Қидирув:

«ТАЪТИЛДАГИ ХОДИМ ИШГА ҚАЙТСА, МЕН НИМА ҚИЛАМАН?»

— Корхонада молия бўлимида ишлайман. Мендан олдин ходим бола парваришлаш таътилида эди (ариза асосида). Ҳозир фарзанди 1,5 ёш бўлган. Яқинда ишхонага келиб, «Ишга чиқмоқчиман, жойимни бўшатиб қўйинг», деди. Фарзанди 2 ёшга тўлгунича ишлаб туришга ҳақим йўқми? Ахир ариза ёзган-ку?

Исми сир тутилди.

Беҳзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилиниши белгиланган.

 

Мазкур ҳолатда, туғруқ таътилида бўлган аёл муддатидан илгари ҳам ишга чиқиш мумкин. Унинг ўрнига вақтинчалик олинган ходим ўрнини бўшатиб бериши шарт.

МАШИНА БУЗИЛИБ ҚОЛСА ҲАМ ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Бозор ҳудуди олдида машинам бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолдим. Шу вақтда машина тўхташ мумкин бўлмаган жойда тўхтаганлигим сабабли менга нисбатан ЙХХБ томонидан катта миқдорда жарима келди. Ахир мен машина бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолгандим. Ушбу вазиятда судга мурожаат қилишим мумкинми?

Исми сир тутилди

Ҳамиджон ШАМШИЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан қабул қилинган амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича мажбурий тўхташ – техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди.

 

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 93-бандига кўра, тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда, ҳайдовчи транспорт воситасини йўлнинг четига олиб чиқиш ва ушбу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши шарт.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 315-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби белгиланган бўлиб унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят берилиши мумкин.

 

Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.

 

Ушбу Кодекс 316-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати белгиланган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ЙХХБ қарори устидан қарорнинг нусхасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида жиноят ишлари бўйича туман судига шикоят беришингиз мумкин. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАШ МУМКИНМИ?

— Кичик ўғлим бир неча йил олдин хотини билан ажрашиб, оталик ҳуқуқидан бекор қилинганди. Ҳозирда қилмишидан чин дилдан пушаймон. Фарзандига тарбия беришни хоҳлаяпти. Аммо оталик ҳуқуқи бекор қилингани учун ўғли билан кўриша олмайди. Айтингчи, оталик ҳуқуқини тиклаш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади? Тўловлари борми? 

 ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?

— Оила кодексининг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

 

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

 

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Ушбу Кодекснинг 79 ва 80-моддаларига асосан, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

 

— ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

 

— узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

 

— ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

 

— муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;

 

— ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.

 

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ ТИКЛАНИШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

— Оила кодексининг 81-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

 

Бундан ташқари, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она фарзанди билан учрашиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.

 

Бундай ҳолатда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

 

Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

 

ЎН ЁШГА ТЎЛГАН БОЛАНИНГ РОЗИЛИГИ ОЛИНИШИ ЛОЗИМ

— Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.

 

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади.

 

Қонун талабларидан келиб чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (ёки улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топганлигини, ўз хулқ-атвори, турмуш тарзи ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабати ўзгарганлиги тасдиқловчи ҳолатларни кўрсатиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда, даъво ишларини юритиш тартибида бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васий (ҳомий)га нисбатан улар яшаб келаётган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онанинг ота-оналик ҳуқуқи тикланган тақдирда улар фарзанди билан учрашиш ва фарзандининг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш, шунингдек, болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Азиз РАХМОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

ТОШКЕНТДА УСТА ЙИГИТ ҚАБИҲ РЕЖАСИ ЙЎЛИДА БИР АЁЛНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНДИ

Одам боласини нафс қайси кўчаларга бошла майди дейсиз. Эндигина ўттизни қоралаган, туппа-тузук уста бўлган Даврон Зоҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) пул учун энг жирканч ишни қилишни ҳам ўзига эп кўрди. У ўғрилик қилиш учун танлаган манзилини қаранг. Аввалига у олдиндан ўзи билган хонадонга гўёки кексаларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида кириб, уйнинг ётоқхонасидан 500 АҚШ долларини ўғирлади. Лекин Даврон бу билан қониқмади…

 

Судда судланувчи Даврон ўзига қўйилган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, бўлган воқеани айтиб берди.

