Бунда, 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилди.
Жумладан, 2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан 36 922 та иш (16 226 та фуқаролик иши, 20 696 та суд буйруғи) кўриб тамомланган, шундан 4 915 таси (13,3 фоизи) (3 844 та фуқаролик иши, 1071 та суд буйруғи) оилавий-хуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни ташкил этади.
“Оила судьялари” томонидан кўриб чиқиладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар рўйхати 32 тоифадан иборат бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
- Алимент ундириш;
- Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш;
- Бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш;
- Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш;
- Ота-она таъминоти учун алимент ундириш;
- Ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин таъминоти учун алимент ундириш;
- Вояга етмаган, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар таъминот учун алимент ундириш;
- Ҳомиладорлик даврида моддий таъминот ундириш;
- Тўланаётган алимент миқдорини кўпайтириш;
- Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш;
- Алимент тўлашдан озод қилиш;
- Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш;
- Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш;
- Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ва болани қайтариш;
- Бола яшаш жойини белгилаш;
- Бола билан кўришиш тартибини белгилаш;
- Ўз боласини тарбиясига олиш;
- Оталикни белгилаш;
- Оталикни белгилаш ва алимент ундириш;
- Оталикка эътироз билдириш;
- Фарзандликка олиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш;
- Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни бекор қилиш;
- Никоҳдан ажратиш;
- Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш;
- Никоҳ шартномасини бекор қилиш;
- Никоҳ шартномасини ўзгартириш;
- Никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш;
- Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк, хусусан уй-жойни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
- Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган бошқа мол-мулкни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
- Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш;
- Болалар учун ота ёки она томонидан қилинган қўшимча харажатларни ундириш;
- Боланинг туғилганлик фактини белгилаш. Шуни таъкидлаш жоизки, оила судьялари орқали низолашаётган оилалардаги камчиликлар бартараф этилишига ҳаракат қилинади.
Оила судьялари маҳалла фаоллари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари билан ҳамкорликда тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади.
Оила бу жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, уни сақлаб қолишга барчамиз масъулмиз. Чунки, оиладаги муҳит ва унда катта бўлаётган фарзандлар тарбияси ва камоли на фақат, давлатнинг балки, барчамизнинг вазифамиздир.
Оила судьялари томонидан никоҳдан ажратиш масаласи кўриб чиқилганидан сўнг, табийки бошқа оилавий низолар вужудга келади. Хусусан, фарзанд отасиз ёки онасиз қолганда, бу боланинг тарбиясига ҳамда психологик ҳолатига таъсир кўрсатади. Зеро ҳар бир бола тўлиқ ва маънан соғлом оилада ўсиш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқига эга.
Дунёда бола ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш орқали ҳар бир давлат ўз келажагини таъминлайди.
Маълумки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди.
Шундай экан, жамиятда юзага келаётган оилалар қанчалик мустаҳкам қурилмоқда, уларнинг пойдевори-чи?
Дарҳақиқат, оиланинг барпо этилишида кимлар ёки нималар муҳим роль ўйнайди, ташқи таъсирлар роли қанақа? Мавжуд оилалар ва янги барпо этилаётган кичик бир оила ўз мавқеини қанчалик асрамоқда?
Оила – муқаддас қўрғон, оила – маънавий камолот маскани ва бошқа бир қанча сўз ва иборалар билан оиланинг мавқеини белгилаймиз.
Албатта, жамиятда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, нурли, пиру бадавлат отахон ва онахоналар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактабидир. Аммо, афсус, бизни ўйлантирган масала бу – оила қўрғонининг бузилишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ташқи ва ички омиллардир. Ташқи омил сифатида ғарбона яшаш тарзининг ўзлаштирилиши бўлса, ички омил сифатида эса ёшларнинг оилага маънавий жиҳатдан етарли тайёргарликка эга бўлмаслик масаласидир.
Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга этаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етук ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб борилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида никоҳдан ажралиш учун ариза берган оилаларни яраштириш мақсадида медиация хонаси ташкил этилган бўлиб, унда оилавий масалаларга оид ишлар кўриб чиқилмоқда.
Ўйлаймизки, бошланган бу эзгу ташаббус вақт ўтиб ўзини оқлайди.
Зулфия Нуралиева,
Фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.