Қидирув:

СУД – ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯЧИСИ

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши этиб белгиланган янги Ўзбекистонда сўнгги 5-6 йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин атрофида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларга асосан, рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда.

 

Хусусан, Президентимизнинг фармони билан “Business.gov.uz” портали “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига айлантирилди. Бу орқали тадбиркорларнинг мурожаати 24 соат давомида қабул қилинади, онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказилади, якуни бўйича эса бизнес-омбудсман президент ва ҳукуматга таклифлар киритади.

 

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 22 август куни Халқаро конгресc марказида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Президентимиз унда, аввало, ўтган йилги учрашувдан бери бажарилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Жумладан, бизнес муҳит яхшилангани натижасида ўтган бир йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар қурилган. Тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етган. Яна минг нафари товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказган, 220 нафарининг тушумлари эса 100 миллион долларга етган. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингта бўлган, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайган.

 

Тадбиркорнинг ишидан роҳат олиб, ижодкорлик билан ишлашида юқорида айтганимиздек унинг ҳуқуқий жиҳатдан дахлсизлиги муҳим ўрин тутади. Шу сабабли ҳам ушбу мулоқот арафасида “колл-марказ” ташкил этилди ва унга тадбиркорлардан 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларда шахсий ёки маҳаллий муаммолар билан бирга тизимли масалалар ҳам кўтарилган. Мурожаатлар бўйича энг мақбул йўлларни топиш учун таҳлилий иш олиб борилиши қайд этилди.

 

Шунингдек, учрашувда тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Аввало, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Келгуси йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилиниши айтилди.

 

Шавкат Мирзиёев солиқ текширувларига оид жарималар тури кўплиги ва оғирлиги бўйича жуда кўп мурожаатлар бўлганига эътибор қаратди. Мисол учун, ойига ўртача 1 миллион сўм солиқ тўлайдиган кичик тадбиркорларга 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий жарима қўлланмоқда. Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.

 

Президентимиз барча турдаги текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши, жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмаслиги кераклигини таъкидладилар.

 

Умуман, энди савдо соҳасида ишлайдиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо барҳам топади – яъни, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади. Адлия вазири ва Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширувлар муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 

Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир. Яратилган имкониятлар туфайли маъмурий ишлар кўриб чиқилишида фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти ҳам, даражаси ҳам ошмоқда. 2022 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 минг 704 иш кўриб чиқилди. Натижада 3 минг 755 фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

 

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 4 минг 716 иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2 минг 641 тани ташкил қилган. Шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг мингдан ортиқ аризаси қаноатлантирилди.

 

Зеро, суд органлари ҳам тадбиркорнинг асосий ҳимоячиларидир.

 

Жонибек БОБОЕВ,

Тошкент туманлараро

маъмурий суди судьяси

СУДЬЯ ХАЛҚ ЭЪТИРОФИГА ҚАНДАЙ ЭРИШАДИ?

Судьялик жуда қадим замонлардан, инсоният тамаддунининг давлатчиликка асос солинган дастлабки даврларидан бошлаб шаклланган. Негаки, жамиятда инсонлар ижтимоий муносабатларга киришар экан, албатта, манфаатлар тўқнашади ва натижада низо келиб чиқади. Низо бор жойда эса уни бартараф этувчи қандайдир кучга эҳтиёж сезилади. Мазкур куч жамиятда қабул қилинган қонун нормалари бўлса, уни талқин қилиш ҳамма замонларда ҳам судьялар зиммасига тушган.

 

Шу нуқтаи назардан судьяларнинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Ҳамма даврларда ҳам унинг ким эканлиги, қандай илмий салоҳиятга эгалигидан ташқари, қандай шахсий фазилатларга эгалиги ҳам муҳим аҳамият касб этган. Судьялик лавозимига қонунчиликни мукаммал ўзлаштириб, уни чуқур таҳлил қила олиш лаёқатига эга бўлган, жамиятдаги юксак обрў-эътиборли шахслар орасидан танлаб олинган.

