Қидирув:

СУДГА КРЕДИТ ҚАРЗИНИ МУЗЛАТИШ ВА ПОЧЧАМГА ҚАРАТИШНИ СЎРАБ МУРОЖААТ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?

– Опамнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Айни дам кичиги учун бола парваришлаш таътилида. Поччам пойтахтдаги йирик дўконлардан биридан опамнинг кредит карточкасига ноутбук ва уяли телефон олган. Икки ой кредит қарзини тўлагач, ишида камомад чиқиб, қамаб қўйишди. Ҳозир жазо муддатини ўтаяпти. Кредит қарзи эса 30 млн.га етган. Опам бунча пулни тўлолмайди. Судга кредит қарзини музлатиш ва поччамга қаратишни сўраб мурожаат қилса бўладими?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари Жасур СИРОЖЕВ жавоб берди:

– Фуқаролик кодексининг 353-моддасига асосан, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

 

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 353-моддасига асосан, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Юқоридаги қонун нормаларига кўра, кредит шартномаси ким билан тузилган бўлса, кредит шартномаси бўйича кредит тўловларини айнан ким тўлаши шартномада кўрсатилган бўлса, айнан шу шахсдан кредит қарздорлиги ундирилади.

 

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 292-моддасига асосан, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

 

Фуқаролик кодексининг 293-моддасига асосан, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Агарда сиз кредит шартномаси бўйича тараф ёки кафил бўлмасангиз, сиздан кредит қарздорлиги ундирилиши қонун ҳужжатларига зид.

 

Агар турмуш ўртоғингиз сизнинг кредит карточкангиздан рухсатингизсиз фойдаланган ҳаракатларидан норози бўлсангиз прокуратура ёи суд органларига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқдир.

 

Кредит масаласи юзасидан эса Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддасига асосан, ишга тааллуқли бўлган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда туманингиздаги фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

НИКОҲДАН АЖРАТИШДА БЕРИЛАДИГАН МУДДАТНИ ҚИСҚАРТИРСА БЎЛАДИМИ?

— Жиянимнинг тўйи бўлиши керак эди. Куёв билан ФҲДЁда никоҳдан ўтиб, гувоҳнома ҳам олиб бўлишганди. Аммо куёвнинг соғлигида муаммоси борлиги маълум бўлгач, тўй тўхтатилди. ФҲДЁда ажрашиш учун 3 ой муҳлат берилган. Жиянимни бошқасига узатмоқчимиз, шу муддатни қисқартирса бўладими? Ахир бир кун ҳам яшамаган?..

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Дилшод Хасанов жавоб берди:

 

— Оила кодекси талабларига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли Қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларининг 107 ва 110-бандларига мувофиқ, ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

 

Никоҳдан ажратишни қайд этиш эр-хотиннинг ёки улардан бирининг иштирокида никоҳдан ажратиш ҳақида ФҲДЁ органига ариза берган кундан кейин уч ой ўтгач амалга оширилади ва собиқ эр-хотинларнинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.

 

Мазкур муддатни қисқартириш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

“ИККИ ЙИЛ ОЛДИН СУД ОРҚАЛИ АЖРАШГАНМАН. ФҲДЁ БАЗАСИДА ЭСА АЖРАШМАГАН БЎЛИБ ЧИҚДИМ. ШУНАҚАСИ ҲАМ БЎЛАДИМИ?”

— Собиқ хотиним билан икки йил олдин расман ажрашганмиз, яқинда уйланиш учун ФҲДЁга ариза ёзгани борганимда, аввалги никоҳим “база”дан чиқиб келди. “Суд орқали ажрашганмиз”, десам, ФҲДЁ ходими суд харажатлари тўланмаган ёки маълумотнома олинмаган бўлса керак, деб тушунтирди. Энди нима қилай?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Беҳзод САГАТОВ жавоб берди:

 

— Мазкур ҳолатда, мурожаатчи собиқ турмуш ўртоғи билан расман никоҳи бекор қилинган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-моддасига асосан никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилиши белгиланганлиги боис, никоҳни бекор қилишга асос бўлган қонуний кучга кириб тасдиқланган суднинг ҳал қилув қарорини туман ФҲДЁ бўлимига қайд этиш учун тақдим этиб, мурожаат қилиши ва суд қарорида белгиланган никоҳдан ажратишда тўланиши лозим бўлган давлат божи тўловини тўлаши лозим бўлади.

