Қидирув:

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

Ўтган 2022 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан одил судловни амалга ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, йил давомида судлар томонидан 73.178 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, фуқаролик ишлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19.180 та ёки 35.5 фоизга кўпайган. (2021 йилда бу кўрсаткич 59.998 тани ташкил этган).

 

Кўриб тамомланган ишларнинг 62.270 таси (85.1 фоизи) бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган (шундан 56 285 та (90.4 фоизи) бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 5985 таси (9.6 фоиз) рад этилган), 773 та (1.05 фоиз) фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган, 10.135 та (13.8 фоиз) аризалар кўрмасдан қолдирилган.

 

Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 164 та ва материал шаклида 14.096 та аризалар ҳал қилинган.

 

Шу билан бирга, туманлараро судлари томонидан 40.743 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 16.763 та (69.9 фоиз)га кўпайган.

 

Демак, судлар томонидан 2022 йилда ҳал қилинган жами ишлар 128.181 тани ташкил этган.

 

Кўрилган ишлар Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 5 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари кесимида таҳлил қилинганда, шундан:

 

096 таси (20 341 та иш ва 12 755 та с/б) Яккасарой туманлараро суди,

 

812 таси (19.555 та иш ва 8 257 та с/б) Мирзо Улуғбек туманлараро суди,

 

475 таси (19 713 та иш ва 7 762 та с/б) Миробод туманлараро суди,

 

917 таси (15 692 та иш ва 9 225 та с/б) Шайхонтоҳур туманлараро суди,

 

881 таси (12 137 та иш ва 9 225 та с/б) Учтепа туманлараро суди ҳиссасига тўғри келади.

Туманлараро судларда 44 нафар судьялик штати мавжуд бўлиб, 2022 йил якунида 43 нафар судья фаолият кўрсатди. Ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 271 та ишни ташкил этган.

 

Кўрилган ишлар бўйича судга даъво ариза (ариза)лар билан муроаат қилишда давлат фойдасига 34.629.058.755 сўм давлат божи ихтиёрий тўланган бўлиб, қабул қилинган якуний суд ҳужжатларига асосан давлат бюджетига 134.226.239.541 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

 

Бундан ташқари, 2022 йилда суд ҳужжатларига асосан жами 2.677.493.889.229 сўмлик 182.642 та ижро ҳужжатлари ижро қилиш учун Мажбурий ижро бюроси органларига юборилган. Уларнинг 1.046.476.742.121 сўмлик 78.532 таси ёки 43 фоизи амалда ижроси таъминланган, қолган 1.363.667.126.969 сўмлик 96.216 таси ёки 52,6 фоизи ижросини таъминлаш юзасидан давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Суд буйруғи тартибида ҳал қилинган 40.743 та аризалар тоифалар кесимида таҳлил қилинганда:

 

  • 064 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан тўловларни ундириш,
  •  
  • 7499 таси ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар,
  •  
  • 7404 таси коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундириш,
  •  
  • 5077 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш,
  •  
  • 3977 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш,
  •  
  • 1721 таси иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабларни ташкил этган.

2022 йил давомида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан суд ҳужжатларига нисбатан берилган шикоят (протест)лар асосида 3170 та ишлар апелляция тартибида кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига (2577 та) нисбатан 593 тага (23.0 фоиз) ошган.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, суд ҳужжатларига нисбатан апелляция тартибида келиб тушган шикоят (протест)лар туманлараро судлари томонидан жами кўрилган (87.438 та) ишларнинг 3,6 фоизини ташкил этган.

Апелляция инстанциясида кўрилган 3170 та ишнинг 2406 таси юзасидан суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 571 таси ёки судлар томонидан кўрилган ишларнинг 0,6 фоизи бекор қилинган, 193 таси ёки 0,2 фоизи ўзгартирилган.

 

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларининг ўртача ойлик иш ҳажми 20.7 тани ташкил этган (ушбу кўрсаткич Республика судларида ўртача 11,6 тани ташкил этади).

 

Таҳлиллардан кўринадики, туманлараро судлари томонидан 2021 йилга нисбатан 2022 йилда қуйидаги ишларнинг сони СЕЗИЛАРЛИ ДАРАЖАДА КАМАЙГАН:

 

қарз ундиришга доир ишлар 5405 тадан 3463 та (- 1942 та);

 

мулк ижара шартномаси билан боғлиқ (уй-жой ижарасидан ташқари) низолар 768 тадан 337 тага (- 431 та);

 

уйга киритиш ҳақидаги низолар 555 тадан 524 тага (- 31 та);

 

ишга тиклаш ҳақидаги низолар 447 тадан 412 тага (- 35 та);

 

фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар 375 тадан 369 тага (- 6 та);

 

фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги ишлар 269 тадан 261 тага (- 8 та);

 

маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсига, шунингдек мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 149 тадан 112 тага (- 37 та);

 

мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олишга доир (уй-жой низоларидан ташқари) ишлар 116 тадан 93 тага (- 23 та).

