Қидирув:

БОЛА 3 ЁШГА ТЎЛГУНИЧА ҚАЙТА ТАЪТИЛ ОЛСА БЎЛАДИМИ?

— Қизим фарзанди 2 ёшлигида ишга қайтганди. 5 ой ишлади. Набирам боғчага боради, лекин кўп касал бўляпти. Қизим боласи 3 ёшга тўлгунича яна таътил олса бўладими? Ишига таъсир қилмайдими?

Исми сир тутилди

Гўзал Абдурахманова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Амалдаги Меҳнат кодексининг 234-моддаси 1-2-қисмларига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.


Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.


Шунингдек, ушбу модданинг 5-қисмига асосан, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.


Ушбу кодекснинг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

 

Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.


Юқоридаги кодекс нормалари асосида қизингиз фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола парваришлаш таътили олиши мумкин.

 

Бунда қизингиз иш берувчига “боласи уч ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола парваришлаш таътили олиш тўғрисида”ги ариза билан мурожаат қилиши лозим.


Бола парваришлаш таътили даврида қизингизнинг иш жойи сақланади ва у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинмайди.

ҚЎШНИМ УЙИМИЗНИНГ ОРҚАСИГА ОҒИЛХОНА ҚУРДИРГАНИ ТЎҒРИМИ?

— 8 йилдирки қўшним билан келиша олмаяпман. Қўшним яшайдиган уйимизнинг орқасига оғилхона қурдирган. Бу менга ноқулайлик туғдиряпти. Тинч яшашимга бермаяпти, аниқроғи, моллар шовқин қилади. Соғлигим яхшимас, қариб қолганман. Ваҳоланки, қўшним оғилхонани уйининг бошқа томонига қурдирса бўлади. Бунга жойи ҳам етарли, лекин менинг шикоятимни жиддий қабул қилмаяпти. Биз томонда ҳеч ким оғилхонани қўшнини уйи орасидан қурмаган, қурмайди ҳам. Муроса қилишни истамаётган қўшнимнинг ўз билганидан қолмасликка ҳаққи борми? Мазкур ҳолат юзасидан қўшнимни судга берсам бўладими?

Исми сир тутилди

Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, шаҳарсозлик фаолиятига доир асосий талаблар билан бир қаторда муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, ёнғинга қарши ҳамда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этиш ҳисобланади.


Мазкур қоида шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги 748-сон қарори билан Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Мазкур Низомнинг 38-бандига асосан ҳайвонлар ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ шароитлардаги жойларда (биноларда) сақланиши белгиланган.


Мурожаатингизда қўшнингиз томонидан сизга тегишли уйнинг орқа қисмида мол боқаётганлиги, бунинг натижасида келиб чиқаётган шовқин оқибатида ноқулайлик вужудга келаётганлигини кўрсатгансиз.


Фуқаролик кодексининг 13-моддасига асосан фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилишига йўл қўйилади. Фуқаролик ҳуқуқларини шахснинг ўзи ҳимоя қилиш усуллари ҳуқуқни бузишга мутаносиб бўлиши ҳамда ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.


Ушбу Кодексда уй ҳайвони томонидан етказилган зарар учун унинг мулкдори ёки бу ҳайвонга эгалик қилувчи ва ундан фойдаланувчи шахс умумий асосларда жавобгар бўлиши мустаҳкамланган.


Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.


Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.


Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддаси билан турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш, кўп квартирали уйлардаги турар жойларда чорва молларни, худди шунингдек одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Кўрсатиб ўтилганлардан келиб чиқиб, сиз ҳуқуқ ва манфаатларингиз бузилган деб ҳисобласангиз уларни тиклаш масаласида асослантирилган даъво аризаси билан тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз мумкин.

ФАРЗАНДИМ 18 ЁШГА ТЎЛМАГУНИЧА УЙИМНИ СОТОЛМАЙМАНМИ?