3 ОЙДАН БЕРИ «БОЛНИЧНИЙ»ДАМАН. ТЎЛОВНИ ОЙЛИК ОШГАН НАРХДА ОЛАМАНМИ ЁКИ ЭСКИДА?

— Операциядан кейин 3 ойга «больничный» олгандим. Мен ишлаётган ташкилотда июнь ойида иш ҳақи оширилди. Айтинг-чи, «больничный»нинг бир ойи учун ошган нархда оламанми ёки эски нархдами?

Исми сир тутилди

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВ жавоб беради:

 

— Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.


Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.


Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.


Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2002 йил 1 апрель кунидаги 21-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” Низомнинг 49-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу Низомнинг 59-бандига кўра, агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади. Агар нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига қўшимча ҳақ ҳисобланган бўлса, нафақа ҳам тегишли равишда ошади.


Юқоридаги қонун нормаларидан келиб чиққан ҳолда, cиз ишлаётган корхонангизда июнь ойидан бошлаб, иш ҳақингиз ошган бўлса, cизга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ошган иш ҳақингиздан келиб чиққан ҳолда тўлаб берилади.

НАБИРАЛАРИМНИ ВАСИЙЛИККА ОЛИШИМ УЧУН ОТАСИНИНГ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?

— Қизим хорижда ишлайди. Фарзандлари менинг тарбиямда. Эри билан расман ажрашган. Набираларимни васийликка олишим учун отасининг розилиги керакми?

Исми сир тутилди

Мурожаатга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Ахрор СУЛАЙМОНОВ жавоб берди:

 

— Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, мазкур шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланади.


Ота-она яшаш жойида олти ойдан кам муддатга вақтинча бўлмаганда, башарти бола улар томонидан қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, васийлик ёки ҳомийлик, агар бу боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам боланинг ота-онасидан розилик аризаси талаб этилмайди.


Туман, шаҳар ҳокими васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг ёзма аризасига мувофиқ васий ёки ҳомий тайинлайди.

 

Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олиниши лозим. Васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши керак.


Демак, ушбу ҳолатда cиз набираларингизни васийликка олиш учун туман (шаҳар) ҳокимига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим. Бунда вояга етмаганлар ота-онасининг розилиги талаб этилмайди.


(Асос: Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни 20-21-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 сентябрдаги 269-сон қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низомнинг 73-банди.)

9 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож фуқаролар учун доимий равишда сайёр қабуллар ташкил этиб келинади. Мақсад фуқароларни сарсон қилмай, мавжуд муаммоларни жойига борган ҳолда ўрганиш ва бартараф этиш.

21 сентябрдан бошлаб, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан шаҳримизнинг ҳар бир туманига алоҳида-алоҳида борган ҳолда сайёр қабул ўтказиляпти. Бугунга қадар Яшнобод, Юнусобод туманлари фуқароларининг ҳуқуқий масалалардаги муаммолари ўрганилди.

7 октябрь санасида эса Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов ва Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари – Шуҳрат Аббасов, Акбарали Турабов, Мақсудбек Саидов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Рустам Тангабаев, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев ва судьялар фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 24 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 10 нафари жиноят ишлари бўйича, 9 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 3 нафари иқтисодий ишлар бўйича ва 2 нафари маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил этади. Шундан 15 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 9 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 24 та мурожаатлардан 15 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 9 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди

Шунингдек, сайёр қабул доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьялари томонидан 9 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьяcи Музаффар Кукиев раислигида 25 ёшли маҳкумнинг иши кўриб чиқилди. У жиноят ишлари буйича Юнусобод туман суди томонидан фирибгарликка суикасд, пора беришга далолат килиш жиноятларини содир килганликда айбланиб, 2 йил 6 ой муддатга ойлик иш хақидан 20 фоиз давлат фойдасига ундирилган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан махрум қилиш жазоси тайинланган.

