Қидирув:

ПИРОТЕХНИКА БУЮМЛАРИНИ ҚОНУНГА ХИЛОФ МУОМАЛАСИ УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БОР?

Янги йил байрами деганда ранг-баранг чироқлар, безаклар ва мушакбозликлар киши кўз ўнгида гавдаланади. Айни шу сабаб ҳам харидори болалар бўлган хавфли “ўйинчоқлар” – пиротехника воситаларининг савдоси авж олади. Пайтдан унумли фойдаланиб қолишни истовчи “тадбиркорлар”нинг мақсади аниқ – хамённи тўлдириш! Лекин фарзандига қувонч бағишлаш учун харидор бўлаётган айрим ота-оналар лаҳзалик “маза” ортидан келадиган “аъза”ни ҳам ўйлашса ёмон бўлмасди. Чунки, ҳар йили Янги йил арафасида ва байрамдан сўнг пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли оғир аҳволда шифохонага мурожаат қиладиган беморлар, жавобгарликка тортилаётган “тадбиркор”лар сони ҳам оз эмас…

 

Статистикага тўхталадиган бўлсак, Тошкент шаҳридаги жиноят ишлари бўйича судларда 2022 йил давомида 248 нафар шахсга нисбатан 218 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб тамомланган. Шундан, 210 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бўйича 238 нафар шахсга жарима жазоси тайинланган. Ушбу ишлар бўйича ашёвий далил сифатида олинган 2245 қутидаги 296 081 дона баҳоси 145 693 054 сўмлик пиротехника воситалари йўқ қилиниши белгиланган.

 

Худди шу давр мобайнида 17 нафар шахсга нисбатан 8 та жиноят ишлари кўриб тамомланган ва уларнинг барчасига айблов ҳукмлари чиқарилган. Судланганларнинг 1 нафарига жарима, 1 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 5 нафарига озодликни чеклаш, 9 нафарига озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган, 1 нафарига эса бошқа асосга кўра ҳукм чиқарилган. Ушбу ишлар бўйича ашёвий далил сифатида олинган 4510 қутидаги 39 742 638 дона баҳоси 156 424 940 сўмлик пиротехника воситалари йўқ қилиниши белгиланган.

 

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда муомалага киритган “тадбиркорлар”га эслатиб ўтмоқчи эдик, бу ҳаракат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси ва Жиноят кодексининг 250-1-моддасига кўра жавобгарлик белгиланган.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасига кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

“Жарима жазоси билан қутилиб қолдим…” дея ўз “фаолияти”ни давом эттирадиган устамонларга жиноий жавобгарлик ҳам борлигини эслатиб ўтишни жоиз топдик.

 

МАЪМУРИЙ ЖАЗО ҚЎЛЛАНИЛГАНИДАН КЕЙИН СОДИР ЭТИЛГАН БЎЛСА…

Аниқроғи, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

БАДАНГА ЎРТАЧА ОҒИР ЁКИ ОҒИР ШИКАСТ ЕТКАЗИЛИШИГА САБАБ БЎЛСА…

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – кўп миқдорда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса; баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

ОДАМ ЎЛИШИГА САБАБ БЎЛГАНИДА НЕЧА ЙИЛГАЧА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш жуда кўп миқдорда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса; одам ўлишига сабаб бўлганида эса 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

ОҒИР ОҚИБАТЛАР КЕЛИБ ЧИҚҚАНИДА ЭСА…

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – одамлар ўлимига; бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Дилшод Камилов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа туман суди раиси

“ЎРИКЗОР САВДО КОМПЛЕКСИ”ДА ҚЎЛГА ТУШГАН ВА СУД МАЖЛИСИГА БОРМАГАН ҲУҚУҚБУЗАР…

29 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида, очиқ суд мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан 2000 йилда туғилган йигитга оид маъмурий иш кўриб чиқилди.  

 

 Маълум бўлишича, ҳуқуқбузар Учтепа туманида жойлашган “Ўрикзор савдо комплекси” АЖнинг ҳудудида ҳеч қандай хужжатларсиз, 20 000 сўм эвазига қонунга ҳилоф равишда 1-қути “Новий Век” номли 111-дона пиротехника воситаларини сотмоқчи бўлган. Улар далилий ашё сифатида ИИО ходимлари томонидан расмийлаштириб олинган.

 

Суд мажлисига ҳуқуқбузар тегишли тартибда чақиртирилишига қарамай, номаълум сабабларга кўра келмаган ва келмаслик сабаблари ҳақида судни огоҳлантирмаган. Шунга кўра суд, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кoдекснинг 294-моддаси 2-қисми талабларига асосланган ҳолда ишни ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим деб топди.