— Фарзандларим бор. Эрим ҳаётлигида кредитга уй олиб, тўлов қилгандик, лекин қолганини тўлашга қийналяпман. Номимда икки хонали уйим бор. Шу уйни сотиб, кредит тўловини тўлайман десам, ҳокимиятдагилар кичик фарзандим 18 ёшга тўлмагунича сотишга ҳуқуқим йўқлигини айтишди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Баҳодир Саидмуратов жавоб берди:

 

— Ҳурматли фуқаро, саволга аниқ жавоб бериш учун сиз сотмоқчи бўлаётган уйнинг ҳуқуқий мақомига, қандай асосда қўлга киритилганлигига аниқлик киритиш лозим бўлади.

 

Агарда ушбу уй марҳум эрингиз билан биргаликдаги қонуний никоҳда бўлган даврда сотиб олинган бўлса, уйга эгалик ҳуқуқи сизнинг номингизга расмийлаштирилганлигидан қатъий эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Ушбу ҳолатда эрингизнинг ҳам қайд этилган хонадондан умумий мулк ҳуқуқи бўлганлиги учун вояга етмаган болаларингиз ушбу унга тегишли улушга нисбатан меросхўр ҳисобланади.

 

Зеро, Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Агарда, хонадон эрингиз билан биргаликдаги никоҳ давридан аввал олинган ёки никоҳ даврида бепул битимлар (мерос, ҳадя каби) оқибатида қўлга киритилган бўлса, бундай ҳолатда эрингизнинг ушбу хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқи мавжуд бўлмайди ва ушбу хонадон унинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди ҳамда хонадонни сотишда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб қилинмайди.

 

Дейлик, ушбу хонадонда эрингизнинг улуши мавжуд бўлса, бундай ҳолатда вояга етмаган болаларнинг улуши бўлганлиги туфайли, уни сотишга фақат улуш қийматига тенг бўлган миқдорда пул маблағларини банк депозит ҳисоб рақамига қўйган ҳолда рухсат берилиши мумкин.

 

Бу ҳолат қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган бўлса-да, Оила кодекси 75-моддасининг 1-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

“АВТОМАШИНА ОЛИБ БЕРАМАН” ДЕБ ОЛИНГАН ПУЛЛАРНИ ҚАЙТАРИШ УЧУН ҚАЙСИ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

— Қўшним “3 ойда автомашина олиб бераман”, деб пул олганига 7 ой бўлди. Бугунги кунда пулларни қайтариб бермаяпти, бу масалада қайси судга мурожаат қилсам бўлади?

Исми сир тутилди

ПУЛЛАР АВТОСАЛОНГА ТЎЛАНГАНМИ ЁКИ..?

Мусо ЮСУПОВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

— Дастлаб қўшнингиз сизга ростдан ҳам автомашина олиб бермоқчи бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаш лозим. Бунинг учун автомашина учун пулларни автосалонга тўлаган ёки тўламаганлиги, автомашина олиш учун бирор ҳаракат қилган ёки қилмаганлигини билишингиз керак.


Сизда қўшнингиз олган пулларни нима мақсадда олганлигини аниқлаш имкони бўлмаса ёки қўшнингиз пулларни олгандан сўнг автомашина олиб бериш учун ҳаракат қилмаган ҳамда пулларни бошқа мақсадларда сарфлаганлигини аниқласангиз бу ҳақда тўғридан тўғри воқеа содир бўлган жойдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи (прокуратура, ички ишлар ва бошқа) идораларга ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.


Чунки, жиноят ишлари бўйича судлар айлов хулосаси билан суд иш юритувига келган жиноят ишларини кўриб чиқиб, ҳуқуқий баҳо беради.
Судлар тўғридан тўғри жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга эмас. Яъни, тегишли органлар томонидан текширилиб, жиноят иши қўзғатилган ва айб эълон қилинган тақдирда жиноят иши айблилик масаласини ҳал қилиш учун судларга юборилади. Шундан сўнг, тергов органи томонидан тергов қилинган жиноят ишлари суд томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, шахснинг айблилиги масаласи муҳокама қилинади.


Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.


Яъни, қонунчилик билан шахснинг айблилиги тўғрисидаги масала битта орган томонидан ҳал қилинмаслиги, шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳолда айблилик ва жазо масаласи тергов органидан мустақил давлат идораси, суд томонидан ҳал этилиши белгиланган.
Агарда қўшнингиз сизни алдамаган, лекин келишув шартларини вақтида бажармаётган бўлса, бундай вазиятда сиз тўғридан тўғри фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.


Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан низо кўриб чиқилаётган вақтда, шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, қонунчиликда фуқаролик ишлари бўйича судларга жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилиши белгиланган.

 

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО СУДИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:

— Фуқаролик кодексининг 1023-моддасига мувофиқ, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган молмулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбурият, шунингдек мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади. Ушбу бобнинг қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.

 

Ушбу Кодексининг 1024-моддасига кўра, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва тегишли муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу бобнинг қоидалари, шунингдек:


– ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги;
– мулкдор томонидан мол-мулкни бировнинг қонунга хилоф тарздаги эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;


– мажбуриятидаги бир тарафнинг бошқа тарафга ана шу мажбуриятлар муносабати билан қайтариш тўғрисидаги;


– зарарни, шу жумладан бойлик орттирган шахснинг инсофсизлик билан қилган хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланилиши лозим.

Агар қўшнингиз сиздан олган пулларни олганлигини тан олса ёки пул олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган ҳолда белгиланган муддат ичида сизга автомашина олиб бермаган бўлса, автомашина олиб беришдан ҳамда олган пулларни қайтаришдан бош тортаётган бўлса, ушбу пуллар қўшнингиз томонидан асоссиз орттирилган ҳисобланади.


Сиз қўшнингиз яшаш манзили бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига қўшнингиздан асоссиз равишда орттирилган пулларни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин.

“СУД ҚАРОРИ УСТИДАН ҚАНДАЙ ШИКОЯТ ҚИЛСАМ БЎЛАДИ?”

— Жиянимга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Дастлабки тергов ва биринчи инстанция суди томонидан асоссиз айбловлар қўйилган. Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмади. Бундай вазиятда қандай йўл тутиб, жиянимни озодликка чиқишига ҳаракат қилсам бўлади?

Исми сир тутилди

Саволга Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ориф ҚИЛИЧЕВ жавоб берди:

 

— Мазкур жиноят иши бўйича жиянингиз судланувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига асосан бошқа ҳуқуқлар қаторида суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга.

 

Юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда, жиянингиз ёки унинг ҳимоячиси томонидан апелляция шикояти берилса, суд ҳукмининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция тартибида текшириб чиқилиши мумкин.

МУНОСИБ ЭЪТИРОФ!

Судьялар олий кенгаши томонидан фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган судьяларга “Ибратли судья” мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар жорий этилиб, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.

Мазкур фармон ижроси доирасида судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Ушбу тизим жорий этилиши инсон омилини кескин чеклаш баробарида судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими – холис баҳолаш имкониятини яратди. Энг юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьялар давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони асосида таъсис этилган “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаб келинмоқда.

2022 йил бўйича 20 нафар судья шундай эътирофга сазовор бўлди. Тадбирда алоҳида қайд этилдики, ўтган йили 646 нафар судья томонидан қабул қилинган ҳужжатлар бекор қилинмаган. Мукофотга лойиқ кўрилганлар эса уларнинг орасидан танлаб олинганидир. Муносибларни танлашда эса суд қарорлари сифатидан ташқари судьяларнинг маънавий фазилатлари, ташаббускорлиги ва Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилгани каби мезонлардан келиб чиқилган.

 

Мукофот соҳибларининг орасида Тошкент шаҳар судининг судьяси Элбекжон Турғунбоев ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Асқар Мамараимов ҳам бор. Тошкент шаҳар суди жамоаси Элбекжон Турғунбоев, Асқар Мамараимовни муносиб эътироф билан қутлайди!

ИҚТИСОДИЙ СУД МУҲОКАМАСИДА ЯРАШТИРИШ ТАРТИБИ БОРМИ?

— Ҳозирги кунда иқтисодий ишлар бўйича суднинг иш юритувида даъвогар – МЧЖнинг жавобгар – МЧЖга нисбатан хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан қарздорликни ундириш бўйича иқтисодий иш кўрилмоқда. Мен жавобгар МЧЖ раҳбари бўлиб, даъвогар билан ўзаро келишиб низони ҳал қилмоқчиман. Иқтисодий суд муҳокамасида қандай яраштириш тартиблари мавжуд? Уларнинг фарқи нима?

Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Ли Виталий жавоб берди:

 

— Иқтисодий процессуал кодекснинг 131-моддасига кўра яраштириш тартиб-таомиллари келишув битими ёки медиатив келишувдан иборат.

 

Уларнинг фарқи:

1. Келишув битими суднинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тузиш мумкин. Медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага киришдан олдин тузилиши мумкин.

 

2. Келишув битими суд ҳужжатига тенглаштирилади. Агар бир тараф ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаса, суд ижро варақа беради. Медиатив келишув тузилгандан кейин бир тараф ўз мажбуриятини бажармаса, иккинчи тараф умумий тартибда яна судга даъво билан чиқади.

 

3. Келишув битими тузилганда тарафлар (асосан жавобгар) суд харажатини ўз зиммасига олади. Медиатив келишув бўйича эса суд даъвогар томонидан тўланган давлат божини қайтаради.

ТОВАР БЕЛГИСИГА БЎЛГАН БУЗИЛГАН ҲУҚУҚНИ ТИКЛАШ МУМКИНМИ?

— Бизнинг корхона ишлаб чиқарадиган қандолат маҳсулотbнинг кўриниши товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Бошқа бир тадбиркор менинг маҳсулотимнинг номи ҳамда кўринишидан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқармоқда ва савдо дўконларига тарқатиб келмоқда. Бу эса менинг даромадимга таъсир қилмоқда. Бу ҳолатда ҳуқуқларимни қандай қилиб тиклашим мумкин?

Исми сир тутилди

Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Равшан РАШИДОВ жавоб берди:

 

— Фуқаролик кодексининг 1102-моддасига асосан, товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) уни рўйхатдан ўтказиш асосида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

 

Товар белгисига бўлган ҳуқуқ товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

 

Ушбу Кодекснинг 1107-моддасига кўра, товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс қоидабузарликни тўхтатиши ва товар белгисининг эгасига етказилган зарарни тўлаши шарт.

 

Товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс тайёрлаб қўйилган товар белгиси тасвирларини йўқ қилиши, қонунга хилоф равишда фойдаланаётган товар белгисини ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгини товардан ёки унинг идиши ва ўровидан йўқотиши шарт.

 

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгилаб қўйилган талабларни бажаришнинг иложи бўлмаган тақдирда, тегишли товар йўқ қилиб ташланиши лозим.

 

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига кўра, товар белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга.

 

Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан амал қилади. Бунда мутлақ ҳуқуқ товар белгиси товар белгиларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш даврида амалга оширилади ҳамда товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўша куннинг ўзида Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

 

Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

 

Бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди.

 

Шунингдек “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонун товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Мазкур қонунга ҳам киритилган ўзгартиришга кўра, барча юридик ёки жисмоний шахс ўз нимидан товар белгисини рўхатдан ўтказиши мумкин (илгари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар).

 

Ушбу қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.

 

Қонунга мувофиқ, товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини ва саноат мулкидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жаримага тортиш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг жамиятга, тадбиркорга келтирган зарарлардан келиб чиқиб, унга қонуний чора кўриш, бу каби ҳуқуқбузарликларини олдини олиш имконини беради.

 

Юридик шахслар бир хил товарлар учунтовар белгиси,товар келиб чиқиш жойи номи ёки чалкаш даражада ўхшаш товар белгилардан шунингдек фирма номидан ноқонуний фойдаланган тақдирда БҲМнинг 100 бараваридан 200 барвар миқдорда жарима солинади.

 

Будан буён интеликтуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун юридик шахслар 60 миллион сўмгача жарима тўлашлари мумкин.

 

Аввал, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддасига биноан жисмоний шахслар БҲМ 5 бараваридан 10 барваригача, мансбдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 барварваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлар эди. Жарима миқдорини камлиги боис таъсир кучи сезилмас ва ҳуқуқбзарлик қайта такрорланиш ҳолатлари кўплаб учрар эди.

