Қидирув:

МАНИПУЛЯЦИЯ ВА ЁШЛАР: ТРОЛЛАР, НАРЦИССИЗМ, МАКИАВЕЛЛИЗМДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Охирги чорак асрда дунёнинг турли мамлакатларида ўз мақсадларига эришиш йўлида жамият аъзоларидан, тинч аҳоли вакилларидан фойдалана оладиган ғаразли ниятли кучлар ортиб бормоқда.

 

Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, терактларнинг буюртмачилари асосан ёши катта инсонлардир. Уларнинг мақсадлари ҳам шунчалик каттаки, улар бир ёки икки миллат, ҳудуд билан чегараланмайди. 

 

Давр ёшларини қийнаётган энг оғриқли ижтимоий муаммолар: меҳнат муҳожирлиги, саводсизлик, диний билимлар бобидаги илмсизлик, миллий адоват ўйғотувчи кучлар олдида ожизлик, тез алданиб қолиш, фундаментализмга мойиллик. Ёшлар онгидаги бу каби бўшлиқдан ташқи кучлар жуда унумли ва аёвсиз фойдаланмоқда. Натижада ёшлар охирини ўйламай мудҳиш жиноятларга қўл урмоқда: Ватанига, давлатига, давлат тузимига қарши жиноятлар содир этмоқда. 

 

Яқиндагина бир гуруҳ шахслар популистик шиорлар ниқоби остида аҳолининг, асосан ёшларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғилди. Бу орқали давлат муассасаларини эгаллаб олишга, шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқаришга, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уринди. 

 

Аслида ғаразли кучларнинг мақсади кўпчиликни ташкил этувчи ёшлар ўртасида адоват ва фитна қўзғаш, ҳокимиятни эгаллаш, халқлар ўртасида низо-урушлар чиқариб, тараққиёт ва фаровонлик йўлларини кесиб ташлашдир. Бузғунчи кучларнинг ортида турган манфур шахслар катта маблағлар эвазига ўз сценарийларини амалга оширади.  

 

Албатта, бунга қарши жиддий чора кўриш зарур. Булар турли тадбирлар, фестиваль ва бошқалар билан чекланиб қолмаслиги муҳим. Чунки, виртуал оламдаги «троллар», виртуал провокаторлар аҳоли ўй-хаёллари ва ҳиссиётларини ҳам назоратга олмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги провокацион ахлоқ билан шахснинг ўзига хос феъл-атворидаги боғлиқликдан фойдаланиш, тролларнинг ўзига хос руҳий жиҳатлари – нарциссизм  яъни, эгоизмнинг ҳаддан ортиқ кўриниши, макиавеллизм – ўзгаларни манипуляция қилишга интилиш, садизм – бошқалар қийналганини кўриб роҳатланиш – бу ҳолатлар нафақат Ўзбекистон, балки бугунги ҳамжамият олдидаги жиддий муаммодир.

 

Демак, бирдан-бир чора – илм.   

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ШАХСИЙ ҲАЁТ, ОИЛАВИЙ СИРЛАРНИ ТАРҚАТГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ЖАЗО БОР?

Инсоннинг озодлиги, шаъни-ю қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Шунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади. Афсуски, ҳозирги кунда фуқаролар томонидан ушбу тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик натижасида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар, хабарлар тарқатиш каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Бундай ишга қўл урган одам қонун олдида жавоб берадими? Унга қандай жазо қўлланади?

Шахсга доир маълумотлар нима?

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади. Масалан, жисмоний шахснинг:

  • исми, фамилияси, отасининг исми;

  • туғилган вақти, туғилган жойи;

  • вақтинча ёки доимий яшаш жойи;

  • оиласи, ижтимоий ҳолати;

  • маълумоти, касби, лавозими, иш жойи;

  • даромадлари ва мулкий ҳолати;

  • телефон рақами;

  • шахсий сурати (фото ва ҳк.);

  • биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар.

