


МАШҲУР РЕСТОРАННИНГ ИШ БОШҚАРУВЧИСИГА ПИЧОҚ УРГАН ОШПАЗ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ
28 ёшида ўғрилик қилиб жиноят “кўчаси”га кирган шахс унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан тегишли хулоса чиқармади. Ҳатто “Амнистия акти”га асосан ўталмаган жазодан озод қилингани ҳам фикр қилишга ундамади. Аксинча, 32 ёшида яна ўша “кўча”дан юриб, такрор ўғриликка қўл урди. “Бу гал ақл киргандир?” дерсиз. Афсуски, бу саволнинг жавоби кишини ўйга толдиради…
33 ёшида ўғриликка суиқасд қилиб судланади. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек 2018 йилга келиб, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятини содир қилади. Бу гал жазони тўлиқ ўтайди. Умрининг айни гуллаган даврида келажак учун пойдевор қуришни эмас, балки панжара ортидаги “ҳаёт”ни танлади.
Ғамхўр умр йўлдош, меҳрибон ота эмас, балки ўта хавфли рецидивист деган номни афзал кўрди. “Букрини гўр тузатади” деганларича бор экан. Бу гал қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этди. 53 ёшли судланувчи Яшнобод туманида жойлашган ресторан олдида иш бошқарувчи билан жанжаллашади. Ўнг қўлида бўлган пичоқни иш бошқарувчининг қорин соҳасига бир маротаба тиқиб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказади.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида, жабрланувчининг танасида кўкрак қафаси соҳаси қорин бўшлиғига тешиб кирган талоқ ва йўғон ичак тутқичини қисман жароҳатланган санчилган-кесилган (тикилган) яраси мавжудлиги аниқланган. Ушбу жароҳат ўткир санчувчи-кесувчи жисм таъсирида етказилган бўлиши мумкинлиги, улар етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражасига кўра оғир турдаги тан жароҳатлари туркумига кириши аниқланган.
— Ресторанда иш бошқарувчи билан тузилган оғзаки келишувга асосан ошпаз бўлиб ишлаб келганман. Мазкур ресторандан ишдан бўшатилдим, сўнг иш бошқарувчидан иш ҳаққини олиш мақсадида ресторан жойлашган манзилга бордим. Мени қоровул кутиб олди. Шу вақтда иш бошқарувчи ўз автомашинасида ресторан биноси олдига келди. Ресторан ҳовлисидаги тапчан устида турган целлофан пакетга солинган пичоқни олиб, суҳбат давомида жанжал юзага келса ўзимни ҳимоя қилишни режа қилдим. Чунки иш бошқарувчининг гавдаси менга қараганда каттароқ эди. Автомашина ёнига бориб, иш бошқарувчидан иш ҳаққини беришини талаб қилганимда мени ҳақорат қилди. Ҳеч қандай пул бермаслигини айтди. Автомашинасидан тушиб, қўли билан бўйин қисмимдан ушлаб олди ва ўнг қўли билан лабимнинг чап юқори қисмига бир маротаба урди. Зарба натижасида лабим қонаб кетди. Шунда иш бошқарувчининг ҳаракатларига жавоб тариқасида ўнг қўлимдаги пичоқни унинг чап биқин қисмига бир маротаба тиқиб олдим. Кейин тарқалиб кетдик, ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилмагандим. Чунки рўза ойи бўлган, рафиқамни даволатишим учун маошим жуда ҳам зарар бўлганлиги сабабли иш бошқарувчининг ёнига пулларимни сўраш мақсадида боргандим. Бироқ унга қанақадир тан жароҳати етказиш мақсадим бўлмаган, – деди иш бошқарувчини биринчи бўлиб тан жароҳати етказишда айблаган ҳамда ўзини ҳимоя қилиш мақсадида пичоқ урганини айтган судланувчи.
— Ресторанни ижара шартномаси асосида бошқариб келаман. Судланувчи иш сўраб келди ва ошпаз қилиб ишга қабул қилдим. Бироқ у иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун ишдан бўшатдим. Воқеа содир бўлган куни маст ҳолатда ресторан биносига келди. Иш ҳаққи беришимни талаб қилди, шунда иш ҳақидан қарзим йўқлигини ва маст ҳолатида у билан гаплашмаслигимни айтдим. Лекин у автомашинадан тушишимни ва гаплашиб олишни талаб қилди. Талабига асосан автомашинадан тушган вақтимда яна пулини беришимни сўраб, турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Менга яқинлаша бошлаганида ўзимдан узоқлаштириш мақсадида қўлим билан елкасидан ушладим. У ўнг қўлида бўлган ва устки қисмига пакет ўралган темир жисмни қорин қисмимнинг чап томонига бир маротаба тиқиб олди. Натижада танамдан қон чиқа бошлади, тўхтатиш мақсадида ресторан биносига кира бошладим. Лекин у шунда ҳам пулини беришимни сўрашни давом эттирди. Унга пул бермаслигимни айтиб, автомашинамга ўтириб касалхонага кетдим. Судланувчи эса ресторан биносида қолди, – дейди икки қоровул судланувчини ИИБ биносига олиб кетганини ва иш ҳаққи бўйича қарзи бўлмаганини билдирган жабрланувчи.
Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазо махсус тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.
Анвар Икромов,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод туман суди судьяси

ВАФОТ ЭТГАН ҚАЙНОНАНИНГ НОМИДАГИ ҲОВЛИ КИМГА ЎТАДИ?
— Ўтган йили қайнонамни номига ҳовли сотиб олгандик. Яқинда у киши вафот этди. Эшитишимизча, бундай вазиятда уй автоматик равишда қайнотамнинг номига ўтар экан. Қайнотам узоқ вақт ёлғиз яшамайди. Бирортасига уйланиб олмасидан уйни эримнинг номига ўтказиб олсак бўладими?
Исми сир тутилди
Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Амалдаги қонунчиликка кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Васиятнома мавжуд бўлмаганда ёки васият бутун мероснинг тақдирини белгиламаса қонун бўйича ворислик амалга оширилади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила холида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини олиш ҳуқуқига мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.
Агар қайнонангиз томонидан ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф қилиш тўғрисида васиятнома қолдирилган бўлмаса, қайнонангизнинг номидаги барча мол-мулклар қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислари, яъни мерос қолдирувчининг болалари, эри ва ота-онаси ўртасида тенг улушларда тақсимланади. Ушбу ҳолатда меросхўрлар мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда мерос улушидан меросхўрлардан бирининг фойдасига воз кечиши мумкин.
Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш йўли билан амалга оширилади. Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли. Яъни ушбу ҳолатда мархум қайнонангизнинг номидаги мол-мулк унинг меросхўрлари ўртасида тақсимланади. Меросхўрлар эрингиз фойдасига ўз улушидан воз кечган тақдирда ушбу уй-жойни ўз номига расмийлаштириши мумкин бўлади. Мерос масаласида ўзаро келишувга эришилмаганда низо суд тартибида ҳал қилинади.

МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИ ЎЗ ҲИСОБИДАН ОЛИНГАН ТАЪТИЛГА УЛАСА БЎЛАДИМИ?
— Оилавий шароитимдан келиб чиқиб, хорижга ишлагани бориб келмоқчиман. Лекин ишдан бўшашни ҳам хоҳламаяпман. Меҳнат таътили олиб, сўнг ўз ҳисобимдан таътилга уланиб кетса, иш жойимни сақлаб қола оламанми? Кадрлар бўлими бошлиғи “бундай қилиш мумкинмас”, деяпти.
Исми сир тутилди
Жасур Норқобилов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Меҳнат кодексининг 133-моддасига кўра, барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ушбу кодекснинг 134-моддасига кўра, ходимларга ўн беш кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Демак мазкур қонун талабидан келиб чиқилганида иш берувчи ходимга йиллик меҳнат таътили беришга мажбур.
Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, ходимнинг аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, cиз иш жойи ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътили олишингиз ва ўз аризангизга кўра иш берувчи билан келишган ҳолда уч ойдан ортиқ бўлмаган иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олишингиз мумкин.

ХОДИМ РАҲБАРНИНГ ТОПШИРИҒИ БИЛАН ИСТАЛГАН ВАЗИФАНИ БАЖАРИШГА МАЖБУРМИ?
— Мактабда қоровул бўлиб ишлайман. Боғбон йўқлиги учун раҳбаримиз унинг вазифаларини ҳам менга бажартиради. Лекин ойлигимга қўшиб бермайди. Унинг айтганини қилишга мажбурманми? Бу борада қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?
Исми сир тутилди
Дилшод Хасанов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Меҳнат кодексининг 16-моддаси асосан, ҳар бир ходим:
ўз меҳнати учун қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш; муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш;
хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш; касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш;
қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш;
ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш; жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадир.
Меҳнат кодексининг 124-моддаси талабларига кўра, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин.
Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўлаш Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Ушбу қонун нормаларидан келиб чиқиб, иш берувчидан иш вақтингиздан ташқари ишни бажарганингиз учун ҳақ талаб қилишингиз мумкин.

“СИНГЛИМНИНГ ТУРМУШ ЎРТОҒИНИ ИЗЛАШ УЧУН КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛСАК БЎЛАДИ?”
— Синглим бир нафар фарзанди билан турмушидан ажрашиб, қайта оила қурганди. Эрини ғалати одати бор, ҳеч кимга айтмай ишлагани қаерларгадир кетиб қолади. Бундан икки йил олдин ҳам шундай бўлганида ярим йил қидириб, топгандик. Яқинда яна ғойиб бўлди. Қаердан излашни билмаяпмиз. Бундай вазиятда қаерга хабар беришни ҳам билмаймиз. Бундай вазиятда қайси ташкилотга мурожаат қилсак бўлади?
Исми сир тутилди
Хуршид Содиқов, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси:
— Маълумки, 2012 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонуннинг 4-моддасида Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифаларидан бири сифатида бедарак йўқолган шахсларни қидиришни амалга ошириш этиб белгиланган.
Қонуннинг 13-моддасида эса Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар бедарак йўқолган шахсларни қидиришга доир ишларни ташкил этиши шартлиги кўрсатилган.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун эса бедарак йўқолган шахслар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар асос бўлади.
Шу сабабли бедарак йўқолган шахсни қидириш учун бедарак йўқолган шахснинг доимий яшаш жойи бўлган ҳудуддаги ИИБга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

ХАВФЛИ РЕЦИДИВИСТНИНГ ТРАНСПОРТ ПРОКУРАТУРАСИ ВА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНИДАГИ “ФАОЛИЯТИ”
Муқаддам икки маротаба фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этгани учун судланган, хавфли рецидивист деган номни ҳам олишга улгурган 35 ёшли эркак яна айни шу жиноятни содир қилиб, такроран боши берк кўчадан юришни лозим топди…
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, судланувчи алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилади. Бир фуқарога гўёки Сирғали туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали мазкур туманда жойлашган кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан уч хонали, кейинчалик 1-қаватидан икки хонали уй олиб беришни ваъда қилади.
Ёлғон ваъдаларига ишонтириш учун ўзини Транспорт прокуратураси ходими деб таништиради. Ишончга кирган устамон ушбу уйларнинг бошланғич тўлови сифатида 6300 АҚШ долларини қўлга киритади. Шундан 6000 АҚШ долларини уйнинг бошланғич тўлови учун, қолган 300 АҚШ долларини эса мансабдор шахсга пора беришига далолат қилган. Табиийки ваъдасини бажармай пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган.
Судланувчи тузоғига тушган бу фуқарони алдашда давом этади. Гўёки, Транспорт прокуратурасида ишловчи танишлари орқали мусодара қилинган автомашиналарни аукцион орқали ютиб беришини ваъда қилади. “Транспорт прокуратураси ходимиман”, деб тургани боис фуқаро дастлаб “Исузу”, сўнгра “Ласетти” русумли автомашиналари учун жами 3200 АҚШ доллари берган. Шундан 3000 АҚШ долларини аукцион тўлови, қолган 200 АҚШ долларини мансабдор шахсга пора беришга далолат қилган.
Нафси тинч қўймаган судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Судланувчи бу гал “иш жойини ўзгартириб”, иккинчи жабрланувчига ўзини Ички ишлар органлари ходими деб таништиради.
“Танишларим орқали Патруль-пост хизматига ишга киритиб қўяман, эвазига 1500 АҚШ доллар беришингиз керак”, дея ёлғон ваъдаларга “кўмади”. Ишончга киргач, фуқародан 3 500 000 сўмни олиб, “қолган пулларни ишлаш учун буйруқ чиққандан сўнг берасиз”, дея пора беришга далолат қилган ҳолда алдаб кетади.
— Жабрланувчи ўғлим, ўқишга кириш мақсадида Россияга кетган. Ўғлим ошхонада ишлаб келган вақтида судланувчи билан танишиб қолган ва ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бу орада ўғлим муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келди.
