Қидирув:

“УЙИМ ЖИНОЯТ ҚУРОЛИ СИФАТИДА ДАВЛАТ ФОЙДАСИГА МУСОДАРА ҚИЛИНИБДИ…”

— 2016 йилда оилам билан узоқ муддатга хорижга чиқишим муносабати билан бир танишимдан эгалигимда бўлган хонадонга қараб туришини илтимос қилган эдим. Бироқ яқинда Ўзбекистонга қайтиб келганимда хонадоним ушбу танишишимнинг содир қилган жинояти туфайли суд томонидан жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара бўлиб кетганидан хабар топдим. Мен бу ҳолатдан норозиман. Бу масалада қаерга мурожаат қилишим ва қандай йўл тутишим лозим?

Исми сир тутилди

Тимур Касимов, Тошкент шаҳар судининг судьяси:


— ЖПКнинг 211-моддаси 1-қисми 1-бандида “гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки унинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек муросхўрларига қайтариб берилади” деб кўрсатилган.


ЖПКнинг 4972-моддаси 3-қисмига мувофиқ ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция тартибида шикоят беришга ҳақли.


Уй сизнинг хусусий мулкингиз бўлгани учун сиз мулкингизга дахлдор қисми устидан юқори турувчи инстанцияга апелляция тартибида шикоят беришингиз мумкин. Бироқ, аввал Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 4975-моддасига асосан узрли сабабларга кўра шикоят бериш муддатини ўтказиб юборилгани учун апелляция шикояти бериш муддатини тиклаш учун илтимоснома билан мурожаат қилишингиз лозим.

«ИЖРО ҲУЖЖАТИ ЙЎҚОЛИШИ МУМКИНМИ?»

— Турмуш ўртоғим биринчи оиласидаги икки нафар боласига алимент тўлаб келаётганди. Баъзи сабабларга кўра ишсиз қолгач, алиментдан қарз бўлиб қолди. Мени ҳам бир нафар фарзандим бор. Моддий томондан қийналиб қолганимиз учун судга алиментни учта болага тенг тақсимлаш тўғрисида ариза бердик. Суд қарор чиқарганига 3 ой бўляпти. Лекин ҳалигача ижроси бажарилмади. Ижро ҳужжати турмуш ўртоғимнинг ишхонасига юборилган дейишди, лекин ҳужжат етиб келмаган. Бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Баҳодир САИДМУРАТОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодекси 99-моддасининг 1-қисмига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.


Сиз маълум қилган ҳолда эрингизнинг бошқа турмушдан фарзандларига алимент ундирилиши унинг қарамоғида бўлган биргаликдаги фарзандингизнинг таъминотига таъсир қилмоқда, бундай ҳолатда қонунчилик алимент тўловларини камайтириш мумкинлигини назарда тутади.


Оила кодекси 105-моддасининг 1-қисмига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

 

Шунга кўра, эрингиз ўз тарбиясида бўлган фарзанд таъминоти учун ҳам масъуллигини инобатга олган ҳолда судга алимент миқдорини камайтириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим.


Шу билан бирга, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги кераклиги лозимлигини қайд этиш лозим.

“ЭРИМНИНГ НОМИДА БЎЛГАН ОТАМНИНГ УЙИНИ ЎЗ НОМИМГА ЎТКАЗА ОЛАМАНМИ?”

— Отам ҳовлисини менга оғзаки васият қилиб, мерос сифатида берганди. Ўша уйнинг кадастрини турмуш ўртоғимнинг номига расмийлаштирган эдик. Афсуски, бундан икки йил олдин отам автоҳалокат туфайли вафот этди. Эримнинг хиёнати сабаб турмушимизга путур етиб, қонунан ажрашмоқчимиз. Бир йилдан бери болаларимнинг отаси ҳеч қандай ёрдам ҳам, алимент ҳам бергани йўқ. Энг қизиғи, отамдан мерос қолган уйни олиш учун даъво қиляпти. Шундай қилишга унинг ҳақи борми? Уйни отам қурган, солиқларини мен тўлаётган бўлсам. Бунга 30 йиллик қўшниларимиз ҳам гувоҳ. Отамдан мерос қолган уйни ўз номимга қандай ўтказсам бўлади?