 

Суд ушбу маъмурий иши юзасидан тўпланган иш хужжатларини текшириб чиқиб, МЖтКнинг  276, 277-моддалари талаблари бўйича синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама, холисона баҳо бериб, ҳуқуқбузарнинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби далиллар: Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимнинг билдиргиси, далолатнома, нарсани олиш тўғрисидаги баённома, маъмурий иш ҳужжатларига илова қилинган фото нусхалар, тушунтириш хатлари ва маъмурий ишидаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини тўлиқ топади деб ҳисоблади.

 

Тўлқин Тўрақулов, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси:  

 

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кoдекснинг 185-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 500 000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди.

 

Ашёвий далил сифатида олинган 1 қути “Новий Век” номли 111 дона пиротехника воситаларини тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

ТОШКЕНТДА ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИНИ СОТИШГА УРИНИШ «ҚИММАТ»ГА ТУШДИ

Янги йил байрами тобора яқинлашгани сари унинг шукуҳи ортиб боради. Бироқ мана шу байрамона кайфиятга рахна соладиган ҳолат ҳам борки, дилни хира қилади. Байрам баҳона чўнтагини қаппайтиришни кўзлаганлар пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш пайига тушади. Ваҳоланки, пиротехника буюмлари ортидан соғлигига жиддий, ҳатто бир умрлик “тамға” бўлиб қоладиган ҳолатлар қайд этилгани ҳақида кўп ва хўп айтилади. Энг қизиғи, шу “иш” билан шуғулланувчиларнинг ҳам фарзанди бор. Шу жумладан, “қаҳрамонлар”имиз 27 ва 32 ёшли судланувчиларнинг ҳам бир нафар вояга етмаган боласи бор. Улар ҳамда жиноят ишининг уларга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар олдиндан тил бириктиришади. Бир гуруҳ бўлган ҳолда жуда кўп миқдордаги пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш мақсадида ташиб ва сақлаб келишган…

 

Декабрь ойи… Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида тезкор тадбир ўтказилди. Жараёнда 2 нафар судланувчи ва жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар томонидан қайта сотиш учун олиб келинган, Яшнобод туманидаги уйда юклашга тайёр ҳолатда сақланиб келинаётган, тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган жами 8 дона картон қутилардаги 218 дона “Золотой дракон”, 230 дона “Новый век”, 2 736 дона “Соловей разбойник” ва 4 дона “9D” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб олиб қўйилган.

 

Бундан ташқари, тадбир давомида, 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги ва у томонидан Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйилган “Дамас” русумли автомашинанинг салон қисми холислар иштирокида кўздан кечирилади. Унда 144 000 дона “Трения”, 712 дона “Золотой песок”, 72 дона “Танец на льду”, 19 дона “Королевский салют на 64 залпов”, 4 дона “Королевский салют на 100 залпов”, 4 176 дона “Соловей разбойник”, 48 дона “9D” номли пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб олиб қўйилган.

 

ИИВ ЭКМнинг экспертиза хулосаларига кўра, олинган зарядлар таркибида портловчи моддалар йўқлиги ҳамда қурол-яроқ, ўқ дори, портлатиш қурилмалари туркумига кирмаслиги, ишлатиш учун яроқлилиги, Хитойда саноат усулида ишлаб чиқарилганлиги ва пиротехника воситалари хавфлилик даражаси бўйича IV, III ва II синфидаги пиротехника воситалари туркумига кириши аниқланган.

 

Баҳолаш ҳисоботига кўра, олиб қўйилган пиротехника воситаларининг бозор нархи 376 290 000 сўмни ташкил қилади.

 

— Менга танишим қўнғироқ қилиб, сотиладиган арча ўйинчоқлари борлигини ва уларни бир жойга олиб бориш кераклигини айтиб чақирди. Шунда бошқарувимдаги “Дамас” русумли автомашинада танишим айтган Яшнобод туманидаги уйга бордим. Дарвозани танишим очди ва ҳовлида турган 25 та қоғоз қутиларда бўлган юкларни мени автомашинамга ортишди. Сўнг танишим менга “автомашинангни бирор автотураргоҳга қўйиб тур, кейинчалик юкларни қаерга олиб бориш кераклигини айтаман”, деди. Автомашинамни бошқариб, ўзим биладиган Миробод туманидаги уй манзилида жойлашган автотураргоҳга олиб бориб қўйдим. Ўзим пиёда кетдим. Орадан бир қанча вақт ўтиб, менга ўзини божхона ходими сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилди. Бошқарувимдаги автомашинада пиротехника воситалари аниқлангани ва автомашина эвакуатор ёрдамида Божхона бошқармаси биносига келтирилганини айтди. Мени бошқармага чақиришди, бориб ҳолат юзасидан батафсил тушунтириш бердим. Ҳақиқатда автомашинамга арча ўйинчоқлари эмас, балки пиротехника воситалари юкланганини билмаганман.

 

Автомашиналарга “чехол”лар сотиш билан шуғулланганим сабабли, Қирғизистондан ушбу турдаги ашёларни буюртма қилганман ва улар учун пул ўтказганман. 27 ёшли судланувчи билан илгаридан таниш бўлмаганман. Воқеа содир бўлган куни 150 000 сўм хизмат ҳақи эвазига юкларни олиб бориб беришга келишганман, – дейди судда айбига иқрорлик билдирмаган 32 ёшли судланувчи.

 

27 ёшли судланувчи эса судда айбига қисман иқрор бўлди. — Менга ўзини “Б.” сифатида таништирган шахс қўнғироқ қилиб, “пиротехника воситалари сотиб оламан, Тошкентга етказиб берсангиз пулларини бераман”, деди. Шундан сўнг 33 қоғоз қутига жойланган пиротехника воситаларини сотиб олиб, уларни юк автомашинасига ортиб, Тошкентга юбордим. Ўзим эса қариндошимнинг бошқарувидаги автомашинада Тошкентга келдим. Етиб келгач, “Бегзод”га қўнғироқ қилганимда, юкларни қаерга олиб боришни тушунтирди. Айтилган манзилга юк автомашинасини кузатиб олиб бордим ва автомашинани хонадон ҳовлисига киритиб, юкларни “Б.”, “Ш.” тушириб олишди. Сўнг юк автомашинасини йўлкира ҳақини бериб жўнатиб юбордим. Шу пайт ҳовлига кейинчалик шахсини билганим 32 ёшли судланувчи ўзини бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинада кириб келди. “Б.” ва “Ш.” уни автомашинасига 25 қутидаги пиротехника воситаларини ортишди. 32 ёшли судланувчи ҳовлидан чиқиб кетди. “Б.” ҳам пулларни олиб келишини билдириб кетди. Уни кутиб ўтирганимда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари келишди. Ҳовлида қолган пиротехника воситаларини аниқлаб, бизни божхона бошқармаси биносига олиб кетишди. Бошқармада 32 ёшли судланувчи бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина ҳам юклари билан келтирилганини кўрдим. Пиротехника воситаларини сотиб олиш юзасидан 32 ёшли судланувчи билан гаплашмаганман, – дейди пиротехника воситаларини Қирғизистон Республикаси ҳудудидан сотиб олганини, содир қилган ҳаракатлари оқибатларини тушуниб етганини билдирган судланувчи.

 

Бироқ судланувчилар келтирган важлар уларни жавобгарликдан озод этмайди.

 

Судланувчилар Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва ҳар бирига 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жами 152 220 дона пиротехника воситалари тегишгли тартибда йўқ қилиниши белгиланди.

 

Шохдиёр Шерматов,

жиноят ишлари бўйича

Миробод туман суди судьяси

ТУРКИЯЛИК ФУҚАРО ЎЗБЕКИСТОНЛИК АЁЛ ВА ЭРКАКЛАРНИ ЧУВ ТУШИРДИ

Туркия давлати Хатай туманида туғилган, миллати турк бўлган 1981 йилда туғилган шахс ўзбекистонликларнинг унга бўлган мурожаатларидан келиб чиқиб, фирибгарлик йўли билан осонгина даромад топишни мақсад қилади…

 

Аниқроғи, судланувчи кўрсатмоқчи бўлган “хизматлар” харидоргир бўлиши табиий эди. Чунки унга мурожаат қилганлар орасида Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилганлар, бошқа давлатга ишлаш учун бориш истагида юрганлар эди. Гўёки уларнинг орзусини амалга оширувчи “нажоткор” сифатида Ўзбекистонда “катта иш” бошлайди.

 

Аввалига Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган аёл билан Истанбул шаҳрида учрашиб, суҳбат давомида аёлга нисбатан Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилган тақдирда ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали ушбу тақиқларни 1 800 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини маълум қилади. Шу тариқа аёлнинг ишончига кириб, дастлаб 1 000, сўнг 500 АҚШ долларини олади. Умумий ҳисобда 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Айни шу важ билан яна бир аёлдан 900, бошқаси аёлдан 1 900 АҚШ доллари олган.

