Корпоратив бошқарув соҳасида муайян қарорнинг қабул қилиниши икки ва ундан ортиқ шахсга боғлиқ бўлиб қолганда келишмовчиликлар вужудга келиши табиий ҳол. Ушбу шахсларнинг манфаатдорлиги, дунёқараши ва фикрларининг хилма-хиллиги нуқтаи назаридан қараганда, бу каби ҳолларда ўзаро мақбул бир тўхтамга келиш энг тўғри йўл ҳисобланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иштирокчилар ўртасидаги келишмовчиликлар кейинчалик масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, айрим ҳолларда уларнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бундай келишмовчиликларни ҳал этиш ва олдини олиш учун корпорациялар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг моддий ҳамда процессуал ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарур.
Хусусан, “Масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга кўра, бундай шаклдаги корхона ёки корпорацияни бошқаришда иштирок этиш иштирокчининг номулкий ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликда, шунингдек, жамият таъсис ҳужжатлари ёки умумий йиғилиш қарори билан қабул қилинган бошқа ички меъёрий ҳужжатларда ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.
Бугунги кунда корпорацияларнинг ички ҳуқуқий муносабатлари, корпоратив бошқарув ва муносабатлар соҳаси етарлича ўрганиш ва тартибга солишни талаб қиладиган соҳалардан биридир. Бу борада қонунчиликда бўшлиқлар мавжуд ва қонунни татбиқ қилиш амалиёти етарлича шаклланмаган.
Худди шу сабабли суд амалиётида мазкур тоифадаги низоларни ҳал этиш билан боғлиқ мураккаб ва мунозарали масалалар юзага келмоқда.
Шулардан бири иштирокчиларнинг умумий йиғилишини чақириш билан боғлиқ низолар ҳисобланади.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 30-моддаси биринчи қисми 6-бандида юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низоларнинг ҳуқуқий ечими кўрсатилган. У айнан ушбу жараёндаги низолар вужудга келганда иштирокчи ёки ҳуқуқи бузилган тарафнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ва унинг суд томонидан ҳимоясини таъминлашга қаратилган.
Айни чоғда “Масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига кўра, навбатдан ташқари умумий йиғилиш жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамият ва иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади.
Жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши зарур ҳолларда жамиятнинг ижро этувчи органи томонидан унинг ташаббусига биноан чақирилиши ҳам мумкин.
Суд амалиётида умумий йиғилиш билан боғлиқ низолар аксарият ҳолларда иштирокчиларнинг ҳуқуқларини амалга оширилишига тўсқинлик қилингани, яъни умумий йиғилишни чақириш тартиб-таомилларига риоя қилинмаслиги ёки ушбу таомилларнинг қонунчиликка мувофиқ равишда амалга оширилмагани натижасида келиб чиқаётгани кузатилмоқда.
Бунга бир ҳаётий мисол:
“Projekt Montage Engineering” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ҳ. Ҳусанова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Қоракўл туманлараро иқтисодий судига корхона ҳамда унинг иккинчи таъсисчиси С. Содиқовага нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, уларга жамият таъсисчиларининг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш ҳамда жамият молиявий ҳисоботлари тўғрилигини, бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибининг белгиланган талабларга мувофиқлигини ва соф фойда миқдорини аниқлаш учун аудиторлик текширув ўтказиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Даъво аризасида баён этилишича, масъулияти чекланган жамиятнинг иккинчи таъсисчиси ва директори ўзаро тил бириктириб, корхона фаолиятига оид ҳужжатларни унга бермаган, ишламайдиган ходимларга ойлик иш ҳақи ёзган, хизмат сафарлари мақсадида пул маблағларини ўзлаштирган, дивидендларни тақсимламаган ва корхонага зарар келтирган.
Ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида даъвогар корхонага 2020 йил 26 мартда хабарнома билан мурожаат қилган ва 2020 йил 27 апрель куни соат 10.00 да Тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Бухоро шаҳар бўлими биносида корхонанинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақирган.
Бироқ жамият иккинчи таъсисчи томонидан даъвогарни таъсисчилар сафидан суд тартибида чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилгани, ушбу масала судда кўриб чиқилгунга қадар умумий йиғилиш чақириш масаласи кўриб чиқилмаслиги маълум қилинган. Қисқаси, даъвогарнинг умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги таклифи корхона томонидан рад этилгани низонинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Суд ушбу ҳолатда корхона томонидан даъвогарнинг умумий йиғилиш чақириш тўғрисидаги талабини рад этиш асослари қонун ҳужжатида мавжуд эмаслиги, Иқтисодий процессуал кодекснинг 30-моддаси биринчи қисми 7-бандига асосан юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар корпоратив низолар жумласига кириши, даъвогар корхонага 2017 йил 18 июлда таъсисчи бўлиб кирганини инобатга олиб, унинг корхонага нисбатан 2017-2019 йиллар учун йиллик натижаларини тасдиқлаш мақсадида масъулияти чекланган жамият таъсисчиларининг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш мажбуриятини юклаш талабини қаноатлантирган.
