Қидирув:

ЁШГА ДОИР ПЕНСИЯГА ЧИҚИШ НАРХИ 2 МИЛЛИОН СЎММИ?

Пора олиш коррупциявий жиноятлар орасидаги энг оғир ва ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган жиноятлардан биридир. Мазкур иллатга қарши курашиш борасида бот-бот сўз юритилиб, амалий чоралар кўрилаётганига қарамай гуруч орасидан курмаклар ҳамон чиқаётгани эса дилни ҳуфтон қилади…

 

“Қаҳрамони”миз ҳам Пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш ва тўловларни ташкил қилиш шўъбаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келган. У лавозим йўриқномасига кўра, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил этиш, фуқароларга пенсиялар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тайинлаш, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдорларининг қайта ҳисоблаб чиқишини қонунчилик билан белгиланган муддатларда кўриб чиқишини таъминлаш, текшириш ва пенсия, нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўлов ҳужжатларга имзо қўйиш каби ваколатларга эга эканлигидан фойдаланган.

 

2022 йилнинг баҳорида Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Учтепа туман бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда бир фуқаронинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлими маъмурий биносидаги ўз хизмат хонасида хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқарога ёшга доир пенсия тайинлаш ҳужжатларини расмийлаштиради. 2021 йилнинг ёзидан 2022 йилнинг баҳорига қадар бўлган даврдаги жами 5 162 935,48 сўм пенсия пулларини тиклаб бериш ҳамда 2022 йил апрель ойи учун тайинланган 623 000 сўмдаги пенсия пуллари билан биргаликда 2022 йилнинг апрель ойидаги пенсия қайдномасига киритиб бериш эвазига фуқародан 2 000 000 сўмни пора тариқасида олган вақтида, ашёвий далил билан ушланган.

 

“ПУЛНИ СТОЛ ЖИҲОЗИНИНГ ТАГИГА ҚЎЙДИМ”

Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди…

— 2022 йилнинг 14 февралидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимида, пенсия ва бошқа тўловларни тайинлаш ва тўловларни ташкил қилиш шўбаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келганман.

Март ойида бўлимга нотаниш фуқаро келиб, шўъба инспекторига ушрашиб, ёшга доир пенсияга чиқмоқчилигини айтди. Сўнг шўъба инспектори фуқаронинг барча ҳужжатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиб, аризасини чиқариш учун менга учрашиш кераклигини айтган. Фуқаро олдимга келиб, ўзини таништириб, ёшга доир пенсияга чиқиш учун ариза чиқариб беришимни сўради ва ариза чиқариб бердим. Инспектор ушбу аризани белгиланган тартибда қабул қилиб олгандан сўнг мен фуқарога аризасини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ва пенсия тайинланишини тушунтирдим. Орадан кунлар ўтди, фуқаро ишхонамга келиб, пенсияси тайёр бўлган ёки бўлмаганини сўради. Исм-шарфини сўраб, дастур орқали пенсияга чиқарилганини ва қанча миқдорда пенсия тайинланганини ва эртага шахсини тасдиқловчи паспорт билан келишини, меҳнат дафтарчаси, пенсия гувоҳномасини олиб кетиши мумкинлигини айтдим. Эртаси куни менга қўнғироқ қилиб, таҳминан 20 дақиқаларда учрашиб кетишини ва бошқа вақт учрашиб кетишга вақти йўқлигини айтди. Фуқарога кутиб туришимни айтдим. Тушлик вақти фуқаро хизмат хонамга келиб, менга 2 000 000 сўм берди. Шунда унга котибага учрашиб, пенсия гувоҳномасини олиб кетишини айтдим. Фуқаро хизмат хонамдан чиқиб кетди ва пулни столим устидаги қора чармдан ишланган стол жиҳозининг тагига қўйдим. Хизмат хонамдан чиқмоқчи бўлганимда, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари эканини айтиб, 2 нафар холислар иштирокида кириб келишди. Ҳуқуқ ва мажбуриятларимни тушунтиришди. Сўнг ҳужжатларни расмийлаштиришди. Фуқаро пенсияга чиқиши учун амалий ёрдам берганим учун 2 000 000 сўм берганини ва мазкур пул маблағларини ўз эхтиёжларим учун ишлатмоқчи бўлганимни айтдим. Маблағни фуқаро таклиф қилганлиги сабабли олганимни ҳам билдирдим. Содир қилган ҳаракатларим оқибатларини тушуниб етиб, бундан чин кўнгилдан пушаймонман.