 

Ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали ҳам “ўлжа” топа олган. Ишончга кирган ҳолда фуқаролар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, сўнг Тошкент шаҳрида учрашиб суҳбатлашади. Улардан ҳам тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1 000, бошқасидан 2 000 АҚШ долларини қўлга киритган. Яна икки аёлнинг биридан 800, иккинчисидан 900 АҚШ доллари олган.

 

Судланувчи ишончига кирган мижозлари билан Андижон шаҳрида ҳам учрашиб, суҳбатлашади ва 900 АҚШ долларини қўлга киритади. Ижтимоий тармоқлар орқали гаплашган яна бири билан эса Самарқанд шаҳрида кўришади ҳамда 1 000 АҚШ долларини олади.

 

Буни қарангки, Жанубий Кореяга ишлаш учун боришни истовчилар ҳам талайгина экан, судланувчининг ҳамёни 1 500 АҚШ долларига тўлган.

 

Судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркак билан Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ўзини раҳбарлигидаги ширкати орқали хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни ишлаш учун юбораётганлигини маълум қилиш орқали ишончига киради. Унга Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 200 еврони такроран фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаган. Худди шу “сценарий” асосида яна бир фуқародан 1 600 евро, бошқасидан 3 000 АҚШ долларини олган.

 

Судланувчи “фаолияти географияси”ни кенгайтириб, бу гал Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эркакнинг ишончига кириб, Нидерландия давлатига ишлаш учун юборишини ваъда қилган ҳолда 1 500 АҚШ долларини қуртдек санаб олган.

 

Судланувчининг галдаги ёлғони эса Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш бўлган. Бу ёлғонга чув тушган эркакдан эса 800 АҚШ долларини олган.

 

“Кўза кунда эмас, кунида синади” дейишганидек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилади.

 

Судланувчи Самарқанд шаҳар Регистон кўчасида жойлашган ўзи томонидан ижарага олинган уй меҳмонхонада тадбирда шартли мижоз сифатида жалб қилинган фуқарога уни Туркия давлатидаги ширкати орқали 4 200 АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни маълум қилиб, ундан дастлабки тўлов сифатида 2 000 АҚШ долларини такроран фирибгарлик йўли билан олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланади. Жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.

 

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди. — 2018 йилда Туркия давлатида ширкат ташкил қилганман. Ширкат туризм, ишчи визаларни ҳужжатларини тўплаш юзасидан консалтинг хизматларини олиб бориш иши билан шуғулланган.

 

Туркияда ўзимнинг фаолиятимни олиб борганимда мижоз сифатида мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар консалтинг хизмати юзасидан Ўзбекистон Республикасида ҳам битта офис очиши ҳақида таклиф киритишган. Ушбу таклифларга асосан Ўзбекистонда ширкатимнинг филиалини очишни режалаштирганман. Раҳбарлигимдаги консалтинг ширкатига кўплаб ўзбекистонликлар мижоз бўлиб келгани сабабли айнан Ўзбекистонда офис очишни режалаштирганман.

 

2021 йил бошида Ўзбекистонда раҳбарлигимдаги ширкат офисини очиш ва шу билан биргаликда текстиль саноатини ўрганиб, агар лозим бўлса Ўзбекистонда бу йўналишда тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиш борасида ташриф буюришни мақсад қилганман. 2021 йил 15 январь куни Тошкент шаҳрига келдим. Мени бир фуқаро кутиб олди.

 

У билан Ўзбекистонга келганимдан сўнг танишганман. Унинг укаси мени Туркиядаги ширкатимга келиб, акасини талаба визасини олмоқчи эканлигини айтди. Сўнг ширкатим орқали виза ҳужжатларини тайёрлаб ваколатли органларга топширганман.

 

У ҳам Туркия давлати томонидан депортация қилиниб, бу давлатга киришга тақиқ қўйилган. Сўнг унинг қариндошларига Ўзбекистонга бормоқчилигимни айтдим. Улар Ўзбекистонга борсам, ўзи менга кўмаклашишини, агар лозим бўлса таржимонлик иши билан шуғулланишини айтди.

 

Ўшанда Ўзбекистонга биринчи маротаба келгандим ва ўзбек тилини билмасдим. Шу сабабли ундан менга таржимон бўлишни ва шу билан биргаликда йўл кўрсатувчи бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида саёҳат қилишимда ҳамроҳ бўлишини илтимос қилдим. Лекин у билан таржимон бўлиши учун ҳақ беришимни келишмаганмиз.