 

У маҳалладоши Тўранинг Корея давлатида ишлаб қайтиб келганлигини, кейин ота-онаси яшайдиган Бектемир туманидаги хонадонининг бир қисмига янги иморат қуриб бериши учун уни устачиликка ёллаганини айтди. Даврон Андижон вилоятидан келган икки шогирди билан хонадонда қурилиш ишларини бошлаб юборади.

 

Уста йигитлар 5 хонадан иборат янги иморатни пойдеворидан бошлаб қуришади. Усталар уйнинг томини ҳам ёпиб беришади. Ишлаган иши учун Тўра ҳисоб-китобни тўлиқ қилади. Уста йигит Даврон шу орада бу хонадонга келиб-кетиб юрганида уйдаги ҳамма нарсани, шарт-шароитларни кўриб-билиб олади. Йигитнинг отаси касаллигини ҳам кўради. Отасининг ўнг кўзида кўришда нуқсони борлигини, кексалигини, ён-атрофида бўлаётган воқеаларни яхши тушуниб ета олмайдиган даражада беморлигини яхши биларди. Тўра яна Кореяга ишлаш учун кетади. Уста йигит Даврон эса, вақти келиб бу уйни тунашга киради…

 

Даврон суд мажлисида карантиндан кейин оиласидаги моддий аҳвол яхши бўлмаганлигини, молиявий қийнал ганлиги учун картошка ва пиёз маҳсулотларини қадоқлаб сотиш мақсадида керакли ускуна сотиб олиш учун “Халқ банки”нинг Бектемир туман филиалидан ўзининг номига 30 миллион сўм миқдорда 3 йил муддатга кредит олганлигини айтади.

 

Даврон ушбу кредит маблағи эвазига керакли ускунани сотиб олади. Лекин карантин сабабли ишни ташкил эта олмайди. Ишлари юришмай, қарзга киради. Бунинг устига ойма-ой кредит тўлаш учун пул кераклигини ўйлаб, бир йилча аввал ишлаган қўшни хонадон хаёлига келади. У шу хонадонда пул бор деб ўйлайди ва уни қўлга киритишга ҳаракат қилади.

 

Даврон ҳаво совуқ бўлганлиги учун кечаси ошхонага ўтиб, икки шиша ароқдан ўзи истаганича ичади. Ҳар эҳтимолга қарши ошхонадаги бир томони чопқи, бир томони болғали болтачани қўлига олиб, кимдир қаршилик қилса ёки сезиб қолса, ишлатишни режалаштиради. Ҳали тонг ёришмасидан уй эгалари ухлаётганлигини тахмин қилиб, ўзининг қабиҳ режасини амалга ошириш учун қулай фурсат етганини англайди. Ётоқхонага кириб келган Давронни аввалига ҳеч ким пайқамайди. Кейин у ҳаммаёқни титкилаб, уйдаги моддий қимматликларни излаётган вақтида шовқин овозидан хонадон соҳибаси уйғониб қолади. У Давронни танийди. Бундан қўрқиб кетган Даврон қўлидаги темир болтанинг тўмтоқ қисми билан аёлнинг бош қисмига уради. Аёл ҳодиса жойида вафот этади. Нафс измига бўйсунган Даврон бунга парво ҳам қилмайди.

 

Қотиллик қилгани билан Даврон уйдан айтарли қиммат нарса топа олмади, у кўзлаган пуллар ҳеч қаерда йўқ эди. Фақатгина 2 дона собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган кўкрак нишони билан ошхонадаги аёллар сумкасидан ўғирланган 88 минг сўм пул, қотил ва ўғри деган ном билан бу хонадондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

 

Янги тонгни у шундай тузатиб бўлмас хатолар билан кутиб олди. Хонадоннинг кириш эшигини устидан қулфлаб, калитни ўзи билан олиб кетди. Шундан кейин бир танишини шу уйга чақириб, ҳовли четида ётган темир буюмларнинг бир қисмини машинага ортиб олиб кетди-да, сотиб юборди. У ваҳшийларча хонадон соҳибасини ўлдиргани етмагандек виждонсизларча шунча нарсани сотиб юборди ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатди. Ҳар бир ишнинг жавоби бор.

 

Суд ҳукмига кўра, Даврон 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Давроннинг қарзлари у ўйлагандай тўланиб қолмади ҳам, ўзи қотиллик қилиб, панжара ортига тушди, норасида фарзанди тирик етим бўлди. Гулдай ҳунари бўла туриб, озгина қийинчиликка чидамай, чорасизлигидан ўғриликни касб қилган Давронни энди ҳақиқатда чорасиз дейиш мумкин.

Умид ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича

Бектемир туман суди судьяси

КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИ СУД ҚАРОРИГА КЎРА ГАРОВДАГИ МУЛК ОРҚАЛИ УНДИРИЛМОҚДА, БАНК ЭСА ФОИЗ ҲИСОБЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ. ШУ ТЎҒРИМИ?

— Кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган. Бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан банк фоизларини ҳисоблаб келмоқда. Бу ҳолат тўғрими?

Саволга Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари Муҳиддин Султонов жавоб берди:

 

— Фуқаролик кодекси (ФК) 736-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.

 

Бу ҳақда Олий суд ва Олий хўжалик судининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорида ҳам тушунитириш берилган. Қарорнинг 10-бандида кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайслиги, агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозимлиги назарда тутилган.

 

Яъни, кредит қарздорлиги суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган ва ундирув гаровдаги мулкка қаратилган, бугунги кунда ижро жараёнлари олиб борилаётган бўлса ҳам то кредит қарзи амалда тўлиқ қоплангунга қадар банк амалда қопланмаган кредит қарзига фоизлар ҳисоблаши мумкин.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларга 2022 йил 9 ойида Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 3815 ариза(шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 150 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган (ўтган йили бу кўрсаткич 416 тани ташкил этган), 147 та (ўтган йил 793 та) ариза ва шикоятлар қайтарилган ҳамда 3318 та иш мазмунан кўриб тамомланган. Шундан 1985 таси оммавий низолар бўлса, 1333 та материал ҳисобланади. Ишларнинг кўрилиш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 25,6% га ўсган.

 

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ариза (шикоят)ларни қабул қилишни рад қилиш ҳолати сал кам 3 бараварга, қайтариш ҳолати эса беш ярим бараварга камайган.

 

Оммавий низо бўйича 1043 таси ёки 52,5 фоизи қаноатлантирилган, 634 таси ёки 31,9 фоизи рад қилинган, 237 (11,9%) таси иш юритишдан тугатилган, 71 таси ёки 3,6 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Оммавий низоларнинг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 28,8 фоизга ўсган.

 

Шунингдек, биринчи инстанцияда ишларни кўриш якунлари бўйича жами 223 та қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан таъсир чоралар сифатида хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шунинг 175 таси ёки 78,5 фоизининг ижроси юзасидан жавоб хатлари олинган. Шундан 25 та ҳолат бўйича шансабдор шахсларга қонунчиликда йўл қўйган камчиликлари учун ташкилот раҳбарлари томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

 

Биринчи инстанцияда кўриб тамомланган 1333 та материалнинг 1282 таси қаноатлантирилган 51 таси рад қилинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 21,1 фоизга ўсган.

2022 йилнинг 9 ойи давомида қуйидаги маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, билан боғлиқ ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:

 

  • Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 433 та иш кўрилган. Шундан, 403 таси қаноатлантирилган, 14 таси рад қилинган, 3 таси кўрмасдан қолдирилган, 13 таси иш юритишдан тугатилган;

 

  • Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 510 та (ўтган йили 353 иш) кўрилган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсган. Шундан, 348 таси (ўтган йили 209 таси) қаноатлантирилган, 81 таси рад қилинган, 70 таси иш юритишдан тугатилган, 11 таси кўрмасдан қолдирилган, Ишларни кўриш натижалари бўйича чиқарилган сад таъсир чораларининг асосий қичми, яъни 102 таси ёки 45,7 фоизи солиқ идоралари мансабдор шахсларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чиқарилган;

 

  • Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 301 та иш кўрилган. Шундан, 77 таси қаноатлантирилган, 176 таси рад қилинган, 15 таси кўрмасдан қолдирилган, 33 таси иш юритишдан тугатилган (маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ ишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,5 фоизга камайган ҳамда рад қилинган ишлар сони ҳам кўрилган ишларнинг 58,5 фоизини ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур органларда иш анча яхши ташкил қилинаётганлигидан дарак беради);

 

  • Мажбурий ижро бюроси марказий ва ҳудудий идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 223 та (ўтган йили 149 та иш) кўрилган бўлиб, шундан
    43 таси қаноатлантирилган, 116 таси рад этилган, 43 таси иш юритишдан тугатилган, 21 таси эса кўрмасдан қолдирилган (ўтган йилга нисбатан 49,7 фоизга ошган);
  •  
  • Адлия органлари (интеллектуал мулк агентлиги, нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 80 та (2021 йилда 65 та) иш кўрилган. Шундан, 33 таси қаноатлантирилган, 34 таси рад қилинган, 10 та иш юритишдан тугатилган, 3 таси  кўрмасдан қолдирилган.
  •  
  • «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига оид ишларни кўриш бўйича» МФЙ сайловига оид Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанцияси томонидан жами 7 та иш кўрилган бўлиб, шундан 4 та иш бўйича арз қилинган талаб рад қилинган, 2 та иш бўйича ариза талаби қаноатлантирилган, 1 та ҳолатда ариза иш юритишдан тугатилган;
  •  
  • Бундан ташқари, Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига нисбатан масжидни рўйхатдан ўтказмасликдаги ҳаракатлари билан боғлиқ;
  •  
  • Мудофаа вазирлигининг уй-жой комиссияцига нисбатан уй-жойларни хусусийлаштириш билан боғлиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига нисбатан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш масаласидаги; Шаҳар, туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига нисбатан доимий рўйхат (прописка)га қўйиш ва ундан чиқариш билан боғлиқ низолар ҳам Тошкент шаҳар маъмурий судларида кўриб келинмоқда.

Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш (муддатини узайтириш, озод қилиш) билан боғлиқ жами 1318 та илтимоснома кўрилган бўлиб, шундан 1271 та илтимоснома қаноатлантирилган, 47 та илтимоснома рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида 542 та иш апелляция инстанциясида кўриб тамомланган. Шундан биринчи инстанция қарорининг 422 таси ўзгаришсиз қолдирилган, 7 таси ўзгартирилган, 85 таси бекор қилинган, 28 та иш юритишдан тугатилган.

 

Апелляция инстанциясида бекор қилинган ишлар ўтган йилга нисбатан 33,59 фоизга камайган. Буни ҳаи суд қарорларининг йилдан-йилга барқарорлашаётганинг бир далили дейишимиз мумкин.

 

Апелляцияда кўрилган ишлар бўйича жами 71 та иш якуни юзасидан қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, судлов ҳайъатлари томонидан хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилган. Уларнинг 51 тасининг ижроси таъминланган.

 

Қолганлари бўйича ташкилотларга тегишли эслатма хатлари юборилмоқда. 3 таси эса ижро муддати бузилмаган хусусий ажримлар ҳисобланади.

Шунингдек, чиқарилган суд таъсир чоралари маъмурий органлар кесимидаги ҳиссаси қуйидагича:

 

— солиқ идораларига нисбатан 27 та ёки жами хусусий ажримларнинг 38 фоизи;

 

— маҳаллий ҳокимликларга 17 та;

 

— Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига нисбатан 6 та;

 

мажбурий ижро бюроси ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан 3 та ва бошқа органлар ҳиссаларига тўғри келади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатлари томонидан жорий йил 9 ойида жами 7 та ишни кўриш натижасида тарафларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари бор ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура идораларига хабарномалар юборилган бўлиб, шундан 5 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги, 1 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги ҳамда МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги судга ҳабар қилинган.

Профилакта…

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига бевосита жами 1159 та мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожатларнинг катта қисмини, яъни:

 

– 612 (ўтган йили 768 та) таси ёки 53 фоизи шахсий ёки сайёр қабуллар орқали, ёхуд идорада фуқароларнинг ўзлари билан бевосита учрашиб ҳал қилинган мурожатлар;

 

– 167 (ўтган йили 216 та) таси ёки 14,4 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Ҳалқ қабулхонаси ва бошқа идоралар веб-сайти орқали Тошкент шаҳар маъмурий судига келиб тушган ва ўрганиб чиқилган мурожаатларни;

 

– 380 (ўтган йили 340 та)таси ёки 32,8 фоизи эса жисмоний ва юридик шахслар томонидан Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига электрон тарзда ёки почта орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил этади.

Келиб тушган ҳар бир мурожаатни ҳисобга олиш, унинг ҳаракати ва белгиланган муддатида кўриб чиқилиши устидан назорат кучайтирилган.

 

Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойлик даври мобайнида Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди раислари томонидан тасдиқланган режа-график бўйича Тошкент шаҳар ва Тошкент туманлараро маъмурий судлари барча судьялари ўзларига бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 284 нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиб келган.

 

2022 йил 9 ойи давомида Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси ва барча судьялари тасдиқланган режа-график бўйича ўзларига “Менинг маҳаллам менинг судьям” тамойили асосида бириктирилган МФЙларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 1136 (шундан 525 таси ногиронлиги бор шахслар) нафар ҳуқуқий кўмакка муҳтож (ногирон) фуқароларга ёрдам кўрсатилган (2021 йил 9 ойида 284 та эди).

 

Шуни таъкидлаш лозимки Аёллар дафтарига киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож (ногирон) хотин-қизларга Тошкент шаҳар маъмурий судларнинг судьялари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баравар кўпайган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жами 51 954 та (2021 йилда 42 121 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 282 тани ташкил этади. Шундан 46 227 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 45 006 таси (2021 йилда 31 888 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 39 541 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 3 133 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 897 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 435 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

 

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 13 118 тага ёки 41,1 фоизга кўпайган.

 

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 45 006 та ишларнинг 18 185 таси ёки 40,4 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

 

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 5 216,6 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 160,4 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

 

Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 36,6 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 21 485 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 22 683 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 17 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 745 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 76 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.

Мурожаатлар…

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 393 та мурожаатлар (43 таси судлов ҳайъатига, 350 таси туманлараро иқтисодий судига) келиб тушган. Улардан 379 таси тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган ҳамда ўрганишдаги қолдиқ мурожаатлар сони 14 тани ташкил этган.

 

Судларда иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар суд биносида раисларнинг шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан   49 нафар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан 79 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2022 йил 9 ойи давомида 9 191 (6 159) нафар шахсга нисбатан 7 395 (4.852) та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 2 543 тага (52,4%), жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 032 нафарга (49,2%) кўпайган.

 

Судлар томонидан 2022 йил биринчи ярмида жами 131 (110) нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1740 (1.051) ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

 

Жиноят оқибатида етказилган 264,5 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 882 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 1 306 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

 

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 90 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган, 158 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 1670 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган.

 

Жиноят ишларининг 3 655 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1 829 таси унча оғир бўлмаган, 3 299 таси оғир ва 408 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.

Соҳалар бўйича қарайдиган бўлсак, коррупцияга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар тоифаси:

 

— Соғлиқни сақлаш соҳаси 14 нафар шахс;

 

— Таълим соҳаси 25 нафар шахс;

 

— Банк йўналиши бўйича 4 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилганлар.

Судланган шахсларнинг 779 (10,9%) нафарига жарима, 1851 (25,9%) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1365 (19,1%) нафарига озодликни чеклаш, 2805 (39,2%) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 85 (1,1%) нафарига мажбурий жамоат ишлари, 2 (0,02%) нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, 258 (3,6%) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

 

Судланганларнинг 759 нафарини (10,6%) аёллар, 198 нафарини (2,7%) вояга етмаганлар, 3 391 нафарини (47,4%) ёшлар, 176 нафарини (2,4%) 60 ёшдан ошган эркаклар, 74 нафарини (1,03%) чет эл фуқаролари ва 13 нафарини (0,1%) тадбиркорлар ташкил этган.

 

1 704 (1 536) нафар муқаддам судланган шахслар томонидан такроран жиноят содир этилган.

Судлар

Умумий
судланганлар сони

 

 

Ўтган ҳисобот даври
билан фарқи

 

2021 йил 9 ойи

2022 йил 9 ойи

Сон
ҳисобида

Фоиз
ҳисобида

 

Учтепа туман

585

659

74

12,6

 

Бектемир туман

334

473

139

41,6

 

Миробод туман

531

665

134

25,2

 

М.Улуғбек туман

582

623

41

7,0

 

Сирғали туман

517

608

91

17,6

 

Олмазор туман

544

595

51

9,4

 

Чилонзор туман

590

862

272

46,1

 

Шайхонтоҳур уман

506

669

163

32,2

 

Яшнобод  туман

550

650

100

18,2

 

Юнусобод туман

631

759

128

20,3

 

Яккасарой туман

532

457

-75

-14,1

 

Янгиҳаёт туман

256

350

94

36,7

 

ЖАМИ

6158

7370

1212

19,7

 

СОДИР ЭТИЛГАН ЖИНОЯТЛАР МОДДАЛАР КЕСИМИДА ТАҲЛИЛИ

ЖК моддаси

2021 йил
9 ой

2022 йил 9 ой

-/+

Фоизи

1.                  