 

ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ ВА…

Судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланилиб, у 2 йил муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органлари ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Дилшод Камилов,

жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди раиси

КАФИЛЛИКНИ ҚАНДАЙ БЕКОР ҚИЛДИРСА БЎЛАДИ?

— Бир танишимга банкдан кредит олишида кафил бўлгандим. Икки йилдан бери узилишларсиз қарзини тўлаб келяпти. Сўрамоқчи бўлганим, кафилликни бекор қилдирсам бўладими? Ёки бу суд тартибида амалга ошириладими?

Исми сир тутилди

— Фуқаролик кодексининг 293-моддасига асосан, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.


Фуқаролик кодексининг 295-моддасига асосан, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.


Амалдаги Фуқаролик кодексининг 298-моддасига мувофиқ, кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.


Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб, бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 13/150-сон қарорининг 35-бандига асосан, кафилликнинг бекор бўлиш асослари қуйидагилар ҳисобланади:


• кафиллик билан таъминланган асосий мажбуриятнинг бекор бўлиши;


• кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилиши;


• башарти, кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик бермаган бўлса, кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият бўйича қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши;


• кредиторнинг қарздор ёки кафил таклиф этган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортиши;


• кафиллик берилган (ёки қонун билан белгиланган) муддатнинг ўтиши, агар кредитор шу муддат ичида кафилга даъво қўзғатмаган бўлса (ФКнинг 298-моддаси).

Асосий мажбурият бўйича қарзнинг ўтказилиши муносабати билан кафил, агар унинг ўзи бунга рози бўлмаса, янги қарздор учун жавоб бермайди (Фуқаролик кодексининг 322-моддаси).


Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади (Фуқаролик кодексининг 298-моддаси).

 

Агарда тарафлар ўртасида низо келиб чиқса, кафиллик шартномасини бекор қилиш даъво қўзғатиш орқали суд тартибида амалга оширилади.


Шунингдек, манфаатдор тарафнинг судга даъво аризаси киритилиши билан кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб ҳам топилиши мумкин.

 

Жасур СИРОЖЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди раис ўринбосари

“ЭНДИ ТАЪТИЛГА ЧИҚОЛМАЙМАНМИ?”

— “Декрет”дан кейин таътилга чиқиш аризамни кечроқ ёзганим учун ҳисобчи “энди аризангиз адлия томонидан кўрилади”, деди. Аризани кеч ёзганим учун таътилга чиқишим муддати чўзилиши мумкинми?

Исми сир тутилди

— Йўқ, амалдаги меҳнат қонунчилигимизга кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.


Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.

 

Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади. Болани парваришлаш таътилларининг вақти, башарти жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёхуд меҳнат шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, кейинги ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилмайди.


Демак, сизнинг “Декрет”дан кейин таътилга чиқиш аризангизни кеч ёзганингиз аҳамиятсиз ва мазкур ҳолат таътилга чиқиш муддатини чўзилишига олиб келмайди. Шу ўринда бухгалтерни “энди аризангиз адлия томонидан кўрилади”, деган важлари ҳам ўринсиздир.


Барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.
Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва Меҳнат кодексининг 131-моддасига мувофиқ ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди. Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.


Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

 

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.

 

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади: аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин.


Жамшид ШАРОПОВ,
фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

«ОПЕРАЦИЯ УЧУН БИР ТИЙИН ҲАМ БЕРМАС ЭМИШ»

– Бир нафар фарзандим учун алимент оламан. Кичиклигидан тез-тез касал бўлиб туради. Шифокорлар «ангинасини олдириш керак», дейишди. Лекин бу қиммат операция экан. Отасидан ёрдам сўраганимда, бир тийин ҳам бермаслигини айтди. Эшитишимча, болани даволатиш учун пулни суд орқали олса бўларкан. Шу ҳақда сўрамоқчи эдим.