Ўзбекистонга келганимдан сўнг Туркияга киришга тақиқ қўйилган ўзбекистонлик фуқароларни тақиқларини бекор қилиш, хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни Туркия давлати орқали ишлаш учун жўнатиш иши билан шуғулланишни режалаштирганман. Бунинг учун ўзимга бир жойни офис сифатида олиб фаолиятимни йўлга қўйиш учун мени кутиб олган танишим билан биргаликда офис учун жой излаганман. Тошкент шаҳрида учта манзилга бордик, аммо офис эгалари ижара пулларини қиммат айтди. Сўнг “YouTube” ва “Тik-Tok” ижтимоий тармоқлари орқали ўзимни Ўзбекистонга келганлигим юзасидан хабарлар тарқатганман, – дейди Ўзбекистоннинг қайси вилоятида мижозлар кўп бўлса, ўша вилоятдан офис очишни режалаштирган судланувчи. Ижтимоий тармоқлар орқали берган хабарларига асосан, ўзбекистонлик фуқаролар унга турли масалаларда мурожаат қилишни бошлаган. Унга мурожаат қилган шахсларга Туркия давлати томонидан қўйилган тақиқларни 1 000 – 1 500 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини, шу билан биргаликда ширкати орқали 2 000 – 2 500 АҚШ доллари эвазига ишчиларни хорижга ишга жўнатишини ҳам маълум қилган.

 

— Жанубий Корея давлатида ишлаш истагида бўлган шахсларни ариза ва ҳужжатларини консалтинг ширкатим орқали Кореянинг Туркиядаги элчихонасига топширганман. Шу йўл билан уларни Жанубий Кореяга ишга юборишни режалаштирганман.

 

Жанубий Корея давлатидаги корхоналар билан шартнома тузмаганман. Ишлаш учун кетмоқчи бўлган ва пулини олган мижозларимнинг ҳужжатларини расмийлаштириб берганман, аммо уларга нисбатан Корея давлатидан талабнома келмаганлиги сабабли ишга жўната олмаганман. Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш масаласига келсак, ҳужжатларни Туркия Баққонлик идорасига топширганман, давлат органларидан тегишли рухсатнома келмаган, доимий яшаш гувоҳномасини олиб бера олмаганман.

 

Нидерландия давлатига ишга юбориш учун ҳам пул олганман, бироқ у давлатдан жавоб келмаганлиги сабабли ишга юбора олмаганман. Ширкатим Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан хусусий бандлик агентлиги сифатида рўйхатдан ўтмаган. Ўзбекистон Республикасида мазкур фаолиятни қонун нормалари билан тақиқланганидан хабарим бўлмаган, – дея қилмишидан пушаймонлигини, етказилган моддий зарар қоплаганлигини баён қилди.

ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДАН МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА

ЧИҚАРИБ ЮБОРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 25,168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

 

Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 93 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

 

Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган бир кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди.

 

Судланувчидан 15 нафар жабрланувчилар фойдасига етказилган зарарни ундириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариб юборилиши белгиланди.

 

Судлар департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган жами 20 749 АҚШ доллари етказилган моддий зарар ҳисобига қаратилди ҳамда ушбу пулдан ортиб қолган қисми ҳукм қонуний кучга киргач судланувчига қайтариб берилиши белгиланди.

 

Алишер Жалилов,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди раиси

ФИРИБГАРЛИК УЧУН 6 МАРТА СУДЛАНГАН ШАХС 7-МАРТА ҲАМ ШУ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ 

Турли ҳудудларда ўхшаш моддалар билан айбланиб, 6 маротаба турлича жазо тайинланган шахс энди Тошкент шаҳрида қора курсига ўтирди. Ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 10 минг доллар олган фирибгар бу сафар 4 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди ва суд залидан озод этилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси Алишер Жалилов раислигида ўтказилган маҳкамада 60 ёшдан ошган Фарҳод Туробовга (исм-шариф ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди. Қизиғи, жавобгарликка тортилган шахс шу пайтга қадар нақ 6 марта судланган ва ҳар хил жазоларга тортилган эди.

 

Хусусан, у 2010 йилдан 2018 йилгача Жиноят ишлари бўйича Муборак, Вобкент, Юнусобод, Яшнобод туманлари ҳамда Фарғона ва Самарқанд шаҳарлари судлари томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбли деб топилган. Унга иккита ҳолатда қарийб 15 млн сўмга яқин жарима жазоси, 2 та ҳолатда иш ҳақининг маълум бир қисмини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Туробовга икки бор имконият берилган: тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.

 

Ана шундай “бой тарих ва тажрибага” эга бўлган шахс бу сафар навбатдаги ўлжани ҳам осонгина илинтирмоқчи бўлади: жиянини ўқишга киритиш ниятида юрган одамга Тошкент юридик университети ректори билан шахсан танишлигини, бундан ташқари Тошкент шаҳар ҳокими билан яқин муносабатда эканини, ректор ҳокимнинг илтимосини ерда қолдира олмаслигини айтиб, ўқишга киритиш эвазига 10 минг доллар сўрайди.