Қасддан одам ўлдириш

32

33

+1

3,1 %

2.                  

Номусга тегиш

7

8

+1

14 %

3.                  

Босқинчилик

96

99

+3

3,1 %

4.                  

Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда жароҳат атказиш

192

199

+7

3,6 %

5.                  

Пора олиш

8

18

+10

125%

6.                  

Транспорт воситаларини олиб қочиш

27

58

+31

114%

7.                  

Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш

195

251

+56

28%

8.                  

Пора олиш,бериш, воситачилик қилиш

101

185

+84

83 %

9.                  

Талончилик

238

332

+94

39%

10.              

Безорилик

301

405

+104

34%

11.              

Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож  қилиш

262

370

+108

41%

12.              

Гиёвандлик воситалари билан жиноятлар

665

964

+299

44%

13.              

Ўғрилик

746

1123

+377

50 %

Профилактика…

Давлат раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 2 704 та (36,5%) жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 6 029 та (81,4 %) суднинг хусусий ажримлари чиқарилган.

 

Ўз навбатида соҳалар бўйича жиноятчилик содир қилинган аҳволи юзасидан Тошкент шаҳар Соғликни Сақлаш бош бошқармасига, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига ва Тошкент шаҳар ИИББга тақдимномалар чиқарилган.

 

 “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар ўзларига бириктирилган Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

 

Тошкент шаҳар судининг иш режасига киритилган “Аёллар дафтари” асосида Тошкент шаҳридаги барча маҳаллаларга судьялар бириктирилган ва доимий равишда ишлар олиб борилмоқда.

 

Хусусан, 4 400 та хуқуқий ёрдамга мухтож аёллар судьялар томонидан қабул қилиниб, уларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

 

Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2022 йил 9 ойида 85 619 (60 993) нафар шахсга нисбатан 75 186 (53 379) та маъмурий ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 21 807 тага (40,8%), шахслар сони эса 24 626 нафарга (40,3%) кўпайган.

 

Кўриб тамомланган 57 217 (41 978) та иш бўйича 65 200 (48 168) нафар шахсга нисбатан қарор чиқарилган, 20 419 (12 825) нафар шахсга нисбатан 17 969 (11 401) та ишлар тугатилган.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 43 804 (67,2%) нафарига жарима, 247 (0,4%) нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 21 137 (32,4%) нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

 

Тугатилган ишлардан 2 754 (2 700) нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб огоҳлантирилган, 17 665 (10 125) нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 271-моддасига кўра тугатилган.

 

Кўриб томомланган материаллар 4 641 (5 060) нафар шахсга нисбатан, шундан 3 029 (3 736) нафар шахсга нисбатан қаноатлантирилган, 1 6124 (1 324) нафар шахсга нисбатан рад қилинган.

 

Мурожаатлар…

2022 йилнинг 9 ойи давомида жиноят судлов ҳайъати бўйича шаҳар ва туман судларига жами 5 177 (4 860) та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 2 140 (2935) таси виртуал қабулхона орқали, 1 290 (872) таси бевосита судларга, 1 747 (1 053) таси раис, раис ўринбосарлари ҳамда судьялар томонидан бевосита идорада ва сайёр қабулларда қабул қилинган фуқароларни ташкил этган.

 

Бевосита судларга келиб тушиб ўрганилган 1290 (872) та мурожаатларнинг 643 (354) таси қаноатлантирилган, 525 (470) тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 15 (8) таси рад этилган, 12 (12) та мурожаатлар тегишлилигига кўра юборилган ва 95 (28) та мурожаатлар ўрганиш жарарёнида бўлиб қолдиқда қолган.

 

2022 йилнинг 9 ойи йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал, Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг виртуал ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг виртуал қабулхонасидан орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг электрон манзилига жами 2 140 (2 935) та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 795 тага камайган.

 

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг электрон манзилига келиб тушган 2 140 (2 935) та мурожаатларнинг 356 (104) таси қаноатлантирилган, 1 759 (2 672) тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 22 (19) таси рад этилган ва 3 (140) та мурожаатлар ўрганиш жарарёнида бўлиб қолдиқда қолган.