 

Мусулмон давлатларидаги шариат қонунчилиги билан ишловчи қозиларга ҳам, уйғониш даври Европа мамлакатларидаги судьяларга ҳам одамлар томонидан фақат ва фақат битта талаб бўлганки, у ҳам бўлса адолатли қарор қабул қилишдир. Замонлар ўтиб, инсоният тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг тараққий этиши, инсонлар яшаш даражасининг қўтарилиши, шу билан бирга ижтимоий муносабатларнинг кескинлашиши кузатилаётган йигирма биринчи асрнинг қарийиб чорак қисми ўтаётган бугунги куннинг асосий талабларидан бири ҳам фақат ва фақат адолатнинг қарор топишидир. Шундан ҳам англашимиз мумкинки, адолатга бўлган интилиш ҳеч қачон йўқолмайди ва йўқолмаслиги ҳам керак. Демак, судьяга, унинг фаолияти ва шахсига бўлган талаб ҳам кун сайин ошса ошадики, асло камаймайди.

 

Бу масалада судьянинг мустақиллигига, унинг алдолатли қарор қабул қилишига монелик қиладиган ҳар қандай ҳолатларни бартараф этиб ва халқ орасида суднинг фақат жазоловчи эмас, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган эканлигини намоён қилишга ҳаракат қилиняпти.

 

Халқнинг бундай эътирофига эришиш учун, шундай мавқеда қолиш учун бугунги куннинг судьясидан жуда катта билим ва тажриба, фидокорлик ҳамда касбига содиқлик талаб этилади. Шу ўринда мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз деб биламан: “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига ҳизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат.” Дарҳақиқат, киши судьлик лавозимига эришар экан, уни лавозим ёки касб деб эмас, балки турмуш тарзи сифатида қабул қилиши, унга билдирилган ишончни оқлаш учун адолатни дастуруламал қилган ҳолда яшаши лозим бўлади.

 

Буюк мутафаккир, ўзининг тариқатига асос солган Баҳовуддин Нақшбанд таъбири билан айтганда ўз нафсини эллик марта сув олдига олиб бориб сув ичмасдан қайтара оладиган даражадаги судьялар шаклланиши лозим. Бу ўз ўрнида жамиятнинг иллатларидан бири бўлган коррупцияни олдини олишга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимояланишига, бир сўз билан айтганда жамиятда адолат ва қонун устуворлиги таъминланишига олиб келади. Келажаги буюк бўлган, учинчи ренессанс даврини бошидан кечираётган Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, унинг инвестицион жозибадорлиги ҳам айнан адолат ва қонун устуворлиги қай даражада эканлигига боғлиқлиги бугунги кун учун сир эмас.

 

Жамиятдаги фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, давлатнинг келажагига қайсидир маънода боғлиқликни юксак бир фахр ва масъулият билан ҳис қилган ҳолда, бу борада фаолият юритаётган судьяларнинг 200 нафарга яқини айнан аёл судьялардан иборат эканлиги жамиятдаги аёлларнинг ютуғи десак муболаға бўлмайди. Негаки, адолат ва эзгулик тимсоли бўлган аёл зоти, аввало, она эканлиги, унинг фарзандлар келажаги учун ҳар қандай фидокорликка тайёр эканлиги исбот талаб қилмайдиган аксиомадир.

 

Албатта, ҳеч ким судья бўлиб туғилмайди, лекин шу даражага етганидан кейин, унинг, мантияни кийиб суд залида суд жараёнини олиб боришидан то маҳалла-кўйда, қариндош-уруғлар орасида ҳам ўзини тутиши, ҳатто фарзандлар тарбиясида ҳам амал қилиши лозим бўлган жиҳатлар мавжудки, бу ўз-ўзидан судьялик касб эмас, унинг турмуш тарзи эканлигининг исботидир.

 

Нигора КЕНЖАЕВА,
Тошкент туманлараро
маъмурий судининг судьяси

ҚАЙНОТАМ ҚОЛДИРГАН ДАЛОЛАТНОМА БИЛАН УЙ-ЖОЙГА ЭГАЛИК ҚИЛА ОЛАМАНМИ?