Уйимизга келган судланувчи ўзини Ички ишлар ходими деб таништирди ва ўғлимни ўзининг танишлари орқали Патруль-пост хизматига ишга киритиб қўйишини айтди. Эвазига 1500 АҚШ доллар беришимиз кераклигини билдиргач, “аввал ишга кирсин, кейин пул бераман”, дедим. Судланувчи ўғлимга “фуқаролик паспорти ва ҳарбий гувоҳномангни олиб кел”, дегани учун келишилган манзилда учрашган.
Ўғлим унга олдиндан 3 500 000 сўм бериши, қолганини ишга кирганидан сўнг беришини айтди, таклифига рози бўлдим. Пулни судланувчига берганида “бу пулларга тиббий кўриклар ва жисмоний имтиҳонни ҳал қилиб бераман”, деган.
Кейин қўнғироқ қилсак, турли хил баҳоналар қилиб, алдаб келди, – дейди суддан пулларини ундириб беришни сўраган гувоҳ.
Галдаги ўлжа эса аёл киши бўлади. Унга ҳам худди юқоридаги ҳолат каби Сирғали туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали қурилаётган янги уйлардан икки хонали уй олиб беришни ваъда қилади. Судланувчи ўзини Ички ишлар органлари ходими деб таништиради. Уйнинг бошланғич тўлови учун эса 2700 АҚШ доллар бериши кераклигини айтиб, жами 2900 АҚШ долларини қуртдек санаб олади. “2000 АҚШ доллари уйнинг бошланғич тўлови учун, қолган 200 АҚШ доллари мансабдор шахсга бериладиган “пора”, дея алдайди.
Уй “олиб бериш”га устаси фаранг бўлган судланувчи гўёки яна ўша туман ҳокимиятида ишловчи таниши орқали субсидия асосида янги қурилаётган уйлардан дастлаб уч хонали, сўнг тўрт хонали уй олиб бериш билан тўртинчи “ўлжаси”ни ҳам ёлғонларига ишонтириб, 8500 АҚШ долларини олган. “8300 АҚШ доллари уйни бошланғич тўлови учун, қолган 200 АҚШ доллари эса мансабдор шахсга пора”, дея чўнтагини қаппайтирган.
Судланувчининг қолган уч нафар “ўлжаси” аёллар бўлган. Улардан бирига ҳам янги қурилаётган уйлардан уч хонали уй олиб беришни ваъда қилган ва жами 2500 АҚШ долларини қўлга киритган. Иккинчисига эса тўрт хонали уй олиб бериш билан ишончига кириб, 4900 АҚШ долларини “ухлатган”. Сўнгги харидори бўлган аёлга ҳам “уч хонали уй олиб бераман”, дея алдаб 700 АҚШ долларини чўнтакка “урган”.
Бироқ судланувчи судда айбловларга қисман иқрорлик билдирди. — Сирғали туманида яшаганим боис туман ҳокимиятида уй-жой масаласи бўйича туман ҳокими ўринбосари кимлигидан хабарим бор эди. Шу сабабли “уй олиб бераман”, деб алдаганимда барча фуқароларга ўша масъулнинг исмини тилга олганман. Мақсадим уй олиб бериш эмас, балки фуқаролардан алдаб пулларини қўлга киритиш бўлган. Пулларни эҳтиёжларимга ишлатганман. Бирор бир фуқарони пора беришга далолат қилмаганим учун айбловларга иқрор эмасман, фирибгарлик айбловига эса тўлиқ иқрорман, – деди енгиллик сўраган судланувчи.
Судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “а, б” бандлари ва 28,211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди ва тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан қатъий ўташ учун 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчидан давлат фойдасига 19 680 545 сўм ва олти нафар жабрланувчи фойдасига келтирилган моддий зарар суммалари ундирилиши белгиланди.
Акмал Мирзаханов,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор туман суди раиси ўринбосари

ОТАЛИКДАН ВОЗ КЕЧИБ, АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРИШ МУМКИНМИ?
— Қизим бир фарзанди билан турмушидан ажрашди. Собиқ куёвим оталикдан воз кечиб, ариза ёзди. Айтинг-чи оталикдан воз кечса, алимент тўлашдан озод этиладими? Қизим ундан алимент талаб қилмоқчи эмас. «Ўғлимни ўзим боқиб, катта қиламан», деяпти. Ўрнига мен алимент талаб қилсам бўладими? Яна набирамнинг қўшимча харажатлари учун ҳам пул талаб қилишга ҳақим борми?
