Қидирув:

ИШЛАМАЙДИГАН ОТАЛАРДАН АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?

— 10 ойдан бери қизим билан куёвим бирга яшамаяпти. Сабаби, учинчи набирам ҳам қиз туғилди. Шундан сўнг куёвим қизимни уч набирам билан ташлаб кетди. Суд алимент ундириш бўйича қарор чиқарди, лекин куёвим алимент тўламаяпти. Алиментни ундириш учун қаерга мурожаат қилайлик? Куёвим ҳеч жойда ишламайди. Ишламайдиган оталардан алимент қандай ундирилади? Бундан ташқари, учинчи набирам ҳали ёшига тўлмаган. Шу сабаб қизим ҳеч жойда ишламаяпти. Куёвимдан қизимнинг таъминоти учун ҳам алимент ундироламизми?

Исми сир тутилди

Гули ШУКУРЛАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:

 

АЛИМЕНТ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?

— Оила кодексининг 99-моддасига асосан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг

  • бир бола учун — тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун — учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.

Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

 

Агар куёвингиз ихтиёрий ёки ўзаро келишган ҳолда фарзандларини моддий таъминотида иштирок этмаётган бўлса, қизингиз судга алимент ундириш ҳақида суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризага ўзи ва турмуш ўртоғининг паспорт нусхаси, фарзандларининг эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади. Бундан ташқари, 13 500 сўм миқдорида почта харажатлари тўловини амалга ошириши керак. Судга мурожаат қилган вақтдан алимент ундириш белгиланади.

 

Агар қизингиз 10 ойдан буён фарзандларига алимент ундириш учун ҳаракат қилиб келганлигини ва куёвингиз тўловни амалга оширишдан бош тортганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлса, даъво тартибида судга мурожаат қилиши ва аввалги давр учун ҳам алимент ундириш амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун ҳам юқорида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. 18 900 сўм миқдорида почта харажати тўлови амалга оширилиши лозим.

 

«КУЁВИМ ҲЕЧ ЖОЙДА ИШЛАМАЙДИ…»

— Суд қарори билан отадан фарзандларининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланади ва жавобгарнинг (отанинг) яшаш жойи бўйича мажбурий ижро бюросига ижро қилиш учун юборилади.

 

Давлат ижрочиси қонунчиликка асосан, ижро ҳаракатларини амалга оширади. Агар куёвингиз ҳеч қаерда ишламаса, ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, алимент тўлайди.

 

АЛИМЕНТ УНДИРИШ БЕЛГИЛАНГАН БЎЛСА…

  • Ҳозирги кунда электрон шаклда ижрога юборилган бўлиши керак. Дастлаб суд қарори ижрога юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун суд қарорини чиқарган судга мурожаат қилишингиз лозим. У ердан ушбу маълумотни олиб, қайси ижрочини иш юритувида эканлигини аниқлаб, ўша давлат ижрочисига мурожаат қилинг. У белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга оширади.

Агар жавобгар тўловни амалга оширишдан бош тортса, давлат ижрочиси томонидан Қонун нормасига асосан, барча чоралар кўрилади.

 

«ҚИЗИМНИНГ ТАЪМИНОТИ УЧУН ҲАМ АЛИМЕНТ УНДИРОЛАМИЗМИ?»

— Ҳа. Чунки қизингизнинг 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор. Шу сабаб у ҳам ўзининг таъминоти учун алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ўзи ва турмуш ўртоғининг паспорт нусхаси, фарзандларининг эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхасини аризага илова қилади. Ва почта харажатлари учун 18 900 сўм тўлаши керак.

 

Аммо ушбу Қонун нормаси фақат эр ва хотин учун татбиқ қилиниши сабабли, улар, албатта, қонуний никоҳдан ўтган бўлиши керак. Яъни, шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб, умумий рўзғор юритиб келган эр ёки хотин фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар ўзининг таъминоти учун алимент ундира олмайди.

“ДЕКРЕТ” ТАЪТИЛИДАН ИШГА ҚАЙТГАНДА, ҚАНДАЙ ЕНГИЛЛИКЛАР БЕРИЛАДИ?