— Қайнотам ўлимидан олдин 23 кишининг гувоҳлигида уй-жойга далолатнома ёздирган. Шу ҳовлига келин бўлиб тушганимга 34 йил бўляпти. Яқинда қайнсинглим уй-жойни ўғлининг номига расмийлаштириб берганини билиб қолдим. Айтишича, қайнотамнинг иккинчи хотини гувоҳлигида ҳужжатлар расмийлаштирилган эмиш. Аммо қайнотамни у аёл билан «ЗАГС»и бўлмаган. Қонуний никоҳи бўлмаса ҳам уй-жой масаласида ваколати борми? Қайнотамни менга қолдирган далолатномаси ҳеч қандай кучга эга эмасми?

Исми сир тутилди

Дурдона АБДУКАХАРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Қайнотангиз ҳаётлик даврида уй-жойини хоҳлаган фуқарога ҳадя ёки васият қилиши мумкин.

 

Далолатнома ва 34 йилдан буён уй-жойда яшаб келишингиз мулк ҳуқуқини бермайди. Сиз мулкдор, яъни қайнотангиз ҳаётлик даврида уй-жойга келин бўлиб тушгансиз. Демак, сиз Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан уй-жойда яшаш ва уйдан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мулкдорнинг вафотидан сўнг, унинг болалари, эри (хотини) ва ота-онаси қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Никоҳсиз яшаган эр (хотин) қонун бўйича меросхўр ҳисобланмайди.

 

Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ, диний расм-русумларга биноан тузилган никох ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

“АЛИМЕНТНИ КАМАЙТИРИШНИ СЎРАБ МУРОЖААТ ҚИЛИНГАН АРИЗА РАД ЭТИЛДИ, САБАБИ…”

— Ўғлим биринчи турмуши билан ажрашган. 2013 йилдан буён алимент тўлайди. Мавсумий ишда ишлагани учун топиш-тутиши яхши эмас. Иккинчи хотини судга алиментни камайтиришни сўраб мурожаат қилганда, аризаси рад этилди. Лекин бу оиласида ҳам вояга етмаган болалари бор, уларни таъминлаши керак-ку. Алиментни камайтириш рад этилгани тўғрими?

Исми сир тутилди

Садоқат САФОЕВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

 

Агарда юқорида назарда тутилган қонун нормасидаги ҳолатлар мавжуд бўлса, судга даъво ариза билан ўғлингизни турмуш ўртоғи эмас, балки алимент тўловчи – ўғлингиз Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга даъво аризаси бериши лозим бўлади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун ундирилаётган алимент миқдори суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ўзгарган тақдирда алиментнинг янги миқдорда ундирилиши суднинг бу ҳақдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади.

 

Суд қарорининг тўғри ёки нотўғрилигига эса фақатгина юқори суд инстанцияси баҳо бериши мумкинлиги боис, келинингиз суд қароридан норози бўлса, юқори судга қонунда белгиланган муддат ва тартибда апелляция шикояти беришга ҳақли.

 

Ўғлингиз мавсумий ишда ишлаганлиги учун топиш-тутиши яхши эмаслиги, биринчи турмуши билан яшамаслиги каби ҳолатлар алимент миқдорини камайтириш учун асос эмаслигини, ҳар қандай вазиятда ҳам ота-она ўз фарзандларининг моддий таъминоти масъул эканлигини, улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигини, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишини эслатиб ўтамиз.

МУКОФОТ ПУЛИДАН АЛИМЕНТ УНДИРСА БЎЛАДИМИ?

— Болаларимнинг отаси билан икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Суд иккита вояга етмаган бола учун алимент тайинлаган. Эрим яқинда бошқа шифохонага ишга ўтди. Билишимча, у ерда мукофот пули ҳам бериларкан. Судга мурожаат қилиб, мукофот пули, устама ҳақ ва бошқа қўшимча тўловларни алиментга киритишни сўрасам бўладими?

Исми сир тутилди

Малика ЗАКИРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Агар алимент тўловчи ишламаса алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.

 

Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, степендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга ўтказиши шарт.

 

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги Қонунга кўра, қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади. Оила кодекисга мувофиқ, алимент тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан олинар экан, демак юридик шахс томонидан жисмоний шахсга тўлаб бериладиган рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, ишланмаган вақт учун тўловлар ва бошқа тўловларнинг жами ҳисобланиб, ундан суд қарорида белгиланган алимент суммаси ушлаб қолинади.