 

— Жазо ўташ мобайнида ўзимни ижобий томондан кўрсатдим, яшаш ва иш жойимдан ижобий тавсифландим.

 

Иш ҳақимдан 20 фоиз чегирма ҳар ой давлат ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтиб келди. Тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 7 октябрга қадар ўталган муддати 1 йил 3 ой 6 кунни ташкил этади.

 

Бугун ўтган сайёр судда ўталмай қолган 1 йил 2 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилдим. Бунинг учун суддан миннатдорман ва бундан буён жиноят кўчасига кирмаслик учун ўзимга етарлича хулосалар чиқариб олдим, – деди маҳкум.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ўтказиладиган галдаги сайёр қабул эса 14 октябрда Бектемир туман фуқаролари учун ўтказилади.

«ОТАСИ РОССИЯДА БЎЛСА, ҚАНДАЙ РОЗИЛИК ОЛАМАН?»

— Собиқ турмуш ўртоғим Россияга ишлагани кетган. Аниқ манзилини билмайман. Ўғлимни даволатиш учун хорижга олиб кетмоқчиман. Аммо отасини розилиги кераклиги учун бўлмаяпти. Отасининг қаердалиги номаълум бўлса, болага қандай розилик олиш мумкин?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Жалолиддин АББАСОВ жавоб берди:

 

— Оила кодексининг 71-моддасига асосан ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.


Оила кодексининг 76-моддасига асосан боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Алоҳида яшаб келаётган ота-онанинг бири билан яшаб келаётган уларнинг умумий вояга етмаган фарзандларининг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш тартиби белгиланган, яъни четга чиқишни расмийлаштириш вақтида боланинг ота-онасининг бири билан четга чиқишига иккинчи ота-онанинг нотариал тасдиқланган розилиги керак.


Ҳозирги кунда афсуски ота-онаси алоҳида яшаб келаётган вояга етмаган болалар жуда кўп. Кўп ҳолатларда оталар оиласини ташлаб, четга пул ишлаб келиш мақсадида кетади ва аксарият ҳолатларда ўша ерда бошқа оила қуриб, қайтмайди. Вояга етмаган болани четга онаси билан чиқишига отанинг розилиги бўлмаганлиги сабабли, она судга оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилади, чунки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган отанинг розилиги керак эмас.


Шу боис сизга, мазкур ҳолатда фарзандингиз саломатлиги мувҳимлигини эътиборга олган ҳолда, Оила Кодекси 79-моддасининг иккинчи қисмига асосан, собиқ турмуш ўртоғингизни доимий яшаб келган жойда жойлашган фуқаролик судига уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилиш тавсия этилади.

«МИБ»ЧИЛАР ИШ ҲАҚИМНИ ИНОБАТГА ОЛИШМАЯПТИ»

— Иккита боламга суд қарори билан 1/6 миқдорда алимент тўлаб келгандим. Яқинда иш жойим ўзгарди. Иш ҳақим 1,5 млн. сўм. Одатдагидек, 1/6 миқдорда алимент тўласам, «МИБ» чилар 250 000 сўмдан кам бўлмаслиги кераклигини айтишди. Бошқа даромадим йўқ бўлса, қандай тўлайман?

Исми сир тутилди

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Анвар ХАМРОЕВ жавоб берди:


— Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.


Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўловчи иккита боласи учун иккита ундирувчига алимент тўласа 1/6 миқдорда ёки 16 фоиз миқдорида ҳисобланади.
Президентимизнинг 2022 йил 20 майдаги 138-сонли “Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонига кўра 2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 920 000 сўм деб белгиланган.


Юқоридагиларни кўра, фарзандларингиз вояга етгунга қадар сиз уларга алимент тўлашга мажбурсиз, сизнинг иш ҳақингиз 1,5 млн сўм эканлигини инобатга олсак, ҳар бир фарзанд учун ойига 250 000 сўм миқдорида алимент тўловини амалга оширишингиз керак. Иш ҳақининг камлиги сизни алимент тўловларидан озод қилмайди.