— 3 нафар фарзандим бор, кичиги 6 ойлик. “Декрет” таътилидан ишга қайтсам, менга қандай енгилликлар берилади? Ишдан эртароқ кетишим, шанба кунлари ишга бормаслигим мумкинми? Кадрлар бўлими бошлиғи хусусий корхоналарда ҳеч қандай имтиёз йўқ, деди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Раъно Давронова, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси:


— Агар сиз фарзандингиз уч ёшга тўлмасидан “декрет” таътилидан ишга қайтсангиз, сизга амалдаги Меҳнат кодексига кўра қуйидаги енгилликлар берилади:


Биринчидан: Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига кўра, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёлларнинг иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи мавжуд. Яъни, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Бунда иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.


Иккинчидан: Меҳнат кодексининг 236-моддага назар ташлайдиган бўлсак, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади. Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин. Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.


Шанба кунлари ишга келмаслигингиз масаласи эса меҳнат шартномасига асосан, иш берувчи корхона томонидан белгиланган иш хафтаси кунларига қараб белгиланади (беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтаси назарда тутилмоқда).
Шунингдек, хусусий корхоналарда ҳеч қандай имтиёз йўқ, дейиш эса нотўғри, чунки ҳодим давлат ташкилоти ёки хусусий корхонада ишлашидан қатъий назар Меҳнат қокунчилиги бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.

СУБСИДИЯ ОЛИШ УЧУН АЖРИМНИ КУТИШ ШАРТМИ?

— Жияним акасиникида яшайди. Бир нафар фарзанди бор. Суд ярашиш учун иккинчи маротаба 6 ой муҳлат берган. Алимент тайинланган, лекин эри тўламаяпти. Субсидия олиши учун ажрашишини кутиши шартми?

Исми сир тутилди.

Азиз Раҳмонов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Cубсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 йилдаги 182-сонли қарори билан “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра мазкур маблағлар фақатгина даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.


Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилиши мумкин.


Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.


Ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:


тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;


давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг (аризада «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилган ариза берувчи бундан мустасно) даромадларини аниқлайди.

 

Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади;


туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;


туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими — ариза берувчининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими эканлигини тасдиқлайди.

ЯИДХПда масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади.

Комиссия раиси ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди.


Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади.


Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.
Бундан ташқари ЯИДХП орқали ариза берувчига «SMS» хабар юборилади.


Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.


Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:


а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;


б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;


г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;


д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;


е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.

Юқорида қайд қилинган Низом талабларига кўра, жиянингиз исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига мурожаат этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиши мумкин.

 

Жиянингизнинг аризасига асосан тегишли комиссия ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.
Бундай ҳолатда субсидия олиш учун никоҳдан ажрашиш шарт эмас.

ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Паспортимни алмаштириш муддатини ўтказиб юборган эканман. Энди уни алмаштириш учун қанча жарима тўланади?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги ПФ-6065-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисида Низом тасдиқланган.


ID-картани расмийлаштириш ва бериш ушбу Низомга иловага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:


• ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра-бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;


• фуқаро 16 ёшга тўлганда;


• Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;


• ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;


• фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;


• ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;


• ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;


• ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;


• ID-карта йўқотиб қўйилганда.

Фуқаро ID-картаси амал қилиш муддати тугаганда ва тегишли ёшга тўлгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг бир ой муддатда ID-карта олиш учун мурожаат қилиши лозим.


ID-картани расмийлаштириш учун «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириши, йўқотиб қўйиши, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган идентификацияловчи ID-картаси (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, идентификацияловчи ID-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.


Ўн саккиз ёшгача бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги кўрсатилган.

МОДДИЙ ЗАРАР ҚОПЛАНСА ҲАМ ЖАЗО ТЎЛИҚ ЎТАЛИШИ КЕРАКМИ?

— Ўғлим майда безорилик содир этганлиги учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Суддан сўнг жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бердик. Шундай ҳолатда ҳам ўғлим мазкур жазони тўлиқ ўтайдими?

Исми сир тутилди

Хусан Парпиев, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Аввало майда безорилик қонунчилигимиздаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан тартибга солинишини эслатиб ўтишимиз жоиз. Мазкур модданинг санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.


Суд томонидан қарор чиқарилгандан сўнг тарафлардан 20 сутка ичида апелляция тартибида юқори инстанция судига шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлади. Бу албатта ўғлингиз, унинг ҳимоячиси ёки жабрланувчи, унинг ҳимоячиси томонидан берилиши мумкун.