 

Юқоридагиларга кўра, алимент икки усулда, яъни эр ва хотиннинг алимент ундириш ҳақида ўзаро келишуви асосида ёки суд тартибида ундирилиши мумкин.

КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ: НИЗОЛАР ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚЯПТИ?

Маъмурий судлар фаолиятида камерал солиқ текшируви натижасида қабул қилинган қарорлар ва солиқ органи ходимларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ низолар 2022 йилнинг дастлабки олти ойида кўпайди.

 

Аксарият ҳолларда ариза талаблари қаноатлантирилиб, қарорлар ҳақиқий эмас, хатти-ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилмоқда. Амалиётдан келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкинки, уларнинг аксариятида камерал солиқ текшируви билан боғлиқ низолар бўлганлиги сабабли айнан камерал солиқ текширувига оид қонунчилик асосларига тўхталсак.

 

Солиқ кодексининг 137-моддаси солиқ текширувларини тартибга солувчи нормаларни ўз ичига олиб, учта турга: камерал солиқ тешируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитига бўлинади. 138-моддаси эса айнан камерал солиқ текширувига бағишланган. Унга кўра, камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

 

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-741-сонли Қонуни билан Солиқ кодексининг айнан 138-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, солиқ органлари камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар текширувдан олдинги таҳлилни ўтказиши мумкинлиги белгиланди. Ўз ўрнида савол туғилади, текширувдан олдинги таҳлилнинг ўзи нима?

 

Текширувдан олдинги таҳлил — тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир. Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома юборилади. Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.

 

Бир сўз билан айтганда, мазкур таҳлил камерал солиқ текширувидан олдинги ҳолат бўлиб, солиқ тўловчига ҳисоботдаги тафовутларни яна бир бор аниқлаштириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган фаолият ҳисобланади.

 

Зеро, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида келиб чиқаётган низоларнинг асосини ҳам айнан шу ҳисоботлардаги тафовутларни ўзгартириш билан боғлиқ ҳаракатлар натижасида келиб чиқаётганлиги муҳокамамизга сабаб бўлоқда.

 

Шунингдек, 138-модданинг йигирма иккинчи қисми ҳам янги таҳрирда қабул қилиниб, қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан солиқ даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этиш чоғида солиқ органлари қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан олтмиш кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмаслиги белгиланди.

 

Нигора КЕНЖАЕВА,
Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси

ҚОНУННИНГ «ҚАТТИҚ ТИЛИ» ЁКИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ЭҲТИЁЖИ

Қонун нормалари мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб, тўғри қўллай олиш уларнинг таъсирчанлигини оширишда муҳим омили ҳисобланади. Бу эса қонун ҳужжатлари имкон қадар содда ва равон ёзилишини, қўллаш механизми ҳам оддий ва қулай бўлишини тақозо қилади.

 

Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда, тарафларнинг суд қарорларига нисбатан эътирози – шикоят қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тизимини мақбуллаштириш, фуқаролик процессуал қонунчилигида апелляция институтида айрим ўзгартиришларни амалга ошириш эҳтиёжи бор. Зеро, суд қарорларига нисбатан шикоят тарафларнинг энг аҳамиятли ҳуқуқлардан биридир.

 

Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, раислик қилувчи суд ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш вақтида  унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтиради. Яъни:  “Ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу суд орқали Тошкент шаҳар (тегишли вилоят) судига апелляция шикояти берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкин”.

 

Матндаги “ушбу суд” сўзлари “ҳал қилув қарорини қабул қилган суд” маъносини ифодалашини амалиётчи ҳуқуқшунос бўлмаган ишдаги тарафлар  доим ҳам тўғри англамаслиги тажрибаларда кўп кузатилади. Тўғри, ФПКга кўра (384-модда, 1-банди) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари қуйи судлар қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади. Бироқ мазкур кодекс 385-моддасининг 1-қисмига кўра, апелляция шикояти (протести) тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси суди номига йўлланса-да, лекин  у ҳал қилув қарорини (ажрим, қарор) чиқарган суд орқали берилади.