ОТА-БОЛА ФИРИБГАРЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

“Қилмиш – қидирмиш” деб бежиз айтишмайди. Ҳар бир қилинган жиноятнинг албатта, жазоси бор. Энг қизиғи, “қаҳрамонлари”миз ота-ўғил. Бундан ҳам ҳайратланарлиси, ўғил муқаддам “ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” ва уч маротаба “фирибгарлик”, “товламачилик”, “туҳмат” қилиш жиноятларини содир қилгани учун судланган. Бу қилмишлари учун олган жазолари «дарс» бўлмаган кўринади. Бу гал жиноят “кўча”сига отасини ҳам етаклади…

 

1963 йил туғилган судланувчи фирибгарлик йўли билан ўзганинг кўп миқдордаги мулкини ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали қўлга киритиш мақсадида ўғли билан олдиндан тил бириктиради. Фирма раҳбарининг ишончига кириб, уни алдайди. Судланувчи ота Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Зангиота туман  ҳудудидан 2 гектар ер майдонни фирма номига расмийлаштириб бериш ҳақида ваъда беради. Гўёки раҳбарга Зангиота тумани, “Ўзбекистон” массиви ҳудудидаги 291 контурда жойлашган 2 гектар 20 сотих ер майдонни мебель ишлаб чиқариш корхонаси биносини қуриш учун ажратилгани ҳақида Зангиота туман ҳокими номидан бланкада қарорини, имзо ва доира шаклдаги мухрини, гўёки Зангиота тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими 291 контурда жойлашган 2 гектар ер майдон фирмага ажратилишига эътирози йўқлиги ҳақидаги йўлланма хатни компьютер техникалари орқали қалбакилаштиради. Ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиб, раҳбарнинг уяли телефонидаги телеграм манзилига қалбаки ҳужжатларни юборади. Харидордан жами 13 000 АҚШ долларини олиб, берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

 

Судланувчи ота ўғли билан галдаги “ўлжа”ни чув туширади. Яна бир фирма раҳбарини ишончига киришади. Бу гал Назарбек қишлоғи ҳудудидан 50 сотих ер майдонни фирма номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, жами 20 000 АҚШ доллариини олади.

 

Судланувчи яна бир МЧЖ директорининг ҳам ишончига киради. Бу сафар Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишлари орқали Сурум МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш  хақида айтиб алдайди. Қуйи Чирчиқ туман ҳокими номидан сохталаштирилган, гўёки МЧЖга кўп тармоқли қурилиш маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхонасининг биноларини қуриш учун ер майдон ажратиш тўғрисида қарорни компьютер орқали такроран қалбакилаштириб, харидорга топширади. Сўнг Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгаши хулосасини компьютер орқали такроран қалбакилаштиради. Гўёки Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум МФЙда жойлашган нотурар ер участкани МЧЖ номига расмийлаштирилиб, кадастр рўйҳатидан ўтказилгани ҳақидаги кўчирмани компьютер орқали такроран қалбакилаштиради. МЧЖ директори ишончига кириб, аввалига Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Зангиота тумани, ТХАЙ кўчаси ёнида жойлашган ҳудудидан 33 сотих ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш ҳақида такроран айтиб алдайди. Хизмат ҳаққи эвазига харидордан 30 000 АҚШ долларини олади. Кейинчалик судланувчи ўғил Зангиота туман ҳудудидан эмас, балки Қуйи Чирчиқ туман ҳокимиятида юқори мансабда ишловчи танишларига пора бериш орқали Қуйи Чирчиқ тумани Сурум МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер майдонни МЧЖ номига расмийлаштириб бериш ҳақида айтади. Шу тариқа яна 160 000 АҚШ доллари, жами 190 000 АҚШ долларни олиб, берган ваъдасини бажармайди.

