Қидирув:

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА СУДЬЯ РАД ҚИЛИНАДИ?

— Судьяни рад қилиш тўғрисидаги аризани ким кўриб чиқади?

Бибиназ КЕУНИМЖАЕВА, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:
— Иқтисодий процессуал кодексининг 20-моддасига кўра, судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:

1. Мазкур иш илгари кўрилганда судья сифатида иштирок этган бўлса ва ишни кўришда унинг такрорий иштирок этишига ушбу Кодекс талабларига мувофиқ йўл қўйилмаса;

2. Мазкур иш илгари кўрилганда унда ҳакамлик суди судьяси, арбитр, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;

3. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;

4. Ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;

5. Ишни кўраётган ҳайъат таркибидаги судьянинг қариндоши бўлса.
Биринчи инстанция бўйича ишлар барча судларда судья томонидан якка тартибда кўрилади ҳамда уни рад қилиш тўғрисидаги масала суднинг раиси, бир таркибли судда эса шу судья томонидан ҳал қилинади.
Суд раисига нисбатан билдирилган рад қилиш тўғрисидаги масала суд раисининг ўзи томонидан ҳал этилади.

Ишни Олий суднинг биринчи инстанциясида кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала судлов ҳайъатининг раиси томонидан ҳал қилинади.
Рад қилиш ҳақидаги ариза оғзаки ёки ёзма шаклда билдирилиши мумкин. Оғзаки ариза бевосита суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилганда у кўриб чиқилмаслиги суд томонидан эълон қилинади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

ЖАЗОНИ ЎЗ ИШ ЖОЙИДА ЎТАШ МУМКИНМИ?

— Суд томонидан менга ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ушбу жазони ўзимнинг иш жойимда ўтай оламанми?

Исми сир тутилди

Одилжон ИЛХОМЖОНОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:


— Ҳа, мумкин. Жиноят кодексининг 46-моддасига мувофиқ, ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.


Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.


Жазони ўз иш жойида ўташ шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар судлангунга қадар ўзлари ишлаган корхона, муассаса ёки ташкилотда меҳнат фаолиятини давом эттираверадилар.

15 ЙИЛ ОТА-ОНАДАН ХАБАР ОЛМАГАН ЎҒИЛ МЕРОС ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИМИ?

— Отамдан қолган хонадонда туғилган вақтимдан буён яшаб келаман. Акам бундан 15 йил муқаддам оиласи билан Россияга кетганича бирор марта ота-онамдан хабар олмаган. Ҳатто отам вафот этганида ҳам келмаган. Энди эса уй-жойда ҳақи борлигини айтиб, мерос талашяпти. Юқоридаги ҳолатни инобатга олиб, акам меросдан четлатилиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Аббос Сайдахмедов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин унга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ашёвий ҳуқуқлар мерос массаси ҳисобланади.


ФКнинг 1135-моддасига мувофиқ мерос қолдирувчининг фарзандлари (фарзандликка олинганлар) биринчи навбатдаги меросхур бўлади ва мерос мулки юзасидан васият бўлмаса, қонун бўйича меросга чақирилади.


Кодекснинг 1119-моддасига мувофиқ, Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.


Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.


Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.


Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.


Ушбу модда қоидалари васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади.
Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.
Мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликка мазкур норма киритилган.


Бунда меросдан четлаштириш учун васиятни ўзгартиришга мажбурлаш, бошқа меросхур фойдасига воз кечишга мажбурлаш каби ҳатти ҳаракатларни содир этганликда ифодаланиши ҳам мумкин.
Содир этилаётган ҳатти ҳаракатда қасд бўлиши муҳим аҳамиятга эга, яъни меросга эгалик қилиш қасди бўлиши керак.


Меросхўр мерос қолдирувчи билан бирга яшамаса, унга ғамхўрлик қилмаса, дафн маросимларда иштирок этмаса, у мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмайди.


Шунга кўра, юқорида келтирилган важлар меросхурни меросдан четлаштиришга асоса бўлмаслиги мумкин.


Бироқ, шу билан бирга ФКнинг 1153-моддасида, мерос қолдирувчи билан охирги 3 йил давомида яшаган шахслар, меросдан натура шаклида улуши олиши мумкин дейилган.