 

Пойтахтдаги кафелардан бирида келишилган пулни олаётган пайтида тезкор тадбир доирасида қўлга олинган Фарҳод Туробов шу тарзда 7-марта суднинг курсисига айбланувчи сифатида ўтирди.  

 

Суд ҳукмига кўра у Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга 8 млн 330 минг сўм жарима ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган ҳар бир куни базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, тайинланган жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. Судланувчига нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у озод қилинди.  

 

Суд енгилроқ жазо тайинлангани сабаби сифатида етказилган моддий зарарни қоплагани, пенсия ёшида экани, касаллиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги кўрсатилган.

 

Суд материали асосида Аброр Зоҳидов тайёрлади

МУТАХАССИС КЎМАГИДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?

—Иқтисодий судда далилларни тўплаш, текширишда тегишли мутахассис кўмагидан фойдаланиш мумкинми?

Озода ГУЛЯМОВА, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси:


— Ҳа, Иқтисодий процессуал кодекси 57-моддасининг биринчи қисмига кўра, иқтисодий судда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малакага эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.


Демак, мутахассис томонидан берилган тушунтириш ва маслахатлар суд томонидан низони ҳал қилишда иш учун аҳамиятга эга бўлган далил сифатида баҳоланиши мумкин.

“ДАЪВО МИҚДОРИНИ КЎПАЙТИРИШГА ҲУҚУҚИМИЗ БОРМИ?”

— Биз акциядорлик жамиятидан қарздорликни ундириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Бироқ қарздорлик суммаси даъво аризада келтирилган суммадан ортиқ эканлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолатда биз даъво миқдорини кўпайтиришга ҳуқуқимиз борми?

Дилбар ХАЙРУЛЛАЕВА, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси:

— Даъвогар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин.
 
Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.

Даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талабларининг ўзгаришини билдиради.

Даъво асосини ўзгартириш даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўз талабларини асослантирган ҳолатларнинг ўзгаришини билдиради.

Даъво предмети ва асоси тушунчаларидан шу нарса келиб чиқадики, масалан, агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб шартномани бекор қилиш талаби билан алмаштирилса ва бу ўзгаришга бошқа асослар келтирилса, бундай ҳолда даъвонинг предмети ва асоси ўзгарган ҳисобланади. Иқтисодий процессуал кодекс даъво предмети ва асосини бир вақтда ўзгартиришга йўл қўймайди.

Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак.
 
Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилинади.

Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ариза судга ёзма равишда тақдим этилиши лозим.

ИҚТИСОДИЙ СУДДА ШАРТНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ШАРТНОМАНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ЎРТАСИДА ҚАНДАЙ ФАРҚ МАВЖУД?

— Иқтисодий судда шартномани бекор қилиш ва шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ўртасида қандай фарқ мавжуд?

Бибиназ КЕУНИМЖАЕВА, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:


— Иқтисодий судлар битимни ҳақиқий эмас деб топиш тушунчасини шартномани бекор қилишдан фарқлашлари лозим. Битимнинг ҳақиқий эмаслигининг шартномани бекор қилишдан фарқи қуйидагилардан иборат:


• битимларни ҳақиқий эмас деб топишга ФКнинг 115-126 моддаларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади, шартномани бекор қилиш асослари эса ФКнинг 382-383-моддаларида назарда тутилган;


• битимнинг ҳақиқий эмаслигига унинг ғайриқонунийлиги, бекор қилинишига эса шартномани бекор қилишга олиб келадиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади, бунда унинг қонунийлиги низолашилмайди;


• ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир, шартномани бекор қилиш эса, у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилади.

Шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни билдиришга шартнома амал қилишининг муддати мобайнида йўл қўйилади, битим эса унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

 

БУХОРОЛИК ЙИГИТ МЎМАЙ ДАРОМАД ИЛИНЖИДА ТУРКИЯЛИК ТАДБИРКОРНИ ЧУВ ТУШИРИШГА УРИНДИ

Бухоролик йигит ўрта мактабни тамомлаб, тенгдошлари қатори пойтахтга йўл олганда олийгоҳда ўқишни, шу орқали ҳаётда ўз ўрнини топишни дилига тукканди. Албатта, ниятига яраша ўқиди, олий маълумотли бўлди. Оила қуриб, 3 нафар фарзанд кўрди. Аммо…

 

Аммо у танлаган касби, эгаллаган мутахассислиги бўйича бирор жойда ёлчитиб ишламади. Энг ачинарлиси, сўнгги 12 йил мобайнида фирибгарликни ўзига касб қилиб олди. Аксинча, ўтган йиллар мобайнида 3 маротаба фирибгарлиги учун судланишга улгурмас эди. Бу гал эса Тоштемир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам фирибгар, ҳам товламачи сифатида темир панжаралар ортига равона бўлди.