Исми сир тутилди
Зиёдахон СОЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси.
ОТА-ОНАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ ТЕНГ
— Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Демак, собиқ куёвингиз алимент тўлашдан озод этилмайди.
«МЕН ТАЛАБ ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?»
— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, алиментлар тўғрисидаги талаблар ота-онанинг шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқлари доирасига киришини инобатга олганда, бундай талабларнинг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, алиментлар ундириш ҳақидаги талабни ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайди. Шу сабабли қизингиз, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган бола ёки васийлик ва ҳомийлик органи алимент ундириш тўғрисидаги талабни қўйишга ҳақли бўлади.
«КЎРИШИШИГА РУХСАТ БОРМИ?»
— Ота ва она алоҳида яшаса, бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эга.
Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Шу сабабли собиқ куёвингиз, унинг ота-онаси ҳам фарзанди билан кўришишга қонунан ҳақли ҳисобланади.
ҚЎШИМЧА ХАРАЖАТЛАР УЧУН…
— Оила кодексининг 103-моддасига асосан, ота-она фавқулодда ҳолатлар, яъни боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Бундан бош тортган ота ёки онадан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Сиз набирангизнинг қўшимча харажатлари учун собиқ куёвингиздан пул талаб қилишга ҳақли эмассиз. Бундай талаб билан қизингиз фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин. Куёвингиз оталикдан воз кечса-да, боланинг қўшимча харажатлари учун иштирок этишдан озод қилинмайди.

АСРАБ ОЛИНГАН ФАРЗАНД УЧУН АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?
Фарзандсизлигимиз сабаб бола асраб олган эдик. Баъзи сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашдим. Қизим учун алимент ундироламанми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак? Собиқ эрим расман ҳеч жойда ишламайди, лекин бир нечта ишлаб чиқариш цехи, нонвойхонаси бор? Алимент миқдори қандай белгиланади?
Исми сир тутилди.
Дилфуза ДАДАЖОНОВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
СУДНИНГ ҚАРОРИГА АСОСАН УНДИРИЛАДИ
— Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, фарзандликка олинган боланинг туғилганликни қайд этиш далолатнома ёзувига ота-онаси тўғрисида ўзгартиришлар киритилган вақтдан бошлаб, фарзандликка олинганлик вужудга келади. Шу вақтдан бошлаб фарзандликка олган ота-она вояга етмаган фарзандликка олинган болаларига таъминот бериши шарт. Агар ота ёки онаси фарзандликка олинган вояга етмаган болаларига ихтиёрий равишда таъминот бермаса, суднинг қарорига асосан, алимент ундирилади.
Бунда суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг:
бир бола учун — тўртдан бир қисми;
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?
— Қизингизнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига янги ота-онаси тўғрисида маълумотлар киритилган вақтдан бошлаб, унинг тарбияси ва моддий таъминоти учун сизлар масъул ҳисобланасизлар. Агар турмуш ўртоғингиз билан қизингиз таъминоти тўғрисида келишув бўлмаса, суднинг қарорига асосан, боланинг таъминоти учун отасининг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундирилади. Ўзингиз ёки алимент тўловчининг яшаб турган манзилидаги фуқаролик ишлари бўйича судга алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғини бериш ҳақидаги аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда аризада алимент ундирувчи ҳамда алимент тўловчининг шахсига оид маълумотлар кўрсатилиши, фарзандликка олинган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси илова қилинади.
ҚАТЪИЙ СУММАДА БЕЛГИЛАНИШИ МУМКИН
— Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва бошқа даромади ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек, даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан, берилган ижро варақасига биноан алимент тўловчининг яшаш жойидаги давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади.
ОТАЛИК РАСМАН БЕЛГИЛАНМАГАН БЎЛСА…
Фарзандликка олинган боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига (туғилганлик гувоҳномасига) суднинг ҳал қилув қарорига асосан, отаси тўғрисидаги маълумотларнинг киритилиши, шу шахснинг боланинг отаси эканлигини эътироф этиш ҳисобланади. Шу вақтдан бошлаб, фарзандликка олган ота фарзандини то вояга етгунига қадар тарбиялаш, уни моддий таъминлашда иштирок этиш, фарзандининг манфаатига зид келадиган ҳаракатларни амалга оширмаслик мажбуриятини олади. Бироқ юқорида кўрсатилган шартларнинг бажарилмагани, онанинг боласи учун алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқини келтириб чиқармайди. Оддий қилиб айтганда, боланинг туғилганлик гувоҳномасида исм-шарифи кўрсатилмаган отадан алимент ундириш мумкин эмас. Бунда маҳалла фуқаролари йиғини далолатномаси ёки қўшнилар гувоҳлиги алимент ундиришга асос ҳисобланмайди.