 

Шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши

Агар шу шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинса, сақланса ва тарқатилса, бу маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Масалан, сиз бир уйланган эркак танишингизнинг бошқа бир аёл билан ишқий муносабатларидан хабардор бўлиб қолдингиз (унинг телефонидаги маълумотлар орқали ёки ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлдингиз). Ушбу маълумотларни танишингизнинг хотинига ёки яқин қариндошларига (ёки интернетда бутун жамиятга) етказмоқчи бўлсангиз, бу қилмишингиз юқорида келтирилган ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

 

Жиноий жазо ҳам қўлланадими?

Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, бу энди жиноят ҳисобланади.

 

Жиноят кодексининг 141(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Лекин қуйидаги ҳолатларда шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинганда, сақланганда, тарқатилганида тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (маъмурий жавобгарлик қўлланмасдан).

Ушбу ҳаракатлар:

а) оғир оқибатларга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса);

б) ғаразли ниятларда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишда моддий наф кўришни қасд қилса, товламачилик аломатлари бўлмаса);

в) хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса.

3 маълумот:

  1. Шахсга доир маълумотлар шахснинг ўз шахсий ҳаётида ўз хоҳиши билан сақланиши, тарқатилиши мумкин.

  2. Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда давлат органи томонидан ҳам ушбу маълумотлар талаб қилиб олиниши, сақланиши, уларга ишлов берилиши, тарқатилиши мумкин. Масалан, айрим давлат органлари (Ички ишлар вазирлиги, миграция ва фуқаролик хизматлари, Давлат чегара хизмати) сизнинг шахсингизга оид маълумотларни тегишли тартибда олади ва сақлайди (масалан, паспорт олишингизда ушбу маълумотлар олинади).

  3. Ёки ишга киришда сиз ўз хоҳишингиз билан мазкур шахсга доир маълумотларни иш берувчига тақдим этасиз (анкета, паспорт, диплом нусхалари ва ҳоказо).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсга доир маълумотлар қонунда белгиланган тартибда олиниши, ишлов берилиши ва сақланиши шарт.

 

Шербек ИНОМЖОНОВ,

Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси

 

Лола ШОИМОВА, журналист

«ДЕКРЕТ»ДАГИ ХОДИМНИ «CОКРАЩЕНИЕ»ГА ТУШИРИШ МУМКИНМИ?

— Келиним иккинчи фарзандига «декрет» таътилига чиққан. Яқинда иш жойидан қўнғироқ қилиб қисқартиришга тушганини айтишди. Билишимча, «декрет» таътилида бўлганларни «сокращение» қилиб бўлмасди. Шу тўғрими?

Г. С., Тошкент вилояти

 

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Меҳнат кодексининг 100-моддасида меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари кўрсатилган. Унга кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳисобланади.

 

Ушбу Кодекснинг 237-моддасида кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

 

Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда иш берувчи келинингизни ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги – “сокрашение” асоси билан ишдан бўшата олмайди.

“ЭРИМ ҲАҚОРАТЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИШ МУМКИН?”

“Ажрашган бўлсам ҳам собиқ турмуш ўртоғим билан бир хонадонда яшаб келаман. У менга шаъним ҳамда қадр-қимматимни камситувчи турли гаплар гапириб, ҳақорат қилади. Уни ҳақоратлари юзасидан бир маротаба тегишли ташкилотга ариза ҳам ёздим ва у маъмурий жавобгарликка тортилиб, жарима жазоси тайинланди. Шунга қарамай, собиқ турмуш ўртоғим мени ҳақоратлашда давом этмоқда. Унга яна қандай чора кўриш мумкин?”

Исми сир тутилди

Бобомурод КАРИМОВ, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси.

 

Қасддан таҳқирлаш нималарда ифодаланади?

Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш жабрланувчига нисбатан содир этилган ҳар хил ҳаракатларда, масалан, уят гаплар билан сўкиш, турли ҳақоратли сўз ва ибораларни ёзиш, бетга тупуриш, бадани билан ахлоқсиз ҳаракатлар ёки имо-ишоралар қилиш ва ҳоказоларда ифодаланади.