Шу билан биргаликда қуйидаги тоифа ишлар сони КЎПАЙГАН:

 

кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 261 тадан 38.042 тага (+ 14 781 та);

 

никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 7834 тадан 8 247 тага (+ 413 та);

 

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва унда қурилган уй-жой ёки қурилмани бузишга доир низолар 1080 тадан 3023 тага (+ 1943 та);

 

суғурта шартномасига доир ишлар 1061 тадан 2930 тага (+ 1869 та);

 

иш ҳақини ундириш билан боғлиқ ишлар 465 тадан 683 тага (+ 218);

 

ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низолар 442 тадан 568 тага (+ 126);

 

уйдан кўчиришга доир низолар 442 тадан 475 тага (+ 33 та);

 

юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш билан боғлиқ ишлар 359 тадан 452 тага (+ 93 та);

 

олди-сотди шартномасига доир ишлар 282 тадан 457 тага (+ 175 та);

 

жиноят оқибатида шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсига, шунингдек мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 155 тадан 159 тага (+ 4 та);

 

ноқонуний жавобгарликка тортилганлик оқибатида етказилган зарарни ундиришга оид низолар 149 тадан 206 тага (+ 57 та);

 

ота-она таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар 105 тадан 112 тага (+ 7);

 

мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топишга оид ишлар 62 тадан 72 тага (+ 10 та);

 

ҳадя шартномасига доир ишлар 48 тадан 62 тага (+ 14 та).

Таҳлилий маълумотлардан кўринадики, 2022 йилда 2021 йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, ерга оид ва ноқонуний қурилмаларни бузиш, уй-жой, суғурта шартномасига доир, никоҳдан ажратиш, олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ОШГАН.

Мазкур ишларнинг таҳлили кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келишини, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқ эканлигини кўрсатади.

 

Бундан ташқари, ерга оид ва ноқонуний қурилмаларни бузиш билан боғлиқ ишлар асосан фуқароларнинг иморат қуриш учун белгиланмаган ер участкаларида рухсатсиз бино-иншоот ёки уй-жой қурганликлари, захирада турган бўш ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишлари ҳисобига кўпайган.

 

Статистик маълумотларга кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони 2021 йилга нисбатан 7834 тадан 8247 та (413 та ёки 5,3 фоиз)га ОШГАН.

 

Бунда никоҳдан ажратиш қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йилда 3596 та ёки 46 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 3727 та ёки 45,0 фоизни ташкил этган.

 

Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилда ушбу тоифада кўрилган ишларга нисбатан 4520 та ёки 55,0 фоизни (2021 йилда 4.238 та ёки 54,0 фоиз) ташкил этган.

 

Шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш борасида Оила ва хотин-қизлар бўлимларига 101 та хусусий ажримлар чиқарилган, 2500 тадан ортиқ ишлар сайёр тартибда тарафлар яшаб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини ёки Оила ва хотин-қизлар бўлимлари биносида мутахассислар иштирокида кўриб чиқилган.

 

Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 8247 та ишнинг 4626 таси (56,0 фоизи) бўйича аёллар, 3626 таси (44,0 фоизи) бўйича эркаклар даъвогар сифатида судга мурожаат қилган. Аёлларнинг даъвоси бўйича кўрилган ишларнинг 2049 таси ёки 44,3 фоизи, эркаклар даъвоси бўйича кўрилган ишларнинг 1678 таси ёки 46,2 фоизи қаноатлантирилган.

 

Ушбу тоифа ишлар Тошкент шаҳрининг барча туманлари кесимида таҳлил қилинганда:

 

  • Мирзо Улуғбек туманида 972 тадан 990 тага,

 

  • Олмазорда 684 тадан 803 тага,

 

  • Учтепада 700 тадан 795 тага,

 

  • Сергелида 439 тадан 609 тага,

 

  • Янгиҳаётда 276 тадан 361 тага,

 

  • Бектемир туманида 152 тадан 194 тага ОШГАНлигини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, мазкур тоифа ишлар:

 

  • Юнусобод туманида 1165 тадан 1163 тага,

 

  • Шайхонтоҳур туманида 1019 тадан 983 тага,

 

  • Яшнобод туманида 891 тадан 875 тага,

 

  • Чилонзор туманида 757 тадан 747 тага,

 

  • Миробод туманида 454 тадан 448 тага,

 