 

Судланувчи ўғил бир фуқарода сотиладиган “Нексия-1” русумли ва “Ласетти” русумли автомашиналари борлигини билгандан сўнг, қалбаки ҳужжатлар билан ер сотишдан машина сотиш “бизнеси”га ўтиб олади. Машиналарнинг эгаси ишончига кириб, “агарда автомашиналарни сотиб бериш учун менга топширсангиз, “Нексия” учун 5 000 АҚШ доллари, “Ласетти”га 10 000 АҚШ долларини 30 кун муддатда тўлаб бераман”, деб алдайди. Автомашиналарни қабул қилиб олиб, уларни харидорларга сотиб, эгаси харидорларга автомашинани нотариал идорада расмийлаштириб беришга эришганидан кейин, унга 15 000 АҚШ долларини тўламасдан, берган ваъдасини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

 

1987 йил туғилган судланувчи яна бир фуқаронинг ишончига кириб, унга аслида ўзига тегишли бўлмаган учта “Малибу-2” русумли автомашиналарини жами 30 000 АҚШ долларига сотишлигини айтади. Ундан олдиндан жами 26 000 АҚШ долларини қўлга киритади. Одатга кўра, бу фуқарони ҳам чув туширади.

 

“КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРНИНГ БИРИГА БОРИБ ЯШИРИНГАНМАН”

Судда судланувчи ота ҳам, ўғли ҳам айбига қисман иқрор бўлишди…

— Ўғлим МЧЖ очганди. Ўғлим менга МЧЖ номига Зангиота тумани А. Яссавий худудидан автомашиналарга хизмат кўрсатиш шахобчаси очиш учун 2 гектар ер майдони олаётганини ва кейинчалик ерни маълум қисмини сотишини айтганди. Бир танишим билан гаплашиб қолганимда унга МЧЖ номига 2 гектар ер олиш учун ҳужжатларни расмийлаштирилаётганини, ернинг маълум қисмини сотишимни айтгандим. Танишим эса “ерни маълум қисмини ўзим сотиб оламан”, деди. Бу ҳақида ўғлимга айтдим.

 

Танишимдан ҳужжатларни расмийлаштириш учун танишимдан бошланишига 3 000 АҚШ доллари олди. Танишимга яна бир нечта ерларнинг ҳужжатларини кўрсатиб, “бу ерлар ҳам сотилади”, дедим. Менга ернинг ҳужжатларини ўғлим берганди. Ҳужжатларда ўғлим очган МЧЖнинг номига турли ерлар ҳоким қарори асосида берилганлиги кўрсатилганди. Ўғлим менга Зангиота тумани ҳокимининг қарорини кўрсатди, унда МЧЖга 2 гектар ер майдони тақиқдан ечилиб ўтказилганлиги кўрсатилганди. Қарорни танишимга кўрсатиб, ундан яна 10 000 АҚШ доллари олиб, пулни ўғлимга бердим. Бу орада ўғлим менга Зангиота ҳудудида МЧЖга АЁҚШ қурилиши учун 3 гектар ер майдони берилганлиги ҳақидаги ҳоким қарорини кўрсатиб, мазкур ерни 50 сотихини сотишини айтди. Бу ҳақда ҳам танишимга билдирдим.

 

Танишим бир фуқаро билан келди. Фуқаро “50 сотих ерни сотиб олмоқчиман”, деганида ернинг нархи 100 000 АҚШ доллари эканини айтдим. Унга ер ажратилганлиги ҳақидаги ҳоким қарорини муҳрланган ҳолатда кўрсатганман. У ерни сотиб олишга рози бўлиб, аванс тариқасида 20 000 АҚШ доллари беришини айтди. 20 кунларда ҳужжатларни тайёрлаб қўйишимни маълум қилдим ва “қурилишни бошлайверасиз”, дедим. Фуқародан келишилган пулни олдим ва ўғлимга бердим. Сўнг танишим яна бир шахсни Олмазор тумани билан чегарадош ТХАЙ кўчаси Зангиота тумани ҳудудидаги 33 сотих ерни сотиб олишини айтди. Кейин у билан кўришдик, ерни унга жами 70 000 АҚШ долларига сотишга келишдик. Аванс тариқасида 10 000 АҚШ доллари беришини, қолган 60 000 АҚШ долларини эса ҳужжатларни нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг беришини айтди. Ундан олинган 10 000 АҚШ долларини ҳам ўғлимга берганман. Сўнг ундан яна 20 000 АҚШ доллари олганман. Ўша вақтда у шахсга ўғлим очган МЧЖ номига 33 сотих ер ажратилганлиги хақидаги ҳоким қарорини кўрсатганман. У менга ишонган, ўғлим билан унинг олдига бориб, ҳамма ишларни ўғлим қилаётганини айтганман. Орадан вақт ўтгач, танишим ва яна икки харидор ариза ёзганлигини билдим. Шунда Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирига бориб яширинганман.