 

Айни ҳолатда қонуннинг тартибга солиш механизмининг тизимлилиги бузилгандек кўринади, оддий мантиққа ҳам зиддек тасаввур уйғотади. Зеро, юқорида қайд этилганидек, қонунлар оддий, ҳаётий ва тушуниш осон бўлиши учун мантиқий тизимли ҳам бўлиши керак. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти”га кўра, қонун лойиҳасининг матнига нисбатан жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги; таърифнинг аниқлиги; баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги бўйича талаблар ўрнатилган.

 

Бундан ташқари фуқаролик процессуал қонунчилигида амалдаги тартибга кўра, суд ҳужжатлари устидан шикоятнинг юқори инстанция суди номига йўлланиши, бироқ у (шикоят) суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали амалга оширилиши юқоридаги услубиёт талабларига ҳам мос эмас. Энг асосийси, фуқароларда тушунмовчиликлар ва қонунни тўғри қўллашда қийинчиликларни юзага келтиради, шу билан бирга, ўз эътирозини айнан норози бўлган суднинг ўзига топшириши фуқарода (тарафларда)  судга нисбатан шубҳа ҳиссини юзага келтириши мумкинлиги ҳам истисно этилмайди.

 

 Суд ҳужжатларига нисбатан берилган апелляция шикоятини кўриш ваколати апелляция инстанциясига тегишли бўлиб, берилган шикоятнинг кўрилиш-кўрилмаслиги масаласи ҳам айнан ушбу инстанция томонидан ҳал қилиниши зарур. Апелляция инстанцияси томонидан кўриладиган шикоятнинг тўғри ёки нотўғри берилганлиги масаласини қуйи инстанция суди ҳал қилиши ҳам қонуннинг тартибга солиш тизимида номувофиқликларни юзага келтиради. Зеро, биринчи инстанция судининг қарори қанчалик қонуний, асосли ва адолатли бўлмасин, ишдаги тараф бу қарор билан келишмаяпти, демак,  унинг эътирози қарор қабул қилган суднинг иродасига боғлиқ бўлиши холислик ва беғаразлик тизимини таъминлашда мувозанат бузилишига ҳам олиб келади. Ўзи кўриб чиқадиган шикоятнинг тўғри расмийлаштирилган-расмийлаштирилмаганлигини айнан шикоятни кўрадиган суд сифатида апелляция инстанцияси ҳал қилиши, бу масала унинг ваколатига тааллуқли бўлиши лозим.

 

Илгари сураётган таклифлар ўз-ўздан муайян камчиликларга кўра (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги ва ҳоказо) шикоят қайтаришга оид тартибларни ҳам апелляция суди ваколатига беришни тақазо қилади. Бу, биринчи навбатда, фуқароларда суд ҳужжати қабул қилган биринчи инстанция судига нисбатан турли шубҳаларга барҳам беради.

 

Апелляция шикоятлари тўғридан-тўғри шу инстанцияга берилиши  шикоятларнинг ушбу босқичга етиб бориши жараёнида бир бўғин ёки босқич четлаб ўтилган бўлади ҳамда эътирозларга оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) тушунарли ва ихчам тартиб шаклланиш имкониятини ҳам пайдо қилади.  Энг муҳими, процессуал қонунлар мазмуни ва ишлаш механизмининг унификациялашуви юз беради. Зеро, Фуқаролик процессуал кодекси 405-моддасининг 1-қисмига кўра, кассация шикояти (протести) апеллация шикоятлари тақдим этишдан фарқли равишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

 

Суд ҳужжатларини қайта кўрувчи иккита инстанцияга шикоятларни бериш тартибининг турлича эканлиги фуқароларда англашилмовчиликларни юзага келтираётганини юқорида қайд этиб ўтдик. Чунки, тартибга солинаётган механизм битта – суд ҳужжатини қайта кўриш, лекин юқори инстанция турига қараб шикоят бериш тартибининг ўзгариб бориши ҳеч қандай қулайликлар келтирмаётганини амалиёт кўрсатиб турибди.

 

Шунингдек, процессуал қонунлар унификациялашувининг яна бир варианти бу – Фуқаролик процессуал кодексида шикоятларни бериш
ва расмийлаштириш юзасидан мавжуд тартибни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги тартиблар билан бирхиллаштиришдир.

 

Чунончи, Иқтисодий процессуал кодекси 261-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 202-моддаси талабларига кўра,  апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.   