Исми сир тутилди

Фахриддин Баҳронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Яъни мулкдор вафотига қадар ўз мулкини васият қилиб кетган бўлса, бу васият бўйича ворислик дейилади. Агар мулкдор вафотига қадар ўз мулкининг тақдирини ҳал қилмаган бўлса, мулкнинг тақдири қонун билан ҳал қилиниб, бу қонун бўйича ворислик, деб аталади.
Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар белгиланган бўлиб, унга кўра, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Яъни қонун талаби бўйича Ўзбекистон Республикасида васиятноманинг оғзаки равишда тузилишига йўл қўйилмайди. Бундай васиятномалар юридик кучга эга эмас. Бундан ташқари, кўчмас мулк билан боғлиқ ҳар қандай битимлар ҳам ёзма шаклда тузилиши шарт.

Демак, отангиз томонидан ёзма равишда тузилмаган, имзоланмаган, нотариал ва бошқа тартибда тасдиқланмаган уй-жойнинг васиятномаси юридик кучга эга эмас.

 

ЭРИНГИЗ МУЛКДОР

— Отангиз оғзаки васият қилиб қолдирган уй-жой турмуш ўртоғингизнинг номига давлат рўйхатидан ўтганлиги масаласига келсак, Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Айтиш жоизки, кўчмас мулк кимнинг номига давлат рўйхатидан ўтган бўлса, у ким томонидан қурилганлигидан ва солиқларни ким тўлаб келаётганлигидан қатъи назар, ўша шахс мулкдор ҳисобланади. Агар мулк юзасидан унинг мулкдор бўлмаган шахс номига ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтганлиги масаласида низо келиб чиқса, бундай ҳолда мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжат, яъни ҳоким қарори, ордер, шартнома ёки бошқалар устидан суд тартибида низолашиш мумкин.

 

БОЛАЛАР МАНФААТИ ҲИСОБГА ОЛИНАДИ

— Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек, уларнинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади. Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.
Қонун талаби бўйича эр-хотининг умумий мол-мулкидаги улушлари тенг ҳисобланса-да, суд томонидан уни бўлиш пайтида болалар манфаати ҳисобга олиниши мумкин. Лекин бу мулкда болаларнинг улуши бор дегани эмас.

 

ҚЎШНИЛАРИНГИЗ ГУВОҲ БЎЛА ОЛАДИ

— Фуқаролик процессуал кодексининг 56-моддасига кўра, ишга доир бирор ҳолатдан хабардор бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ бўла олади. Лекин кўчмас мулкнинг кимга тегишли эканлиги ёзма далиллар асосида аниқланади. Ёзма далиллар мавжуд бўлганда гувоҳларнинг кўрсатувлари мақбул далил, деб топилиши мумкин.

БОЛА ОТАСИ БИЛАН КЎРИШИШНИ ХОҲЛАМАСА СУДГА ҚАРШИ ДАЪВО КИРИТИШ МУМКИНМИ?

— Синглим яқинда расман ажрашди. 8 яшар ўғли онаси билан бирга яшаяпти. Собиқ эри бола билан кўришиб туриш учун суд орқали қарор чиқартирган. Лекин бола отаси билан кўришишни хоҳламаяпти. Бу вазиятда боланинг хоҳиши инобатга олинадими? Судга қарши даъво киритиш мумкинми?

Исми сир тутилди

Бехзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Агарда суднинг қарори билан собиқ турмуш ўртоғининг бола билан учрашиш тартиби белгиланган бўлса, бунга вояга етмаган фарзанд кўришишга қаршилик қилаётган бўлса, онаси судга учрашиш вақти ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда суд ишни кўришда психолог ва бола манфаатлари юзсидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида суд ишни мазмунан кўриб чиқади.

ЕРФУРУШ ФИРИБГАРЛАР ОХИР-ОҚИБАТ ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Ҳаётда жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Аммо буни барча ҳам бирдек англамайди. Аксинча, нафс қутқусига учиб, нопок ишга қўл урадиган кимсалар ҳам учраб туради.

 

Масалан, қибрайлик Шерали Раҳматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) муқаддам 3 марта айнан фирибгарлик қилмишини содир этгани учун суднинг қора курсисига ўтиргани, қо­нуний жазо олганига қарамай ҳаётда тўғри йўлни топиш, ҳалол меҳнат билан кун кечиришни хаёлига келтирмади. Аксинча, яна фирибгарлик қилмишини содир этишдан ўзини тиёлмади. Бу гал у пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Содиқ Ҳанапиев ва Давлат кадастрлари палатаси Қибрай туман филиали масъул хо­димлари, «Best Realtor» масъулияти чек­ланган жа­мия­ти Тошкент шаҳар минтақавий филиали раҳбари ва ходимлари (жиноят ишини бир қис­ми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар) билан жиноий тил бириктирди.