Шахснинг шаъни ва қадр-қимматига қарши айтилган ҳақоратомуз сўзлар нафақат инсоннинг ахлоқий ҳиссини камситади, балки айбдор томонидан умуминсоний қадриятлар эгаси саналган индивиднинг муомала борасидаги қадрини инкор этади. Шунинг учун, жиноят ҳуқуқига дахлдор бўлмаган қилмишлар (бошқа шахсни ёқтирмаслик, хушмуомалалик, эътибор қаратиш ва ҳоказолар)дан фарқли ўлароқ, ҳақорат инсонлар билан муомала қилишнинг умум қабул қилинган қоидаларини қўпол равишда бузади, ахлоқ нуқтаи назаридан беадаблик саналади. Шу маънода, ҳақоратнинг бевосита объектини, фикримизча, шахснинг атрофдагилардан ўз қадр-қиммати тан олинишини талаб қилишдан иборат субъектив ҳуқуқи ташкил қилади.

 

Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса…

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига асосан ҳақорат қилган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисмига кўра жиноий жавобгарлик белгиланади ва айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади, қачонки…

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисмига кўра, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилинган ҳаракатлар тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади ва айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмига кўра, ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ёки хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

 

ПАДАРКУШ ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Жиноятга ҳеч ким ўз-ўзидан қўл урмайди. Кишининг бу йўлга қадам қўйишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Оилавий низолар айнан ўша омиллар­дан биридир. Ачинарлиси, қотилликларнинг асосий қисмига қариндошлар ўртасидаги низолар сабаб бўлмоқда. Наҳотки, қон-қариндош, ота-бола бир-бирига шунчалар шафқатсиз муносабатда бўлиши мумкин? Қуйидаги воқеа қаҳрамони ҳам ўз отасининг қотилига айланиб, падаркуш деган номни олди. Фарзанднинг отасига раво кўр­ган бу  қисматини қандай оқлаш мумкин? Уни бу ваҳшийликка ким ёки нима мажбур қилди?

 

Ота-бола ўзаро тортишиб қолди

Судланувчи Суҳроб (исмлар ўзгартирилган)  ўзи яшаб келаётан хонадонда отаси Карим билан спиртли ичимлик истеъмол қилишади, ўзаро келишмовчилик оқибатида тортишиб қолиб, жанжал чиқади. Суҳроб қасддан отасининг баданига оғир шикаст етказиш мақсадида, унинг кўкрак қафасига, қўл, оёқларига бир неча маротаба зарб билан уриб, жароҳатлар етказади ва отасининг ўлимига сабабчи бўлади. У отасининг жасадини уйида қолдириб, ҳодиса жойидан яширинади. Суд-тиббий экспертизанинг берган хулосасида Каримнинг ўлимига кўкрак қафаси, иккала қўл ва оёқдаги жароҳатлар, ўнг ва чап тирсак бўғими ҳамда қовурғалар синиши, травматик шок сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

 

“Эшикни қулфлаганча, уйдан чиқиб кетдим”

Судланувчи Суҳроб судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича кўрсатма берди:

— Воқеа содир бўлган куни ишдан қайтишда, отам билан савдо дўконларидан бирига кириб, кечқурун овқатланиш учун турли маҳсулотлар ва ароқ сотиб олиб, уйга кетдик. Овқатланиб, икки шиша ароқ ичдик. Арзимаган гапдан иккаламизнинг ўртамизда жанжал кўтарилиб, уришиб кетдик. Отамнинг юзига урган зарбамдан сўнг у қонга беланиб, ҳушини йўқотди. Мен отамни ўлиб қолди, деб ўйлаб қўрқиб кетдим. Кейин унинг юзини ерда ётган кўрпача билан ёпдим. Эшикни қулфлаганча, уйдан чиқиб кетдим. Шу билан орқамга қайтмадим. Орадан икки ой вақт ўтиб, бир куни кўчада ўз ишим билан кетаётганимда олдимга бир неча фуқаролик кийимидаги кишилар келиб, ўзларини таништиришди. Улар отамнинг вафот этганлиги бўйича қидирувдалигимни айтишиб, ИИБга олиб кетишди. Ҳозир қилмишимдан жуда пушаймонлигимни инобатга олиб, енгиллик беришингизни сўрайман.