 

Фуқаролик процессуал қонунчилигида ҳам бундай тартибнинг ўрнатилиши юқорида қайд этилган муайян камчиликлар билан тақдим этилган (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги) апелляция шикоятини иш юритувга қабул қилиш ҳамда шикоятнинг тақдирига оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши имкониятини беради. 

 

Аслида ФПК, ИПК ва МСИЮТКда суд ҳужжатларига шикоят бериш муддатлари, шикоятни кўриб чиқиш тартибининг бир хил қилиб белгилангани ҳолда фақат ФПКда шикоятни расмийлаштириш тартибининг бошқача тартиби белгиланиши мантиққа тўғри келмайди. 

  

Таклиф этилаётган тартиб шикоятларнинг нисбатан тез кўрилишини самарадорлигини ҳам оширади, назаримизда. Яъни, процессуал қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ишдаги тарафлар томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олади, шикоятларни судда кўриш учун тайёрлаш ва тайинлаш билан боғлиқ жараёндаги ноқулайликлар бартараф этилади.

 

Мавжуд амалиётга кўра, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан ФПК 385-387-моддалари талаблари бажарилмаган ҳолда апелляция инстанцияси судига юборилган ҳолда, иш тегишли тарзда расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборилади (Олий суд Пленуми 2021 йил 20 апрелдаги “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарори 9-бандининг 4-хатбошиси). Яъни, апелляция шикоятининг процессуал қонунчилик талабларига риоя қилинган ҳолда берилганлиги масаласини ҳал қилиш ваколати биринчи инстанция судига берилгани ҳолда, қонунчиликда биринчи инстанция суди ҳам ушбу масалани “тўғри берилган” деб ҳал қилишда камчиликларга йўл қўйиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Шикоятнинг тўғри берилган-берилмаганлигига охирги баҳони апелляция инстанцияси берар экан, ушбу ваколат бошидан мазкур инстанцияга тааллуқли бўлиши лозим.

 

Шунингдек, юқоридаги Пленум қарори 9-бандининг 5-хатбошисига кўра, апелляция инстанцияси суди томонидан иш апелляция тартибида кўрилаётганда бошқа шахсдан шикоят (протест) келиб тушган ҳолда ҳам иш ФПК 389-моддаси талабларини бажариш учун биринчи инстанция судига юборилади.

 

Бундай тартиб эса ишларни апелляция инстанциясида кўриш муддатларига жиддий таъсир қилади, зеро, амалиётда “биринчи инстанция судига юбориш” камида бир ой муддатни олади. Ваҳоланки, апелляция инстанциясининг бошқа шахсдан келиб тушган шикоят (протест)ни қабул қилиш масаласини ҳал қилиши ҳам муддатлар чўзилишининг ва процессуал тартиб юзага келтирган сансалорликнинг олдини олади ҳам жараённи тартибга солиш механизмидаги тизимлиликни таъминлайди.

 

Сўнгги вақтларда суд амалиётида ишдаги тарафлар томонидан бундай процессуал тартибни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраётгани бор гап. Айниқса,ишда бир нечта тарафлар иштирок этаётган ҳолатларда уларнинг ҳар бири томонидан навбат билан шикоят берилиши натижасида иш такрор ва такрор бир неча марта биринчи инстанция судига қайта расмийлаштириш учун юборилмоқда. Оқибатда ишдаги бошқа тарафларнинг асосли эътирозлари келиб чиқмоқда, апелляция инстанцияси эса шикоятни кўрувчи (ҳамда агарда камчиликлар билан расмийлаштирилган бўлса, ушбу камчиликларни кўрсатиб, қайта расмийлаштириш учун юбориш ваколатига эга) суд сифатида шикоятни бевосита қабул қила олмаслиги натижасида мантиқсиз ҳолат юзага келиб, мавжуд тартибнинг ўзи сансалорликка, ҳуқуқ суиистеъмолига йўл очиб бермоқда.

 

Амалдаги процессуал қонун талабларига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанцияси судида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилади ҳамда суд мажлисининг вақти ҳам ушбу суд томонидан белгиланади.