 

Гап шундаки, Қибрай тумани ҳокимининг 2016 йил 20 декабрдаги 2759-сонли қарорига асосан туманнинг «Алишеробод» маҳалласида жойлашган 162 сотих суғориладиган ер фуқаро Т. Нуримқуловага 30 йил муддатга қурилиш ишларини амалга оширмаслик шарти билан деҳқончилик учун ижарага берилганди. Аммо ижарачи аёл 2021 йилнинг бошида ер майдони атрофини ўраб олиб, ўзбошимчалик билан 15,75 метр квадратдан иборат ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширади. Белгиланган тартибга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ­лар давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Лекин Ш. Раҳматов жиноий шериклари билан бирга ушбу ноқонуний қу­рилмаларга нисбатан Т. Нуримқулованинг номига сохта инвентар кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради. Бу ҳам етмагандек, гўёки Т. Нуримқулова ер майдонини Ш. Раҳматовнинг тоғаси А. Абдуғаниевга сотгани тўғрисидаги шартномани ҳам қалбакилаштиришади. Сўнгра фирибгарлик йўли билан бошланғич аукцион нархи 677 160 000 сўмни ташкил қилган ерни Равшан Абдулҳамидовга 112 000 АҚШ долларига сотиб юборишади.

 

Шундан сўнг ҳамтовоқлар туман ҳокимининг юқоридаги қарорига биноан, А. Йўлдошевга ижарага ажратиб берилган 108 сотих ер ва унинг 69 метр квадрат қисмида барпо этилган бино-иншоотларга эътибор қаратишади.

 

Яъни Давлат кадастрлари палатаси Қибрай тумани филиали ва «Best Realtor» масъулияти чекланган жамия­ти масъул ходимлари орқали ҳужжатларни сохталаштириб, ноқонуний мулк­ни Шаймардон Бекпўлатовга 60 000 АҚШ долларига пуллашади.

 

Албатта, айни олди-сотдидан сўнг ерфуруш фирибгарларнинг «иштаҳа»си янада очилиб кетади. Натижада 2021 йилнинг март ойида улар туман ҳокимининг юқорида қайд этилган қарори асосида ижарага ер олган Э. Икромов ва М. Тоштемировга кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун ер майдонининг атрофини ўраб олиш ҳамда вақтинчалик қу­рилма қилишни ўргатишади. Кейин ана шу вақтинчалик биноларга нисбатан У. Умаров (ҳозирда вафот этган), Н. Мусаева ва Т. Вигодинанинг номига инвентар кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришади. Қолаверса, «Best Realtor» масъулияти чекланган жамияти воситачилигида гўёки уч фуқаро бино-иншоотлар ва ер майдонларини Э. Икромовга 6 000 000 сўмга сотаётгани ҳақидаги олди-сотди шартномасини тузишади. Натижада бошланғич аукцион нархи 2 380 920 000 сўмни ташкил қилган жами 571 сотих ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказиб, фирибгарлик йў­ли билан сотиб юборишади. Бироқ…

 

Бироқ нафс домига тушган кимсалар бу билан қаноатланишмайди.

 

Аниқроғи, улар худди аввалгидек усулларда фуқаро Абдуманноб Нуримқуловга ажратилган 171 сотих ер майдони ва ундаги ноқонуний қурилмаларни олди-сотди шартномаси орқа­ли Д. Самадов номига расмийлаштирган ҳолда сотишади. Ушбу мулкнинг бошланғич аукцион нархи 714 600 000 сўмни ташкил қилган. Ам­мо кўп ўтмай жабрланувчилар алданганини англаб етишади. Пировардида ҳамтовоқларнинг кирдикорлари фош этилиб, юқоридаги ҳолатлар бў­йича жиноят ишлари қўзғатилади.

 

Буни қарангки, қинғир ишнинг қи­йиғи чиқишини яхши билган Ш. Раҳматов аввалига терговдан яшириниб юрди. Шунинг учун 2022 йил 9 февраль куни унга нисбатан сиртдан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эъ­лон қилинди. Лекин «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деганларидек, у 2022 йил 12 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди.