Бунда манфаатдор шахс ўзига мерос улушини натура шаклида қолдириб, қолган меросхўрларни улушини пул шаклида ажратиб беришни талаб қилиши мумкин.

«ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАМАСА, МЕН АЛИМЕНТ ОЛОЛМАЙМАНМИ?»

– Суд томонидан бир нафар фарзандим учун алимент тайинланганди. Лекин отаси пул бермаяпти. Ижрочилардан сўрасам, «судда алимент масаласи бўйича давлат божини ҳам тўламаган», дейишди. Божни тўламаса, мен алимент ололмайманми?

Исми сир тутилди

Азизбек Джалилов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига асосан давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суддан ёки уни берган бошқа органдан ёхуд ундирувчидан ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт.

 

Агар қонунчиликда ижро ҳужжатларининг айрим турларига доир мажбурий иловалар назарда тутилган бўлса, улар давлат ижрочисига ижро ҳужжати билан бирга тақдим этилиши керак. Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради.

 

Давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади.

 

Ундирувнинг давлат божи қисми ва номулкий тусдаги талаблари тўғрисида алохида ижро иши қўзғатилади. Давлат божини тўламаганлик алимент тўлашни кечиктириш учун асос бўлмайди.

 

Оила Кодексининг 139-моддасига кўра, алимент ундириши алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади. Қарздорнинг барча мол-мулкларига ва ёки банк омонатлари ҳатлаб қўйган ҳолда ижро ҳужжатини ундиришга ҳақлидир.

РУҲИЙ КАСАЛЛИГИ САБАБ АЖРАШМОҚЧИ БЎЛСА, МУДДАТ БЕРИЛАДИМИ?

— Тўйимиздан сўнг турмуш ўртоғимнинг руҳий хаста эканлиги маълум бўлди. Бизни дарров ажраштириб юборишадими? Мана шундай вазиятга дуч келганларни ажратиш тартиби қандай? Ариза неча кунда кўриб чиқилади? Қанча давлат божи тўланади? Уни ким тўлаши керак?

Исми сир тутилди

ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар, яъни болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан, ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўјрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодексининг 40-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Шу қонун нормасини фуқаролар муддат деб тушунишади. Суд томонидан ярашиш учун берилган муддат ҳақидаги ажрим тарафларнинг яшаб турган туман ҳокимлиги қошидаги оила ва хотин-қизлар бўлимига юборилади ва улардан хулоса олинади. Агар ҳақиқатан ҳам, суд томонидан қилинган ҳаракатлар ижобий натижа бермаса, суд ушбу оилани сақлаб қолиш имкони йўқ, деган хулосага келади ва тарафлар ўртасида тузилган никоҳни бекор қилади.

 

АРИЗА НЕЧА КУНДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ?

— Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза умумий тартибда кўриб чиқиш муддатларида кўрилади. Фуқаролик процессуал кодексининг нормаларига асосан, ариза келиб тушган вақтдан 10 кун ичида даъво аризани қабул қилиш ва фуқаролик ишини кўзғатиш масаласи кўрилади. 10 кун тайёрлаш босқичи тугагач, бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.

 

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза беришда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни ҳозирги кунда 600 000 сўм давлат божи ва 21 000 сўм почта харажати даъвогар томонидан тўланиши лозим.

 

МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИЛСА…

Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, руҳияти бузилиши, яъни руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз, деб топилган бўлса, никоҳдан ажратиш эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади.

 

АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?

Аввало айтиб ўтиш лозимки, алимент ундириш масаласида мурожаат қилиш учун тарафлар ўртасида никоҳ бекор қилинганлиги бўлиши шарт эмас. Тарафлар битта уйда яшаб турган бўлса-да, алимент ундириш масаласида мурожаат қилиш ҳуқуқ мавжуд. Лекин ота (яъни алимент тўлаши шарт бўлган шахс) руҳий хаста, ақли заиф бўлса, яъни соғлиги туфайли алимент тўлаш имкони бўлмаса, ундан алимент ундириш қай даражада тўғри бўлишига эътибор қаратилиши лозим. Бу шахс ўзи муомалага лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар қаторига киради.