 

Сўнгги йилларда апелляция шикоятлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Шикоятларнинг кўрилиш вақти биринчи инстанция судлари томонидан белгиланиши туфайли амалиётда бир вақтда бир нечта ишларнинг тайинланиши, натижада фуқароларнинг суд мажлисини узоқ вақт кутиб қолиши ҳолатлари ҳам юз бермоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра, шикоятлар апелляция инстанциясига тўғридан тўғри берилса, суд мажлислари вақти ҳам шу инстанция томонидан  мавжуд жадвални инобатга олган ҳолда тайинланади. Бу эса турли сансалорлик ва  эътирозларнинг олди олиниш имкониятини беради.

 

Ўртага ташланаётган таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш жараёнининг узвий қисми бўлган суд ҳужжатларини қайта текшириш институтини янада такомиллаштириш орқали апелляция инстанцияси институти фаолиятининг самарадорлиги ошишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, бугунги кунда шундай ҳам иш юкламаси катта бўлган биринчи инстанция судлари ишини бирмунча осонлаштиришга хизмат қилади.

 

Шуҳрат АББАСОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

“ЭРИМ УЧ ЙИЛ ЎТИБ, УЙ ТАЛАШЯПТИ”

— Турмуш ўртоғим бундан уч йил олдин бир аёлга илакишиб, у билан хорижга кетиб қолганди. Бу орада болаларга ҳам, уй-рўзғорга ҳам ўзим бош-қош бўлдим. Уй тўловларини ҳам ўзим тўладим. Яқинда эрим қайтиб келиб, «Ҳеч нима бўлмагандек яшашга рози бўлмасанг, уйдан ўз улишимни талаб қиламан», деб шарт қўйди. У билан яшашни истамайман. Уй никоҳ даврида олинган. Унинг мулкдаги улуши қандай бўлади? Уч йил оилада яшамагани ҳисобга олинадими?

Исми сир тутилди.

Зулфия БЕРДИМУРАТОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

 

Ушбу кодекснинг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

 

Мазкур кодекснинг 28-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.


Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, сизга турмуш ўртоғингизнинг мулкдаги улуши тенг ҳисоблананишини, шунингдек, турмуш ўртоғингизнинг уч йил оилада яшамаганлиги никоҳ давомида орттирган мулкдаги улушига таъсир қилмаслигини маълум қиламан.

 

КАСАЛЛИГИ ТУФАЙЛИ ШАХС ҲУЖЖАТНИ ИМЗОЛАЙ ОЛМАСА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИЛАДИ?

— Отамиздан қолган уйни укамнинг номига расмийлаштирмоқчи эдик. Нотариусда акамнинг Паркинсон касали борлиги учун ўрнига жияним ҳужжатга имзо қўймоқчи бўлганида, нотариус бундай қилиш мумкин эмаслигини, ўзи имзолай олмаса, бу иш суд орқали ҳал қилинишини айтиб, рад этди. Акамнинг қўллари қалтирайди, мунтазам даволаниб туриши ҳақида тегишли ҳужжатлар бор. Нотариуснинг ҳаракати тўғрими? Ростдан ҳам бу иш судда кўриладими?

Исми сир тутилди

Анвар ҲАМРОЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига кўра, нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатлар нотариус иштирокида имзоланади. Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин.

 

Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш жараёни видеоконференцалоқа орқали амалга оширилиши мумкин.

 

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз барча нотариал ҳаракатларни мазкур нотариал идоранинг ўзида амалга оширишингиз тавсия этилади, судга мурожаат қилиш шарт эмас.

“ИШДАН БЎШАДИМ, МЕҲНАТ ДАФТАРЧАМНИ ЭСА БЕРИШМАЯПТИ. ШУ ТЎҒРИМИ?”

— Ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим. Лекин кадрлар бўлими бошлиғи меҳнат дафтарчамни бермаяпти. “Аввал икки ҳафта ишлаб берасиз, кейин оласиз”, деди. Шу тўғрими? Ишлаб беришим шартми? Агар рад этсам, меҳнат дафтарчамни беришмайдими?

Исми сир тутилди

Жасур НОРҚОБИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

 

Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3-бўлими 3.1-бандига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафатарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

 

Иш берувчининг айби билан меҳнат шартномасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Ходим ишдан бўшаганида меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида, Меҳнат кодексининг 7-моддасида, бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш, яъни мажбурий меҳнат таъқиқланган.

Skip to content