  • Яккасарой туманида 325 тадан 279 тага КАМАЙГАНлигини таъкидлаш жоиз.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига хатлар юборилмоқда. Шунингдек, оилаларни яраштириш ишларини янада кучайтириш мақсадида Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими, Оила ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш, жойларда сайёр учрашув ва қабуллар ўтказиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони ижроси юзасидан оилавий ажралишларнинг олдини олишда медиаторлик институти ролини кучайтириш мақсадида ҳуқуқий эксперимент тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида оилавий ажралишларга оид ишларни кўриб чиқувчи махсус хона ташкил этилди. Мақсад – оилавий низоларни судга қадар ҳал этиш, тарафларни яраштириш юзасидан медиатив суҳбатлар ўтказиш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга эришиш бўлиб, бу ишлар ўзининг дастлабки ижобий натижаларини бермоқда.       

 

Маълумки, кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Бу ўз навбатида, фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда.

 

Шу ўринда айтиш лозимки, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилда қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 206 та фуқаролик иши кўрилган. Шундан 165 таси (79.6 фоизи) қаноатлантирилган, 20 та (9.7 фоиз) даъво аризаларини қаноатлантириш рад этилган, 18 та (8.7 фоиз) даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган, 3 та (1.5 фоиз) фуқаролик иши бўйича иш юритишдан тугатилган.

 

Қаноатлантирилган даъволар оқибатида фуқароларга 11.834.637.440 сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилган.

 

Шунингдек, ҳисобот даврида судлар томонидан кўрилган (73.178 та) ишларнинг 412 таси (0.6 фоизи)ни ишга тиклаш ҳақидаги низолар ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич 2021 йилга (447 та) нисбатан 35 тага (7.8 фоизга) камайганлигини кўриш мумкин.

 

Кўрилган ишларнинг 161 таси (39.0 фоизи) қаноатлантирилган, 143 та (34.7 фоиз) даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган, 42 та (10.2 фоиз) даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, 17 та (4.1 фоиз) иш юритишдан тугатилган.

 

ИШГА ТИКЛАШ ҳақидаги ишларнинг асосий қисмини:

 

Ички ишлар вазирлиги (53 та),

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (42 та),

 

Давлат божхона қўмитаси (28 та),

 

тижорат банклари (20 та),

 

Мактабгача таълим вазирлиги (12 та),

 

Давлат солиқ қўмитаси (10 та),

 

Олий ва ўpта махсус таълим вазиpлиги (8 та),

 

Халқ таълими вазирлиги (6 та),

 

хусусий сектор субъектлари (49 та)га нисбатан даъволар ташкил этган.

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан ҳисобот даврида жами 75 048 та (2021 йилда 56 227 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 282 тани ташкил этади. Шундан 67 984 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 68 575 таси (2021 йилда 45 588 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 60 453 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 4 870 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 1 212 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 2 040 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 22 987 тага ёки 50,4 фоизга кўпайган.

 

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 68 575 та ишларнинг 28 035 таси ёки 40,9 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

 

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 6 331,1 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 267,3 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинаган.

Биринчи инстанция судида судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳажми:

 

туманларарода 354,5 та;

 

судлов ҳайъатида 3,5 тани ташкил этган.

Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 45,4 млрд. сўмни ташкил этган.

 

Шу жумладан, хусусий тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида 16 077 та иқтисодий ишлар кўрилиб, уларнинг фойдасига 1 914,7 млрд. сўм ундирилган.

Судлар томонидан ҳисобот даврида:

 

фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 29 061 та,

 

маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 38 226 та,

 

юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 20 та,

 

ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 1 161 та,

 

корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 107 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.

Биринчи инстанция судида жами кўрилган ишларнинг 35 699 таси ёки 52,0 фоизи банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги аризаларни ташкил этади.

 

Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида жами 2 201 та суд ҳужжатлари қайта кўрилиб, шундан:

 

1 563 таси ёки 71,0 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган;

 

– 242 таси ёки 11,0 фоизи ўзгартирилган;

 

– 396 таси ёки 18,0 фоизи бекор қилинган.

 

Апелляция инстанциясида кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 795 тага ёки 56,5 фоизга кўпайган (1406 тадан 2201 тага).

 Ўтган йилга нисбатан кўпайган низолар:

 

– банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги ишлар 15 998 тага;

 

– олди-сотди шартномаси юзасидан низолар 1 752 тага;

 

– маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан низолар 1 407 тага;

 

– пудрат шартномаси юзасидан низолар 549 тага;

 

– ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан низолар 540 тага КЎПАЙГАН.