 

МУЛКИЙ НИЗО БЎЛСА…

— Тарафлар ўртасида мулкий низо бўлса, улар биргаликдаги мулк деб топиш, мол-мулкни бўлиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундан даъво ариза билан мурожаат қилишда ҳам, тарафлар ўртасида никоҳ бекор қилинганлиги бўлиши шарт эмас. Яъни қонуний никоҳда бўлиб ҳам, ушбу талаблар билан мурожаат қилиш ҳуқуқ мавжуд.

 

Жалолиддин АББОСОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси

«ҚЎШНИМ КЕРАКЛИ ҲУЖЖАТГА ИМЗО ҚЎЙМАЯПТИ, ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТСАМ БЎЛАДИ?»

– Яшаб турган уйимизга кадастр қилинмаган. Кадастрга учрашсам, қўшниларимнинг розилиги кераклигини айтишди. Чап томондаги қўшним имзо қўйиб берди. Ўнг томондагиси рози бўлмаяпти. Бу вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди

Анвар Хамроев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Кўчмас мулк ҳисобланган кадастр объектларига бўлган ҳуқуқлар қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

Кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юридик ва жисмоний шахсларнинг кадастр объектларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда тасдиқланишининг юридик ҳужжатидир.

 

Кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни давлат реестрларига киритиш йўли билан амалга оширилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Миллий географик ахборот тизимини ва давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонунининг 16-моддасига кўра, кадастр объектига бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар, объектнинг кадастр йиғмажилди, кадастр харитаси (плани), кадастр китоби, кадастр объектларининг ҳолати ҳақидаги ҳисобот кадастр ҳужжатларининг асосий турларидир.

 

Кадастр китоби кадастр объектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишнинг асосий ҳужжати ҳисобланиб, у кадастр объектларининг географик жойлашуви, ҳуқуқий мақоми, миқдор ҳамда сифат жиҳатдан тавсифлари ва баҳоси ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га кўра бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини ва бошқа шахсга ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

 

қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланиш учун рухсатномаси;

 

нотариал тартибда тасдиқланган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;

 

бино ва иншоот бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга олди-сотди шартномаси;

 

бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

 

бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

 

турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;

 

хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;

 

нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

 

кўчмас мулк объектини юридик шахсларнинг устав жамғармасига улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;

 

кўчмас мулк объектини муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) сифатида шартномаси;

 

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;

 

туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг тураржойни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсати;

 

туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини тураржой тоифасига ўтказишга рухсати;

 

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси.

 

Сиз яшаб турган уйнинг ҳужжатлари Кадастр агентлигининг тегишли бўлимига тақдим этилгач, турар жойингиз кадастр ходимлари томонидан кўздан кечирилиб, далолатнома тузилган ҳолда рўйхатдан ўтказилади. Қўшнингизнинг розилигини олиш мажбурий талаб ҳисобланмайди.

 

«БИРОВНИНГ ҚАРЗИНИ МЕН ТЎЛАЙМАНМИ?»

— Бир йил олдин узоқроқ қариндошим мени номимга телевизор ва ноутбукни кредитга олганди. Яқинда суддан чақирув қоғози келди. Билсам, қариндошим кредит қарзини тўламагани учун менинг номимга қарз, пеня ёзилган. Энди нима бўлади? Кредит меники эмаслигини қандай исботлайман?

Исми сир тутилди

Анвар Хамидов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси:


— Бугунги суд амалиётида бундай тоифадаги ишлар сони кўпайган. Афсуски суд мажлиси давомида аксарият жавобгарлар кредит эвазига олинган товарларни улар олмаганлигини, ушбу товарларни уларни яқин танишлари ёки қариндошлари олганлигини, улар фақат шартномани имзолаганлигини важ қиладилар.


Ўзбекистон Республикаси ФК 353-моддасига кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.


Мазкур Кодекснинг 744-моддасига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.


Шу билан бирга ФК 422-моддасида агар сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни товарга қаратишга ҳақлилиги белгиланган.