 

Албатта, жиноятчининг тегишли жа­зога маҳкум этилиши бу — қонун талаби. Шу маънода айтганда, жиноят­ ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида айни жиноят иши кўриб чи­­­қилди. Суд Ш. Раҳматов ва С. Ҳанапиевни Жиноят кодексининг бир қа­тор моддалари билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди. Шунингдек, суд ҳукмида Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан келтирилган даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, судланувчилардан жабр­ланувчиларга етказилган 187 000 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.

 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деб шунга айтишади-да.

 

Баҳром БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

«ШАРТНОМА ТУЗИЛМАГАН БЎЛСА ҲАМ ПУЛ ТЎЛАЙМАНМИ?»

— Чиқинди бўйича шартнома тузмаганмиз. Лекин шундай бўлса-да, мендан тўлов амалга оширишимни талаб қилишяпти. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 51-моддасига асосан фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.


Уй-жой кодексининг 133-моддасига мувофиқ, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.


Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага, арендага олувчилари ўзларига кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун қонунчиликка ва коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар (ижрочилар) билан тузилган шартномаларга мувофиқ мажбурий тўловлар тўлайди.


Ўзбекистон Республикаси “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси 2-қисмига кўра, фуқаролар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошираётганда белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, бошқа талабларга риоя қилишлари, маиший-рўзғор чиқиндиларини тўплаб олиб кетиш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар хизматидан фойдаланганлик учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб боришлари шарт.


Юқоридаги қонун талабларига кўра, фуқаролар чиқиндиларни олиб кетилиши учун шартнома тузишлари ва шартнома шартларига асосан мажбурий тўловларни амалга ошириб боришлари шарт.

САДОҚАТ БЎЛМАСА, БИЗГА ЧЕТДАН ДУШМАН КЕРАК ЭМАС, ЭНГ ОҒИР ЖИНОЯТ НИМА?

Инсоннинг табиати қизиқда, агар бошига иш тушса, ҳал қилиш йўлини қидиради, меҳнат қилади, вазиятдан ақл билан чиқишга уринади, ҳаттоки ечимни у-бу кимдан ёрдам сўрайди. Бундай вазиятдан ўзи каби бошқалар ҳам зиён кўришини истамайди.

 

Аммо шундай табиатли инсонлар ҳам борки, уларнинг бошига иш тушса, масалани ечишга ҳаракат қилмай, аксинча, нолийди, ўзини оқлайди, бунда кимнидир айблайди, қисқаси, охир оқибат бу тоифа кишилар худбинликка асир бўлиб, унинг домига тушади.

 

Юқоридаги жумлаларнинг асл муддаосига кейинроқ тўхталамиз. Энди эса мавзуга қайтсак, шу аёнки, садоқат, деганда ҳар биримиз деярли бир тушунчани англаймиз.

 

Албатта, шу он кўз ўнгимизда Ватан, юрт, ота-она, оила, ёр ва яқинлар ёки шу Ватан, халқ, миллат, ўз севган тушунчалари ва яқин кишилари келажаги учун жон фидо қилган аждодларимиз гавдаланади.

 

Бежиз эмаски, садоқат сўзини Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга ва бошқаларга доим қўшиб ишлатамиз.

 

Ҳақиқат шундаки, бугунги шиддатли давр талабида ҳар бир давлатнинг мустаҳкамлиги ва унинг аҳолиси ўртасида ўзаро ишонч бардавом ҳукм суриши учун энг аввало, садоқат сув ва ҳаводек зарур, асло газ ва электрдек эмас.

 

Ҳар қандай қийинчилик, камчилик ва хатолар биз билган садоқатга рахна солмаслиги лозим…

 

Демак, ҳар бир қозида ҳам мансаб, мартабасига садоқат бирламчи бўлмаслиги, бил акс, адолатга, қонунга ва албатта ўз халқи, Ватани ҳамда қасамёдига садоқати унинг дастуриламали бўлмоғи шарт.

 

Шу маънода, ҳар қандай даражадаги давлат органи, мансабдор ёки давлат фуқаролик хизматидаги барча-барча ўз хизмат фаолиятида доим биз учун қадриятга айланган садоқатга содиқ қолиши лозим.

 

Ушбу тушунчанинг нафақат давлат хизматчилари, балки, ҳар бир аҳоли вакили, ҳар қайси фуқародан ўз талаби бор, чунки Ватан, юрт, ота-она, оила, яқинларга, дўстга, касбга доим ҳамроҳ бўлиши керак бўлган садоқат, агар қай биримизда бўлмаса ёки унга риоя қилмасак, бизга четдан душман керак эмас, шунинг ўзи етарли бўлади.