 

Ўтган йилга нисбатан КАМАЙГАН низолар

– коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан 407 тага;

 

– лизинг шартномаси юзасидан 156 тага;

 

– солиқ қарздорлигини солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобидан ундириш юзасидан 102 тага;

 

– кредит шартномаси юзасидан 67 тага;

 

– тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш лицензиялари (рухсатномалари)ни амал қилишини тугатиш юзасидан 24 тага КАМАЙГАН.

Қолаверса, иқтисодий судларда чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низолар ўтган йилга нисбатан 539 тага (1 228-1 767) кўпайган. Бу чет эл инвесторларининг миллий судларга нисбатан ишончи ортганидан далолат беради.

 

Шунингдек, ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши (қайта сотиб олиш) натижасида тадбиркорлик субъектларига етказилган 40,2 млрд. сўм зарар ўрнини қоплаш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

 

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш (ва (ёки) ноқонуний қурилмани бузиш)га доир жами 352 та ишлар кўрилиб, шундан 258 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 41 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 42 таси кўрмасдан қолдирилган ва 11 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ВА ТУМАНЛАРАРО МАЪМУРИЙ СУДЛАРИНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

2022 йил мобайнида Тошкент шаҳар маъмурий судларига жами 5146 ариза(шикоят)лар келиб тушган. Шундан, 195 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган (2021 йили бу кўрсаткич 512 тани ташкил этган), 194 та (2021 йил 960 та) ариза ва шикоятлар қайтарилган, 198 таси янги йилга қолдиқ бўлиб ўтган бўлса, 4559 таси иш юритув қабул қилиниб кўриб тамомланган. Якунланган ишларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга боғлиқ қисми 2705 та (2021 й. 2249 та 20,2% га ошган) бўлса, 1854 таси (2021 й. 1398 та 32,6% га ошган) материал тартибда кўриладиган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ ишлар ҳисобланади. Ишларни кўришнинг умумий кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 25% га ўсган.

 

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ариза (шикоят)ларни қабул қилишни рад қилиш ҳолати сал кам 3 бараварга, қайтариш ҳолати эса беш ярим бараварга камайган. Маъмурий судларги тааллуқли масалаларда фуқаролар овора бўлмаслиги учун аризаларни қайтариш  ва қабул қилишни рад этиш кескин камайтирилган. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб материал тарзида кўриладиган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш (муддатини узайтириш) билан боғлиқ кўриладиган ишлар жиноят судларига ўтказилганлиги сабабли ишларни кўришнинг сифат даражаси яна ҳам ошиши кутилмоқда.

Бевосита оммавий низолар кўрилишини статистик таҳлилига тўхталадиган бўлсак, кўрилган ишларнинг 1437 таси ёки 53,1 фоизи қаноатлантирилган, 821 таси ёки 30,4 фоизи рад этилган, 325 (12%) таси иш юритишдан тугатилган, 122 таси ёки жами кўрилган ишларнинг 4,5 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Оммавий низоларнинг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 20,2 фоизга кўпайган.

 

Шу билан бирга, биринчи инстанцияда ишларни кўриш якунлари бўйича жами 258 та қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан таъсир чоралар сифатида хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шунинг 193 таси ёки 74,8 фоизининг ижроси юзасидан жавоб хатлари олинган. Шундан 25 та ҳолат бўйича мансабдор шахсларга қонунчиликда йўл қўйган камчиликлари учун ташкилот раҳбарлари томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

 

Биринчи инстанцияда кўриб тамомланган 1854 та материалнинг 1781 таси қаноатлантирилган 73 таси рад этилган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 32,6 фоизга ўсган.

2022 йил давомида қуйидаги маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, билан боғлиқ ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:

 

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 583 та иш кўрилган. Шундан, 536 таси қаноатлантирилган;

 

Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 692 та кўрилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан деярли 2 баравар кўпайган. Шундан, 475 таси қаноатлантирилган, 212 таси рад этилган. Чиқарилган суд таъсир чораларининг асосий қисми, яъни 111 таси, хусусий ажримларни 43 фоизи солиқ идоралари мансабдор шахсларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чиқарилган;

 

Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 371 та иш кўрилган. Шундан, 100 таси қаноатлантирилган, 203 таси рад этилган (маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ ишлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 19,8 фоизга камайган);

 

Мажбурий ижро бюроси марказий ва ҳудудий идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 329 та (2021 йили 213 та) иш кўрилган бўлиб, шундан 71 таси қаноатлантирилган, 155 таси рад этилган;

 

Адлия органлари (интеллектуал мулк агентлиги, нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 113 та иш кўрилган. Шундан, 49 таси қаноатлантирилган, 43 таси рад қилинган.