Шундай экан, Сиз шартномани ихтиёрий равишда имзолаганлигингиз, оқибатда шартнома бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммангизга олганлигингиз боис, кредитор айнан Сизга нисбатан даъво қўзғатишга ва даъво асосли бўлган тақдирда кредит қарздорлигини Сиздан ундириб олишга ҳақли.

«МУДОФААДА ТАНИШИМ БОР»: ТОШКЕНТДА 128 МИНГ АҚШ ДОЛЛАРИ ЭВАЗИГА ЖИНОИЙ РЕЖА ТУЗИЛДИ

Осонгина мўмай даромадга эга бўлиш пайида бўлган икки шоввознинг 128 минг АҚШ долларлик режаси “пишмай қолди”. Гап шундаки, 1971 йилда туғилган судланувчи таниши – 1986 йилда туғилган судланувчи билан олдиндан жиноий тил бириктиради. Бир гуруҳ бўлиб, икки фуқарога гўёки Мудофаа вазирлигида ишловчи мансабдор шахс бўлган танишлари орқали Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий полигонда 145 млрд. сўмлик омбор қурилиши учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва ушбу объект қурилишини олиб бериши эвазига 128 минг АҚШ долларини пора тариқасида беришга қизиқтиришган…

 

Мазкур ҳолат юзасидан икки фуқаронинг аризалари асосида Ўзбекистон Республикаси ДХХ ва Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор-тадбир ўтказилди. Судланувчилар олдиндан келишилган ишни битириб бериш эвазига талаб қилинган пулдан олдиндан 110 минг АҚШ долларини “аванс” сифатида фирибгарлик йўли билан олишган вақтида жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноятни охирига етказа олишмаган.

 

Судланувчилар ўз айбига қисман иқрор бўлиб кўрсатма беришган бўлса-да, уларнинг айби далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган.

— Автомашинада Қўқон шаҳридан Тошкентга келдим. Танишим – 1986 йилда туғилган судланувчи билан кўришиб, ундан қурилиш билан ишлайдиган танишлари бор ёки йўқлигини сўрадим. У менга “Мудофаа вазирлиги қурилишларини олишим мумкин”, деди. Бу ҳақда у билан тахминан 5 ёки 6 ойга яқин гаплашиб келганмиз, – дейди суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирган 1971 йилда туғилган судланувчи. У сўзида давом этаркан, – ўша куни у менга бир таниши келишлигини айтди. Икки фуқаро бирга келишди. Бундан аввал биз уларнинг бири билан кўришиб, унга Мудофаа вазирлигига қарашли 145 млрд. сўмлик объектни олиб беришга келишганмиз. Сўнг фуқародан қарзларни тўлаб, ишларни юргазиб олиш учун 50 000 АҚШ доллари сўрадим, танишим ҳам эшитиб турганди. Бошқа куни танишим билан кўчада кўришдик, пулни олганимдан сўнг қарзларни бериб юбормоқчи бўлганимни, лекин алдаш ниятим йўқлигини билдирдим. Танишим билан турганимда икки фуқаро биргаликда автомашинада келиб, орқа багажини очиб, 50.000 АҚШ долларини қўлимга берди ва қолган 60 000 АҚШ долларини ҳам кўрсатиб, ишлар битгандан сўнг қолган қисмини ҳам беришини айтди, – дея 60 000 АҚШ долларини олиш нияти бўлмагани, ўша вақтда иккинчи судланувчи ҳам унинг ёнимда бўлгани, сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари холислар иштирокида келиб, тадбир бўлаётганини эълон қилишганини маълум қилди.

 