 

Интелектуал мулк объектлари ҳуқуқбузарлиги учун жарима миқдорини белгиланиши фуқароларнинг ўзгалар ҳуқуқини ҳурмат қилиш, айниқса товар белгиилари, фойдали модел, саноат намуналаридан ҳуқуқ эгаси рухсаисиз фойдаланишни олдини олишга хизмат қилади.

 

Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддасига асосан, хар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

 

Мазкур ҳолатда, тадбиркор товар белгисига бўлган бузилган ҳуқуқини тиклаш мақсадида судловга тегишлилик ва судга тааллуқлилик қоидаларига риоя этган ҳолда даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАНЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИГА ЖОЙЛАШТИРИШ МАСАЛАСИ ҚАЙСИ СУДДА КЎРИЛАДИ?

2022 йил 16 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.


Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар, яъни муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.


Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш белгиланди.


Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.


Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштиришини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ишки ишлар органи бундай шахс ишки ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.


Қонунга кўра эндиликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация марказига жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.


Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Алишер Жалилов,
жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди раиси

«ҚЎШНИМНИ ШИФОХОНАГА ОЛИБ КЕТАЁТГАНИМДА ДАН ХОДИМЛАРИ НОҚОНУНИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТАЁТГАНЛИКДА АЙБЛАШДИ»

— Қўшнимни шифохонага олиб кетаётганимда ДАН ходимлари ноқонуний хизмат кўрсатаётганликда айблаб, ишни судга оширишда. Бу вазиятда қандай йўл тутишим лозим?

Исми сир тутилди

Муҳтарама ТУРГУНОВА, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 176-3-моддасида “автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, яъни фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

 

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилади.

 

Агар ушбу лицензия олинмаган бўлса, сиз томонингиздан бошқарувингиздаги автомобиль транспортида йўловчиларни ташиётганингиз аниқланган бўлса, бунда сизга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва ушбу баённома тўпланган ҳужжатлар билан тегишли судга кўриб чиқиш учун юборилади.

 

МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига мувофиқ, агар ушбу Кодекс 176-1-176-4-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.

 

Юқорида кўрсатилган қонун талабидан келиб чиқиб, агар сиз лицензия олиб, қонунбузилиш ҳолати бир ой муддат ичида бартараф этилса, сизга нисбатан юритилган маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан ҳаракатдан тугатилади.

 

Яна бир масалани кўриб чиқиш лозим бўлади. Агар сиз қўшнингизга унинг илтимосига асосан уни шифохона бирор бир муайян ҳақ эвазига эмас, балки инсонийлик жиҳатидан ёрдам бериш мақсадида олиб бораётган бўлсангиз, бироқ сизни ДАН ходими тўхтатиб, гўёки сиз қўшнингизни ҳақ эвазига олиб бораётганингиз бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, судга юборган бўлса, бунда бир қатор ҳолатларга аниқлик киритиш лозим бўлади.

 

Хусусан, сиз ва қўшнингиздан тушунтиришлар олиш, тегишли ҳужжатлар тўплаш, ҳақиқатдан шифохонага олиб бориш учун ҳақ ҳақида келишув бўлганини аниқлаш ва бошқа ҳолатлар текширилади.

 

Сиз ва қўшнингиз ўртасида ҳақ эвазига келишув бўлмаган тақдирда ва ушбу ҳолат ўз тасдиғини топадиган бўлса, бунда суд сизнинг ҳаракатингизда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас деб топиб, маъмурий ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан ҳаракатдан тугатади.

 

Сизга нисбатан ноқонуний маъмурий баённома тузилиши ҳолати бўйича ДАН ходимининг хатти-ҳаракати устидан юқори турувчи инстанцияга шикоят келтиришга, шунингдек моддий зарар ва маънавий зиён етказилганлик масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

 

Яна такидлаш лозимки, ДАН ходими бундай маъмурий баённомани расмийлаштиришга ваколатли шахс эмас, йўловчиларни автомобиль транспортида ташишни текшириш Транспорт вазирлигининг ҳудудий бўлимлари вакиллари томонидан амалга оширилади.

Skip to content