 

“Эримнинг жасади балконда ётарди”

Суд мажлисида сўралган Нина қуйидагиларни маълум қилди:

— Марҳум билан унинг хотини вафот этганидан кейин бирга яшаб келдик. Унинг икки нафар ўғли бор. Карим ака ўғли Суҳроб билан бирга яшарди. У менга ўғли тез-тез калтаклаб туришини айтганди. Ўша қотиллик содир бўлган куни менга қўшнилар Суҳроб отасини ураётганлигини айтишди. Хабар олиш учун келиб, пастдан турганча Суҳробни чақирдим. У балкондан қараб, “отам уйда йўқ” деди. Шундан кейин мен Карим аканинг катта ўғли Салим билан уни қидиришга тушдим. Аммо уни топа олмадик. Шундан кейин хавотирланиб, ИИБга қўнғироқ қилдим. Участка нозири Суҳробнинг уйига бориб, уни топа олмади.  Ўзим ҳам унинг уйига бориб, эшигини тақиллатдим, аммо эшик қулф эди. Баттар хавотирим ошиб, 102 га, кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қўнғироқ қилдим. Улар эшикни бузиб ичкарига киришганда уйнинг балконида турмуш ўртоғимнинг жасади ётганлигига гувоҳ бўлдик.

 

Ҳукм ўқилди

Суҳроб Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбли, деб топилди ва унга шу модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўтаттирилиши белгиланди.

 

Отабек МУХАММАДИЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси

 

Лола Шоимова журналист

АЛИМЕНТИ БОР ОДАМ ИШГА ОЛИНМАЙДИМИ?

— 3 йилда бери қурилишда ишлайман. Лекин ҳалигача расман ишга олинмаганман. Бухгалтер «Алиментингиз бор экан», деди. Алимент тўлаётганларни расман ишга олмаслик тўғрими?

Исми сир тутилди

Жасур СИРОЖЕВ, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни:


– паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;


– меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;


– ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;


– қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.


Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонунчиликда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.

 

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 78-моддасига асосан, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Қуйидагилар ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади:


– ушбу Кодекс 6-моддасининг биринчи қисми талабларининг бузилиши;


– иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик;


– иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни;

ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслик;


– муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;


– қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб, уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим.

Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талабларни қондиришни рад этиш ходимнинг ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмайди.


Юқоридагиларга кўра, сиз томонингиздан келтирилган савол бўйича алиментдан қарздорлиги мавжудлиги туфайли ишга қабул қилинмаслик, амалдаги қонунчиликка зид эканлиги маълум қилинади.

ЭГИЗАК ЧАҚАЛОҚЛАРДАН БИРИНИ ЎҒРИЛАГАН ҲОЛА-ЖИЯН СУД КУРСИСИДА…

Ҳаётда инсоннинг бошига тушадиган кўпгина нохушликлар унинг ёлғон гапиришидан пайдо бўлади. Алдаш, макр-ҳийла, инсофсизлик, ҳақсизлик, эътиқодсизлик, душманлик каби нарсаларнинг барчаси ёлғон ҳамда ёлғончиликдан вужудга келади. Баъзи кишилар бирор манфаат кўриш учун ёлғон гапиришади. Аслида эса ёлғондан фойда кўриш йўқ. Халқимизда “Ёлғоннинг умри қисқа”, “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” каби мақоллар бор. Қуйидаги жиноят тафсилотлари билан танишар экансиз, айнан шу мақоллар ёдингизга тушса, ажаб эмас.