 

«Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига оид ишларни кўриш бўйича» МФЙ сайловига оид Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанцияси томонидан жами 10 та иш кўрилган бўлиб, шундан 6 та иш бўйича арз қилинган талаб рад этилган, 3 та иш бўйича ариза талаби қаноатлантирилган, 1 та ҳолатда ариза иш юритишдан тугатилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2022 йил мобайнидан жами 4 та давлат сири билан боғлиқ иш биринчи инстанцияда ҳамда 731 та иш апелляция инстанциясида кўриб тамомланган.

Апелляция инстанциясида ишларнинг бекор қилиниши 2021 йилга нисбатан 12,4 фоизга камайган. Бу ҳам суд қарорларининг йилдан-йилга барқарорлашаётганинг бир далили дейишимиз мумкин.

 

Апелляцияда кўрилган ишлар бўйича жами 83 та иш якуни юзасидан қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, судлов ҳайъатлари томонидан хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилган. Уларнинг 51 тасининг ижроси таъминланган.

 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатлари томонидан 2022 йилда жами 9 та ишни кўриш натижасида тарафларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари бор ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура идораларига хабарномалар юборилган бўлиб,
1 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги ҳамда МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги судга ҳабар қилинган.

 

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати

ТОШКЕНТДА 19 ЁШЛИ ЙИГИТНИНГ ЭҲТИЁТСИЗЛИГИ 11 ЁШЛИ ЎСМИРНИ ТЎШАККА МИХЛАДИ

“Фалокат оёқ остида”, деб бежиз айтишмайди. Айниқса, нафақат ўзининг, балки пиёдаларнинг ҳам ҳаёти учун жавобгар бўлган ҳайдовчилар бор йўғи бир сония хушёрликни қўлдан бой берса тамом…  

             

Худди шундай воқеа 2003 йилда туғилган судланувчи билан содир бўлди. Воқеа содир бўлган куни тахминан соат 18:30 ларда у ўз бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи барча тегшли хужжатлари асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани Ўнқўрғон маҳалласида жойлашган Охунбобоев кўчаси бўйлаб, Обод маҳалласи томондан 50-60 км/соат тезликда кетаётган бўлган. 51-уй қаршисида йўлда бўлган ҳолатга ва ўзгаришларга эътибор бермасдан, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди г-кичик банди ва 77-банди 3-кичик банди талабларини бузади. Яъни, “транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болаларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши шарт” ва “ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши чораларини кўриши керак”, деб кўрсатиб ўтилган талабларига амал қилмасдан ҳаракатланади. Оқибатда унга нисбатан ўнгга чапга қараб кўриниши чекланмаган ҳолда аввал эркин юриб, сўнг югириб ўтаётган вояга етмаган пиёдани автомашинанинг олди ўнг қисми билан уриб юборган. Йўналиши чапга ўзгарган ҳолатда ҳаракатланиб, унга нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинага тўқнашиб, йўл қатнов қисмига тескари ҳолатда жойлашиб тўхтаган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

 

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, пиёдада бош мия ёпиқ жароҳати ва лат ейиши оғир даражаси, чап оёқ 3-4-5-бармоқлар асосий фалангаларини ёпиқ синиб силжиши, пешона чакка-энса соҳа тери сидирилиши, юмшоқ тўқималарини лат ейиши, чап қулоқ супраси лат ейиши каби тан жароҳатларини олган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир даражадаги тан жароҳатлари эканлиги аниқланган.

 

Бироқ судланувчи суд мажлисида ўзига эълон қилинган айбловга қисман иқрорлик билдирди. — Ҳақиқатдан ҳам автомашинани уч нафар йўловилар билан бирга 50-60 км/соат тезликда бошқариб бораётгандим. 51-уй қаршисига яқинлашганимда йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган бир номаълум “Москвич” русумли автомашина ва унинг олдида тўхтаб турган яна бир номаълум оқ рангли “Матиз” русумли автомашина олдидан менга нисбатан ўнгдан чапга қараб, пиёда тўсатдан югириб ўтиб қолди. Автомашина товуш ишораси ва тормоз босиб, йўналишни чапга ўзгартирдим. Лекин автомашина олди ўнг ён қисми билан пиёдани уриб юборди ва йўналиш чапга ўзгарган ҳолатда қарама-қарши йўналишга ўтиб кетди. Ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинани олди чап қисмига, бошқарувимдаги автомашинани олди чап қисми билан уриб тўқнашув содир бўлди. Автомашина ўнг ёнга йиқилди. Ҳодиса оқибатида пиёда тан жароҳатлари олди. Пиёдани ўша ерга келган бир автомашинага ўтқазиб, шифохонага юбордим. Ҳайдовчи бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинага етказилган моддий зарарни суғурта орқали тўлаб берганман. Менга нисбатан маъмурий иш кўрилиб, жарима жазоси тайинланган. Пиёдага эса қисман моддий ёрдам берганман. Йўл-транспорт ҳодисасидаги айбимга қисман иқрорман. Агарда пиёда тўсатдан чиқиб қолмаганида бу воқеа бўлмасди. Ҳаракат йўналиши вақтида мендан олдинда бир неча автомашина борлиги учун ҳам пиёдани тўсатдан чиқиб қолганлигини кўрмай қолдим. Шундай бўлса-да, қилмишимдан пушаймонман. Бироқ жабрланувчи таъкидлаганидек 160 млн. моддий зарар қоплашга имконим йўқ, – дея оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олган ҳолда қонун доирасида енгилроқ жазо беришни сўради.