Ваҳоланки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси ўн биринчи қисмига кўра, агар ушбу қонунда белгиланган муддат ичида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни ўтказишни талаб қилаётган органлар ёки шахслар томонидан чақирилиши мумкин.
Бошқача айтганда, ушбу ҳолатда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахснинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситаси сифатида судга даъво киритиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.
Шу ўринда суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятларда умумий йиғилишни чақириш тартиби билан боғлиқ амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва суд амалиётида қонунчиликни бир хилда қўллаш юзасидан бир қатор таклифларни билдирмоқчимиз.
Биринчи таклиф. Бугунги кунда илм-фан ва технология ютуқлари кенг жорий қилинаётгани, электрон шаклда иш юритиш асослари ривожланаётгани ва амалиётда иштирокчиларни умумий йиғилиш ҳақида хабардор қилиш жараёнидаги ноқулайликларни бартараф қилиш ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, бу борада юзага келадиган низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж бор.
Шу боис иштирокчиларни умумий йиғилиш ҳақида хабардор қилиш усуллари сирасига электрон хабар ёки электрон почтадан фойдаланишни назарда тутиш билан боғлиқ қоидаларни жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, умумий йиғилиш ҳақида иштирокчиларни хабардор қилиш юзасидан “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга қуйидаги мазмундаги янги модда киритиш зарур:
“33-1-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш
Агар жамият иштирокчиси умумий йиғилиш ўтказишнинг вақти ва жойи ҳақида ушбу қонунда назарда тутилган усуллардан бири орқали хабардор қилинган бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.
Жамият иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам жамият томонидан жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:
хабарнома йўлланган иштирокчи хабарномани олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;
жамият томонидан иштирокчи юридик шахснинг жамиятга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган хабарномани олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси жамиятни хабардор қилган бўлса;
хабарнома жамият томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, электрон хабар юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса”.
Иккинчи таклиф.
Иштирокчиларнинг корпоратив муносабатлардаги масъулиятини ошириш мақсадида амалдаги қонуннинг 9-моддаси биринчи қисми янги учинчи-тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилиши лозим. Шунда мазкур модда қуйидагича баён этилади:
“9-модда. Жамият иштирокчиларининг мажбуриятлари
Жамият иштирокчилари:
ушбу қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиши;
жамият фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслиги;
ўзига оид маълумотлардаги ўзгаришлар ҳақида жамият ижро органини ўз вақтида хабардор қилиши;
ҳуқуқларини суиистеъмол қилмаслиги шарт.
Жамият иштирокчиларининг қонунчилик ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин”.
Учинчи таклиф. Қонунчиликка қонун ва жамият уставида белгиланган муддатларда умумий йиғилиш чақирилмаган ҳолларда умумий йиғилишни ўтказишга масъул шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қоидаларни киритиш лозим. Бу амалиётда жамиятнинг умумий йиғилишини ўтказиш борасида учраётган қонун бузилиш ҳолатлари, жамият йиллик ҳисоботлари, дивидендлари билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал қилинмаслиги каби ҳолатларни бартараф қилишга, жамият масъул шахслари ва органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчи таклиф. Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорини қуйидаги мазмундаги 16.1-банд билан тўлдириш тавсия этилади:
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси биринчи қисми ўн олтинчи хатбошисига кўра, “агар ушбу қонунда белгиланган муддат ичида жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни ўтказишни талаб қилаётган органлар ёки шахслар томонидан чақирилиши мумкин”, деб белгиланган.
Шу муносабат билан эътиборга олиш керакки, жамият иштирокчиси ёки юридик шахс органи (тузилма – яъни жамият кузатув кенгаши, жамият тафтиш комиссияси (тафтишчиси) томонидан жамиятга нисбатан берилган жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади”.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу таклифларнинг инобатга олиниши келгусида иштирокчилар умумий йиғилишини чақириш бўйича келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга қонуний асос вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини одил суд томонидан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мақсудбек САИДОВ,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси