис: Жасурбек МАМАЮСУПОВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

  

ЖАРИМА СОЛИШГА САБАБ БЎЛАДИ

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Шу нуқтаи назардан ҳар бир шахс ўзига нисбатан туҳмат қилинаётганлиги ёки туҳмат орқали унинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етаётганлиги ҳолати аниқланадиган бўлса, туҳмат қилаётган фуқарога нисбатан чора кўриш масаласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, яъни ички ишлар ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.

 

Маъмурий жавобгарликка тортиш масаласидаги мурожаатлар бўйича ариза беришда давлат божи тўланиши қонунда назарда тутилмаган.

 

Фуқаролик кодексининг 100-моддаси биринчи қисмига кўра, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

 

Шунингдек, ушбу модданинг саккизинчи қисмига кўра, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

 

Фуқаролик қонунчилигига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим бўлади.

 

Конституцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

 

ТУҲМАТ ҚИЛИНГАНЛИГИ ЎЗ ТАСДИҒИНИ ТОПАДИГАН БЎЛСА

— Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланади.

 

Судга мурожаат қилиш фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида амалга оширилиши белгиланган.

 

Судда ишлар ёзма шаклда, шу жумладан почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ариза бериш йўли билан қўзғатилади.

 

Агарда шахсга нисбатан туҳмат қилинганлиги ҳолати суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан ўз тасдиғини топадиган бўлса, ўзига нисбатан туҳмат қилинган шахс туҳмат қилган шахснинг яшаш жойи бўйича тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш масаласида даъво аризаси билан мурождаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Судга даъво аризаси бериш тартиби фуқаролик процессцал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.

 

Даъво ишни юритишга доир ишлар Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бўйича бош консультанти

КУЧИ АЁЛГА ЕТДИ

Суднинг қора курсисида бошини хам қилиб ўтирган Маҳкам (исмлар ўзгартирилди) айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Қарамоғида 2 нафар фарзандива турмуш ўртоғи борлиги, оиласининг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланганлиги ва муқаддам судланмаганлиги боис жазони енгиллаштиришни сўраб, ялиниб ёлворди. Аммо бу ҳалимлик, юмшоқлик бир ўсмирни ҳам жиноятга шерик қилаётганида қаёқда эди, деб ўйлаб қоласиз…

 

Маҳкам ўша куни ишдан чиқиб, “чарчоқ босди”га спиртли ичимлик ичди. Ўзича “тетиклашгач”, яқин таниши, вояга етмаган Самадни чақирди. Қош қорайгани учун кўчада одамлар сийраклашганди. Узоқдан кимнингдир шарпаси кўрингач, Маҳкам Самадга “Уни тунаймизми?” дегандек имо қилди. Самад елка қисди. Келаётган аёл киши эди. “Орқадан ҳужум қиламиз”, деди Маҳкам шивирлаб. Аёл уларнинг ёнидан ўтиб кетди. Икковлон “Бошладик!” деб бир-бирига кўз қисишди.

 

Маҳкам аёлга тезда етиб олди ва унинг оғзини қўли билан ёпиб, чеккага тортди,  қочиб кетмаслиги учун қўлларини қисди. Самад эса унинг сумкасини тинтишни бошлади. Кутилмаган ҳужумдан талвасага тушган аёл кучи борича қаршилик кўрсатишга уриниб, типирчиларди.

 

Самад уни зарб билан деворга тираб: “овозингни чиқарма!” деб дўқ қилди. Маҳкум эса унинг чўнтакларини тинтишга тушди. Уларнинг мақсади нима эканини англолмаётган аёл қўрқувдан дағ-дағ қалтирар, талончиларнинг чангалидан чиқишга уринарди. Сал нарида автомобиль ювиш шохобчасига кўзи тушди-ю:

– Ёрдам беринг, одамлар, ким бо-ор?! – деб жонҳолатда бақирди.

– Ўчир овозингни! – дағдаға қилди Маҳкам.

– Ака, кимлардир биз томонга келяпти, қочдик! – деди Самад.

Маҳкам аёлни бир силтади-да, қўйиб юборди. Зўравонлар яширинмоқчи бўлди-ю, жой тополмай қолиб, қўлга тушишди…

 

Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзини шер билиб, кучи аёл кишига етган Маҳкамни оқлаб бўладими? Унинг жиноятига шерик бўлган Самадни-чи?

 

Ҳалол ризқ – барака калити, қалб ҳаловати. Икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Маҳкам эса аҳли оиласининг луқмасига ҳаром аралаштирмоқчи бўлди.

 

Самаднинг ота-онаси нега ўғлининг бемаҳалда кўча-кўйда юришига йўл қўйди? Ахир, улар фарзандининг тарбияси билан шуғулланиши, унинг дўсту ўртоқлари кимлигини сўраб-суриштириши, айниқса, кечаси бемақсад, назоратсиз юриши яхшиликка олиб келмаслигини билишлари керак эдику. Зеро, “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан”, деб бежиз айтишмаган.

 

Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолган эмас. Маҳкам ҳам, Самад ҳам қилмишларига яраша жазо олди. Улар қилган хатолардан тўғри хулоса чиқарармикан? Буни вақт кўрсатади…

 

Мусо ЮСУПОВ,

Тошкент шаҳар судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси,

 

Адолат Файзиева, мухбир   

Skip to content