 

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили ўша куни ишдан чиққан вақтида қўл телефонига жияни қўнғироқ қилиб, 2011 йилда туғилган кичик ўғлини машина уриб кетганини айтган.

 

— Зудлик билан ўша ерга етиб бордим, йўлнинг ўнг томонида “Дамас” машинаси ағдарилиб ётганди. Ўғлимни шифохонага олиб кетишганини айтишди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтига борганимда ўғлим шок хонасида эканини кўрдим. Кейин билсам ўғлимни судланувчи йигит машинасида уриб юборган экан. Воқеани кузатув камералари орқали кўриб, судланувчининг айби борлигини билдим. Ҳозирда фарзандимни аҳволи жуда оғир. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганига бир йил тўлди, Шу вақтга қадар бирор бир моддий ёки маънавий ёрдам кўрсатишмади. Бу даврда оилам ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрди, фарзандимнинг соғлиғини тиклаш ва аввалги ҳолатига қайтаришни деярли имкони йўқ. Имкони бўлса ҳам, жуда катта маблағ керак. Ҳозирда 12 ёшли фарзандимни оғирлиги 40 кг., доимий равишда ётади, ўзини билмайди. Мустақил озгина бўлса ҳам ҳаракатлана олмайди. Шунинг учун бир йиллик моддий ва маънавий зарар учун 160 млн.га даъво қиламан, – дейди жабрланувчининг қонуний вакили.

Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

 

Жабрланувчининг қонуний вакилига шу вақтга қадар сарфлаган пул маблағини ва келгусида фарзандини соғлиғини тиклаш билан боғлиқ моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво ариза билан фуқаролик суд иш юритуви тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

 

Баҳром Бердиев,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

ФАРЗАНДИНИНГ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Болага болалигини болалигида бериш керак. Уларнинг “хотира китоби”да оилавий низолар, дилхираликлар эмас, балки ота-онасининг бир-бирига бўлган меҳри, бир дастурхон атрофида жам бўлган бахтли оила, қувонч, кулги, фарзандлар билан ўтказилган унитилмас дақиқалар мухрланиб қолиши керак. Бироқ айрим ота-оналар ўз худбинликларини деб фарзандини тўлақонли оила бағрида улғайишдан мосуво қилиб қўйишади. 1990 йилда туғилган судланувчи ҳам уч нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Афсуски, судланувчининг фарзандлари ҳам айни ўша айрим болалар қаторида…   

 

Судланувчи отадан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан бир нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун ҳар ойда ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ҳатто 2020 йил 1 июндан 2021 йил 1 апрелга қадар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг қарори билан маъмурий жазога тортилган. Шунга қарамай, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, 8 557 608 сўм алимент пулларини тўламай келган.

 

— Ишларим юришмагани, моддий қийинчиликларим бўлганлиги сабабли, алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмадим. Ҳозирда таксичилик қилиб кун кўраяпман. Имконият берилса, алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлаб бераман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, – деди суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган ота. 

Суд мажлисида жабрланувчи она ҳам ўз ҳақиқатлари билан бўлишди. — Фарзандидан хабар олмайди. Фарзандимни даволатиш учун пул зарур. Бироқ доим қуруқ ваъдалар эшитаман, алимент пулларини тўламай алдаб юрибди, – деди 15 996 251 сўм алиментдан бўлган қарздорликни ундириб бериш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлашни сўради она.

 

Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 15 996 251 сўм алимент пули ундирилиши белгиланди.

Зохиддин Нуриддинов,

жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

“БОЛАСИ БЎЛСА, УЙДАН ЧИҚАРОЛМАЙМИЗМИ?”