 

Гап шундаки, Тоштемир фуқаро Равшанбек Ғуломов орқали масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашид Юлдашевни алдайди. Яъни, аввалига ваъдани қуюқ қилиб, аукцион савдосига чиқарилган, Юнусобод туманининг “Осиё” кўчасида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансидаги 7,2 гектар бўш ер майдони олиб беришини айтади. Кейин ўзининг хизмат ҳақи сифатида аукцион нархи – 5 миллион АҚШ долларининг 5 фоизини талаб қилади. Шунинг ҳисобига Рашиддан Равшанбек орқали 250 минг АҚШ доллари (2 миллиард 67 миллион 809 минг сўм) ни дастлабки тўлов сифатида олади. Лекин берган ваъдасини бажармай, харидорни чув туширади.

 

Шу тариқа орадан 6 ой ўтади. Гарчи алданган бўлса-да, Рашид ака ўтган вақт мобайнида бирор кимга арзу дод қилмайди. Фирибгар “қаҳрамон”имиз эса андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, бошқа бир жиноятга қўл уради. Аниқроғи, товламачиликка. Аён бўлишича, Тоштемир масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси таъсисчиси – Туркия Республикаси фуқароси Довут Азми Эрбаш ва яна бир туркиялик тадбиркор Мустафо Юзбаш ўртасида пойтахтимиздаги “WYNDHAM” меҳмонхонасининг акцияларига эгалик қилиш борасида тортишув ҳамда келишмовчилик келиб чиққанлиги, қолаверса айни масала фуқаролик ва иқтисодий судларда кўрилганидан хабар топади.

 

Бинобарин, у Мустафо Юзбашнинг вакили сифатида ҳаракат қилиб, Довут Азми Эрбашнинг олдига боради. Суҳбат асносида Тоштемир меҳмонхонанинг 39 фоиз акцияларига республикамизнинг нуфузли мансабдорларидан бири қизиқаётганлиги, Мустафо Юзбаш Довут Азми Эрбашга нисбатан прокуратура органларига мурожаат қилганлиги хабарини беради. Сўнгра қўшма корхонанинг сир сақланиши лозим бўлган банк маълумотларини ошкор қилиш, мазкур маълумотлар бўйича прокуратура унинг корхонаси ва ишчиларига жиноят иши қўзғатиб, жиноий жавобгарликка тортишини айтиб, қўрқитади. Энг муҳими, қўлидаги маълумотларни ошкор қилмаслик ва тўпланган унга тааллуқли барча ҳужжатларни Мустафо Юзбаш билан гаплашиб, йўқотиб юбориши эвазига 4 миллион АҚШ долларини талаб қилади. Шунда Тоштемир айтган гапларини ва пул талаб қилганлигини қўшма корхона вакили Шаҳноза Исроилова (Орзу хоним) аудиоёзув тарзида ёзиб олганлигини сезиб қолади. Бинобарин, ниманидир баҳона қилиб, воқеа жойидан жуфтакни ростлайди.

 

Бироқ вақт ўтгани сари “элчи” айтган гаплар ҳақиқатга айлана бошлайди. Яъни Яшонобод туман прокуратураси томонидан қўшма корхона таъсисчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Судларда ҳам Мустафо Юзбашнинг қўли баланд келади. Шу боис Довут Азми Эрбаш қўрққанидан Тоштемирга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза беради.

 

Пировардида Тоштемирнинг кирдикорлари фош этилиб, юқоридаги ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилади. Шундан кейин айни иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. Оқибатда судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди. Шунингдек, суд ҳукмида Тоштемир Рауповдан Рашид Юлдашев фойдасига 250 минг АҚШ долларининг миллий валютамиздаги қиймати – 2 миллиард 709 миллион 975 минг сўм миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.

 

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди доно халқимиз. Афсуски, Т.Раупов буни ҳис қилмади.

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси

ОДИЛ СУДЛОВ СИФАТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА БАРЧА ИМКОНИЯТЛАР ИШГА СОЛИНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида суд тизими олдига салмоқли вазифалар қўйилди.

 

Ушбу вазифалар ва уларнинг ижроси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:  

 

– Мурожаатномада қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришни изчил давом эттиришга алоҳида урғу берилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги таъкидланди. 

 

Қайд этиш керакки, одил судлов борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.  