Албатта жабрланувчининг даъвоси бор ёки йўқлиги жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо тайинлаш амалиётида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Жиноят кодексининг 55-56 моддаларида судланувчининг ҳаракатларини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи холатлари аниқ келтирилган.


Юқорида кўрсатилган шахслар томонидан апелляция шикояти ва унга жабрланувчига етказилган заррарни қопланганлигини ҳамда жабрланувчининг даъвоси йўқлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топширилса, қуйи суд томонидан 1 сутка ичида расмийлаштирилиб, юқори судга юборилади ва қайта кўриб чиқилади.


Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юқори суд томонидан ўрганилиб, маъмурий қамоқ жазоси ўзгартирилиши мумкун.

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТЕРГОВГА ТАҚДИМ ҚИЛИШ КЕРАКМИ ЁКИ СУДГА?

— Жамият таъсисчисиман. Солиқ идорасининг текширув далолатномасига асосан солиқдан бўйин товлаш деб жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишим ҳозирда судга чиққан. Тергов даврида корхонамга тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим эта олмадим. Ҳозир барча ҳужжатларимни топдим. Бу масалада айбсизлигимни исботлаш учун кимга мурожаат қилишим керак: терговгами ёки судга?

Исми сир тутилди

Санжар Ибадов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Сизга оид жиноят ишини судда кўриш бошланган бўлса, бу ҳолатда сиз ёки ҳимоячингиз орқали судга ҳужжатларингизни илова қилган ҳолда илтимоснома киритишингиз мумкин.


Судда раислик қилувчи томонидан илтимоснома кўриб чиқилади ва асосли деб топилгандан сўнг Жиноят процессуал кодексининг 22-1-боби “Тафтиш”, яъни 187-1 ва 187-11-моддалари талаблари доирасида тафтиш тайинлаб, тегишли органга юборилади.

БЕЗОРИЛИК ЖИНОЯТИГА ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН?

— Фарзандим таниши билан кафега бориб овқатланиб, у ерда бошқа хўранда билан жанжаллашиб, уришган. Уни урганлиги учун ўғлимга безорилик жинояти билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят бўйича қандай жавобгарлик белгиланган?

Исми сир тутилди

Фарҳод Абдушукуров, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:


— Жиноят қонунчилигимизда безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 1-қисми билан малакаланади.


Шунда, шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоларнинг суд жазо тайинлаши мумкун.


Бироқ, мазкур модданинг 2-3 қисмлари мавжуд булиб тергов органинг холатдан келиб чиқиб малакалаши ва суд терговида ўз тасдиғини топганидагина жазо санкция қисми бошқа бўлишини унутмаслигимиз керак.

АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ ЖАЗОСИНИ ЎТАЛМАСА, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛИШИ МУМКИН?

— Ҳозирги кунда фарзандим 2 та фуқародан бизнес учун деб пул маблағларини олиб, эҳтиёжига ишлатганлиги натижасида фирибгарлик жинояти билан судланиб, жабрланувчиларга зарарлар судда қопланганлиги сабабли унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Агарда фарзандим суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамаса унга нисбатан нима чора кўрилиши мумкин?

Исми сир тутилди

Алишер Жалилов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:


— Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисми диспозициясига кўра, агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.


Шундай экан тегишли ижро органи тақдимномасига асосан суд фарзандингизга озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолардан бирига алмаштириши мумкин.

ХОРИЖДАГИ ЭР-ХОТИНЛАР ВАКОЛАТ ОРҚАЛИ ТОШКЕНТДА АЖРАШИШИ МУМКИНМИ?

— Поччам Россияда, опам Туркияда. 3 йилдан буён бирга яшашмади. Иккови ҳам яқинларига ваколат бериб, Тошкентда расман ажрашишлари мумкинми?

Исми сир тутилди

Мутахассис: Зулфия Нуралиева, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

 

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА НИКОҲДАН АЖРАТИШ ФҲДЁ ЁКИ СУД ТАРТИБИДА
АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

— Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин.

 

Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда  никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъий назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан:

 

бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

 

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

 

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.