 

“Болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш керак…”

Судланувчи Гулсара (исмлар ўзгартирилган) жияни Гулруҳ билан олдиндан жиноий тил бириктириб, шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Шавкат билан муносабатларини тиклаб, у билан бирга яна аввалгидек ҳаёт кечириш мақсадида ундан эгизак фарзандлар кўрганини айтиб, алдамоқчи бўлади. Фуқаро Ҳусниянинг эгизак фарзандлар кўрганидан хабар топиб, аёлга қўнғироқ қилади ва ўзини эгизак фарзанд кўрган аёлларга ёрдам пули ажратиш билан шуғулланадиган комиссия аъзоси, деб таништиради. Ундан эгизакларнинг расмини телеграм рақамига ташлаб беришни илтимос қилади. Расмни олиши билан Шавкатга юбориб, “бу сизнинг фарзандларингиз” деб хабар юборади. Кейин уни янаям ишонтириш учун Ҳуснияга қўнғироқ қилиб, эгизакларни тиббий кўрикдан ўтказиш лозимлигини, уларни ўзи бориб, машинада олиб келишини айтади. Жияни Гулруҳни “ҳамшира”, ўғлини “ҳайдовчи” сифатида шерик қилади. Ҳуснияни поликлиникага киргизиб юбориб, жияни ва ўзи эгизакларни олиб, Шавкатнинг олдига йўл олади. Шу орада уларни йўқотиб қўйган Ҳусния 102 га қўнғироқ қилади…

 

“Шаръий турмуш ўртоғимни қайтариш фикри туғилди…”

Судланувчи Гулсара суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагича кўрсатма берди:

— Шавкат билан танишганимга ўн беш йилча бўлди. У шифокор бўлгани учун қўлида даволаниб келганман. Бундан бир неча йиллар илгари у эримдан талоқ олсам, ҳалол йўл билан шаръий никоҳига олишини айтди. Унинг гапи билан эримдан ажрашдим, кейин шаръий никоҳ ўқитдик. Бироз яшаганимиздан кейин келишмовчилик туфайли ажрашиб кетдик. Бир куни аптекага кирганимда бир қоғоз бўлагини кўриб қолдим. Унда эгизак фарзанд кўрган Ҳусния тўғрисидаги маълумот ва телефон рақамига кўзим тушди. Шунда менда унинг эгизакларидан фойдаланиб, шаръий турмуш ўртоғимни ўзимга қайтариш фикри туғилди…

 

“Холамнинг ҳаракатларини тушунмадим”

Судланувчи Гулруҳ суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Тошкент шаҳридаги Жисмоний тарбия ва спорт университетига контракт асосида ўқишга кирдим. Ўқиш учун Қорақалпоғистон Республикасидан Тошкент шаҳрига кўчиб келиб, холам Гулсаранинг уйида яшай бошладим. Воқеа содир бўлган куни холам менга ўз ниятини ошкор қилгани йўқ. “Биргаликда эгизак чақалоқларни поликлиникага олиб бориб-келамиз”, деди. Холам билан бирга унинг ўғлининг бошқарувида бўлган автомашинада Ҳусния яшаётган туманга бордик. Ҳусния чақалоқлари билан бирга машинага ўтирди. Поликлиникага етгач, холам Ҳуснияга “Сиз ичкарига кириб туринг, болаларни менинг ўзим орқа эшикдан олиб кираман. Бирга кирсак, ҳамма таниш-билишчилик қиляпти, деб ўйлаши мумкин” деб, унинг ўзини ичкарига киргазиб юборди. У кириб кетгач, машинада эгизак болалар билан пойтахтимиздаги ресторанлардан бирига бордик. У ерда холамнинг шаръий турмуш ўртоғи Шавкат бир эркак билан овқатланиб ўтирган экан. Холам эгизаклардан бирини “бу сизнинг фарзандингиз”, деб қўлига тутқазди. Аммо Шавкат бола ундан бўлмаганлигини, ДНК қилдиришини айтиб, уларни телефонига суратга олди. Поликлиникага қайтганимида Ҳусния бизни тополмай, 102 га қўнғироқ қилган экан. Холам “гапирмасдан, фақат эгизаклардан бирини кўтариб туришга ёрдам берсанг бўлди” дегани учун унинг ҳаракатларини тушунмадим, лекин чақалоқлар холамники эмаслигини билардим. Мени ҳамшира, деб таништирганини ҳам эшитганим йўқ, ҳозирда бўлиб ўтган воқеадан чин кўнгилдан пушаймонлигимни инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман.