 

2022 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳар судининг раиси ва туман суди раислари ҳамда судьялари томонидан шахсий ва сайёр қабулларидан 1 747 та (шундан 1 095 таси ёки 62,6 % сайёр қабулда ва 647 таси ёки 38,4 % бевосита идорада) фуқаролар ариза, таклиф ва мурожаатлари билан қабул қилинган. Шуниндек, жами 1 747 та мурожаатларининг 216 таси ёки 12,3 % қаноатлантирилган, 1.531 таси ёки 87,7 % ҳуқуқий тушунтириш берилган.

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида жами 65 842 та фуқаролик иши тамомланган бўлиб, ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 837 тага ёки 56,2 фоизга кўпайган (2021 йил 9 ойида бу кўрсаткич 37 005 тани ташкил этган).

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига даъво аризалар тақдим этишда ихтиёрий 31 4 млрд сўм давлат божи тўланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар якуни бўйича суд ҳужжатлари асосида давлат фойдасига 84 3 млрд сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Суд қарорига асосан ундириш белгиланган давлат божларини судлар кесимида таҳлил қилинганда:

— Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан 21,5 млрд сўм,

— Мирзо Улуғбек туманлараро суди 19,0 млрд сўм,

— Учтепа туманлараро суди томонидан 15,1 млрд сўм,

— Яккасарой туманлараро суди томонидан 12,3 млрд сўм,

— Миробод туманлараро суди томонидан 8,5 млрд сўм,

— Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 5,2 млрд сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Жами кўриб тамомланган 65 842 та ишдан 46 729 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 42 237 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 4 292 та даъво талаблари қаноатлантиришдан рад этилган, 593 та иш юзасидан иш юритиш тугатилган, 7 610 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 117 та ҳамда материал шаклида 10 793 та аризалар ҳал қилинган.

Таҳлиллардан кўринадики, туманлараро судлари томонидан 2021 йилниг 9 ойига нисбатан жорий йилнинг 9 ойида айрим тоифадаги ишларнинг сони сезиларли даражада КАМАЙГАН.

Жумладан:

— қарз ундиришга доир ишлар 5.405 тадан 3.061 та (-2.344 та);

— мулк ижара шартномаси билан боғлиқ (уй-жой ижарасидан ташқари) низолар 769 тадан 301 тага (- 468 та);

— маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсига, шунингдек мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 149 тадан 93 тага (- 56 та);

— мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олишга доир (уй-жой низоларидан ташқари) ишлар 116 тадан 68 тага (- 48 та);

— жиноят оқибатида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсига, шунингдек мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 155 тадан 114 тага (- 41 та);

— уйга мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги низолар 402 тадан 367 тага (- 35 та);

— уйдан кўчириб чиқаришга доир низолар 348 тадан 321 тага (- 27 та);

— ишга тиклаш ҳақидаги низолар 343 тадан 325 тага (- 18 та);

— ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низолар 442 тадан 405 тага (- 17);

— фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги ишлар 207 тадан 199 тага (- 8 та);

— ҳадя шартномасига доир ишлар 48 тадан 45 тага (- 3 та);

— интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар 7 тадан 5 тага (- 2 та) камайган.

Шу билан биргаликда, қуйидаги тоифа ишлар сони КЎПАЙГАН:

— кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 23 259 тадан 28 047 тага (+ 4 788 та);

— ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтаришга доир низолар 8 тадан 1126 тага (+ 1.118 та);

— суғурта шартномасига доир ишлар 1061 тадан 1952 тага (+ 891 та);

— ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 1069 тадан 1 362 тага (+ 293 та);

— никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 5 874 тадан 6 121 тага (+ 247 та);

— олди-сотди шартномасига доир ишлар 282 тадан 350 тага (+ 68 та);

— иш ҳақини ундириш билан боғлиқ ишлар 465 тадан 491 тага (+ 26);

— ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш 208 тадан 230 тага (+ 22 та);

— ноқонуний жавобгарликка тортилганлик оқибатида етказилган зарарни ундиришга оид низолар 135 тадан 155 тага (+ 20 та);

— ота-она таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар 76 тадан 88 тага (+ 12);

— мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топишга оид ишлар 45 тадан 55 тага (+ 10 та);

— фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар 282 тадан 284 тага (+ 2 та) кўпайган.

Юқорида келтирилган статистик маълумотлардан кўринадики, 2022 йилнинг 9 ойида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, ерга оид, ноқонуний қурилмаларни бузиш, суғурта шартномасига доир, никоҳдан ажратиш ва олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошган.