Исми сир тутилди

Муқаддам ГУЛАМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:


— Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.


Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.


Бу борада Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 2016 йил 29 июлдаги 11-сон қарорида, боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқланиши лозимлиги кўрсатилган.


Юқорида баён қилинганларга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, боланинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларни ундириш масаласида даъво ариза билан даъвогарнинг ёки жавобгарнинг турар жойи бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш лозим бўлади.

«УЙ ИККИТА ЎҒИЛГА ТЕНГ БЎЛИНМАЙДИМИ?»

– Қайнотам биз яшаб турган ҳовли кичик ўғлига қолишини, биз эса ҳовли этагидан иморат солишимиз кераклигини айтди. Менинг икки нафар фарзандим бор. Ёш бола билан қийналиб қоламиз, десам, «ўзларинг биласизлар», деяпти. Келин бўлиб тушган иккита хонада ҳақим йўқми? Ота ҳовли икки ўғил ўртасида тенг бўлинмайдими?

Исми сир тутилди

Анвар Ёриев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Уй-жой кодексининг 32-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.


Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.


Шунга кўра, сизда келин бўлиб киритилган уйдан фойдалиниш ҳуқуқи мавжуд.
Қонунчиликда белгиланганидек, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Шунга кўра, қайнотангиз ўзига тегишли мулкка нисбатан юқоридаги ҳуқуқлардан фойдаланади.


Шунингдек, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилишини маълум қилган ҳолда мерос мулки меросхўрлар ўртасида тақсимланиши мулкдорнинг вафотидан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

«ХУСУСИЙ БОҒЧАДА ИШЛАЙДИГАНЛАРГА «БОЛЬНИЧНЫЙ» БЕРИЛМАЙДИМИ?»

– Хусусий боғчада тарбиячи бўлиб ишлайман. Сўнгги вақтларда соғлигимда муаммолар пайдо бўлгани учун ётиб даволанмоқчи эдим. Аммо боғчамиз хусусий бўлгани учун «болничний» берилмас эмиш. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.

 

Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

 

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 1-бандида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий суғурта бўйича 2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақалар берилади.

 

Иш берувчининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадал тўламаганлиги, суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси нафақалари билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

 

Мазкур Низомнинг 93-бандига кўра, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, деҳқон хўжалиги аъзоларига, шунингдек айрим фуқароларникида шартнома асосида ишлаётганларга нафақалар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

Юқоридагиларга кўра, сизга меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилиши лозим бўлади ва агарда нафақани нотўғри ҳисоблаш ва белгилаш ҳамда тўлаш юзасидан низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

«ЁШ БОЛАСИ БОРЛАР НАВБАТЧИЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНМАЙДИМИ?»

— Туман шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайман. 3 ёшга тўлмаган болам бор. Навбатчилик тақсимланганда мени кечки соат 15.00 дан 22.00 гача бўлган вақтга ёзишибди. Ёш болам билан ишлолмаслигиним айтсам, ҳамма учун мажбурий дейишди. Қонунчиликда бу хусусида нима дейилган?

Исми сир тутилди

Дурдона Абдуқахарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Меҳнат қонунчилигига кўра, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Розилигингиз билан сиз ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилади.

 

Меҳнат кодексининг 116-моддасида уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши кўрсатилган.

 

Ушбу кодкекснинг 228-моддасига кўра, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

 

Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига мувофиқ, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

 

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

«АЛИМЕНТ СУММАСИНИ ЎЗГАРТИРИШНИ ИМКОНИ БОРМИ?»

– Суд қарори билан уч нафар болага алимент оламан. Собиқ эрим университетда дарс беради. Суд ҳужжатида 1 ставка ишлайди, деб ёзилган. Лекин билишимча, ҳозирда 2 ставкада ишлаб, шунга мос ойлик оляпти. Ҳисобчиси «ҳужжатда 1 ставка», дейишдан нарига ўтмади. Ўзи ҳам тан олмайди. Аммо аниқ далилларим бор. Судга шуларни келтирсам, алимент суммаси ўзгарадими?

Исми сир тутилди

Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Боладан алоҳида яшаётган ота ёки она вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотига қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда алимент тўлашга мажбур. Ота-онадан фарзандига ундириладиган алимент миқдори унинг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

 

Шунингдек, алимент олувчининг аризасига асосан фарзандининг соғлиғини тиклаш учун ёки бошқа зарур харажатларига қўшимча равишда моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эга. Суд қарорининг ижроси мажбурий ижро бюроси томонидан таъминланади, шу сабабдан ўзингизда мавжуд бўлган алимент тўловчининг барча ойлик иш ҳақлари ва қўшимча даромади тўғрисидаги маълумотларни шу ижро бўлимига тақдим этиб, ҳисобланган алимент суммасини қайта кўриб чиқишни талаб қилишингиз мумкин.

«АЖРАШМАЙ, АТАЙ УСТИМДАН КУЛЯПТИ…»

— Эрим билан 3 йилдан буён бирга яшамаймиз. У аллақачон уйланиб, болали бўлган. Шу кунгача уч маротаба судга ажрашиш учун ариза бердим. Ҳар сафар эрим «мени ажрашадиган хотиним йўқ, ўртада бола бор», деб судни чалғитади-да, ташқарига чиққач, «баттар бўл, яна пулга куйганинг қолди. Энди яна пул тўлаб ариза беришга мажбурсан», дейди. Судда уйлангани, боласи борлигини неча маротаба айтган бўлсам ҳам инобатга олинмади. Аслида уни бирга яшаш нияти йўқ, шунчаки устимдан куляпти. Бу вазиятда мен қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди

— Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.


Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар.


Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.


Оила кодексининг 38-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида, Оила кодексининг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.


Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.


Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.


Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.


Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.
ФПКнинг 72-моддасига кўра, судда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

 

Сиз турмуш ўртоғингиз билан оилани сақлаб қолиш ниятингиз бўлмаса, у ҳолда cиз турмуш ўртоғингиз билан ҳақиқатдан умумий рузғор юритмаётганлигингиз, бирга яшамаётганлигингиз, турмуш ўртоғингиз сиз ва фарзандлари хаёти ва таъминотида иштирок этмаётганлиги, унинг бошқа аёл билан яшаётганлиги ва уларнинг ўзаро турмушларидан фарзанди борлигини тасдиқловчи хужжатларни судга тақдим қилишингиз, бу масалалар сизнинг ёки сиз турмуш ўртоғингиз билан бирга яшаган маҳалла фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясида куриб чиқилиб, бу ҳақда расмийлаштирилган баённомалар судга тақдим қилингандан сунг, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, сизларни никоҳдан ажратади.


Сиз биринчи инстанция суднинг қароридан норози бўлсангиз, у холда ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида апелляция тартибида шикоят беришингиз мумкин.

Икромжон КУРБАНБАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.

«БЮЛЛЕТЕНЬ НЕЧА ОЙГА БЕРИЛАДИ?»

– Сурункали касалим бор. Вақти-вақти билан даволаниб тураман. Иш жойимдан неча ойга бюллетень олсам бўлади?

Исми сир тутилди

Алимджан Кариев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2015 йилда тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага кўра, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

 

Ходим соғлиғидаги муаммо юзасидан шифокорга мурожаат қилса ва шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, маълум вақт ишга бормасликни тавсия этса, шу санадан бемор ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади. Бунда, амбулатор шароитда даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик “бюллетень” беришга ҳақли. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик 5 календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

 

Бироқ бу “бюллетенни” чексиз узайтириш мумкинлигини англатмайди. Агар айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узликсиз 4 ойни ташқил қилса (сил касаллиги биринчи марта аниқланганида – 10 ой, у кучайганида – 6 ой), шунингдек, айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан бир йил мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса, бемор тегишли тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (ТИЭК) юборилади.

 

ТИЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган бўлса, лекин у хануз меҳнатга лаёқатсиз бўлса, касаллик варақаси даволаш муассасаси томонидан унинг меҳнат қобилияти тиклангунига қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ишлайдиган ногиронларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганида икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сон «Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида»ги қарорига асосан, ишловчи Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатини бартараф этиш билан боғлиқ ҳолда ногирон бўлганларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси узлуксиз тўрт ойгача, танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами беш ойгача берилиши белгиланган.

Skip to content