Қайд этилган асослардан бирортаси мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни рад этишга ҳақли эмас. Эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

 

Оила rодексининг 42-моддаси 2-қисми ва 43-моддаси 2-қисмида назарда тутилган барча ҳолларда никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Никоҳдан ажратиш масаласи ФҲДЁ органлари ваколатига тааллуқли бўлган айрим ҳолларда ҳам у суд тартибида амалга оширилиши мумкин, агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса.

 

Никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратиш тартиби спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳолларига тадбиқ этилмайди. Бундай шахсларга нисбатан берилган, шунингдек бундай шахслар томонидан берилган даъволар бўйича никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади. 

               

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА ИШ ҚЎЗҒАТИЛМАЙДИ, ҚАЧОНКИ…

— Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам,  ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам тадбиқ этилади. 

 

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд иш юритишни тугатади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш хотиннинг розилиги билан қўзғатилган бўлиб, ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга қарши эътироз билдирган, шунингдек хотиннинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция, кассация ёки назорат инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлган барча ҳолларда ҳам иш юритиш тугатилиши лозим.

 

Шуни назарда тутиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзгатилишига тўсқинлик қилмайди.

 

Даъво аризаси қонун талабига жавоб бериши керак:

 

Унда жумладан,  никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида уларни  таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар бор-йўқлиги кўрсатилади.

 

СУД ИШНИ ИККАЛА ТАРАФ ИШТИРОКИДА КЎРИШИ ЛОЗИМ

— Никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим.

 

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, келмаслик сабаблари узрли ёки узрсизлигидан қатъий назар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

 

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, башарти даъвогар бунга қарши эътироз билдирмаса, иш унинг иштирокисиз кўрилиши мумкин. Бундай ҳолда, фақат суд жавобгарни сўроқ қилмасдан туриб ҳам ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама ва тўлиқ текширилганлиги ҳақида хулосага келган тақдирдагина никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилиши мумкин.

 

Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.

 

Суд хокимияти чиқарган хужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

“ЗАГС” БЎЛМАСА ҲАМ ОТАЛИКНИ ДАЪВО ҚИЛИШ МУМКИНМИ?

Фарзандимнинг отаси билан “ЗАГС”имиз йўқ. Ҳозирда бирга яшамаймиз. У боламга оталикни белгилатмоқчи. Мен эса бунга қаршиман. Шунча йил йўқ бўлиб кетиб, энди оталикни даъво қилишини истамайман. Генетик экспертизада қизимнинг иштирок этишини рад этишим мумкинми?

Исми сир тутилди.

Мутахассис: Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси.

 

ЎЗАРО НИКОҲДА БЎЛМАГАН ОТА-ОНАДАН БОЛА ТУҒИЛГАН ТАҚДИРДА…

— Оила кодексининг 62-моддасига биноан ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли Қарорининг 7- бандига кўра, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:

 

— боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;

 

— боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;

 

— жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.

Мазкур Пленум қарорининг 8-бандига кўра, жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар-жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади. Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.  

 

ОДАМ ДНКСИ ЭКСПЕРТИЗАСИСИЗ ҲАМ ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…

— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талабига кўра, оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органига бола туғилгунгача, боланинг туғилишини қайд этиш билан бир вақтда ёки боланинг туғилиши қайд этилгандан сўнг берилиши мумкин. Ариза ФҲДЁ органининг масъул ходими томонидан ундаги маълумотларни ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан солиштириб қабул қилинади.

 

Оталикни белгилашда ота-оналардан бири иштирок этмаган тақдирда, унинг имзоси қонунчиликда белгиланган тартибда (нотариус, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси масъул шахси ёки тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ органи, ҳарбий қисм ёки жазони ўташ муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) тасдиқланади.

 

Агар фарзандингизни оталигини белгилатиш юзасидан фарзандингизнинг отаси билан ўртангизда низо бўлса, ушбу масала суд тартибида ҳал қилинади. Агар тарафлар ўртасида низо бўлса, суд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Одам ДНКси экспертизаси тайинлаши мумкин.

 

Шунингдек, юқорида қайд қилинган ҳолатлар, яъни ота-онанинг бола туғилгунига қадар бирга яшаганлиги, умумий рўзғор юритганлиги, вояга етмаган болани бирга тарбия қилганлиги, таъминлаб турганлиги ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлган ҳолда суд ушбу ҳолатларга асосан ҳам оталикни Одам ДНКси экспертизасисиз ҳам белгилаши мумкин.

Skip to content