Шунингдек, судланувчи фуқародан олаётган пулидан иккинчи судланувчи ёки бошқаларнинг улуши йўқлигини ҳам билдирган. — Судланувчи танишимнинг қурилишдан хабари бор, лекин қаерда қандай қурилиш қилинишидан хабари йўқ эди. Мудофаа вазирлигида ишловчи танишларим йўқ. Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий омбор қурилиши тўғрисидаги смета лойиҳа ҳужжатларини электрон шаклини ўзим тайёрлаганман. Бошқа смета лойиҳа ҳужжатларига қараб, сўнг ушбу ҳужжатни судланувчи танишимни телеграмига юборганман. У эса ўз навбатида аризачига юборган. Ушбу смета лойиҳа ҳужжатларини 145 млрд. сўмлик қилиб кўрсатганман. Аризачининг фирмаси номидан мен вакил бўлиб тендерда қатнашишим керак бўлган. Қурилиши мўлжалланган Чирчиқ шаҳридаги полигон қаерда жойлашганини билмайман. “5 пачка” деганимда 50 000 АҚШ долларини эмас, балки 5 пачка ҳужжатларни назарда тутганман. Автомашинамдан олинган Қуролли кучлар вазирлигига қарашли бўлган 4 этажли ҳарбий базанинг қурилиш смета лойиҳа ҳужжатларини менга бир танишим берган. У танишим ҳам қурилиш ишлари билан шуғулланиб келган. Хонадонимдан автомашинани олди-сотди шартномаси топилган, ушбу шартномага кўра бир аёлнинг номида бўлган автомашинани менга ишончнома орқали берган. Бу автомашинани пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан ижарага олганман. Тўлов пулларини ўз вақтида тўлай олмаганман. 50 000 АҚШ долларини олишдан мақсадим кўчадаги қарзларимни тўламоқчи эдим. Лекин пора тариқаси ёки алдаш ниятимда олмаганман, – дея ҳеч ким билан жиноий тил бириктирмаганини айтди.

 

“Мудофаа вазирлигининг орқа томонида кўришдик”

Аризачи суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди…

— Танишим, яъни 1971 йилда туғилган судланувчи билан кўришганимда, у менга “Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида жойлашган Мудофа Вазирлигига қарашли полигонга самолёт ва вертолётлар қўниши учун ангарларни қуриш объекти бор. У объектни танишим олиб беради”, деди. Сўнг у билан бирга таниши – 1986 йилда туғилган судланувчи билан учрашдик. У менга Мудофа Вазирлигига қарашли полигонни жами 145 млрд. сўмлик қурилиш объектларни шу вазирликда ишловчи танишлари орқали олиб беришини айтди. Гапининг охирида “2022 йил 9 май кунига қадар 145 млрд. сўмлик қурилиш объектларнинг 3 фоизини, яъни 128 АҚШ долларини менга кўрсатиб кетинглар. Пулни кўриб ишонч ҳосил қилганимдан сўнг ўзимнинг Мудофаа вазирлигида ишловчи танишларимга ишонч билан пулларни кўрдим қурилиш объектини олиб берсак бўлади, деб айтаман”, деди. Мудофаа вазирлигидан шартномани олиб чиқиб берганидан сўнг, 128 АҚШ долларини жойида санаб беришимни билдирдим, “хўп”, деди. Шартнома олиб бериш учун 128 минг АҚШ доллари бериш таклифи айнан 1986 йилда туғилган судланувчидан чиққан. Кейин, унинг ҳаракатлари ноқонуний эканини билиб, Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси ДХХга ариза билан мурожаат қилдим. Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси махсус жамғармаси ҳисобидан жами 98 000 АҚШ доллари, яъни муляж ишлов берилган АҚШ доллари ҳамда ҳақиқий муқаддам ишлов берилмаган жами 12 000 ҳақиқий АҚШ доллари ажратилди. Жами 110 000 АҚШ долларини талаб қилаётган судланувчига бериш учун холислар иштирокида тақдим қилинган. Менга судланувчи билан ўртамиздаги суҳбатни ёзиб олиш учун овоз ёзиш мосламаси икки нафар холислар иштирокида тақдим этилди. Сўнг белгиланган куни судланувчи билан кўришдик. У менга “ака, ҳозир режамиз ўзгариб қолди. Бошқа куни эрталаб 128 АҚШ долларини олиб келинг, кўришиб оламиз”, деди, рози бўлдим. Судланувчи айтган куни Мудофаа вазирлиги орқа томонида судланувчи билан кўришдик. Кейин у 1971 йилда туғилган судланувчининг олдига олиб борди. У менга қурилиш объекти олиб бериши эвазига мендан талаб қилган 128 000 АҚШ долларидан 50 000 АҚШ долларини беришим кераклигини билдириб, “Мудофаа вазирлигида ишловчи танишимнинг олдига кириб, пулларни бериб чиқаман. Тендер масаласини ҳал қилиб, пудрат шартномасини олиб чиқиб, қолган 78 000 АҚШ долларини олиб кетаман”, деди. Унга 110 000 АҚШ доллари олиб келганимни билдирдим ва пулларни бердим. 110 000 АҚШ долларини санаб олиб, ўзи билан 50 000 АҚШ долларини олган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланди.