 

Яқинда юз берган энергия таъминоти – электр, газ билан боғлиқ етишмовчиликлар, узилишлар у ёки бу соҳадаги ишлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган ғаразли гуруҳлар таъсирига халқимиз вакилларининг билиб-билмай қўшилиб қолиши, Ватанга, унинг тинчлиги, аҳолисининг бирлигига қарши фойдаланишга уринишлар ҳам афсуски, кузатилди.

 

Вазиятдан фойдаланиб, аҳоли ўртасида ишончсизлик кайфиятини уйғотишга зўр бериш, бу юртдан кетишни тарғиб қилиш, тинчлик, осойишталикка путур етказиш, вазиятни издан чиқаришга уриниш йўлида ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учради.

 

Аммо, бунга тўғри баҳо берилса, ҳолатлар қайсидир соҳа вакиллари томонидан йўл қўйилган камчилик бўлиб, буни англаш, ечимини топишга барчанинг сафарбарлиги энг мақбул ечим саналади ва ҳукумат томонидан шундай ҳам қилинмоқда.

 

Лекин, бундай муаммолардан Ватанга нисбатан «қурол» сифатида фойдаланиш, бу – хиёнат ва Ватанга нисбатан садоқатсизликдир. 

 

САДОҚАТ НИМА БИЛАН ЎЛЧАНАДИ?

Садоқат – эл фарзанди учун юрт бошига иш тушса билинади. У маълум тоифа аҳоли қатламига эмас, барчамизга тегишлидир. Чунки садоқат фаровон кунларда синалмайди. У муҳим дамларда яққол билинади, юзага чиқади. Садоқатнинг баҳоси ҳам, ўлчови ҳам айнан шундадир.

 

Шунинг учун ҳам садоқат, бу – жамиятда биз топган энг асосий қадриятлардан бўлиб, халқ, давлатнинг тараққиёт рамзи ҳамдир.

 

Садоқат йўқ жойда унинг ўрнига пойлаб тургандек ишончсизлик тезда етиб келади ва аҳоли ўртасида ўзаро масъулиятни йўқотишга ҳаракат қилади.

 

Шунинг учун ҳам садоқат – барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. У орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар, ишончдан эса жамиятга файз киради, юрт кўкаради, давлат тараққий этади.

 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ёки жадид боболаримиз қандай кунларда тарихга муҳрланган. Албатта, улар юрт бошига иш тушганида, ўз халқи ва Ватанига муҳаббати, садоқати туфайли шундай шон-шарафларга эришди.

 

Шу боис ҳам бугун барчамиз садоқат, деганда Ватанни, Ватан деганда жон фидо аждодларимизни кўз олдимизга келтирамиз.

 

Бугун замон ва макон, давр ўзгарди, даврон ўзгарди, бугун садоқатни намоён этиш ё аксинча садоқатга хиёнат қилиш учун жангу-жадал, жон бериб жон олиш шарт эмас, чунки ахборот асрида яшаяпмиз. Ахборот – энг кучли қуролга айланган макондамиз…

 

Шундай экан, Ватанга қарши айтилган ҳар бир жумланинг юкини бутун вужудимиз билан ҳис этмоқликка масъулмиз.

 

Илло, ҳеч қандай қийинчилик ёки етишмовчилик Ватанга бўлган садоқатга таъсир этмаслиги керак. Шунинг учун ҳам садоқатнинг асл моҳияти аввал, Ватан кейин мен, деганидир.

 

Бир сўз билан айтганда, инсониятга инъом этилган энг эзгу қадрият ҳам айнан садоқатдир. У инсонни, Ватанни, халқни, ота-онани, ёрни, яқинларни, дўстни, касбу-корни, хуллас, эзгуликларни улуғлайди.

 

Инсоният тарихида юз берган ва берадиган, бериши мумкин бўлган энг оғир жиноят ҳам, бу – хиёнат, чунки у Ватан, халқ, ота-она, оила, ёр, яқинларга, дўстга, касбга қарши қаратилади. Балки шу асосда қонунларимизда ҳам хиёнат учун қаттиқ жазо белгилангандир.