 

Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаш масаласи бугунги кунда энг долзарблиги яна бир бор қайд этилди.  

 

Ҳозирги кунда ўрта бўғин судлари салоҳиятидан самарали фойдаланмаслик оқибатида кассация инстанциясида суд ишларининг ҳажми ва юкламаси кескин ортишига сабаб бўлмоқда. 

 

Оқибатда бу фуқароларнинг олис ҳудудлардан марказга қатнаши ҳамда уларнинг ортиқча сарф-харажат қилишига олиб келмоқда.

 

Мурожаатномада айнан одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши мақсадида амалдаги суд қарорларини қайта кўриш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Бунинг учун, албатта, адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.  

 

Давлатимиз раҳбари тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш масаласига эътибор берганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш йўлида илғор ва дадил қадам бўлади. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади.  

 

Давлатимиз раҳбари маъмурий судлар фаолияти ҳақида сўз юритиб, уларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилишни белгилаб берди.  

 

Бундан ташқари, суд ҳужжатлари ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, инсонпарварлик тамойиллари асосида қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.  

Хусусан, тергов устидан суд назоратини кучайтириш, адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан, далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш, томонларнинг тенглик ва тортишув тамойилларини, суд иш юритувида тортишув принципини амалда таъминлаш икониятларини яратиш ҳақида тўхталиб ўтилди.  

 

Суд соҳасига оид устувор вазифалар ва бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз жамиятда қонун ҳамда адолат устуворлигини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган.  

 

Бунинг учун одил судлов соҳасидаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишимиз ва ушбу вазифаларни масъулият билан бажаришимиз лозим.  

 

Суд тизимида амалга ошириладиган ишлар, янги ислоҳотлар одил судлов сифатини оширишга, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, мамлакатимизнинг ривожланишига хизмат қилади, деб ишонаман.  

 

Шунинг учун буни амалда таъминлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Олдимизда турган улкан вазифаларни тўлақонли бажариш нафақат суд раҳбарияти, балки ҳар бир судья, ходимдан катта масъулият талаб қилиши нуқтаи назаридан фаолиятимизни янада кучайтирамиз.  

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида суд тизими олдига салмоқли вазифалар қўйилди.

Ушбу вазифалар ва уларнинг ижроси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:  

 

– Мурожаатномада қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришни изчил давом эттиришга алоҳида урғу берилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги таъкидланди. 

 

Қайд этиш керакки, одил судлов борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.  

 

Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаш масаласи бугунги кунда энг долзарблиги яна бир бор қайд этилди.  

 

Ҳозирги кунда ўрта бўғин судлари салоҳиятидан самарали фойдаланмаслик оқибатида кассация инстанциясида суд ишларининг ҳажми ва юкламаси кескин ортишига сабаб бўлмоқда. 

 

Оқибатда бу фуқароларнинг олис ҳудудлардан марказга қатнаши ҳамда уларнинг ортиқча сарф-харажат қилишига олиб келмоқда.  

 

Мурожаатномада айнан одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши мақсадида амалдаги суд қарорларини қайта кўриш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Бунинг учун, албатта, адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.  

 

Давлатимиз раҳбари тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказиш масаласига эътибор берганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш йўлида илғор ва дадил қадам бўлади. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади.  

 

Давлатимиз раҳбари маъмурий судлар фаолияти ҳақида сўз юритиб, уларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиётини жорий қилишни белгилаб берди.  

 

Бундан ташқари, суд ҳужжатлари ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, инсонпарварлик тамойиллари асосида қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.  

Хусусан, тергов устидан суд назоратини кучайтириш, адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан, далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш, томонларнинг тенглик ва тортишув тамойилларини, суд иш юритувида тортишув принципини амалда таъминлаш икониятларини яратиш ҳақида тўхталиб ўтилди.  

 

Суд соҳасига оид устувор вазифалар ва бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз жамиятда қонун ҳамда адолат устуворлигини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган.  

 

Бунинг учун одил судлов соҳасидаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишимиз ва ушбу вазифаларни масъулият билан бажаришимиз лозим.  

 

Суд тизимида амалга ошириладиган ишлар, янги ислоҳотлар одил судлов сифатини оширишга, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, мамлакатимизнинг ривожланишига хизмат қилади, деб ишонаман.  

 

Шунинг учун буни амалда таъминлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Олдимизда турган улкан вазифаларни тўлақонли бажариш нафақат суд раҳбарияти, балки ҳар бир судья, ходимдан катта масъулият талаб қилиши нуқтаи назаридан фаолиятимизни янада кучайтирамиз.  

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА

Skip to content