 

ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ…

Судланувчилар Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва узил-кесил ўташ учун 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Музаффар Кукиев,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

ТЎЙДАН ОЛДИН ОЛИНГАН МУЛККА КЕЛИН ДАЪВОГАРЛИК ҚИЛИШИ ТЎҒРИМИ?

— Ўғлимга уйланишидан олдин отаси машина олиб берган. Тўйдан кейин хотини билан кўп яшамади. Келиним ўғлини олиб, уйига кетиб қолганича ажрашишга ариза берди. Яқинда уй-жой ва машинадан улуш сўраётганини билиб қолдим. Уй эримни номида, машина ўғлимга расмийлаштирилган бўлса-да, тўйдан олдин олинган. Шунда ҳам хотини улуш талаб қилиши мумкинми? Ўзи бу вазиятда келиним нималарга ҳақли?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Ушбу Кодекснинг 25-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.


Юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, ўғлингиз никоҳга киргунига қадар унинг номига олинган автомашина унинг шахсий мулки ҳисобланади, ушбу автомашинада келинингизнинг улуши мавжуд эмас.


Шунингдек, уй-жой эрингизнинг номида бўлса, ушбу уй-жойда ҳам келинингиз улуши мавжуд эмас бўлиб, келинингиз ушбу мол-мулклардан улуш талаб қилиш ҳуқуқи эга эмас.


Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

 

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Агар келинингиз турмуш ўртоғингизни номидаги уй-жойга келин бўлиб тушган бўлса ва ушбу уйда доимий рўйхатда турса, келин бўлиб тушган вақтида турмуш ўртоғингиз ва келинингиз ўртасида ушбу уй-жойда муайян вақтгача яшаш тўғрисида келишув тузилмаган бўлса, келинингизда ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлади.


Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.


Ушбу Кодекснинг 54-моддасига кўра, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.


Бироқ, келинингизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи юқорида қайд қилинган модда талабига кўра, уйда яшамаётган бўлса, олти ой давомида сақланиб туради. Олти ойлик муддат ўтгач, турмуш ўртоғинигиз ёки уйда яшовчи бошқа доимий фойдаланувчилар, жумладан сизнинг ҳам даъво аризангизга кўра, келинингизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суднинг ҳал қилув қарорига асосан йўқотган деб топилиши мумкин.

ШАХСНИНГ ҲАЁТИ ВА СОҒЛИҒИГА ТАҲДИД ҚИЛИШ ТАЪҚИҚЛАНАДИ

Оила муқаддас тушунча бўлиб, у кўп йиллик тарихга бориб тақалади. Ҳатто, ибтидоий жамоа тузуми даврида ҳам оилавий муносабатлар мавжуд бўлган, лекин у даврдаги оила ва оилавий муносабатларда ибтидоий тузум кўринишлари ўз аксини топган эди. Жамиятнинг ривожланиши билан мавжуд барча ижтимоий муносабатлар ҳам шаклланиб, ривожланиб борган. Шу жумладан оила ҳам. Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади.

 

Дарҳақиқат, оила ҳар доим жамият муҳофазасида бўлган. Оиланинг жамият томонидан муҳофаза қилинишига дунё миқёсида тан олинаётган инсон ҳуқуқларига оид бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам асосий таянч вазифасини ўтамоқда. Бундай ҳуқуқий ҳужжатлар, энг аввало, давлатларнинг Конституцияси ва асосий қонунлари ҳисобланади. Лекин, дунёда мавжуд бўлган барча Конституцияларда ҳам оила ва оилавий муносабатларга етарлича эътибор берилмаган.