— Акам бир аёл билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Бир нафар фарзанди бор. У аёлни онамнинг номида бўлган квартирага жойлаштирган. Ҳозирда акам келинойим билан ярашиб олиб, оиласига қайтди. Бироқ иккинчи уйлангани онамнинг уйидан чиқиб кетишни хоҳламаяпти. «Судга берамиз», десак, « болам бор, барибир уйдан чиқариб юбора олишмайди», деяпти. На «ЗАГС»и ва на «прописка»си бор. Шунда ҳам онамни уйида яшайверадими?

Исми сир тутилди.

Аббос САЙДАХМЕДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Фуқаролик процессуал кодекснинг 3-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

 

Олий суди Пленумнинг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорида тушунтирилишича, уйдан кўчириш ҳақидаги низолар судларда кўриб чиқилади.

 

Оила аъзолар, собиқ оила аъзолари, фарандлар (фарзандликка олинганлар)ни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи Уй-жой кодексининг 32-моддасида келтириб ўтилган.

 

Унга кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

 

Мурожаатдаги важлардан кўринишича, акангиз шаърий никоҳдаги аёли билан онангизга тегишли квартирада биргаликда яшаб келишган.

 

Бундай тоифадаги низоларни кўришда, судлар Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига мувофиқ, мулкдор оила аъзоси унинг розилиги билан киритилганми, у киритилган пайтда доимий ёки вақтинча яшаши юзасидан келишув бўлган ёки бўлмаганини аниқлайди.

 

Агар акангизнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёли онангизнинг розилиги билан киритилган бўлса ва у киритилганида бошқача ёзма келишув тузилмаган бўлса, у турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Турар жойдан яшаш ва фойдаланиш учун албатта доимий рўйхат (прописка) бўлиши шартлиги, акс ҳолда фуқаро турар жойдан кўчирилиши шарт эканлиги қонунда назарда тутилмаган.

 

Бунда фуқаро мулкдорнинг оила аъзоси бўлиши ва у вақтинча ижара ёки текин фойдаланиш асосида яшаб келмаганлиги эътиборга олинади.

 

Шу билан бирга сиз маълум қилган аёл уйда яшашда турмуш қоидаларига риоя қилиши, уй-жойдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олиши лозимлиги қайд этилади.

 

Уй-жой кодексининг 74-моддасида агар муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки у билан доимий яшаётган фуқаролар турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, шунингдек шартномада узоқроқ муддат белгиланмагани ҳолда ижарага олувчи турар жой ҳақини олти ой тўламаган бўлса, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган тўлов муддати ўтганидан сўнг икки мартадан ортиқ тўланмаган ҳолда ижарага берувчи ёки ўзга манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни кўчириш бошқа турар жой бермасдан амалга оширилади.

 

Юқоридагиларга асосан сиз маълум қилган шахс агарда турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлса, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, уни уйдан кўчириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади.

УЧТА БОЛАГА ҚАНЧА МИҚДОРДА АЛИМЕНТ ТЎЛАНАДИ?

— Cуд учта болага ¼ миқдорда алимент белгилаган. Ҳозирда ойига кам алимент оляпман. Лекин бу пул ҳеч нимага етмаяпти. Учта болага оз миқдорда алимент тўланиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур Кодекснинг 98-моддасига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Шу Кодекснинг 99-моддаси талабига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

 

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, суд қарорининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув фақат юқори турувчи суд инстанцияси томонидан амалга оширилади.

 

Хусусан, ФПКнинг 383-моддасига асосан тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин. Бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно. Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.

 

Суд қароридан норози бўлган тақдирингизда ФПКнинг 385-387-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эгасиз. Юқори инстанция суди суд ҳужжатига нисбатан келтирилган апелляция шикоятига асосангина ўз ваколатлари доирасида унинг қай даражада қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириб чиқади.

“УЙ-ЖОЙНИ НОМИМГА ЎТКАЗИШ УЧУН ЎҒЛИМНИНГ РОЗИЛИГИ КЕРАКМИ?”

— Турмуш ўртоғим 8 ой олдин вафот этди. Ўғлим мана 15 йилдирки, Россияда. Уй-жой эримнинг номида. Уй автоматик равишда менинг номимга ўтадими ёки ўғлимнинг розилиги керакми? Унга бу ҳақда айтганимда, эътирози йўқлиги ҳақида ҳужжат жўнатмади.  

Исми сир тутилди

Аҳрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.

 

Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.

 

Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.

 

Ушбу модданинг 2-3 қисмларига асосан, фарзандингизни улуши сақланиб қолади. Яъни ФКнинг 1134-моддасига кўра биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланади.

ЎҒЛИМДАН АЛИМЕНТ УНДИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛАЙ?