 

Хуллас, таълим соҳасида – ўқитувчида, суд залида – қозида, соғлиқни сақлаш тизимида – шифокорда, иқтисодиётда ва ҳар қандай даражадаги давлат хизматчисида, умуман, барчада садоқат масъулияти бўлиши муҳим.

 

Юртдошларимизнинг Ватанга, қонунга ва бурчга садоқати доимо сафарбар, шай ҳолатда туриши – ахборот замонида юз бераётган айрим ҳодисалардан ўз вақтида хулоса чиқариб олишимизда асқатади.  

 

Яна бир гап, инсоннинг азизлиги унинг садоқатида, унинг қадри эса ўз Ватанидадир.

 

Нуриддин Муродов,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ИККИ ЙИЛЛИК ИЗТИРОБ: АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ АЖРИМИДАН СЎНГ ОРТДА ҚОЛДИ

«Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди», дейди доно халқимиз. Бу ҳикматнинг исботига ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.Масалан, Яшнобод туманида яшовчи Муножотхон Довулова ҳам бу ҳикматнинг бежизга айтилмаганига амин бўлди.

 

Ўқитувчилик жуда машаққатли, шу билан бирга шарафли касб. Аммо ўқитувчилар жамоасига раҳбарлик қилиш ундан ҳам ўн чандон масъулиятли. М.Довулова 2018 йил 7 февралда Яшнобод туманидаги 282-сонли умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланганида ана шу юксак масъулиятни ҳис қилган ҳол­да фаолият бошлаганди.

 

Табиийки, шунга яраша мактабдаги таълим-тарбия сифати ҳам кўтарилди.

 

Ўқувчиларнинг турли беллашув ва фан олимпиадаларида қўлга киритган натижалари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бироқ орадан икки йил ўт­гач, директорнинг бошига жиддий ташвиш тушди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув-тергов жараёни бошланди. Кейин ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Аниқроғи, жиноят ишлари бў­йича Яшнобод тумани судининг 2021 йил 25 мартдаги ҳукмига кўра, М. Довулова Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан ко­декс­нинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳу­қу­қидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ах­лоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, М. Довулова қай­си қилмиши учун жазога тортилди?

 

Суд ҳукмида қайд этилишича, директор ўзининг 2018 йил 30 августдаги буйруғи билан Санжар Жўраевни мактабга психолог сифатида ишга қабул қилади. Лекин аслида Санжар директорнинг шахсий ёки муассасага тааллуқли бошқа топшириқларини бажарган. Бинобарин, у ўзининг бевосита психологлик вазифасини амалда бажармаган. Қолаверса, ишга ҳам ҳар куни келмаган. Бироқ мактаб раҳбари расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, 2020 йил март ойи­га қадар унга 24 093 602 сўм миқдорда ойлик маоши беришни таъминлаган.

 

Бундан ташқари М. Довулова Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-сонли қарори ҳамда Халқ таълими вазирининг 2019 йил 29 ав­густ­даги 282-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомлар талабларига зид равишда ўқитувчиларга 22 926 943 сўм миқдорида ортиқча иш ҳақи, мукофот пули ва устамалар тўлаган. Шу билан бирга директор ўқитувчи, педагог, психолог ва кутубхона ходимларига 199 415 853 сўмлик устама, мукофот ҳамда моддий ёрдам пуллари тўғри, холис ва адолатли тўланишини таъминламагани натижада жамоада норозилик юзага келган.

 

Албатта, М. Довулова суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция инстанциясига шикоят би­лан мурожаат қилди. Аммо жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2021 йил 11 майдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди. Шундан сўнг М. Довулова Олий судга мурожаат қилди. Чунки у ўзи­ни айбсиз деб биларди. Натижада Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 октябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг юқоридаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши айни инстанция судида янгидан кўриш учун юборилди.

 

Таъкидлаш керакки, ишни янгидан кўриш жараёнида М. Довулованинг айбсизлиги маълум бўлди. Жиноят-процессуал кодексининг 951-моддасига биноан, агар далиллар сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан, номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан, шунингдек, жабрланувчи, гу­воҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади. Дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди М. Довуловани айбдор деб топишда фақатгина тафтиш хулосасига асосланган. Ваҳоланки, тафтиш хулосаси мақбул бўлмаган далиллардан фойдаланилган ҳолда тузилган.

 

Жиноят ишидаги ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстан­ция­сининг 2022 йил 17 февралдаги ажримига асосан қайта тафтиш тайинланди.