 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-боби (63-66-моддалар) бевосита оилага бағишланганлиги, бундан ташқари, оилавий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг қабул қилинганлиги фикримизни тасдиқлайди. Шунингдек, оиланинг шахс, жамият ва давлат ҳаётида ўрни ва ҳамиятини жуда юқори эканлигини инобатга олган ҳолда, оила доирасида ва оилага қарши содир этиладиган жиноятларни олдини олиш, бундай жиноятларга қарши курашиш давлатнинг жиноят-ҳуқуқий муҳофазаси доирасига киритилганлиги ҳам алоҳида эътиборни жалб этади.

 

Маълумки, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги муаммолар ўзининг кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Бу борадаги муаммоларни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, айниқса бугунги кунда ўта долзарб масала ҳисобланади.

 

Шарқ мутафаккирларининг бизларга қолдирган бой илмий-маданий меросларида ўзбек халқининг оила-турмуш қоидалари, ундаги катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, оила аъзолари ўртасидаги ижтимоий муносабатлар жараёнидаги маданият, айниқса, эр-хотин муносабатлари тўғрисидаги инсон тарбиясида ахлоқий аҳамиятга эга бўлган фикр мулоҳазалар, таълимотлар мавжуд.

 

Мазкур муаммо буюк алломаларимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, ат-Термизий ижодларида ҳамда тасаввуф фалсафасининг йирик намояндалари Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро тариқатларида ҳам кенг ёритилган.

 

Ушбу масалага Бурҳониддин Марғиноний ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, “жамиятнинг негизи ҳам, инсон руҳий-маънавий оламининг бешиги ҳам оиладир”, деб таъкидлаган эди.

 

Зеро, азалдан инсонни ҳурмат қилиш ва улуғлаш халқимиз табиатига хос миллий қадриятдир. Қадимги тарихий манба ҳисобланмиш – зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси, айниқса инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси ўз аксини топган. Ушбу нодир манба инсоният ва илм-фан тараққиёти ҳамда инсоний қадриятларнинг ривожланишига ўзининг бетакрор ҳиссасини қўшган. “Авесто”да жиноят ва жазо, оила-никоҳ муносабатларига, бу муносабатлар жараёнида инсоннинг ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилган.

 

Оилада содир этиладиган зўравонлик кишилар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар жараёнидаги тажовузкорликда намоён бўлади. Бу ҳолат кундалик оила-турмуш муносабатлари доирасида турлича тажовузкор хулқ-атворда намоён бўлади.

 

Оиладаги зўравонлик шахсга қарши ноқонуний куч ишлатиш, калтаклаш, зўрлаш, мажбур қилиш, таъсир кўрсатиш, ўз ҳукмронлигини ўтказиш каби белгилар орқали ифодаланади. У асосан жисмоний ёки руҳий кўринишда бўлиши мумкин. Руҳий зўравонлик эса кўп ҳолларда қўрқитиш (бир шахсни иккинчи бир шахс томонидан қўрқитиб бўйсундириш, ўзини кўрсатиш ёхуд ўзига қарам қилиш) шаклида ифодаланади. Руҳий зўравонлик асабийлашишнинг маҳсули бўлиб, бир шахсни қўрқитиб ўзига бўйсундириш, унинг “ихтиёрига зид” ёки “тарбиялаш” мақсадларида қўлланилиши ҳам мумкин. У айбдорга унинг қариндошлари ёки яқин кишиларига нисбатан бевосита қўлланилишида намоён бўлади. Жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан ҳар хил оғирлик даражасида баданга шикаст етказиш, калтаклаш ва бошқа жисмоний куч ишлатишни жисмоний зўравонлик деб баҳолаш лозим.

 

Бизнингча, зўравонлик жисмоний куч ёки қўрқитиш билан амалга ошириладиган жиноий фаолиятдир. Бунда шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилиш орқали ҳуқуқ ва эркинлиги поймол этилади. Мазкур ҳолатда таъсир этиш деганда, жабрланувчига унинг хоҳишига қарши амалга ошириладиган ва унга аниқ жисмоний ёхуд руҳий азоб берадиган, яъни зўравонлик ҳисобланадиган таъсир этишни тушуниш керак.