 

Шу билан биргаликда, 2022 йилнинг 9 ойида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 5 874 тадан 6 121 тага (247 та ёки 4 % )га кўпайган. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 9 ойида 2 714 та ёки 46,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 9 ойида 2 738 та ёки 44,7 фоизни ташкил этган.

 

Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 9 ойида 3 383 тани  ёки 55,2 фоизни ташкил этган (2021 йил 9 ойида 3 160 та ёки 53,7 фоиз).

 

Шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш борасида судлар томонидан 76 та хусусий ажримлар чиқарилган.

 

Шунингдек, ушбу даврда жами кўриб тамомланган ишларнинг 2056 таси ёки 33,6 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойида 28 850 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, 2021 йилнинг шу даврига (17 860 та) нисбатан 10 990 тага ёки 61,9 фоизга кўпайган, шундан 14 623 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш, 5 081 таси коммунал хизматлар тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш, 4 035 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 2 638 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш, 1 268 таси иш ҳақи ундириш, 732 таси ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар бўйича, 468 таси ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаблар бўйича (ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда) ва 5 таси ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисидаги талаблар бўйича чиқарилган суд буйруқларини ташкил этган.

 

Жами кўрилган 94 692 (65 842 та иш ва 28 850 та суд буйруғи) та иш Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 5 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари кесимида таҳлил қилинганда, шундан:

 

25 657 та (14 772 та иш ва 10 885 та суд буйруғи) Яккасарой туманлараро суди,

 

— 21 073 та (15 529 та иш ва 5 544 та суд буйруғи) Мирзо Улуғбек туманлараро суди,

 

— 18 991 та (11 699 та иш ва 7 292 та суд буйруғи) Шайхонтоҳур туманлараро суди,

 

— 18 086 та (14 612 та иш ва 3 474 та суд буйруғи) Миробод туманлараро суди, 

 

— 10 868 та (9 213 та иш ва 1 655 та суд буйруғи) Учтепа туманлараро суди,

 

— 17 иш Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъати ҳисобига тўғри келади. 

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида шикоят ва протестлар асосида 2 325 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига (1 657 та) нисбатан 668 тага ёки 71 фоизга ошган.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келиб тушган апелляция шикояти ва протести туманлараро судлари томонидан кўрилган жами 65 842 та ишларнинг 3,5 фоизини ташкил этган.

 

Апелляция инстанциясида кўрилган 2 325 та ишнинг 1 730 таси юзасидан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 403 таси ёки жами кўрилган ишларнинг 0,6 фоизи бекор қилинган, 144 таси ёки 0,2 фоизи ўзгартирилган.

 

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларининг ўртача ойлик иш ҳажми 20 та фуқаролик ишини ташкил этган.

Мурожаатлар…

 

2022 йил 9 ойи давомида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларига жами 8 660 (9 166) та мурожаат келиб тушган.

 

Шундан 8 036 таси ёки 92,7 фоизи мазмунан ҳал қилинган. Ҳал қилинган мурожаатларнинг 3 682 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан электрон келиб тушган ҳамда 4 354 таси жисмоний ва юридик шахс вакилларининг судларга қилган мурожаатларини ташкил қилади.

 

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 3 675 та мурожаатлар бевосита Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган бўлиб, барча мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, бевосита мурожаатчилар билан суҳбат асосида ўрганилиб, муаллифларга муаммони ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

 

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мурожаатларнинг 2 760 таси ёки 80 фоизи судда иши ҳали кўрилмаган, лекин ҳуқуқий тушунтириш бериш лозим бўлган масалаларни ташкил этган.

КИМЛАР ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ИШОНЧНОМАСИЗ ИШТИРОК ЭТА ОЛАДИ?

— Иқтисодий судларда ишончномасиз иштирок этиш мумкинми? Тадбиркорлик субъектларининг мулкдорлари ёки таъсисчилари суд мажлисида қандай тартибда иштирок этади?

Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Бибиназ КЕУНИМЖАЕВА жавоб беради: 

 

— Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади.

 

Иқтисодий судларда ишончномасиз юридик шахс манфаатида унинг раҳбари ишончномасиз иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этувчи якка тартибдаги тадбиркор хам судда шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан гувохномасини тақдим қилган ҳолда ишончномасиз иштирок этиши мумкин.

 

Тадбиркорлик субъектларининг мулкдорлари ёки таъсисчилари суд мажлисида иштирок этиш учун ишончнома тақдим этиши лозим бўлади.

Skip to content