 

Мазкур тафтишга жалб қилинган Халқ таълими вазирлигининг ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис маркази методисти Гулчеҳра Тўраева берган хулосада қайд этилишича, психологларнинг вазифаси мактаб директори М. Довулова томонидан оғзаки тақсимлангани, шунга кўра, Санжар Жўраев ўқувчиларнинг мактабга мослашувини ўрганиш, юқори синф ўғил болаларини назорат қилиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш, ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, дарсга ўз вақтида келишини назорат қилиш, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойил ўқувчилар билан ишлаш, турли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, ўтказилган тадбирлар, суҳбат, тест ва методикалар таҳлил натижаларини шакллантириш, умумлаштиришга кўмаклашишдан иборат.

 

Бундан ташқари дастлабки тергов органи томонидан гувоҳлар С. Мирзакаримова, Л. Бўтаева, М. Тўранқулова, Н. Нишонова, Г. Бўтаева, М. Аҳмедова, Т. Шомиева, Н. Файзиева, К. Ҳусанова, Ф. Тожиева, Г. Каипованинг кўрсатмалари фақатгина М. Довуловани айблаш учун асос сифатида олингани, бироқ уларнинг тушунтириш хатларида акс этган ҳолатлар мавжуд далиллар билан асослантирилмагани аниқланди.

 

Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳ И. Фейгина устама бериш бўйича махсус комиссия ҳаққоний ишлагани ва йиғилишлар мунтазам равишда ўтказилгани, устама олган ўқитувчиларни бунга лойиқ деб ҳисоблашини, психолог С. Жўраевнинг ишга келиб-кетишини кузатмагани, мактабда уни кўриб тургани, бироқ вазифасига айнан нималар киришини билмаслиги, тергов жараёнидаги кўрсатмаларини ўқимасдан имзолаганини маълум қилди. Гувоҳлар З. Нарзиева, М. Карамуталлаев, Д. Йўлдошева, Н. Йўлдошева, Д. Мадиева, О. Ҳусанова, Н. Оралова ва М. Нуритдинова ҳам айнан шунга ўхшаш кўрсатмалар беришди. Бинобарин, апелляция инстанцияси суди бирламчи тафтиш далолатномасидаги ҳолатлар жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан олинган далилларга асослангани сабабли, бирламчи тафтиш далолатномасини мақбул бўлмаган далил деб топиб, уни далиллар рўйхатидан чиқарди.

 

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, мактаб директори ўзининг фаолиятини қонун доирасида амалга ошириб келган. Ана шу асосларга таянган Тошкент шаҳар суди М. Довуловани айбсиз деб топиб, оқлади. Шу муносабат билан М. Довуловага ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304, 312-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Қолаверса, дастлабки тергов даврида Санжар Жўраев томонидан топширилган ва давлат фойдасига ўтказилган 24 094 000 сўм маблағ Тошкент шаҳар молия бошқармаси орқали унга қайтарилиши белгиланди.

 

Шу тариқа икки йил давом этган изтироблардан сўнг М. Довулованинг юзи ёруғ бўлди.

 

Таъкидлаш ўринлики, сўнг­ги йилларда судлар фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир. Зеро, судлар зиммасига ҳар бир иш юзасидан адолатни рўёбга чиқариш вазифаси юклатилган.

 

Муҳтарама ТУРҒУНОВА,

Тошкент шаҳар суди судьяси

«КОРХОНАМИЗ ЖОЙЛАШГАН СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИМИЗ МУМКИНМИ?»

— Мен маъсулияти чекланган жамиятнинг раҳбариман, ташкилотимиз Тошкент шаҳрида жойлашган. 2021 йилда вилоятида жойлашган хусусий корхона билан маҳсулот етказиб бериш шартномасини тузганмиз. Ҳозирги кунда биз томондан маҳсулот етказиб берилишига қарамай, жавобгар шартномада белгиланган тўловни амалга оширмаган. Қарздорликни ундириш масаласида бизнинг корхонамиз жойлашган судга мурожаат қилишимиз мумкинми?

Исми сир тутилди

  Насиба АБДУРАХМАНОВА, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси:

 

— Иқтисодий процессуал кодекснинг 33-моддасида судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари белгиланган. Ушбу қоидаларга кўра, юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилиши белгиланган.

 

Иқтисодий процессуал кодекснинг 34-моддасига кўра, турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

 

Давлат рўйхатидан ўтган жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки унинг маълум бўлган охирги жойлашган еридаги судга тақдим этилиши мумкин.