 

Зўравонлик оқибатида шахснинг баданига салгина оғриқ етказадиган ва ҳатто ёқимсиз ҳис уйғотадиган ўзгаришни ҳам зўравонлик деб аташ мумкин. Зўравонликка фақат тананинг дахлсизлиги бузилишини эмас, балки шахсга тааллуқли ҳар қандай салбий хатти-ҳаракатни киритиш керак. Масалан, шахс устидан кулиш, туҳмат, ҳақорат қилиш кабилар шахснинг конституциявий ҳуқуқини поймол қилиши билан бирга, унга кўрсатилган руҳий зўравонлик ҳисобланади.

 

Жисмоний таъсир кўрсатувчи зўравонлик ҳаракатлари қаторига, бизнинг фикримизча, инсон баданига куч билан таъсир қилишнинг ҳар қандай усули, яъни зарба беришда ифодаланмайдиган хатти-ҳаракатларни ҳам киритиш лозим. Масалан, сочдан тортиш, қўлни оғритиб ушлаш, тананинг бирор қисмини қисиш, оғриқ бериш, итариб юбориш ва ҳ.к.

 

Зўравонликлар жумласига қийноққа солиш, яккалаб қўйиш, иродага қарши ҳаракат қилишга мажбурлаш ёки ундаш, ушлаб туриш, зўрлаш, тегажоғлик қилиш, таҳқирлаш ва хўрлаш кабиларни киритиш мумкин.

 

Оиладаги жиноий зўравонликнинг қуйидаги турлари мавжуд:

 

Жисмоний зўрлик жабрланувчига турли даражада тан жароҳатлари етказиш, уриш, жисмоний куч ишлатиш, жабрланувчининг қариндошларини, яқинларини ўлдириш, номусига тегиш ва ҳоказолар кўринишида бўлиши мумкин. Бунда оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосига нисбатан қасддан унинг ҳаёти, соғлиғига ёки баданининг турли жойларига шикаст етказиш каби ҳатти-ҳаракатларни содир этилиб, қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:

 

шапалоқ тортиш, тепиш, турткилаш, мушт билан уриш;

 

кучли зарб билан итариб юбориш;

 

турли ўткир буюм ва нарсаларни отиш;

 

қурол билан хавф солиш ёки яралаш; уйдан чиқишига жисмонан йўл қўймаслик;

 

кечаси ухлашга қўймаслик.

Руҳий зўрлик – жабрланувчига нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиш, мол-мулкини нобуд қилиш ёки зарар етказиш ва жабрланувчи сир сақланишини истаган маълумотларни ошкор этиш ва ҳоказолар билан қўрқитиш. Руҳий зўрлик ва жисмоний зўрлик бир-бирини тақозо этувчи ва бири иккинчисини тўлдиргандагина оқибат келиб чиқиши мумкин.

 

Бунда қасддан оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш орқали унинг рухиятига таъсир кўрсатиш, ҳис туйғуларини сўндирувчи ҳаракатлар қилиш, қўрқитиш ва ҳақоратлаш билан унинг руҳиятига шикаст етказувчи сўзлар ва ҳаракатларни содир этишда намоён бўлади:

 

ҳиссиёт ва ҳис-туйғуларни тан олмаслик; устидан кулиши; жазо чораси сифатида унинг ҳиссиётларига эътибор бермаслик;

 

ёлғон сўзлар айтиб, ундан ўзининг манфаати йўлида фойдаланиш;

 

дўстлари ва қариндошларига хавф етказиш билан қўрқитиши ва улар билан алоқа қилишга йўл қўймаслик;

 

у билан оммавий жойларга чиқишдан бош тортиш; оила бюджетини ўзи назорат остига олиши;

 

қариндош уруғлар орасида шарманда қилиш;

 

уйдан кетишини айтиб қўрқитиш;

 

касал ёки ҳомиладор бўлганида унга ёрдам беришдан бош тортиш, тиббий ёрдам олишига қаршилик кўрсатиш.

Хулоса қиладиган бўлсак, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш  муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, оиладаги зўравонликларнинг олдини олишда барчамиз субъект сифатида қатнашишимиз лозим.

                                                                                                 Темуржан ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Шайхонтоҳур туман суди судьяси

Skip to content