АВТОТУРАРГОҲДАГИ МАШИНАНИ СОТИБ ЮБОРГАН ҚОРОВУЛ
28 ёш! Айни куч-қувватга тўлган, илм олиб ўз устида ишлаш, хунар ўрганиш каби жамиятга фойдаси тегадиган ишлар билан ўз келажаги пойдеворини мустаҳкамлайдиган палла. Минг афсуски, енгил ҳаётга ўрганган, тер тўкмай даромад топиш илинжидагилар ҳам йўқ эмас. Халқимиз томонидан “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан”, деган мақол бежизга айтилмаган. Оиласидан ажрашишгада улгурган, вақтинча ишсиз “қаҳрамон”имиз ана шундайлар тоифасидан…
Судланувчи уйлар олдида жойлашган автомашиналар тураргоҳида траспорт воситаси қаровсиз қолдирилганидан фойдаланади. Аниқроғи, унинг олд ва орқа томондаги давлат рақам белгиларини шикаст етказган ҳолда ечиб олиб, тураргоҳ ёнида бўлган ариққа ташлаб юборади.
— Автотураргоҳда ўзимга тегишли бўлган, 2010 йилда ишлаб чиқарилган транспорт воситасини қолдиргандим. Ушбу автомашинадан бир ярим йилдан буён фойдаланмаганман. Воқеа содир бўлган кундан бир кун олдин эрталаб автотураргоҳнинг олдидан ўтаётганимда автомашина жойида турганлигини кўргандим. Эртасига автомашина йўқ-да. Автотураргоҳ қоровулхонасига бориб сўраганимда “бу ерга яқинда келдим, 20 дақиқаларда аниқлаб айтаман”, деганича хабар бўлмади. Сўнг «102» рақамига қўнғироқ қилдим, – дейди ҳозирда автомашинаси ўзига қайтарилган жабрланувчи.
“Автомашинани олиб қочгандир-да?” деб ўйларсиз. Энг ҳайратланарлиси шундаки, судланувчи икки харидор топиб, уларга “траспорт воситасининг эгаси вафот этгани боис яроқсиз ҳолатга келган”, деган ёлғон билан 560 АҚШ доллари эвазига сотиб юборган.
Судда судланувчи сўроқ қилинганида ўз айбига тўлиқ иқрор эканини билдирди. — Ўша куни оилавий жанжал сабаб уйдан чиқиб кетдим. Бир дўстимдан вақтинча яшаб туриш учун жой сўрадим. У ўзининг танишига тегишли бўлган автомашиналар тураргоҳининг қоровулхонасидан жой топиб берди. Қоровулхонага жойлашдим. Автотурагоҳда турган автомашинанинг эгасини суриштирганимда эгаси кимлигини ҳеч ким билмаслигини аниқладим. Шунда бу автомашинани сотиш мақсадида харидор изладим. Эълон бўйича бир харидор қўнғироқ қилди. Унга “эски автомашина бор, эгаси вафот этган, жарима майдонидан ўн миллион сўм қарзи бор”, дея автомашинани сотиб олишни таклиф қилдим. Эртаси куни харидор менга нотаниш шахс билан бирга автотураргоҳга келишди.
Уларга автомашинани кўрсатдим, ҳужжатларини сўрашди. Эгаси вафот этгани сабабли ҳужжатлари йўқлиги, шу автотураргоҳда қоровул бўлиб ишлашимни айтдим. Харидорлар 560 АҚШ долларига сотиб олишди ва эвакуаторга автомашинани юклаб олиб кетишди. Орадан бир-неча кун ўтиб, қоровулхонада бўлган вақтимда бир рус миллатига мансуб шахс келиб, автомашинанинг эгаси эканини айтиб, автомашина қаерда эканлигини суриштира бошлади. “Яқинда иш бошладим”, дея қоровулхонадан чиқиб кетдим, – дейди автомашина сотувидан топган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатган судланувчи.
Жиноятга жазо муқаррар. Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисмининг «г» банди ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган давлат рақами қонуний эгасига қайтарилиши белгиланди.
Аброр Саидов,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Тошкент шаҳар суди