 

Ушбу Кодекснинг 33 ва 34-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик тарафларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин.

 

Агар тарафлар ўртасида тузилган шартномада келиб чиққан низолар Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилиши белгиланган бўлса, унда даъвогар даъво аризаси билан мазкур судга мурожаат қилишга ҳақли. Ушбу ҳуқуқ Иқтисодий процессуал кодекснинг 38-моддасида шартнома бўйича судловга тегишлилик қоидаси сифатида белгиланган.

 

Агар жавобгар корхонаси билан тузилган шартномада судловга тегишлилик қоидалари ўзгартирилмаган бўлса, сиз тегишли даъво аризаси билан жавобгар корхонаси давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга муурожаат этишингиз лозим бўлади.

«ҚАРЗДОРЛИКНИ ҚАНДАЙ УНДИРИБ ОЛИШИМИЗ МУМКИН?»

— Бир корхона билан маҳсулот етказиб бериш шартномаси имзоланган ва маҳсулот етказиб берилган. Бироқ маҳсулот учун тўловлар тўлиқ амалга оширилмаган. Бугунги кунда маҳсулот сотиб олувчи корхона банкрот деб эълон қилинди ва тугатишга доир иш бошланган. Биз қарздорликни қандай ундириб олишимиз мумкин?

Исми сир тутилди

Мухиддин СУЛТОНОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари:

 

— Мазкур ҳолатда қарздорга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ва унга нисбатан тақдим этиладиган талаблар қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозимлиги сабабли қарздорликни ундиришни сўраб судга даъво аризаси билан эмас, балки “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Руспубликаси Қонунида белгиланган тартибда талабни, яъни қарздорлик суммасини кредиторлар талаблари реестрига киритиш ҳақида суд бошқарувчиси орқали кредиторлар йиғилишига ариза билан мурожаат қилиш лозим бўлади.

 

Хусусан, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига биноан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади. Суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини якка тартибда қаноатлантириш мақсадида мурожаат қилишга ҳақли эмас.


Ушбу Қонуннинг 18-моддасига кўра кредиторларнинг талаблари реестрини суд бошқарувчиси юритади.

 

Кредиторларнинг талаблари ҳисоби кредиторлар талаблари реестрида миллий валютада юритилади. Кредиторларнинг чет эл валютасида ифодаланган талаблари кредиторларнинг талаблари реестрида, агар кредитор ва қарздор ўртасида тузилган шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган кундаги Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади. Кредиторларнинг талаблари реестрида ҳар бир кредитор ҳақидаги, пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятлар юзасидан кредитор талабларининг аниқланган миқдори, унинг ҳар бир талабининг қаноатлантириш навбати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

 

Кредитор талаблари баён этилган аризада ўзи ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан фирманинг тўлиқ номини, жойлашган ерини (почта манзилини), электрон почта манзилини (мавжуд бўлган тақдирда), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, шунингдек банк реквизитларини (мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатиши шарт.

 

Талаблари кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган шахс ўзи хусусидаги маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек қарздорга нисбатан ўз талабларининг миқдори ва таркиби ўзгарганлиги, шу жумладан талабларидан учинчи шахслар фойдасига воз кечганлиги ҳақида суд бошқарувчисини бир ҳафталик муддат ичида хабардор қилиши керак. Бундай маълумотлар тақдим этилмаган ёки ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, шу муносабат билан етказилган зарар учун суд бошқарувчиси ва қарздор жавобгар бўлмайди.

 

Кредиторларга кредиторларнинг талаблари реестри билан танишиш имконияти таъминланиши керак. Суд бошқарувчиси кредитор ёки унинг вакили талаби билан мазкур кредиторга ёки унинг вакилига талаблари қаноатлантирилишининг миқдори, таркиби ва навбати тўғрисида бундай талаб олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида кредиторларнинг талаблари реестридан кўчирма юбориши шарт. Бундай кўчирмани тайёрлаш ва юбориш харажатлари кредиторнинг зиммасига юклатилади.

 

Кредиторларнинг талаблари реестрини тузишда юзага келадиган келишмовчиликлар суд томонидан кўриб чиқилади.

 

Қонуннинг 154-моддасига биноан, тугатиш бошқарувчиси кредиторлар билан кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ ҳисоб-китоб қилади.

Skip to content