 

CУД ҲУКМ ҚИЛДИ…

Судланувчи ота Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) 3-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчи ўғил эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

 

Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида унга тайинланган жазога илгариги ҳукм бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг:

1963 йил туғилган судланувчидан 143 555 230 сўм, 220 854 200 сўм пора предмети тариқасида давлат эгалигига ундирилиши белгиланди.

 

Судланувчилардан солидар тартибда 2 098 114 900 сўм пора предмети тариқасида давлат эгалигига ундирилиши белгиланди.

1987 йил туғилган судланувчидан жабрланувчи фойдасига 165 640 650 сўмлик зарар, яна бир жабрланувчи фойдасига 287 110 460 сўмлик зарар ундирилиши белгиланди.

 

Хуршид СОДИҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Олмазор туман суди судьяси

СУДЬЯ ВА СУДГА МУНОСАБАТ, “ЭЗҒИЛАНАЁТГАН” БЕЧОРА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ВА ҲУҚУҚИЙ САВИЯ…

Ҳазрат Жалолиддин Румий ўзининг «Фиҳи-мафиҳи» (Ичингдаги ичингдадур) номли китобида муқаддас «Қуръони карим» каломларига таяниб қўйидаги сўзларни келтиради.

 

«Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».

 

Ҳа… агарки, қисқагина ва соддагина ёки чуқур мушоҳада қилмасдан туриб ҳам айтиб қўя қоладиган бўлсак, «эр-хотин бири-бири, ота-она фарзанди, қариндош уруғлар, жамиятдаги ҳар бир шахс ўзаро бир-бирлари олдида ҳақдорлик (ҳуқуқ)ни ёки қарздорлик (мажбурият)ни олдилар.

 

Жамиятда шахслар ўртасида юзага келган, айнан ўша ҳақдорлик ва қарздорлик «омонат»и борасида «фатво» чиқариш юкини эса қозилар елкасига олди.

 

Ҳеч эътибор қилганмисиз, суд ҳукми ўқилганида айбдор, жабрланувчи, уларнинг яқинлари ёки суд қарори эълон қилинганида даъвогар, жавобгар, уларнинг вакиллари қандай муносабат билдиради.

 

Албатта, суд якунидан у ёки бу тараф норози эканлигини ҳис-туйғуларга берилиб билдирган, баъзан ичида ёки очиқ эшиттириб судни ҳақорат қилганлар кўплаб топилади.

 

Ушбу ҳолатлар аввало, низолар – одамларга берилган «омонат»ларга кўра, ФИБ судларда кўпроқ, сўнг ЖИБ, маъмурий ва иқтисодий судларда кетма-кетлик асосида кузатилади.

 

Демак, улар «қози»га беш кетмадим, судга ишонч йўқ», дейди…

 

Айни суд якуни бўйича кузатилаётган бу каби ҳолатлар Ўрта Осиё, жумладан, афсуски, бизга хос бўлиб, танимизга сингиб кетишга улгурган.

 

Айрим илғор давлатларда эса вазият бироз бошқача, яъни, қонунчилик анча ривожланган. Аҳолининг қонунларга итоаткорлиги шаклланган, судлардан ҳам аҳоли қонунни қўллашни талаб қилади.

Биз сингари судлардан ўзларини рози қилишни ёки ўзларига кераклича эътиборни талаб қилмайди. Шундай экан, савол туғилади: «Нега, бизда судлар ҳар доим ҳам низони нотўғри, ноқонуний ҳал этадими?»

 

1. Ҳа, судда баъзан низолар ўз ечимини топмаслиги ёки низо нотўғри ечим топганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу табиийдир. Бутун дунёда бундай ҳолатлар афсуски, кузатилади.

