Юқоридаги маълумотлардан, 2022 йилнинг 1-ярмида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, қарз, ноқонуний қурилмаларни бузиш ва коммунал қарздорликни ундиришдан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошганлиги кўринади.
Мазкур ишлар таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади.
Шу билан бирга, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқдир.
2022 йилнинг 1-ярмида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 3 850 тадан 3 974 тага (124 та ёки 3,2 фоиз)га кўпайган. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 1-ярмида 1789 та ёки 46,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1-ярмида 1783 та ёки 45,0 фоизни ташкил этган.
Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 1-ярмида 2191 тани ёки 55,0 фоизни ташкил этган (2021 йил 1-ярмида 2061 та ёки 53,5 фоиз).
Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 3974 та ишнинг 2 215 таси (55,7 фоиз) бўйича аёллар, 1 759 таси (44,3 фоиз) бўйича эркаклар даъвогар сифатида қатнашган. Энг ачинарлиси, никоҳдан ажратилган оилаларнинг 2 113 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган.
2022 йилниг 1-ярмида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини Тошкент шаҳрининг туманлар кесимида таҳлил қилинганда,
Сирғали тумани бўйича 294 (216) та;
Шайхонтоҳур тумани бўйича 524 (483)та;
Янгиҳаёт тумани бўйича 160 (122) та;
Чилонзор тумани бўйича 403(374) та;
Олмазор тумани бўйича 349(325) тани ташкил этган ва бошқа туманларга қараганда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар Яккасарой тумани бўйича 141 (172) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 тага камайганлигини таъкидлаш зарур.
Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан хатлар юборилмоқда. Шунингдек, оилаларни яраштириш ишларини кучайтириш мақсадида Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш, жойларда сайёр учрашув ва қабуллар ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.
Маълумки, кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 97 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 78 таси ёки 80,4 фоизи қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига 24.565.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган (13 та иш қаноатлантиришдан рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган).
Шунингдек, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ 5 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3 таси қаноатлантирилиб, 100.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, 1 та даъво ариза қаноатлантиришдан рад этилган ва 1 таси иш юритишдан тугатилган.
Маълумки, фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларни кўриш Қонун билан судлар ваколатига берилган, мазкур даврда судлар томонидан 189 та фарзандликка олиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилган бўлган, шундан 167 таси қаноатлантирилган, 5 таси рад этилган, 16 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган.
Шу билан бирга, судлар томонидан жорий йил 1-чоракда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 109 та фуқаролик иши кўрилган, шундан 28 та ҳолатда нотариал ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилган, 56 та даъволар рад этилган, 9 таси иш юритишдан тугатилган, 16 та ариза кўрмасдан қолдирилган. 3 та ҳолатда қонун талаблари қўпол бузилганлиги юзасидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.
Профилактика…
Судлар томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида ишларни кўриш вақтида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та хусусий ажрим чиқарилган ва уларнинг ижроси назоратга олинган. 18 марта суд амалиёти юзасидан умумлаштиришлар ўтказилиб, судьялар иштирокида фаолиятда мавжуд хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни олдини олиш юзасидан чоралар белгиланган.
Шаҳар суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча судьялар Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган. Улар томонидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларга ҳар ойда камида бир марта чиқишига эътибор қаратилмоқда.
Мурожаатлар…
2022 йил 1-ярми давомида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларига жами 5 641 (5 919) та мурожаат келиб тушган. Шундан 5 552 таси ёки 98,4 фоизи мазмунан ҳал қилинган. Ҳал қилинган мурожаатларнинг 2 754 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан электрон келиб тушган ҳамда 2 798 таси жисмоний ва юридик шахс вакилларининг судларга қилган мурожаатларини ташкил қилади.
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 2 752 та мурожаатлар бевосита Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган бўлиб, барча мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, бевосита мурожаатчилар билан суҳбат асосида ўрганилиб, муаллифларга муаммони ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мурожаатларнинг 1 831 таси, яъни 66,6 фоизи судда иши ҳали кўрилмаган, лекин ҳуқуқий тушунтириш бериш лозим бўлган масалаларни ташкил этган.