 

Ҳукм ўқилди

Гулсара ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилди ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Гулруҳ ҳам ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми “а,б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Абдулла МУҲИДДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Юнусобод туман суди судьяси

 

Лола Шоимова журналист

ҚАРЗ ЭВАЗИГА ФОҲИШАЛИК ҚИЛИШГА МАЖБУРЛАГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Орамиздаги айрим кимсалар, айниқса аёллар енгил пул топиш илинжида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш каби жирканч ишни ўзларига касб қилиб олиб, шунинг ортидан тирикчилик қилишни, янада ачинарлиси, оила тебратишни ўзларига эп кўришмоқда. Аммо ҳаром топилган пул бир кун келиб, тешиб чиқади.

                                              

Ариза ёзишга мажбур бўлди

Фуқаро Мадина (исмлар ўзгартирилган) Яшнобод тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, таниши  Замира унга қарзга пул бериб, ушбу берилган қарз пул маблағларини фоҳишалик қилиш йўли билан қайтариб беришга мажбур қилаётганини, уни мажбурлаб моддий манфаат кўриб келаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан чора кўришликни сўраган. Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ томонидан, шу куниёқ пойтахт кафеларидан бирининг олдида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Зафар Замиранинг олдига бориб, унга “фоҳишалик билан шуғулланувчи қизларингиз борми?” деб сўрайди. Замира унга қиз борлигини маълум қилиб, қарзи эвазига фоҳишаликка мажбур қилиб келаётган Мадинани кўрсатади. Жинсий алоқа қилиши эвазига 150 000 сўм пулларни олаётган вақтида, холислар иштирокида тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинади.

 

“Илгари фоҳишалик билан шуғулланганман”

Суд мажлисида судланувчи Замира эълон қилинган айбга қисман иқрорлигини билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Мадинани 2019 йилнинг августидан буён танийман. Мадина онаси касал бўлиб қолганлиги сабабли дори сотиб олиш учун сентябрда мендан 19 миллион сўм миқдорида қарз олди. Ушбу олган пулларини октябрнинг охирига қадар 23 миллион сўм қилиб қайтарди. Унинг ичида икки миллион сўмлик телевизор ҳам бор эди. Ўзим 2011 йилдан буён фоҳишалик билан шуғулланиб келганман. Ёшим ўтиб қолганлиги сабабли сўнгги пайтларда бу иш билан шуғулланмай қўйдим. Бир куни кафелардан бири ёнида ўтирганимда олдимга кейинчалик исмини билганим Зафар келди. Мен ундан “қиз керакми?” деб сўрадим. У “ҳа, керак” деди. “Мен тўғри келаманми?” деб сўрагандим, “йўқ” деди. Шундан кейин унга Мадинани кўрсатдим. Улар ўзаро келишиб, мен 150 минг сўм пулни олаётганимда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиндим.

 

“Кўприкдан ўзимни ташладим”

Суд мажлисида жабрланувчи Мадина қуйидагича кўрсатма берди:

— Мен ростдан ҳам Замирадан 19 миллион сўм миқдорида пул қарз олгандим. Унга қарз олганим ҳақида тилхат ҳам ёзиб бердим. Шундан кейин у менга бирга ишлашни, агар ҳамкорлик қилсак, кўпроқ пул топишимиз мумкинлигини, қарзимдан тезроқ қутулишимни, мижозни ўзи топишини айтди. Мен унинг таклифига рози бўлиб, биргаликда ишлай бошладик. Шу тарзда аста-аста ундан олган қарзимни уза бошладим. У бир куни чўнтагимда турган паспортимни зўрлик билан олиб қўйди. “Нега бундай қилдингиз?” деб сўрасам, “Қачон қарзларингни тўлиқ берсанг, шунда паспортингни қайтараман”, деди. Ҳар кунги тинимсиз жинсий алоқа ва тўхтовсиз Замирага пул беришдан чарчаганим, бу муаммолардан қутулиш учун ўзимни осмоқчи бўлдим. Аммо синглим кўриб қолиб, мени бу йўлдан қайтарди. Замира тинимсиз пулини қайтаришимни сўраб, дўқ-пўписа қилаверди, аммо менда қарзимни қайтариш имкони йўқ эди. У устимдан ички ишлар идорасига шикоят қилишини, маҳалла-кўй олдида шарманда қилишини айтди. Унинг бундай “шантаж”ларидан кейин қўрққанимдан касал аҳволимда турли эркаклар билан жинсий алоқада бўлишга мажбур бўлдим. Бундай азобларга чидашга кучим қолмагани учун “Қўйлиқ” бозорида жойлашган кўприк устидан сакраб, ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлдим. Бироқ сакраётганимда ўнг оёғим очиқ оралиққа қисилиб қолиб, пастга тушмай, осилиб қолдим. Одамлар мени қутқариб олишди. Тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам кўрсатишди, сўнг Яшнобод тумани ИИО ФМБ 6-сонли ИИБга олиб келиндим. Мен бўлиб ўтган воқеаларни ИИБ ходимларига гапириб бердим, Замирага қонуний чора кўришни сўраб, ариза ёздим. Шундан кейин Замирани қўлга олиш режаси тузилиб, у жиноят устида ушланди.

 

Ҳукм  ўқилди

Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ва 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Анвар ИКРОМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман суди судьяси

 

 Лола Шоимова журналист

ДУБАЙДАГИ ҚИНҒИР ИШЛАРИ ФОШ БЎЛГАН АЁЛ…

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган. Аммо орамизда ўз нафсининг қулига айланган, моддий манфаат кўриш йўлида ҳатто фоҳишаликдан, одам савдосидан ҳам қайтмайдиган инсонлар ҳам борлиги ачинарли ҳолдир…

 

Жиноиий тил бириктирди

Судланувчи Гулмира (исмлар ўзгартирилган) дастлабки тергов даврида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган, ҳозирда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида яшовчи “Комила” исмли шахс билан қонунга хилоф равишда моддий манфаат кўришни кўзлаб, одам сотиш ва ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун олдиндан жиноий тил бириктиради. Улар бир гуруҳга бирлашиб, режа тузишади, жиноятдаги ролларини тақсимлаб олишади. Режага кўра, Гулмира республикамиз ҳудудида истиқомат қилувчи енгил табиатли, фоҳишалик қилишга мойил аёлларни излаб топиб, уларни БААда фоҳишалик билан шуғулланишга қизиқтириши, ушбу аёлларнинг шахсига оид ҳужжатларини суратга олиб, интернетнинг «Whatsapp» ижтимоий тармоғи орқали “Комила”га юбориши лозим эди. Номзодлар унга маъқул келгач, “Комила” томонидан йўл харажатлари учун юборилган пул маблағларини қабул қилиб, керакли жойларга йўналтириш вазифасини ҳам ўз зиммасига олди.

 

“Тунги клублардан бирида танишиб қолдим…”

Судланувчи Гулмира ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, суд мажлисида қуйидагиларни билдирди:

         — 2018 йилнинг август ойида Олмалиқ шаҳрида яшовчи “Мафтуна” исмли қиз билан Тошкент шаҳрида жойлашган тунги клублардан бирида танишиб қолдим. Ўзаро суҳбат давомида “Мафтуна” муқаддам БААнинг Дубай шаҳрида бўлганини ва у ерда фоҳишалик қилиб, пул ишлаб келганлигини айтди. “Мафтуна” орқали мен ҳам “Комила” исмли аёлнинг моддий ёрдами билан БААнинг Дубай шаҳрига бордим. “Комила”нинг уйида туриб, фоҳишалик қилиб пул топдим. Дастлаб “Комила”нинг менга авиачипта ва виза учун қилган харажатларини қоплаб бердим. Кейин шу уйда турганим учун 500 АҚШ доллари ижара ҳақи тўладим. Дубай шаҳрига учиб кетиб, шу тариқа учга қадар фоҳишалик билан шуғулландим. Тахминан 1500 АҚШ доллари орттириб, декабрнинг охирида Ўзбекистонга қайтиб келдим. Сўнг фарзандим дунёга келди. Бироқ орадан бир ой ўтмасдан карантин эълон қилиниб, авиақатновлар тўхтатилди. Шу сабабли Дубайга қайта олмадим. Кейин Тошкент шаҳридаги сауналарда фоҳишалик қила бошладим. Шу ерда “Фарида” исмли қиз билан танишиб қолдим. Унга Дубайда яхши пул топганлигимни айтдим. “Фарида” шароити оғирлигини Дубайга бориб, пул ишлаб келишда ёрдам беришимни илтимос қилди. Мен “Комила” билан гаплашиб, “Фарида”нинг суратларини ташлаб бердим. “Фарида”га Дубайга бориши учун ҳамма харажатларни “Комила” тўлаб беришини, бунга 1500 АҚШ доллари кетишини, боргандан кейин унга яна қўшимча равишда 2000 АҚШ доллари бериши лозимлигини тушунтирдим.

 

 “Комила” менга почта орқали авиачипта учун 700 АҚШ доллари юборди. “Фарида” билан чипта олиш учун авиакассага бордик. Бу ерда Дубайга учиш учун 700 АҚШ долларидан 4 700 000 сўм пулга “Фарида”нинг номига авиачипта сотиб олдик. Ортиб қолган 200 АҚШ долларидан 100 АҚШ доллари ва 150 000 сўмни “Фарида”га бердим. Қолган 150 000 сўм пул ва 100 АҚШ долларини ўзимга олдим. Ўша куни вақтинчалик яшаётган хонадонимга фуқаролик кийимидаги ўзларини ИИО ходимлари, деб таништирган шахcлар келишди. Мени Бектемир тумани ИИО ФМБга олиб кетишди. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман, вояга етмаган фарзандим борлигини инобатга олиб, менга енгиллик беришингизни сўрайман.

 

Ҳукм ўқилди

 Гулмира Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “е” банди билан айбли, деб топилди ва унга шу моддага асосан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

 

Фарҳод АБДУШУКУРОВ,

жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси  

 

Лола Шоимова, журналист

«ИШДАН БЎШАШ НАФАҚАСИНИ ОЛИШГА ҲАҚЛИМАНМИ?»

— Бола парваришлаш таътилидан сўнг бир йил ўз хоҳишим билан ҳақ тўланмайдиган таътил олдим. Сўнгра ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш учун ариза ёздим. Айтингчи, менга ишдан бўшаш нафақаси ёки ишдан бўшашда ҳисоб-китоб қилинадими?

Исми сир тутилди

Гулчеҳра Опаева, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари:

— Меҳнат Кодексининг 109-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши кўрсатиб ўтилган.

Улар:

– иш берувчининг ташаббуси билан, ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно;

 

– тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган, ушбу Кодекснинг 106-моддаси 1 ва 2-бандларида назарда тутилган ҳолатларга биноан. Меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 106-моддаси 4-бандига биноан бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар (суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳоказо) бундан мустасно;

 

– ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (89-модданинг тўртинчи қисми).

Меҳнат шартномаси бошқа асосларга биноан бекор қилинса, Меҳнат кодексининг 109-моддаси ишдан бўшатиш нафақаси тўланишини назарда тутмайди.

Айнан:

  • тарафларнинг келишувига кўра;

  •  

    ходимнинг ташаббуси билан;

  •  

    муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаши муносабати билан;

  •  

    меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра;

  •  

    янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, ушбу ҳолатда ишдан бўшатиш нафакаси тўланиши кўрсатиб ўтилмаган.

Skip to content