 

2. Йўқ, таҳлилларга қараганда, бугун судларда кўрилаётган жами ишларнинг 3 фоизи бўйича қилинган шикоят ва эътирозлар маълум бир асосга эга бўлиб, шуларнинг тахминан 1 фоизида қўйи инстанция судларининг қозилари хатоларга йўл қўймоқда. Буни инкор этиб бўлмайди.

Бу каби хатолар «қози ҳам хом сут эмган бандада, адашади, хато қилади», деган гап билан асло оқланмайди. Бу ўз номи билан нотўғри қарор, ноқонуний суд ҳужжати, омонатга хиёнат, деб қаралиши даркор.

 

Шу билан бирга, ушбу масаланинг оғриқли иккинчи томони ҳам бор. Демак, таҳлиллар судга мурожаат қилувчилар ва ҳуқуқбузарларни ҳам ўзларига юклатилган омонат – ҳуқуқ ва мажбуриятларига нисбатан масъулият билан ёндашишларини ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ талаб қилинаётганини кўрсатмоқда.

 

Амалда қонунларга итоат даражаси ҳамон пастлигича, судга ҳурмат ҳаминқадарлигича, кишилар ўртасидаги ўзаро суд низолари жараёнида эса, тарафлар ўртасидаги қотиб қолган шахсий интрегиялар, менталитетга айланиб улгурган наф бермас ғурур, ҳақсизлик, қарздорликни атай ё билиб-билмай тан олмаслик, ҳақдорга ютқазишни хоҳламаслик кабилар ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий савияни эзғилаб ташлаяпти.

 

Оқибатда эса, ачинарли ҳолатлар – низоларга ечимларни қонун ва қонуний суд қарорларидан эмас, балки суд унга керагича эътибор қаратмаганлиги, судьянинг ўзини тутиши, унинг идеал бўла олмаганлиги, айрим ҳаракатлари, судьянинг шахсига нисбатан, унинг ташқи кўринишига ва судьянинг ички оламига баҳолар, унинг у ёки бу тарафга бераётган савол-жавобига шубҳа асосида қарашларга урғу бераётганимиз каби ҳолатлар кенг қулоч ёзди.

 

Ваҳоланки, «Судда тарафлар ва улар ўртасидаги ўзаро муносабат ёки тарафлар ва қози ўртасидаги суд олиб бориш тартибидаги ўзаро муомала, агар лозим бўлса, мулоқот устувор аҳамият касб этмоқда.

 

Илло, судда, суд мажлисида фақат адолат ҳамда қонун гапириши лозим. Тамом, сўз ортиқчадир. Бундан ҳеч бир тарафга, жумладан, жамиятга ҳам наф йўқ”.

 

Бунинг акси бўлаверса, масалан, қози тарафларга сиполик билан яхши муомалада бўлса-ю, суд якунига кўра, нотўғри қарор қилган ҳолда ҳам тарафларнинг кўнглини олса ё тарафлар ҳам суд уларни ҳурматини жойига қўйилганидан ғурурланиб, ўзларини хурсанд қилиб кетса, унда ҳақиқий фалокат бўлади.

 

Бу асло судга ишонч ва суддан одамларни рози қилишни англатмайди. Қолаверса, аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, қозига ҳам, судга ҳам баҳо ишонч ёки ишончсизлик қозиларга берилган омонат, яъни, ким нима муносабат билдиришидан қатъи назар, қози фақат ва фақат адолат ва қонунни оғишмай қўллаши билан ўлчаниши лозим.

 

Шунингдек, судга иши тушганлар, ҳуқуқбузарларнинг ҳам қози ва судларга баҳо беришдаги асосий мезони, бу — айнан судьянинг адолат ва қонун ўзларига, яъни кишиларга берилган омонатида — ҳақдорлиги ва қарздорлиги юзасидан келиб чиқаётган низоларида қанчалик тўғри қўлланганини тан олиш, олмасликдан келиб чиқиши шарт.

 

Шу асосда жамиятдаги муносабатлар қонунларга ва суд қарорларига итоат ва итоатсизлик ҳамда унинг оқибатларини англаб етиш асосида шаклланадиган жамиятдаги соғлом қарашлар қози ва судларга ишончни белгилаб берувчи муҳим омил бўлмоғи мақсадга мувофиқ. Хулоса ўзингиздан!

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content