— II гуруҳ ногирониман, ёшим 70 дан ошган. Кексайганимда ёлғиз ўғлим ўз ҳолимга ташлаб қўйди. Сўнгги пайтда тез-тез тобим қочиб, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолдим. Олаётган пенсиям дори-дармонимга ҳам етмаяпти. Моддий томонлама қийналиб қолганим учун ўғлимдан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилгандим. 2021 йилда суд ўғлимдан алимент ундирилсин, деб қарор чиқарди. Лекин орадан шунча вақт ўтса-да, ўғлим алимент тўламаяпти. Ўғлимдан алимент ундириш учун қаерга мурожаат қилай?

Исми сир тутилди

Дилфуза ДАДАЖОНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Қонунчиликка асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзанд ота-онасига таъминот бериши, ғамхўрлик қилиши шарт.

 

Ҳатто ота-она давлат ёки нодавлат муассасалари қарамоғида бўлса ҳам болалари уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод этилмайди. Демак, ўғлингиз сизга моддий томонлама ёрдам бериши керак.


Алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан оз бўлмаслиги керак. Агар ўғлингиз суднинг ҳал қилув қарорида белгиланган алимент пулини икки ойдан ортиқ муддат давомида тўламаса, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 47-5-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

 

Ўғлингиз маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаса, «Жиноят кодекси»нинг 123-моддасига асосан, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Шуни унутманг, алимент тўламагани учун жавобгарликка тортилган шахс алимент қарзини тўлашдан озод қилинмайди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, алимент ундириш бўйича ижрони ўғлингиз доимий яшаш жойидаги туман маъмурий ижро бюроси давлат ижрочиси амалга оширади. Ижро қилиш учун суднинг электрон дастури орқали жавобгар, яъни ўғлингизнинг доимий яшаш жойидаги мажбурий ижро бюроси бўлимига ижро варақаси тузилиб, электрон шаклда юборилади. Давлат ижрочисига алимент ундириш қарорини дарҳол ижро қилиши лозимлиги тўғрисида хабар берилади.

 

Шундан сўнг у ундирувчи ва қарздорга ижро иши олиб борилиши тўғрисида хабар бериш чораларини кўради. Демак, алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қарорига асосан, сиз ижро варақаси юборилган туман мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишингиз лозим.


Меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онасининг касаллиги ва бошқа узрли сабабларга кўра, қилинадиган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шартлиги қонун билан белгиланган.

 

Қўшимча харажатлар қилишга сабаб бўлган ҳолатлар суд томонидан ҳар бир иш бўйича алоҳида тартибда аниқланиб, фавқулодда ҳолат сабабли, яъни ота-онанинг ўзининг соғлигини тиклаш учун бошқа чораси бўлмаган вазиятда қўшимча харажат қилишига мажбур бўлганлигидан келиб чиқиб, даъво талабининг асосли ёки асоссиз эканлигига ҳуқуқий баҳо берилади.

УЙ ҲУЖЖАТЛАРИ ТЎЛИҚ БЎЛМАСА МЕРОСНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИШ МУМКИН?

— Опам турмуш ўртоғи билан 15 йил шаръий никоҳ асосида яшади. Тақдир экан, иккиси ҳам вафот этишди. 6 йилдан бери мен опамнинг уйида яшаяпман. Барча тўловларни тўлаяпман. Уйни ўзимни номимга ўтказишим муаммо бўляпти. Сабаби, уй ҳужжатлари тўлиқ эмас, буни устига поччамнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, ота-онасининг ўлим гувоҳномалари йўқ. Поччамнинг акаси бор, аммо у ҳам ҳеч нимани билмайди. Уйни ўз номимга ўтказишим учун нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Ҳилола ЭРГАШЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Агар уй-жой марҳум опангизнинг номида бўлса ва сиздан бошқа қариндошлари (болалари, ота-онангиз, опа-сингиллар, ака-укалар) бўлмаса, унда сиз ягона меросхўр сифатида меросни расмийлаштиришингиз мумкин. Мерос нотариал тартибда, қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатларни  тақдим қилган ҳолда расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжатлар  мавжуд бўлмаса, аввал судга қариндошлик (опа-синггил) фактини   тасдиқлаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш лозим. Суд қариндошлик (опа-сингил) фактини таслиқлаб берса, кейин меросни  нотариал тартибда расмийштириб, меросхўр сифатида эгаликни белгилаш мумкин.

 

Агар низоли уй поччангизнинг номига расмийлаштирилган бўлса, мазкур уйда 18 йил давомида узлуксиз яшаб, уй-жойга ўзингизикидек каби виждонан муносабатда бўлиб, барча тўловларни шу муддат давомида амалга ошириб келсангиз, унда эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат – 18 йил асосида (15 йил + 3 йил даво муддати)  судга  ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Skip to content